1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сафар

Нега оловдан айланасиз?

15:28 / 28.04.2017 4592 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Миллатимиз тўйни яхши кўради. Умр бўйи тўйларга тараддуд кўриб яшайди. Ориятли, ҳаё-иболи келин, яхши куёвларни орзу қилади. Тирикчилигидан орттириб, тўрт-беш сўм жамғарса, уни тўй учун харжлашни ният қилиб юради. Оилада фарзанд дунёга келган пайтданоқ, ота-оналар унинг учун алоҳида сандиқда тўйга, деб недир тўплай бошлайди. Истайсизми, йўқми – бизнинг миллий урф-одатимиз шу ёки шунга яқин.

Эл-элатдаги хатна тўйлардан фарқли ўлароқ, никоҳ тўйларининг ташвиши ҳам, шоду хуррамлиги ҳам катта бўлади. Аллоҳ таоло ҳар кимга фарзандлари камолини қўша-қўша тўйлар қилиб, шодлигини яқинлари, қўни-қўшнилари билан баҳам кўришни насиб этсин!
Никоҳ тўйларидаги файзли, қувончли дамларни эслаб, энтикиш гаштли, албатта. Аммо юртимизнинг айрим вилоятларида никоҳ тўйларида узоқ вақтлардан бери давом этиб келаётган ва миллий одат тусини олган бир маросим борки, унинг маънисизлигини, савобсиз оқибатини ўйлаб, тўғриси, одамнинг юраги эзилади. Мавжуд ҳолатдан ёки хаёлдан кечган манзарасидан ачинади киши. Бу нарса келин билан куёвнинг олов атрофини айланиши – «тавоф қилиш» одатидир.

Биринчи воқеа: бир тўйда олов атрофини қўлтиқлашиб, айланаётган келиннинг оппоқ французча бичимли ҳарир либосининг этагига кутилмаганда олов илашди. Тўй-тўйловчилар, куёвжўра, келиндугоналар типирчилаб қолишди. «Ҳай-ҳай, ўчир-ўчир», югур-югур бўлди. Ким сувга чопди, ким белкуракка... Олов базўр ўчирилди, албатта. Акс ҳолда, сизу биз тасаввур этган фожеа ёки шармандалик содир бўлиши табиий эди. Шундай файзли, улуғ, узоқ кутилган ва умрбодга хотирада сақланиб қоладиган бир кунда бундай нохуш, кўнгилсиз ҳодисотнинг нима кераги бор?

Иккинчи воқеа: ҳозир келинларни хориж машиналарида куёв уйига элтиш одат тусига кирганини яхши биласиз. Бир тўйда келин янги уй остонасига қоп-қора «Мерседес»да олиб келинди. Шу топда тўйхонадан чаққонгина кайвони янгалардан бири бир парча қоғоз, бир сиқим тез аланга оладиган хас-чўпга нақ машина олдида гугурт чақди. Машинадан башанг кийинган бақувват бир йигит тушиб, олов аралаш хас-чўпни чангаллаб, йўл четига отди: «Машинамнинг қора култепага айланишини истамайман».

Баҳарнав, шу ёки шунга яқин воқеа-ҳодисаларга сиз ҳам гувоҳ бўлгандирсиз, эҳтимол.
Мақсадга кўчайлик. Хўш, олов атрофида айланиш ёки машинани оловдан юргизиб ўтишдан қандай наф бор? Бу амал келин билан куёвга нечук фойда беради? Дарвоқе, бу одатга эл-юрт, одамларнинг ўзи қандай маъно беришади?
Бу хусусда социологик сўровнома ўтказиб, бирон нарса аниқлаган эмасмиз. Аммо туппа-тузук журналист онахонларимиздан бири ушбу одатни келин-куёвга ёпишиб келаётган бало-офатларнинг шу оловда ёниб кул бўлиши, оловнинг нури-ёғдуси – келин-куёвнинг ойдин йўли, шунингдек, оловнинг тафти – янги бир оила остонасида турган икки ёшнинг орасидаги илиқ муносабатлар тарзида изоҳлаганидан хабарим бор.
Таассуфки, бу ғариб изоҳдан кўра, шеърий ҳамда публицистик ижодининг муайян даври покиза исломий тушунчалар билан тўйинган таниқли шоир ва адиб Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг қачонлардир ёзган фикрлари ҳақиқатга яқиндир. Зотан, Ҳамза 1914 йилда қоғозга туширган «Бидъатми, мажусиятми?» деган мақоласини айни биз учун оғриқли бўлган масаладан бошлайди: «Майдони исломиятда жоҳилият тиғи ила заҳмланиш бир жаҳолатимиз, тўғриси, Туркистон мусулмонлари бошига носир марази каби бир бало бор бўлса, ул шубҳасиз, никоҳдан сўнгра келинни куёвнинг уйига келатурулғон кеча ҳовлига зўр ўт ёқиб, келинни янгалари ила ўтнинг атрофидан айлантурмакликдир. Бу бидъати умумий урфу одат бўлуб, исломиятдан илгари мажусиятдан бир намуналар, десам шояд ёлғончи бўлмасман».
Демак, муаллиф фикрича, оловнинг атрофини айланиш одати Исломгача бўлган мажусиятдан, оловпарастликдан қолган бир урфдир. Дарҳақиқат, шундай. Биз ўша маросимга ўзимизча қанча гўзал ва ойдин изоҳлар бермайлик, ирим-сиримга бориб, юракни ҳовучламайлик, барибир ўжар тарихий ҳақиқатни инкор этиб бўлмайди. Бу маросимда на бу дунё ва на охират учун фойда бор. Олов эътиқодли кишининг имонини куйдиради. Эътиқодсиз киши тасодифий эҳтиётсизлик оқибатида оловда жизғанак бўлиши ҳам ҳеч гап эмас.
Билиш жоизким, бахт-саодат, икки дунё ободлиги, охират хотиржамлиги ловуллаб ёнаётган олов атрофида эмас. Кирланган кўнгилни, моғор босган тафаккурни оловнинг ҳеч бир хусусияти покизалай олмайди. Хулоса қилиб айтганда, энди-энди бино бўлаётган янги бир оила ўз турмуш тарзини оловга топиниб, гуноҳга ботишликдан бошламасин.

Баҳодир Нурмуҳаммад

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Миллатимиз тўйни яхши кўради. Умр бўйи тўйларга тараддуд кўриб яшайди. Ориятли, ҳаёиболи келин, яхши куёвларни орзу қилади. Тирикчилигидан орттириб, тўртбеш сўм давоми...

4592 15:28 / 28.04.2017
Динимиз иримдан қайтаради. Сафар ойида сафарга чиқиб ёки тўй қилиб ёки кўч кўтариб бўлмайди, деган гаплар иримдир. Абу Ҳурайрадан розийаллоҳу анҳу ривоят қилинган давоми...

3934 15:29 / 28.04.2017
Сафар ойи ҳижрийndashқамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Одатда, бу ой яқинлашиши билан кишилар орасида турли саволлар кўпая боради. Сафар ойида сафар давоми...

13394 13:30 / 17.08.2023
Сафар ойи ҳижрийқамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир.Одатда, бу ой яқинлашиши билан кишилар орасида турли саволлар кўпая боради. Сафар ойида сафар қилиб давоми...

5230 21:00 / 20.09.2020
Аудиолар

118720 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40689 14:35 / 11.08.2021