1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Кўз теккан одамга муолажа

10:09 / 21.06.2018 4869 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол:

Ассалому алайкум! Саволим шундан иборатки, биз яшайдиган тарафларда бирор бир нарсага ёки инсонга кўз текканда, агарда ўша кўзи теккан инсонни кимлигини билишса унинг уйи атрофидан тупроқ, кичикроқ таёқчалар ва ҳатто бир бўлак латта олиб келиб исириқ билан бирга тутатишади . Шу қанчалик тўғри? Ва агарда тўғри бўлмаса далиллар билан келтирсангиз зеро ўз яқинларимни бу йўлдан қайтариш осонроқ бўлсин. Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Жавоб:

"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати:

 

Ваалайкум ассалом! Буларнинг барчаси нотўғри. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси муборакларида “Кўзи бор одам кўзи теккан инсонга таҳорат қилиб тушган сувни берсин. Кўз теккан уни устидан қуйсин” деганлар. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْعَيْنُ حَقٌّ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ. وَزَادَ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ: وَلَوْ كَانَ شَيْءٌ سَابِقَ الْقَدَرِ لَسَبَقَتْهُ الْعَيْنُ، وَإِذَا اسْتُغْسِلْتُمْ فَاغْسِلُوا. وَبَيانُ الغُسْلِ فِي حَدِيثِ أََحْمَدَ وَالنَّسَائِيِّ وَابْنِ حِبَّانَ كَالْآتِي: يَغْسِلُ الْعَائِنُ وَجْهَهُ وَيَدَيْهِ إِلِى الْمِرْفَقَيْنِ، وَمِنْ سُرَّتِهِ إِلَى أَسْفَلِ جِسْمِهِ، وَيُوضَعُ الْماَءُ فِي قَدَحٍ وَيُصَبُّ عَلَى الْمَعِيْنِ عَلَى رَأْسِهِ وَظَهْرِهِ، ثُمَّ يُكْفَأُ القَدَحُ فَيَبْرَأُ بِإِذْنِ اللهِ  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кўз тегиши ҳақдир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Муслим ва Термизий:
«Агар бирор нарса қадардан ўтадиган бўлса, албатта, кўз тегиши ўтар эди. Қачонки сиздан ғуслга ёрдам сўралса, ғуслга ёрдам беринг», дедилар»ни зиёда қилганлар.
Аҳмад, Насаий ва Ибн Ҳиббонларнинг ҳадисида ғуслнинг баёни қуйидагича:
«Кўзи теккан киши юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади. Сувни қадаҳга қуйиб туриб, кўз текканнинг бошидан ва елкасидан қуйилади. Сўнгра қадаҳ тўнкариб қўйилади. Аллоҳнинг изни ила тузалиб кетади».
Шарҳ: 
Шу жойда аввало кўз тегиши ҳақида бир оз тўхталиб ўтишга тўғри келади.
Баъзи тоифалар, хусусан, замонамиз моддапарастлари кўз тегиши деган нарсани умуман инкор қиладилар. Улар бу гапни бидъат, дейдилар.
Аммо барча элат ва миллатларнинг оқиллари кўз тегишини инкор қилмайдилар. Биз, мусулмонлар учун бу ҳақдаги билим шариатимиз таълимотларидир. Ана шу нарсалардан баъзиларини ҳозир ўрганмоқчи бўлиб турибмиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кўз тегиши ҳақдир», дедилар».
Яъни бу нарсани инкор қилиб бўлмайди. Агар бир оз ақл ишлатилса, тадаббур қилинса, бу масала ойдинлашади.
Аллоҳ таоло инсонларнинг жисмларида ва руҳларида турли қувватларни яратгандир. Баъзи жисм¬ларга заҳар таъсир қилмайди. Ҳозирда ҳам заҳарли илонлар ёки чаёнлар ичида ухлайдиган, уларга ўзини чақтирса ҳам мутлақо таъсирланмайдиган кишилар ҳақидаги хабарлар тез-тез чиқиб туради. Шунга ўхшаш Аллоҳ таоло ғаройиб хусусиятли жисмга эга қилган турли бандаларни кўп учратамиз.
Шунингдек, Аллоҳ таоло кишиларнинг руҳий қобилиятларини ҳам турли қувватларга эга қилиб яратган. Кўпчилик оддий ҳолатда бўлса ҳам, баъзи кишилар одатдан ташқари руҳий қувватга эга бўладилар. Оқил инсон руҳий таъсирни ҳеч инкор қилмайди. Бу оддий ҳақиқатдир. Бир одам ўзи уяладиган одамининг ўзига назар солиб турганини сезса, ўз-ўзидан юзи қизара бошлайди. Баъзи одамлар ўзи қўрқадиган одамининг ўзига тикилиб турганини сезса, ўз-ўзидан юзи оқариб кетади. Шундай пайтда таъсирланган одамнинг эс-ҳуши йўқолиб, қуввати кетиб, оёғи қалтираб қолишига нима дейсиз?
Ҳайвонлар ичида илонларнинг баъзи турлари ана шундай таъсирга эга. Ўзи тегмаса ҳам, чақмаса ҳам, назари билан таъсирини ўтказиши мумкин. Бу халқ ичида «илон авраши» дейилади. Бундай илонлар нафақат ўзи учун ов ҳисобланган ҳайвонларга, балки, кези келганда инсонларга ҳам таъсирини ўтказади. Ҳомиладор аёлларнинг ҳомиласи тушишига, баъзида инсонларнинг кўзига зарар етишига сабаб бўлади.
Шундай бўлганидан кейин инсонлардан маълум руҳий қувватга эга бўлганлари ўзлари узоқдан туриб, бош¬қаларга таъсир ўтказиши мумкин эмасми? Одамларга қараб туриб, ухлатиб қўядиган, турли ҳаракатлар қилдирадиган кишиларни ҳамма кўриб, билди-ку!
Ана шундай ишларнинг бўлиши учун фақат жисм жисмга тегиши ёки яқиндан тикилиб қараш шарт эмас. Балки, кўзи тегадиган киши кўр бўлиши ҳам мумкин. Унга бир киши васф қилинганда ундаги ҳасад руҳи ёмонлик ила қўзиса, мазкур кишига кўзи тегиши мумкин. Аслида кўз тегишининг асосида ҳасад бор.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:
«Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўладилар ва «Албатта, у мажнундир», дерлар», деган («Қалам» сураси, 51-оят).
«Кўз билан тойдириш»нинг икки хил маъноси бор.
Биринчиси – адоват ва душманлик назари билан ҳақ йўлдан тойдириш, адаштириш. Кофирлар Пайғамбар алайҳиссаломга маънавий зарар етказишни хоҳлаганлар.
Иккинчиси – кўз теккизиш билан Пайғамбар алайҳиссаломга жисмоний зарар етказиш, у кишини йиқитиш, ҳалок қилиш маъноси.
Бу оятнинг нозил бўлиши сабаблари ҳақидаги ривоятларга кўра, мушриклар Қурайш қабиласига кўзи (назари) бор бир кишини олиб келиб, Пайғамбар алай¬ҳиссаломга ёмон кўз билан қаратиб, зарар етказмоқчи бўлганлар. Бундай кўзли одамлар Бани Асад қабиласида бўлар экан.
Агар улардан бирортаси семиз туяни кўрганда ёмон кўз билан қараб қўйиб, «Ҳой қиз, идишни олиб бориб, манавининг гўштидан олиб кел», деса, туя тезда касал бўлиб, йиқилар, эгаси уни сўйиб юборишга мажбур бўлар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Агар бирор нарса қадардан ўтадиган бўлса, албатта, кўз тегиши ўтар эди», деганлари ҳам шунга ўхшаш нарсаларнинг бўлиши мумкинлигини тасдиқлайди.
Кўз тегиши, ундан баъзи кишиларнинг зарарланиб, хаста бўлиб қолиши мумкинлиги баён қилинганидан кейин уни даволаш васфига ўтилмоқда.
«Қачонки сиздан ғуслга ёрдам сўралса, ғуслга ёрдам беринг».
Имом Термизийнинг зиёдаларида келган бу жумланинг маъносини тўғри тушуниш мақсадида кўз тегишининг давоси учун қилинадиган ғуслнинг баёни келган имом Аҳмад, Насаий ва Ибн Ҳиббонлар ривоят қилган ҳадисни ўрганишимиз лозим:
«Кўзи теккан киши юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади. Сувни қадаҳга қуйиб туриб, кўз текканнинг бошидан ва елкасидан қуйилади. Сўнгра қадаҳ тўнкариб қўйилади. Аллоҳнинг изни ила тузалиб кетади».
Демак, кўзи теккан одамдан ғуслга ёрдам бериши сўралади. У юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади ва ўша сувни кўз тегиб, хаста бўлган кишига беради. Бемор ўша сув билан ғусл қилса, Аллоҳ таолонинг изни ила тузалади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволҲазрат Саволим жуда ҳам жўн бўлса, илмсизлигим учун койимасангиз. Менга мазкур масаларга таълуқли бирон китоб олиб ўқишга, ёки бирон илмли кишини устоз давоми...

6031 16:54 / 19.07.2017
СаволШайх Ҳазратлари, Сизга икки дунё саодатини тилаб, ушбу саволни йўллайман. Маълумки тамоқ оғриганда ангина уни даволаш мақсадида пахтани спиртга теккизилиб давоми...

6625 08:40 / 27.11.2017
9савол .Қуръони Карим илмий маълумотларга зид келадими, Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамдулиллаҳ васоллаллоҳу васаллама ва барока аъла Расулиллаҳ ва ала алиҳи давоми...

1404 16:56 / 17.01.2023
СаволАссалому алайкум Устозлар, ҳаж ибодати учун йиғилаётган маблағдан шу маблағ закот нисобига етганда закот бериладими Жавобингиз учун олдиндан давоми...

2983 10:01 / 27.06.2018
Аудиолар

120041 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41713 14:35 / 11.08.2021