1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Муаллим одоблари қуйидагилар

20:14 / 10.02.2018 4006 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муаллимларнинг шарафли вазифаларини адо этиш жараёнида амал қилишлари лозим бўлган одоблари ҳам мавжуд. Уламолар қадимдан бу мавзуга алоҳида эътибор билан қараб, унинг баёнини қилганлар. Қуйидаги сатрларда мазкур одоблардан айримларини келтиришга ҳаракат қиламиз:

Илмни лозим тутиш, унга муҳаббат қилиш, унга бутун вужуди билан берилиш ва илмини зиёда қилиш учун доимо ҳаракатда бўлиш.

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида марҳамат қилади:

 

«...ва: «Роббим, илмимни зиёда қил», дегин» (114-оят).

Илмига амал қилиш.

Зотан, ҳақиқий олимнинг гапи ишига тескари бўлмайди. Бу гап диний олимларга алоҳида таъкидлидир. Чунки уларнинг асосий вазифаларидан бири кишиларни тўғри йўлга бошлашдир. Бунда эса уларнинг ўзлари гўзал ўрнак бўлишлари шарт.

Аллоҳ таоло Софф сурасида марҳамат қилади:

 

«Эй иймон келтирганлар! Нима учун қилмаган нарсаларингизни гапирасиз?! Қилмаган нарсангизни гапиришингиз Аллоҳнинг ҳузурида қаттиқ нафратга қолгандир» (2-3-оятлар).

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом дейдилар: «Қиёмат куни бир киши дўзахга келтириб ташланади, шунда қорнидаги нарсалар ташқарига отилиб чиқади, у дўзахда ўз қорнидан чиққан нарсалар атрофида худди тегирмонни айлантирадиган эшак сингари айланиб юради. Дўзахийлар уни ўраб олиб: «Эй Фалончи, сенга нима мусибат етди? Бизга амри маъруф, наҳйи мункар қилган эдинг-ку?» дейишади. Шунда у: «Сизларни яхшиликка чорлар эдим-у, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдим-у, ўзим қилардим», дейди».

Илми зиёда бўлган сари Аллоҳ таолодан қўрқиши ва маърифати зиёда бўлган сари Аллоҳ таолога хушуъcи ортиб бориши керак.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:

 

«Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» (28-оят).

Али розияллоҳу анҳу дедилар: «Икки киши умуртқамни синдирди. Илмига амал қилмаган олим ва ибодатга берилган жоҳил».

Таълим берувчининг дунёнинг ҳою ҳавасидан устун туриши.

 

«Уларни синаш учун дунё ҳаётининг кўрки қилиб, айримларини баҳраманд қилганимиз нарсаларга кўзларингни тикма. Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир» (Тоҳа сураси,131-оят).

Ҳасандан ривоят қилинади: «Ким илмни ирода қилса-ю, сўнг дунёга ҳирси зиёда бўлиб кетса, Аллоҳдан узоқлашиши зиёда бўлур».

Барчага бирдай тавозели бўлиш.

Бунинг учун талабаларга шафқатли бўлиш, уларга таълим беришда шошилмаслик, талабаларга ўз фарзандидек қараш, уларнинг жоҳиллигини ва жафосини кўтариш, уларни жаҳолат зулматидан илм нурига олиб чиқишга уриниш, ҳожатларини фаҳмлаш ва ҳолатларини ҳисобга олиш, савобларига жавоб бериш, юзларига кулиб боқиш, қалбларини улфат қилиш, улар учун вақт сарфлаш каби ишларни бажариш талаб этилади.

Аллоҳ таоло Шуаро сурасида марҳамат қилади:

 

«Ва сенга эргашган мўминларга қанотингни пастлат» (215-оят).

Яъни «Улар билан юмшоқ муомалада бўл, уларга меҳрибонлик кўрсат, тавозели бўл». Дарҳақиқат, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларга шундай муомалада бўлганлар.

Таълим беришга ихлос қилиш.

Бунда таълимни одамлар фойдасига ишлатишда Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаш керак.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммажлисларимиздан қай бири яхши?» дейилди.

«Кўриниши сизга Аллоҳни эслатадиган, гапи амалингизни зиёда қиладиган ва амали сизга охиратни эслатадиган киши», дедилар».

Абу Яъло ривоят қилган.

Илмни мустаҳкам эгаллаш.

Унинг нозик жойларигача ва мағзигача етиб бориш. Илмнинг бир қисми ёки қобиғи билангина кифояланиб қолмаслик зарур.

Ҳилм, виқор, шошмаслик ва бағрикенгликни лозим тутиш.

Зотан, бу сифатлар илмнинг зийнатидир.

Жоҳилларнинг жафосига, ҳасадчиларнинг ҳасадига, бўҳтончиларнинг иғвосига ва душманларнинг адоватига сабр қилиш.

Аллоҳ таоло Аҳқоф сурасида марҳамат қилади:

 

«Бас, азиймат соҳиби бўлган расуллар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) ошиқма!» (35-оят).

Илмни талаб қилувчиларга керагича бериш.

Ундан бирор нарсани беркитиб қолмаслик ҳам таълим берувчининг асосий вазифаларидандир.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир илмдан сўралса-ю, бас, у ўшани яширса, қиёмат куни Аллоҳ уни оловдан бўлган юган билан юганлайди», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Ҳужжатни эътибор билан тинглаб, қабул қилиш.

Бунда хусуматчидан бўлса ҳам, ҳаққа бўйин эгиш, хатони тан олмасликдан четда бўлиш талаб этилади.

Илмни уни талаб қилувчининг фаҳмлаш қобилиятига қараб бериш.

Устозлар таълим беришда инсоннинг ақли етмаган нарсадан четлаб ўтишини ҳисобга олишлари, паст даражадан бошлаб аста юқорилаб боришлари даркор.

Ичи ва ташининг гўзал бўлишини таъминлаш.

Зотан, ҳақиқий илм соҳиби ичи бошқа, таши бошқа бўлмайди.

Яхши билмаган, ўзлаштирмаган ва охирига етмаган масалаларда ўзича ҳукм чиқармаслик.

Бунда билмаган нарсаларини биладиганларга ҳавола қилиш, билмаганини «билмадим» дейишдан тортинмаслик мақбулроқ.

Талабаларга берган илмини миннат қилмаслик.

Зотан, бундай қилиш амални ҳабата қилади. Талабаларга ўз мартабасининг кўтарилишига сабаб бўлувчи шахслар сифатида қарашга интилмаслик лозим.

Муаллимнинг одобларидан яна бири ўзи мутахассис бўлган илмдан бошқа илмларни қораламасликдир.

Ҳақиқий олим талабаларни барча фойдали илмларга тарғиб қилади. Ҳамма дарсларни бирдек ўзлаштиришга чорлайди.

Муаллим ўз талабасини қўлига топширилган омонат дея билиши зарур.

Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир талаба ота-онаси ва жамият томонидан устознинг қўлига топширилган буюк омонатдир. Бу борада устознинг зиммасига улкан масъулият юклатилган бўлади. Устоз талаба шахсиятининг шаклланиши, фикрларининг ўсиши, нафсининг тарбияланиши, илм олиши, маърифат ҳосил қилиши каби бир қанча ўта аҳамиятли нарсаларда масъулдир.

Муаллим талабаларига гўзал инсоний сифатларда, одоб-ахлоқда, илм-маърифатда, муомалада, ҳаётнинг барча соҳаларида жонли намуна бўлиши лозим.

Таълим берувчи устоз риоя қилиши лозим бўлган одобларнинг асосий қисми мана шулардир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ижтимоий одоблар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдулқуддус амакининг сабоқлари 7қисмЭНГ МУҲИМ УЧ НАРСА Ассалому алайкум, менинг ҳамма нарсадан азиз болажонларим Бугун сизларга ҳақиқий мусулмон бўлишингиз давоми...

4108 05:00 / 16.02.2017
Совуқ қиш куни эди. Мактабга кетаётган Ийсо йўлда бир камбағал болани учратиб қолди. Бу бечора боланинг устида пальтоси йўқ эди. Йиртиқ этигидан сув ўтиб кетгани давоми...

3376 05:00 / 16.02.2017
Абдулқуддус амакининг сабоқлари 11қисмРЎЗА, ЗАКОТ, ҲАЖ ҲАҚИДА Ассалому алайкум, эркатойларим, қўзичоқларимЧин мусулмон бўлишимиз учун нима қилишимиз керак Ийи, давоми...

4429 05:00 / 16.02.2017
Агар бир киши илгари билмаган ва кўрмаган бирон бир мураккаб замонавий жиҳоз сотиб олгудек бўлса, албатта, уни ишлаб чиқарувчилар тарафидан тайёрланган каталог давоми...

14956 19:35 / 02.08.2017
Аудиолар

120103 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41771 14:35 / 11.08.2021