1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Китобхон уммат нега ўқимай қўйди?!

14:38 / 12.04.2018 4038 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу уммат тавҳид рисолатини ва ҳидоят нурини шарқу ғарбга таратган, инсонларни бандаларнинг зулми-ю истибдодидан оламлар Роббисининг тавҳидига олиб чиққан, сўнгра элчилари илм ва ҳақиқат нурини оламнинг турли жойларигача етказиб, одамларга таълим берган, тушунтирган ва ҳидоят томон йўллаган умматдир. 

  Китобхонлар жамоаси бу йўлда собит турдилар. Натижада уммат илм-маърифатга эга бўлди. Беназир Ислом гуллаб яшнади. Илм-маърифат асрлар давомида ўз чўққисига чиқди. Аббосийлар даврида халифа Маъмун юнон китобларини таржима қилишга буйруқ берди. Бағдоддаги ислом халифалиги инсоният тарихида мисли кўрилмаган илму зиёга тўлиб тошди. Ҳатто Бағдод кўчаларининг биргинасида нашриёт ва матбаалар сони икки юзтага етди. Геометрия, табобат ва адабиёт каби илмларнинг таржима китобларини ўз ичига олган “Дорул Ҳикма” таъсис этилди.

  Бугунги кундаги тараққиёт Андалус ҳамда бошқа ўлка  мусулмонларининг илмий изланишлари ва илм-маърифатлари устига бунёд этилган. Мусулмон уламолар фалсафа, математика, кимё, тиббиёт, геометрия сингари илмларда қалам тебратдилар. Буларга Ибн Сино, Ибн Рушд, Фаробий, Ибн Халдун, Хоразмий ва бошқаларни мисол қилиш мумкин.

  Энди эса… Уммат китобхонликдан юз бургач, куч-қуввати заифлашди, шон-шавкати кетди, шиорлари маҳв этилди, азизлик ва улуғлик маёғи бўлган нури сўнди. Ҳозирги замон халқларининг илм, технологияда биздан бир неча йилга олдинлаб кетганларига назар ташлайлик. Улар қандай қилиб китобхонликни ҳаётлари ва борлиқларининг ажралмас қисмига айлантиришди?

  Жумладан, Японлар дунёнинг энг кўп китоб мутолаа қиладиган халқи ҳисобланадилар. Саккиз йил аввал Япониядаги кутубхоналар сони 3116 тага етган. Технология, хусусан, электрон китоблар соҳаси анчагина тараққий этганига қарамай, гарчи махсус ташкилотлар электрон китобларни ривожлантиришга миллионлаб доллар сарфласалар ҳам, уларнинг 94 фоизи электрон Э-Бооклардан кўра китобнинг ўзидан мутолаа қилишни афзал кўрмоқдалар.

  15-69 ёшли 1200 японияликлар (еркак ва аёллар) ўртсидаги текширув натижаларига кўра, 6% иштирокчилар Э-Боокдан мутолаа қилишни, 87% қисми эса китоб дўконларидан китоб сотиб олиб мутолаа қилишни хуш кўрадилар. 45% и эса “Амазон” каби интернет дўконларидан китоб сотиб олиб ўқишни афзал биладилар. 37% қисми ўқилган китобларни сотиб олишни устун кўрадилар. Китоб сотиб олиш япон фуқаросининг мундарижасида соғлиғини сақлашдан кейин иккинчи ўринда туради.

  Кореяликлар Осиё минтақасида энг кўп китоб мутолаа қилувчилардан бири ҳисобланадилар. 2014 йилда кореяликлар ўртасидаги китоб ўқиш бўйича нисбат 90% ни ташкил қилган. Бу ҳолат паст натижа деб қаралгани боис академик ва таълим соҳасидаги инсонлар ўртасида норозилик келтириб чиқарди. Корея илм-маърифати, маданият ва корейс жамиятини маърифатлаштиришда муҳим рол ўйнайдиган масканлардан бири “Paju Book City” бўлиб, у 200 дан ортиқ нашриёт ва матбаани ўз ичига олган каттагина илмий шаҳар ҳисобланади. Шаҳар 350 гектар жойдаги 160 та бинони қамраб олган.

Мажмуа раиси жаноб Ки Унг Юнинг таъкидлашича, ушбу шаҳар бозор расталарига китоб етказиб беришда муҳим аҳамиятга эга. Кореяликлар ўртасида китобхонликни оширишда фаол ҳаракат олиб бораётган кутубхоналар ҳам мавжуд. Улардан бири бўлган Корея миллий кутубхонаси 1945 йилда ташкил этилган бўлиб, нодир китоблар ва тарихий қўлёзмаларга катта аҳамият қаратилади. Кутубхона ходимларининг сони 228 та бўлиб, унда 5 миллион китоб ва қўлёзмалар қайд этилган. У ерга ташриф буюрувчиларнинг сони 1.3 миллионга етади.

  Иккинчи “The National Assambly Library” кутубхонаси 1956 йили Корея уруши йилларида қурилган. Ушбу кутубхона ҳам маданият ва уни ёйишда муҳим аҳамият касб этади. Ходимлар сони 275 та бўлиб, 2.5 миллион китоб ва қўлёзмаларни ўз ичига олади.

Жанубий Корея электрон саноат ва технологияда энг тараққий этган давлатлар қаторига киради. Ички даромадининг ўзи 36000 долларни ташкил этади. Бу ҳақда бу жамият қандай қилиб бундай мўжизага эришди, деган саволга жавоб топиш учун 10 йил тадқиқот олиб борган британиялик журналист Даниел Тидор ўзининг “Ғайриоддий шаҳар” номли китобида сўз юритганини эслаш кифоя.

  2003 йил Сингапур миллий кутубхонаси фуқаролар ўртасида ўртача китобхонлик даражасини аниқлаш мақсадида сўровнома ўтказди. Унга кўра, иштирокчиларнниг 52 фоизи таълим олиш ёки ишлаш мақсадида эмас, балки шунчаки мутолаа завқи сифатида китоб ўқишлари маълум бўлди. Сўровнома натижалари кутубхонани сингапурликлар ўртасида мутолаага қизиқтириш учун “Сингапур китобхонлиги” дастурини йўлга қўйишга ундади. Бу ташаббус Таълим вазирлиги томонидан амалга оширилди. Дастур миллий тиллар: инглиз, хитой ва малай тилларидаги китоблар мажмуаси асосида шакллантирилди. Дастурдаги китоблар тез фурсатда ўқиб чиқилди. “Сингапур китобхонлиги” ташаббуси “Ягона китоб”, “Ягона шаҳар” дастурлари ортидан юзага келди. Ушбу дастур фуқаролар ўртасида китобхонликни янада оширишда янги қадам бўлди.

Буларнинг муқобилида Ислом юртларидаги, хусусан, араб диёрларидаги таълим даражаси жуда паст натижани кўрсатмоқда. Бу эса ушбу жамиятларнинг келажагига салбий таъсир қилиши тайин. Демография институтининг 2011 йилдаги “Арабий фикр муассасаси” ҳақидаги маълумотларига қараганда, битта араб фуқароси йилига ўртача 6 дақиқа, европаликлар эса йилига 200 соат китоб ўқиши маълум бўлди. Бу эса европаликларга қиёсан араб маданияти, илмий мавқеининг нақадар аянчли аҳволда эканини ҳамда Европа ва Араб маданияти салоҳияти ўртасида каттагина фарқ борлигини кўрсатади. Бошқа кўплаб ислом давлатлари ҳам бундан мустасно эмас. Уларнинг барчаси  умматнинг пешқадамлиги асоси бўлган китобхонлик байроғини қўлдан бой бериб қўйган. Афсус!


Абдуллоҳ Ғофуров таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Генри Форд ширкатидаги катта бир лавозимга номзод бўлган икки киши билан бирга овқатланди. Номзодларнинг иккаласи ҳам битта унивеситетни битирган эди. давоми...

1277 11:00 / 19.01.2023
Ризқ талаб қилишга чақирилган биринчи кишиРизқ талаб қилиш масаласига келсак, унга биринчи чақирилган ва унинг учун тадбири кўрилган киши Одам алайҳиссаломдир, давоми...

3816 18:06 / 18.09.2017
Ижтимоий тармоқларда ўзини ўзи расмга олиб, саҳифасига жойлаштириш тобора кўпайиб бормоқда. Баъзилар кимлиги, қаердалиги, нима иш қилаётгани, ким билан биргалиги, давоми...

3768 13:56 / 16.02.2022
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар ҳолида тирилтирилурлар. Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан давоми...

2120 12:30 / 20.01.2022
Аудиолар

119961 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41651 14:35 / 11.08.2021