1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Маросимлар ва уларнинг одоблари

18:26 / 07.02.2018 10565 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шариат таълимотларига мувофиқ ўтказиладиган маросимларнинг барчасида кўплаб ижтимоий, ахлоқий, диний ва бошқа фойдалар бордир. Ушбу маросимлар орқали бева-бечоралардан, дўсту ёрлардан, таниш-билиш, маҳалла-кўй ва бошқалардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, ижтимоий алоқалар мустаҳкамланади ва бошқа бир қанча фойдалар олинади.

Таом инсон ҳаётининг давом этиши учун зарурий ҳожат бўлиши билан бирга, уни бошқаларга тақдим қилиш карам кўрсатишнинг белгиси ҳамдир. Исломда ўзгаларга таом тарқатиш савобли иш, баъзи хато ва гуноҳларнинг каффорати ҳам ҳисобланади. Бошқаларга таом бериш гоҳида фарз, гоҳида вожиб, гоҳида суннат, гоҳида мустаҳаб амалдир.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роҳманга ибодат қилинг. Таомни едиринг. Саломни ёйинг. Саломатлик-ла жаннатга кирурсиз», дедилар».

Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ деган.

Саломни тарқатишда маънавий яхшилик бўлса, таомни тарқатишда моддий яхшилик борлиги ҳеч кимга сир эмас. Исломда таом тарқатиш ҳақида сўз кетганида энг аввало фақир-мискин, бева-бечора ва муҳтожларга моддий ёрдам бериш, уларнинг қорнини тўйдириш кўзда тутилишини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу Ислом дини камбағалпарварлигининг энг муҳим томонларидан биридир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

«Таомнинг энг ёмони бойлар даъват қилиниб, камбағаллар тарк қилган валийма (зиёфат) таомидир», дер эди».

Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Баъзиларнинг бойларнинг маросимида қатнашиб, камбағалнинг маросимига бормаслиги ҳам катта беодобликдир. Бу иш мутакаббирлар ва риёкорларнинг ишидир. Маросим эгасининг камбағаллиги, обрўси юқори эмаслиги ёки таомининг озлиги, сифати яхши эмаслиги унинг чақириғини қабул қилмасликка сабаб бўлмаслиги керак. Зотан, маросимлар турли табақадаги мусулмонларни бир-бирларига янада яқинлаштириш учун жорий қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар пойча ёки туёққа даъват қилинсам ҳам, албатта ижобат қилар эдим. Агар менга пойча ёки туёқ ҳадя қилинса ҳам, албатта қабул қилар эдим», дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Маълумки, сўйилган ҳайвоннинг калла-пойчаси энг охирида пишириладиган, унча эътибор берилмайдиган, назарга ҳам илинмайдиган қисми ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида ана шундай оддий нарса билан зиёфат қилиб чақирилса ёки ўша нарса у зотга совға қилинса, албатта қабул қилишларини таъкидламоқдалар. Бу ҳолат у зотнинг ғоят камтарликлари, ўз жамиятларидаги энг фақир, бечора кишилар билан ҳам дўстона алоқа ўрнатишга тайёр эканларини кўрсатади.

У зотнинг умматлари ҳам ўз Пайғамбарларидан ўрнак олишлари лозим. Ёғли жойга айтилмаса ҳам бориб, бундайроқ жойларга ялинса ҳам бормаслик мусулмон кишига тўғри келмайди.

Исломда ёр-биродарларни бир дастурхон атрофига жамлаш мустаҳаб амаллардандир. Унда яхшилик ва барака бордир. Кўпчилик мусулмон жамланадиган жойда барака бўлиши ажабланарли эмас.

«Бир жамоа одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули! Биз еймиз, лекин тўймаймиз», дейишди. «Эҳтимол, тарқоқдирсизлар?» дедилар. «Ҳа», дейишди. «Таомингизга тўпланинглар ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. (Шунда) сизларга унда барака берилур», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Мусулмон халқларда, жумладан, бизнинг халқимизда ҳам тўй ва шунга ўхшаш маросимлар муносабати билан уламолар жамоатчиликка ваъз-насиҳат қилишган, урушганлар яраштирилган, беморлардан хабар олинган, кексалар зиёрат қилинган, уларга маросим таомларидан насибалар берилган. Умуман, ҳалол-пок, шариатга мувофиқ ўтказиладиган маросимларда якка шахсларга ҳам, жамоатчиликка ҳам кўплаб фойдалар мавжуд.

Шу билан бирга, маросимларда шариат кўрсатган чегарадан чиқишнинг зарари бор. Мисол учун, ҳаром- ҳариш нарсаларни тановул қилиш ва гуноҳ ишларни амалга ошириш, маросимга риёкорлик, кибр, манманлик ва исрофни аралаштириш, ортиқча сарф-харажат қилиб, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказиш ва ҳоказолар маросимдан ҳосил бўладиган савобни йўқ қилади.

Уламоларимиз маросимлар ҳақида келган шаръий қоидаларни батафсил ўрганиб ва таҳлил қилиб бўлганларидан кейин қайси маросимлар шариатда борлигини белгилаб беришган. Масалан, «Ал-Инсоф» номли китобда «Одамларни чорлаб, маросим қилиб бериладиган таомлар ўнтадир», дейилган ва қуйида бир оз шарҳлаганимиз маросимлар келтирилган:

1. Валийма – келин тушириш (никоҳ тўйи) маросими. Никоҳ тўйини куёв тараф келиннинг шарафига уюштиради. Бу ҳанафий мазҳаби бўйича суннат амалдир. Ушбу тўй орқали никоҳ эълон қилинади. Тўйга ҳозир бўлган мусулмонлар жамоасининг янги оила, келин-куёв ҳаққига дуолари олинади.

2. Азийра – хатна муносабати ила ўтказиладиган маросим. Ўғил болаларни хатна қилдириш суннатдир. Суннат бўлганда ҳам, Исломнинг шиорларидан, хусусиятларидан бири саналган суннатдир. Ўғил болаларни кичиклик чоғида хатна қилдириш мусулмон халқларнинг тарк қилмайдиган одатига айлангани яхши ишдир. Қолаверса, бу ишнинг инсон соғлиғи учун қанчалик фойдали эканини бугунги замон тиб илми ҳам исботлади. Шунинг ўзи Ислом шариатида буюрилган амалларнинг ҳеч бири беҳикмат эмаслигини тасдиқлайди.

Ўғил болаларни хатна қилдириш муносабати ила камтарона дастурхон ёзиб меҳмон чорлаш саҳобаи киромлар розияллоҳу анҳумнинг даврида ҳам бор эди. Хатна боланинг ҳаётидаги муҳим ҳодисалардан бири бўлгани учун бу маросим унинг ҳаққига дуо олиш нияти билан ўтказилади.

Солимдан ривоят қилинади:

«Ибн Умар мени ва Нуъаймни хатна қилдирди. У биз учун қўчқор сўйди. Биз болалар орасида ўзимиз учун қўчқор сўйилгани учун мақтаниб юрар эдик».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Демак, хатна муносабати билан жонлиқ сўйиб, зиёфат уюштириш саҳобалардан собит бўлган амал экан.

3. Хурса – бола туғилиши муносабати ила. Бу маросимни бизда аёллар учун қилиш одат бўлиб қолган. Янги фарзанд кўрган онанинг тўлғоқ ва туғишдан халос бўлганига шукрона сифатида ўтказилади. Бу маросим бизда асосан қариндош ва яқин аёллар иштирокида ўтади ва у Тошкентда «қовурдоқ» деб номланади.

4. Вакийра – янги уй-бино муносабати ила. Бу маросим бизда «Уй тўйи» ёки «Ҳовли тўйи» деб аталади. Албатта, янги масканга эга бўлиш шукронага сабаб бўладиган Аллоҳ таолонинг катта неъматидир. Ушбу маросим шукронанинг бир тури сифатида ва янги қўшниларга ўзини танитиш мақсадида ташкил қилинади. У орқали кўпчиликнинг дуосидан умидвор бўлинади.

5. Нақийъа – бировнинг ғойиб бўлганидан кейин сафардан қайтиб келиши муносабати ила ўтказиладиган маросим. Турли сабабларга кўра оиладан, маҳалладан узоқда бўлган шахс эсон-омон юртига, оиласига қайтиб келгани шукронасига ўтказилади. Бу маросимни сафардан келган одамнинг ўзи ёки бирор яқин кишиси қилиши мумкин. Бунда ҳам бошқа маросимларга ўхшаш хурсандчилик шукронаси, хайр-эҳсон савоби ва дуо умиди мавжуд.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (сафардан) Мадинага қайтиб келганларида туя ёки сигир сўйдилар».

Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаждан қайтиб келганларида Мадинаи мунавварада иккита қўчқор сўйганлари ҳам ҳадисларда ривоят қилинган.

6. Ақийқа – бола етти кунлик бўлганидан кейин ўтказиладиган маросим. Оилада бола туғилиб, орага янги бош келиб қўшилгани Аллоҳ таолонинг Ўзи мусулмон бандаларига ҳалол қилган ҳайвонлардан бирининг бошини кесиш билан нишонланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ, боланинг соғ-омон туғилганига ва уни туққан онасининг саломат қолганига шукрона келтирилади.

7. Вазийма – мотам муносабати ила қилинадиган маросим. Вазийманинг куни, ҳажми, унда пишириладиган таомнинг тури ва бошқа нарсалари белгиланган эмас. Бундай эҳсонни киши ўзидан, оиласидан, қарамоғидагилардан орттирганда, балоғатга етмаган болаларнинг (сағирларнинг) ҳаққини аралаштирмай кўнгли истаган пайтда қилиши мумкин. Бунда турли бидъат-хурофотларни аралаштирмаслик шарт.

8. Маъдаба – оддий, алоҳида сабабсиз зиёфат. Бунда яқин қариндошлар ва дўст кишиларни меҳмон қилиш ниятида дастурхон ёзилади.

9. Ҳизоқ – Қуръонни ёдлаб бўлиш муносабати ила зиёфат бериш. Қуръони Каримни устоздан ўтқазиб, қоидалари ила тўлиқ ёд олиш катта неъмат ҳисобланади. Шунинг учун бу неъматга сазовор бўлганлик шукронасига маросим ўтказиш раво кўрилган.

10. Туҳфа – бирор киши шарафига қилинадиган маросим. Бу маросим бир кишини зиёрат қилиб келган меҳмоннинг шарафига бериладиган зиёфат бўлиб, яхши кўрганидан ёки яқинроқ танишиш ниятида ёхуд шунга ўхшаш ишлар учун уюштирилади.

Бошқа уламолар қуйидаги икки маросимни ҳам қўшишган.

11. Бало-офатдан қутулгани шукронасига эҳсон қилиш. Албатта, банданинг турли бало ва офатлардан қутулиб қолиши ҳам шукронага лойиқ ҳолатдир. Мана шу муносабат билан ўз ихтиёри ила хайр-эҳсон қилса, яхши бўлади.

12. Катта муваффақият ва ютуққа эришгани шукронасига уюштириладиган маросим. Ҳаётда катта муваффақият ва ютуққа эришиш шукронани талаб қиладиган ишдир. Бунда мазкур муваффақият ва ютуққа эриштирган Зот – Аллоҳ таолога шукр қилиш рамзи бордир.

Буларнинг валийма – никоҳ тўйидан бошқа барчаси мустаҳабдир. Истаган қилади, истамаган йўқ.

Тўй ва маросимлар ҳақида уламоларимизнинг китобларида керакли маълумотлар тақдим қилинган. Қуйида шундай маълумотлардан баъзиларини келтириб ўтишга ижозат бергайсиз:

– Маросим эгаси ўзи истаган кишиларни оғзаки ёки таклифнома воситасида таклиф қилади.

– Имкони борича кўпроқ тақводор, дуосидан умидворлик бор, қорни тўйса хурсанд бўладиган камбағал кишилар, кўнгилга яқинлари таклиф қилинади.

– Маросим эгаси ўз маросимида исрофга йўл қўймайди ёки жуда ҳам қисиб юбормайди. Имконига қараб, ўртача иш тутса, яхши бўлади.

– Маросим эгаси рўза тутиб келганларнинг рўзасини очиришга ҳаракат қилмайди.

– Маросим эгаси тортган таомини мақтамайди.

– Таклиф қилинган маросимга бориш ҳанафий мазҳаби бўйича, агар у никоҳ тўйи бўлса – суннат, бошқа маросим бўлса – мустаҳабдир.

– Маросимга бориш имконини топа олмаган киши таклиф учун ташаккур айтиб, эзгу дуолар қилади, бора олмаслиги учун узр айтади.

– Агар маросимга шахсан эмас, умумий тарзда таклиф қилинган бўлса, бориш-бормаслик таклиф қилинган одамнинг ихтиёрида.

– Таклиф қилинмаган шахсларнинг маросимга боришлари мумкин эмас.

– Маросимга таклиф қилинган киши ўзи билан таклиф қилинмаган одамни олиб борса, бунинг учун маросим эгасидан рухсат сўрайди.

– Маросимга борувчи маросим эгасининг ҳурматини ният қилиб боради.

– Маросимга белгиланган вақтдан олдин борилмайди.

– Маросимга белгиланган вақтдан кеч ҳам қолинмайди.

– Маросим эгаси меҳмонларни очиқ чеҳра билан, хурсанд ҳолда самимий кутиб олади.

– Маросим эгаси муҳтарам кишиларга ва тортиниб турганларга алоҳида латофатли муомала қилади.

– Маросим эгаси ортиқча такаллуфга, «олинг-олинг»ларга ўтиб кетмайди.

– Маросимга борган меҳмон ўзига кўрсатилган жойга ўтиради.

– Мезбоннинг ўзи таклиф қилмаса, тўрга ўтиши мумкин эмас.

– Меҳмон вожиб рўза тутмаган бўлса, таомдан ўзини олиб қочмайди.

– Меҳмон таом тановул қилишга шошилмайди.

– Меҳмон таом тановул қилишнинг умумий одобларига риоя қилади.

– Меҳмон ҳаммадан олдин таом тановул қилишдан қўл тортмайди.

– Меҳмон ўзи учун алоҳида, дастурхонга қўйилмаган таомни келтиришни сўрамайди.

– Меҳмон ўзига ёққан одамга дастурхондаги таомдан олиб бермайди.

– Маросимдаги таомдан уйига олиб кетилмайди.

– Бошқалар туриб кетгандан кейин ўтириб қолиш ҳам одобдан эмас.

– Маросимга қатнашганлар маросим эгаси, унинг оиласи ҳаққига дуо қилишади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Исроф китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фарзанд отаона қўлида бир омонат. Боланинг тоза қалби мум каби ҳар шаклга кира олади. Шаклнинг қандай бўлиши эса бевосита оиладаги тарбиявий муҳимтга боғлиқ. давоми...

2191 09:03 / 27.05.2021
Салим ибн Жобир Ҳужаймий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб деди Эй Аллоҳнинг Расули Менга васият қилингРасулуллоҳ давоми...

2032 09:00 / 04.06.2022
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир,, дедилар, Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон давоми...

2175 14:00 / 15.02.2023
Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. давоми...

4952 17:00 / 17.07.2021
Аудиолар

120085 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41751 14:35 / 11.08.2021