1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Нега Ислом дини муҳаббат ва инсонпарварлик рамзи эмас балки, “олабўжи” сифатида кўрилмоқда?

19:23 / 22.01.2018 6616 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги кунда мусулмонлар жаҳон хамжамиятининг асосий қисми Исломни инсониятга қарши қаратилган дин деб қабул қилаётганидан нолимоқда. Дарҳақиқат, биз қанчалик бунинг акси бўлишини истасак-да, муқаддас динимиз хусусида айнан шундай сўзлар айтилмоқда. Кўпчилигимиз: “Улар Қуръони Каримни ўқимаганлиги боис Ислом динини тушунмайди”, деб мулоҳаза юритамиз. Бу фикр, албатта, ҳақиқатга яқиндир. Аммо дўппини ерга қўйиб ўйлайдиган бўлсак, бундай ҳолат вужудга келишига ўзимиз ҳам қайсидир маънода сабабчи бўлганлигимиз маълум бўлади. Нимага дейсизми? Гап Ислом дини номидан амалга оширилаётган террор хуружлари ҳақида кетаётган бўлса керак деб ўйлаётган бўлсангиз, янглишасиз. Ҳолбуки, мусулмонларнинг ўзлари жуда кўп холларда яхши ният ила Ислом динини бир ёқлама қилиб кўрсатиб қўйишмоқда. Яъни, улар Қуръони Каримнинг асосий ғояларидан бири деб Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажармаган ҳар бир инсон жаҳаннамга равона бўлиши муқаррарлигини кўрсатишган.

Бошқача қилиб айтганда, биз истар-истамас Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ўз хилқатларига бўлган муҳаббати ҳақидаги сўзларига эмас балки, қўрқув ва ваҳимага урғу бермоқдамиз. Ва шу аснода Каломуллоҳ тарғиб этаётган инсонпарварлик, раҳм-шафқат, эзгулик ва кечиримлиликни унутаёзгандекмиз гўё.

Қуръони Каримнинг асл мақсади инсонга қарши туриш эмас балки, унга ён босишга қаратилган эмасми ахир? Муқаддас Китобнинг моҳияти инсонни шахс сифатида ҳурмат қилишда эмасми? Аксарият мусулмонлар бу фикрни ўйламай-нетмай маъқуллашлари турган гап. Чунки бу айни ҳақиқатдир. Хўп, шундай бўлса, нега унда мусулмонларнинг ўзи Каломуллоҳ оятларини даҳшат ва қўрқувдан иборат дея талқин қилишмоқда? Мусулмонлар Ислом динига қизиқаётган одамларни “Эҳтиёт бўл, бунга яқинлашма” ёки “мана бу ишга асло қўл урма” каби сўзлар билан “қарши олишади”. Яъни, Ислом раҳмдиллик дини (инсон гуноҳ содир этган бўлса-да, чин дилдан тавба қилиб Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратига сазовор бўлиши мумкин) сифатида эмас балки, кўпчилик учун бу дўзаҳ сари “яшил йўлак” деб кўрилмоқда. Жаннат тўғрисида эса афсуски жуда кам сўзланмоқда! 

Хом хаёл, бўлмаган гап дейсизими? Ундай бўлса интернетдаги Ислом ҳақида ёзилган мақолаларни синчковлик билан ўрганиб чиқинг. Шунда сиз муқаддас динимиз айнан шу йўсинда кенг оммага кўрсатилаётганининг гувоҳи бўласиз. Устига устак, домлаларимиз жумъа мавъизаларида мусулмонлар қавмининг диққат-эътиборини Аллоҳнинг ўз ҳилқатларига бўлган меҳр-муҳаббатига етарли даражада қаратмаётгани ҳам бор гап.

Муқаддас динимизни фақат таҳдид ва жазолардан иборат деб таърифлатётганимиз туфайли Исломга мойиллиги бор бошқа дин вакилларининг қизиқиши сўниб шашти синиб қолмоқда. Мабодо Каломуллоҳдаги акс этган инсон ҳуқуқлари, Аллоҳ таоло ато этган ноз-неъматлардан (бошқаларнинг руҳий ва жисмоний сиҳат-саломатлигига зиён етказмаслик шарти билан) фойдаланиш жоизлиги ҳусусида сўз очсангиз, кинояли табассум ёки ишончсизликка дуч келасиз.

Токи Ислом динини қора, даҳшатли ва қўрқинчли рангларда тасвирлашда бардавом бўларканмиз, бошқалардан Қуръони Каримнинг асл моҳиятини англаб етишларини кутишимиз ноўриндир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1935 йилда АҚШ Олий Суди Ислом динининг Пайғамбари ndash Муҳаммад алайҳиссаломни Мусо, Сулаймон алайҳиссаломлар ва Конфутсий қатори адолат ва ҳуқуқшуносликнинг давоми...

5598 16:49 / 18.11.2017
Дунё мусулмон уламолари бирлиги ташкилотининг бош котибидоктор Алий Муҳйиддин ҚорадоғийнингФазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфраҳимаҳуллоҳнинг давоми...

2908 05:00 / 09.03.2017
Бир куни қариндошлар пейнтбол уйнаб бўлгач, қўлимиздаги қуролларимиз билан суратга тушмоқчи бўлдик. Бир қатор туриб олганимиздан сўнг, оғaиниларимиз Аллоҳу давоми...

6018 11:07 / 20.02.2018
Аллоҳ таолога ҳамд, Унинг бандаси ва элчиси Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салом ва саловотлар бўлсинАллоҳ таоло бандаларини ҳалолпокиза ҳаёт кечиришга буюриб, қабиҳ ва давоми...

7092 05:00 / 09.03.2017