1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари

15:14 / 08.02.2018 5055 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари, у зотнинг зиёфатлари, қуллари, чўрилари, хачир ва туя каби уловлари, шунингдек, у зотнинг «бизнинг юзта қўйимиз бор» деганлари ҳамда аёлларига берган нафақалари, хурмо ва васақлар ҳақида сўрабсан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг хазинабонларидан бири бўлганлар. У зот бирор нарсани ушлаб турсалар, уни фақат Аллоҳ таолонинг ҳақларини сақлаш йўлидаги кулфатлар учун ушлаб турганлар. Бу худди хожаси мол бериб, уни ушлаб турган қулга ўхшайди. Хожаси қаерга деса, ўша ерга сарфлайди.

Кўрмайсанми, у зот демишлар:

«Биз – анбиёлар жамоасидан мерос олинмайди. Қолдирган нарсамиз садақадир»[1].

Чунки анбиё алайҳимуссалом Аллоҳ таолонинг хазинабонларидир, халойиқнинг бошқалари ризқ талаб қилувчилардир. Бандага бирор нарса ризқ қилиб берилса, у ўша ризққа эга бўлади ва уни хоҳлагандек сарфлайди-да, қолдиргани эса меросхўрларига мерос бўлади.

Ким дунёдан бирор нарсага эга бўлиб, уни олса ва у ила Аллоҳ таолонинг ҳақларини адо этиш учун уни ушлаб турса, ажр олади.

Ундан (дунёдан) қочган кишининг бундай қилишига сабаб қалбининг заифлиги ва ишончининг озлиги, фитнага учраши, Аллоҳнинг зикри ва амридан чалғиб, ҳузур-ҳаловатини йўқотишдан қўрққани учундир.

Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларни огоҳлантирмиш:

«Эй иймон келтирганлар! Молларингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин...»[2]

Бундан маълум бўладики, дунё бандаларни чалғитади. Сиддиқларни эса Аллоҳнинг муҳаббати, жалоли ва азамати чалғитган. Мол-дунё уларни чалғитишга қодир эмас, чунки Аллоҳга муҳаббатнинг ҳаловати молга муҳаббат ҳаловатидан ғолибдир. Бу худди асални ялаб, ҳамон ҳалқумида унинг лаззатини ҳис қилиб турган кишига ўхшайди. Агар унинг ортидан тут ёки ўрик еса, уларнинг ширини бу кишини асалнинг лаззатидан чалғита олмайди. Кимнинг қалбига Аллоҳнинг азамати, жалоли ва қудрати ғолиб бўлса, Аллоҳ ва У Зотнинг азамати ҳақидаги илм сабабли унинг қалбига мол-дунё ҳукмронлик қила олмайди.

Сиддиқлар ушбу қувват ила мол-дунёдан олганлар. Агар шундай бўлмаса, Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий, Абдурраҳмон ибн Авф, Толҳа, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққос, ўлими сабабли Арш титраган Саъд каби улуғ зотлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта саҳобалари, вазирлари ва ҳидоят имомларининг барчалари мол-дунёдан олганларини қандай тушуниш мумкин? Улардан баъзиларининг кунлик даромади минг дирҳам бўлган. Баъзиларининг мероси тақсимланганда, олтинлари болта билан кесилган. Улар буни фақатгина қалбларининг қуввати ва Аллоҳни таниганлари учун олганлар. Улар Аллоҳ учун берар эдилар. Улар Аллоҳ таоло учун ўзларига сарфлар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир киши сўраганида айтган сўзларига қара:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: 

– Эй Аллоҳнинг расули, менда бир динор бор, уни нима қилай? – деди.

– Ўзингга сарфла, – дедилар.

– Менда бошқаси бор, – деди.

– Уни аҳлинг ва фарзандингга сарфла, – дедилар.

– Менда бошқаси бор, – деди.

– Уни ота-онангга сарфла, – дедилар.

– Менда бошқаси бор, – деди.

– Уни Аллоҳнинг йўлида сарфла, – дедилар»[3].

Мана шу уларнинг энг яроқсизи ва пастидир.

Кўряпсанми, у зот ўзингга сарфлашни динорларнинг афзали қилдилар. Уни нафсининг истагини, шаҳватини қондириш учун эмас, Аллоҳ учун ўзига сарфласа, шундай бўлади. Дунё қуллари эса дунёни фақат кўпайтириш, фахр, манманлик, кимўзарлик учун, хоҳиш-истакларини қондириш мақсадида оладилар. Ўзларида тутиб қолган мол-дунёлари ризқсиз қолишдан қўрққанлари ва гумонсираганлари сабаблидир. Сарфлаганлари эса хоҳиш-истак, шаҳват ва лаззатларни қондириш учундир. Дунёни олишда ҳам, тутиб туришда ҳам ва сарфлашда ҳам уларнинг на ниятлари, на савоб умидлари бор. Уларга шиддатли ва оғир ҳисоб бордир. Улар ундаги Аллоҳнинг ҳаққини ман қилдилар, хусуматлари кўпайди.

Аллоҳ Танзилида демиш:

«Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фитнадан бошқа нарса эмас...»[4]

Мол ва фарзанднинг фитнаси унинг муҳаббатидир. Бу ҳаловат томирларда ўрмалаётган заҳардир. Сўнг у жасадни ҳам ўраб олади. Бас, ким бундан олдин тарёқ[5] ичиб олган бўлса, мазкур заҳар унга зарар қилмайди. Тарёқ эса Аллоҳ муҳаббатининг ҳаловатидир. Тарёқ ичган одамнинг томирлари тарёқ билан тўлади. Шунинг учун унга иситма зарар қилмайди. Зотан, заҳар сингишга йўл топа олмайди. Худди шунингдек, кимнинг томирлари Аллоҳнинг муҳаббати билан тўлган бўлса, мол-дунё муҳаббатининг ҳаловати унинг томирларига сингишга йўл топа олмайди.

Пайғамбарлар – Иброҳим халилуллоҳ, Айюб, Юсуф, Довуд, Сулаймон алайҳимуссаломнинг қай бири кўп мол-дунё ва дунёнинг матоҳини олган бўлса, албатта, мана шу қувват ила олган.

Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам худди шундайлар. У зотга Хайбар фатҳ қилинди, Бану Назирнинг моллари ичида Фадак ҳам берилди. У зот уларни ҳақ йўлидаги кулфатлар учун тутиб турар эдилар. Шунингдек, Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий, Абдурраҳмон ибн Авф ва Саъд – Аллоҳ улардан рози бўлсин – каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ичидаги хос кишилар ҳам. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари ва вазирларидир. Уларнинг моллари зоҳир, қилган вақфлари ўзларидан кейин ҳам, ҳозирги кунимизга қадар қоимдир. Буларнинг барчаси Аллоҳ Ўз бандаларига инъом қилган неъматларидир.

Ким ушбу неъматлар учун Аллоҳга шукр қилса, батаҳқиқ, у ўзига ато этилган дунё ила Аллоҳ таолога ибодат қилибди. Ким мана шу неъматлар сабабли У Зотга осийлик қилса, бу унинг мазаммат қилинган дунёсидир. Аллоҳ улардан юз ўгирган ва уларга ғазаб қилган.

У Зот ўлжа ҳақида шундай деган:

«Бас, ўлжа олган нарсаларингиздан ҳалол-пок ҳолда енглар...»[6]

Қай бир нарса бундан кўра ҳалолроқ ва покизароқ бўлади? Бу Бадр куни бўлган. Иккинчи йили Уҳуд куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга «Шу ердан кетиб қолманглар» деб кўрсатган жойни тарк қилдилар. Улар ўлжалар ва мушрикларнинг мағлуб бўлаётганларини кўрганларида, жойларини тарк этиб, ўлжаларни қасд қилдилар. Шунда мағлубият улар томонга ўтди ва қатл қилиндилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тишлари синди ва юзларига жароҳат етди. Шунда Аллоҳ таоло ушбуни нозил қилди:

«Батаҳқиқ, уларни Унинг изни билан қира бошлаганингизда, Аллоҳ Ўз ваъдасининг устидан чиқди. Ниҳоят, заифлашиб, амр ҳақида ихтилоф қилиб ва сиз суйган нарсани кўрсатганидан сўнг осийлик қилгунингизга қадар. Орангизда дунёни истайдиган кишилар ҳам бор...»[7]

Бу билан У Зот жойларини тарк қилганларни ирода қилди. Улар ўлжаларни қасд қилдилар. Батаҳқиқ, ўлжалар уларга ҳалол қилинган бўлса ҳам, ўшанда улар бу борада Аллоҳга осий бўлдилар. Бас, дунё мазаммат қилинди. У Зот уни «дунё», яъни «яқин нарса» деб номлади ва у боис уларни мазаммат қилди.

У Зот кимга торликни раво кўрса, фақатгина унга яхшилик қилиш учун қилган. Унда катта хатар борлиги учун қилган. Шунинг учун ҳам У Зот азза ва жалла Мусо алайҳиссаломга демиш: «Мен авлиёларимни худди меҳрибон чўпон қўйларини ҳалокатли ўтлоқлардан қайтарганидек, дунёнинг шаҳватларидан қайтараман. Худди туячи туяларини қўтир касаллиги бор қўралардан четлатгани каби, уларни дунёнинг шаҳватлари ва неъматларидан четлатаман. Билки, ушбу неъматларнинг тикани бордир ва қўраларининг қўтири бордир. Шунингдек, авлиёларнинг нафслари, бир лаҳза бўлса-да, дунёнинг гўзалликлари, ҳузур-ҳаловатига хотиржам бўлиб қолиши хавфлидир.

Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига боқ:

«Дунё ҳаётининг кўрки қилиб, айримларини баҳраманд қилганимиз нарсаларга кўзларингни тикма...»[8]

Ушбу оят нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иложи борича ҳазир бўлишга уринар эдилар. У зот бир куни семизлигидан пешобларига ботиб юрган катта туялар олдидан ўтаётганларида, бошларини чопонларига ўраб олиб, ўша туяларга кўз тикиб қолишдан ҳазир бўлиб, бир кўзларинигина очиб юрганлар. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам омонда бўлмаганларидан кейин, у зотдан бошқаларнинг ҳоли маълум. Лекин у қавм (дунёни) ҳирс ила талаб қилмади. Улар ўз қарамоғидагилар учун ҳаракат қилганлар, шунинг учун уларга барака берилган. Улар дунёни васфи юқорида келтирилган қувват – қалб қуввати ила ҳақ йўлидаги кулфатлар учун ушлаб туришган.

Бизга етган хабарга кўра, Иброҳим алайҳиссаломнинг сигирлари бўлиб, бараканинг кўплигидан унинг бузоқлари кўпикка ўхшаб семирар экан. Уларга мол берилар ва улар уни Аллоҳ азза ва жалланинг тадбирига кўра ушлаб туришар экан. Худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Фадак ва Бану Назирнинг моллари фатҳ қилингани каби. Булар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга то вафотларигача таом қилиб берилди.

Аллоҳ таоло деди:

«Аллоҳ Ўз расулига улардан фай (ўлжа) қилиб берган нарсага сизлар от ёки туя чоптириб бормадингиз. Лекин Аллоҳ Ўз расулларини хоҳлаганининг устидан ҳукмрон қилади...»[9]

У зотга Қурайза ва Назир устидан ҳукмронлик жанг ва урушсиз берилди ва ўша ўлжалар саҳобаларга эмас, у зотга хос қилинди. У зот улардан ўз ҳожатларига сарфлар эдилар. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг у зот фойдасига тадбиридир. У зот талаб қилмас эдилар ва шу билан бирга, Аллоҳнинг тадбиридан чиқмас эдилар. Қачон берса, сарфлар ва ҳожатлари учун олиб ҳам қўяр эдилар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Сарахс аҳли сўраган масалалар китобидан)




[1] Бу ҳадисни Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва бошқалар ривоят қилишган.

[2] Мунофиқун сураси, 9-оят.

[3] Бу ҳадисни Аҳмад, Насоий ва Ҳоким ҳам ривоят қилишган.

[4] Тағобун сураси, 15-оят. Бу оятдаги «фитна» сўзи «синов» маъносида.

[5] Заҳарга қарши дори.

[6] Анфол сураси, 69-оят.

[7] Оли Имрон сураси, 152-оят.

[8] Тоҳо сураси, 131-оят.

[9] Ҳашр сураси, 6-оят.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
761. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси унинг ҳузуридан чиқдилар. Шунда рашким келди. Сўнгра у зот келдилар ва давоми...

2579 19:00 / 26.08.2022
502. Жаъфар ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилинади .Жобир ибн Абдуллоҳнинг олдига кирдик. У қавм ҳақида сўради. Менга етиб келганда .Мен давоми...

3124 14:30 / 09.04.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидиман. Устидан қабр биринчи ёриладиган давоми...

5016 11:00 / 14.11.2020
Расулуллоҳ давриларидаги ғазот ва сарийяларБиз Исломдаги ғазот ва сарийяларга алоҳида бир назар ташлаб чиқишимиз лозим. Бу масалада тўғри англашимиз зарур давоми...

11693 20:07 / 28.04.2017
Аудиолар

120076 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар