1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1432

Йўл ҳаракати фиқҳи

17:22 / 19.04.2017 4923 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Исломда йўл ва транспортлардан фойдаланиш меъёрлари)

Мундарижа


Кириш

I.         БОБ. Йўл ва йўл ҳаракатига доир ҳукм ва одоблар

1. 1. Йўл ҳаракати қоидалари тарихига бир назар.

1. 2. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар йўл ҳаракати ҳақида.

1. 3. Йўл юришнинг ҳукми, унинг жоиз бўлиш шартлари.

1. 4. Йўл ҳаракати қоидалари Ислом шариатида.

1. 5. Йўлнинг ҳақлари.

1. 6. Йўл ҳаракатига доир одоб ва аҳкомлар.

1. 7. Пиёда юришга доир одоблар.


II.           БОБ. Транспорт воситалари

1. Транспорт воситалари тарихига бир назар. (олдинги нақлиёт воситалари, кема, машина, поезд, самолёт ва вертолёт).

2.   2. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда нақлиёт воситалари ҳақида.

2. 3. Транспорт воситаларидан фойдаланишнинг ҳукми ва шартлари; аёл кишининг транспорт воситасини ҳайдаши.

2. 4. Ҳайдовчилик шартлари.

2. 5. Ҳайдовчиликка доир одоб ва аҳкомлар.

2. 6. Йўловчиликка доир шартлар, одоб ва аҳкомлар.

III. БОБ. Йўл­транспорт ҳодисалари

3.    1. Йўл­транспорт ҳодисалари муаммоси.

3.    2. Ислом шариатида йўл­ транспорт ҳодисаларига мунсабат.

3.    3. Йўл­­транспорт ҳодисаларига доир одоблар.

3.    4. Йўл­ транспорт ҳодисаларининг олдини олиш.

Хулоса



Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим 

Тақдим

Ерни ёйиб, уни инсонларга бўйсундириб: «Бас, унинг турли жойларида юринглар», дея марҳамат этган ҳамда Ўзининг охирги дини Ислом орқали бандаларга йўл юришниинг одоб ва аҳкомларни таълим берган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!

Роббининг таълимотларини қабул қилиб, инсонларга таълим берган ва уларни ҳаётга қандай татбиқ этилишини бекаму кўст кўрсатиб берган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотлар бўлсин!

Ер юзида инсоният учун қуруқликдаю денгизда юриш имкониятининг мавжудлиги, ҳақиқатан ҳам, улкан неъматдир. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ таолонинг инсоният ҳаёти учун Ерни мослаб қўйганининг бир кўриниши ҳисобланади. Инсоният ер юзига илк бор қадам қўйган кундан бошлаб йўл юришга киришган ва йўл юришни қулайлаштириш учун турли воситалардан фойдаланиб, хилма­хил янгиликлар ихтиро қилиб келган ва бу жараён бугунги кунгача муваффақият билан ўсишда давом этиб келмоқда. Хусусан, XX­XXI аср инсоният тарихида транспорт воситаларининг энг олтин даври бўлганида шубҳа йўқ.

Инсонлар қадимдан йўл юришда маълум қоида ва меъёрларга риоя қилишга интилиб келган. Бугунга келиб кўпгина жамиятларда бу жараён ҳам юксак даражада такомиллашди ва маълум тартибга келтирилди.

Одатда, кўпчилик халқлар умумманфаат фойдалар ва инсоний фазилатларга интилиш натижасида йўл юришга доир турли меъёр ва қоидалар жорий қилишган. Мусулмонларда эса бу мавзу Исломнинг бош манбалари Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар асосида керагича муолажа қилинган.

Ислом Аллоҳ таолонинг сўнги ва энг мукаммал дини. У, инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамрай олади. Унинг таълимотлари шунчалар ҳаётийки, мана ўн тўрт асрдан буён инсониятнинг ақлини лол, қалбини ром қилиб келмоқда. Жумладан, йўл ҳаракатига доир исломий одобларнинг қиймати кундан кунга ортиб бормоқда.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бу борада талайгина маълумотлар бор. Уламоларимиз уларни ўзларининг турли мавзулардаги китобларида, хусусан, исломий одоб-ахлоққа доир асарларида алоҳида ажратиб баён қилганлар. Баъзи олимларимиз ўша оят ва ҳадислардан фойдаланиб, бу борада махсус рисолалар ҳам битганлар. Уларнинг сони бугунги кунда янада кўпайиб бормоқда.

Ушбу илмий ишда, уламоларимизнинг мазкур асарларига асосланган ҳолда, Ислом динидаги йўл ҳаракатига оид аҳком ва одобларни тартибли равишда, ҳужжат-далиллар асосида ёритиб беришга ҳаракат қилинди. Унда мавзуга доир ҳукм ва одоблар муолажа қилингани эътиборидан, унга «Йўл ҳаракати фиқҳи» деб ном қўйиш маъқул топилди. Чунки «фиқҳ» сўзи бир нарсани чуқур ўрганиш, атрофлича  тушуниш, ундан кўзланган мақсадни англаш маъноларини англатади. Шунинг учун намоз ва бошқа ибодатларнинг фарз, вожиб каби асосий ҳукмлари ҳам, уларнинг одоблари ҳам фиқҳ илмида ўрганилади. Бинобарин, «йўл-ҳаркати ва транспорт воситалари фиқҳи» деганда йўл ҳаракатига доир аҳком ва одобларни чуқур тадқиқ этиш, атрофлича  тушуниш, ундан кўзланган мақсадни англаш даражасида ўрганиш назарда тутилади.

Кимдир «Бугунги 20 аср ҳодисаси бўлиб турган транспорт воситаларига бундан 14 аср олдин келган Исломнинг нима алоқаси бор?», дейиши ҳам мумкин. Аммо,Исломнинг Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал бўлган, Қиёматгача боқий қолувчи дини экани ва у ўзининг оламшумул таълимотлари билан инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини бекаму­кўст қамраб олгани эътиборга олинса, бу борада Ислом динининг ўрни қанчалар буюк экани аён бўлади. Бу ҳақиқатни ушбу илмий рисоладан ҳам англаш мумкин.

Рисола ҳозиргача ҳали кузатилмаган услуб ва тартибда тузилган. Агар яхшилик бўлса, Аллоҳдан, камчилик бўлса, муаллифдан деб ҳисобланишини умид қиламан.

Мавзунинг долзарблиги. Икки-уч йил муқаддам қисқа муддатли бир видео лавҳани кўриб қолдим. Унда Ғарб мамлакатларидаги ҳайдовчиларнинг тартиб-интизоми билан аксар аҳолиси мусулмон бўлган МДҲ давлатларидан биридаги йўл ҳаркати ҳолати таққосланган ва мусулмонлардаги мавжуд ҳолат танқид ва истеҳзо остига олинган эди. Уни кўрган заҳотим қалбимда қандайдир ўксиклик ва ачиниш ҳиссини сездим. Аммо бор ҳақиқатни тан олишдан бошқа илож йўқ эди. Юртимизда ана ўшандай танқидларга «сазовор» тартибсизликларни ҳар қадамда учратиш эса, ўзини ушбу Юртнинг вакили деб билган ҳар бир кишини ташвишга солиши табиий эди. Аммо бир томондан «Бу тартибсизликлар Исломнинг айби эмас, балки Исломга амал қилмаётган мусулмонларнинг айби. Аслида, Ислом йўл ҳаракати одобларини биринчи бўлиб батафсил баён қилиб берганлигида шубҳа йўқ. Буларнинг барчаси ўша маълумотларни билмасликдан, уларга кўра амал қилмасликдан», деган фикр бироз кўнглимга таскин берар эди. Айни вақтда, ўша таълимотларни ўрганиб, тўплаб, кишиларга тақдим қилиш зарурати доимо хаёлнинг бир чеккасини банд қилиб турарди. Баъзан, «ўнг қўл ҳаракати», «пиёдаларга йўл бериш», «масофа сақлаш» каби айрим йўл ҳаракати қоидалари айнан динимиз асосларига тўла мос келишини мушоҳада қилиб юрилар эди.

2010 йил Ноябр ойида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2011-2020 йилларни «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид ҳаракатларни таъминлаш ўн йиллиги» деб эълон қилиниши ушбу мавзуга доир муаммоларнинг бутун дунё бўйлаб кенг қулоч очгани ва уларни ҳал қилишда кенг кўламда ишлар олиб бориш долзарблигидан дарак берарди.

2011 йилнинг биринчи чорагида, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди ҳамда жорий йилнинг 27 апрел кунидан расман кучга кирди. Бу ҳам ўз навбатида, Юртимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кескин чоралар кўриш йўлида қўйилган қадам бўлди. Аммо буларнинг барчаси муаммони ҳал қилишга қаратилган ташқи омил вазифасини ўташи ҳеч кимга сир эмас. Албатта, бундай чора-тадбирларнинг аҳамияти катта. Бироқ бундай муаммоларни бартараф этишда ички омилнинг – мафкуравий чораларнинг ҳам муҳим ўрни бор. Масалага Ислом шариъати нуқтаи-назаридан ёндашиш эса, хусусан мўмин-мусулмонлар учун катта аҳамият касб этиши табиийдир.

Маълумки, йўл ҳаракати қоидалари, белгилари ҳамда қоида бузганларга кўриладиган чора-тадбирларнинг ўзи билан кўзланган мақсадга етишиш қийин. Йўл назоратчиларини кўпайтиришнинг ўзи йўл ҳаракатини тартибга солишга кифоя эмас. Балки, бу борада таълим­тарбия ва тушунтириш ишлари олиб борилиши, кишиларнинг онгли равишда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишларига эришиш лозим. Бу эса илм-маърифат билангина юзага чиқади. Бу борада диний-ахлоқий таълимот ва тарбия ишларидан унумли фойдаланиш айни муддаодир. Чунки инсон агар йўл ҳаракати одобларига риоя қилиш билан диний бурчини адо этишини, Аллоҳ таолога итоат қилишини, бунинг учун У Зотнинг ҳузурида ажр-мукофотларга эришишини англаб етса, ўша қоидалрга чин дилдан, ҳеч бир тангликсиз амал қилиб юриши мумкин. Зотан, дунявий чора-тадбирлар қоидани бузганни жазолаши мумкин, лекин, унга амал қилганларга бирор мукофот тақдим этмайди.

Бугунги кунда транспорт воситаларидан фойдаланиш инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб қолди. Ҳатто, биз уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилишимиз ҳам қийин. Шу боис, мусулмонларга транспорт воситаларидан фойдаланишга доир шаръий ҳукм ва одобларни билиш ва уларга оғишмай амал қилиш лозим бўлади. Жумладан, мазкур воситалардан фойдланиш жоиз бўлиши учун шарт бўлган омилларни билиш, уларда қандай намоз ўқиш, тақдир тақозосига кўра бирор кўнгилсиз ҳодиса юз берса, нима қилиш кераклигини ўрганиш динимиз талабларидандир.

Тарихда биринчи бўлиб Ислом дини йўл ҳаракати қоидалари ва одобларини ўзининг бош манбаъларида баён қилди. Қуръони карим оятларида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида нақлиёт воситаларига муносабат ўзига хос услубда батафсил муолажа қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биргина «Мен олийжаноб ахлоқларни батамом этиш учун юборилдим», деган сўзларининг ўзи бу борада керакли хулоса чиқариш учун етарлидир. Мусулмонлар ўз динларига оғишмай амал қилиб юрган даврларда бу борада ҳам гўзал намуналарни кўрсатганлар. Бу маънодаги маълумаотлар китобларимизда тўлиб-тошиб ётибди. Аммо шундай бой маънавий меросимиз бўла туриб, бошқалар уларга амал қилиб, бахтиёр ҳаёт кечириб турган бир пайтда сиз билан биз мусулмонлар уларга риоя қилмай турли машаққатларга дучор бўлиб туришимиз, албатта, ачинарли ҳол.

Юртимиз аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қилишини эътиборга олсак, ушбу мавзудаги шаръий қоидаларни халққа етказиш асосан диний соҳа мутахассислари олдида турган долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Қолаверса, муқаддас динимизнинг бу борадаги таълимотлари ҳам барча инсонлар учун раҳмат ва манфаат бўлиши турган гап. Ушбу илмий иш ана ўша масъулиятни бажариш йўлида ташланган илк қадам бўлса, ажаб эмас.

Бугунги кунда Юртимизда турли хил транспорт воситалари ишлаб чиқарилмоқда. «GM Uzb» ОАЖ ҚК» енгил автомобиллари, «Сам Авто» ОАЖ ҚК, 3-7 тонналик юк автолари ва шаҳар автобус (мидибус)лари (ISUZU маркаси билан), «JV MAN Auto-Uzb» ОАЖ ҚК (Самарқанд) ағдарувчи (самосвал) юк автомобиллари, «ТАПОиЧ» Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси томонида ИЛ-114 йўловчи самолётлари ишлаб чиқарилмоқда. Дунёга ана шундай транспорт воситаларини тақдим этаётган мусулмон мамлакатдан транспорт воситаларидан фойдаланишга оид мусулмонча одоб ва қоидалар ҳам тақдим этилиши нур устига нур бўлиши табиий.

Тадқиқотнинг ўрганилганлик даражаси. «Исломда йўл ва транспорт воситаларидан фойдаланиш меъёрлари» мавзусини ҳозирда биз муолажа қилмоқчи бўлиб тургандек яхлит шаклда, артофлича ўрганган бирор илмий иш ёки махсус адабиёт деярли учрамади. Фақат унинг маълум бир тарафини ёритган, қайсидир жиҳатига бағишланган турли ҳажмдаги рисола, мақола ва ёзма маърузалар мавжуд экани аниқланди. Мисол учун, инглиз тилида ёзилган «International Encuclopaedia of Islam» («Ислом ҳақида халқаро энсклопедия») китобида бу ҳақда қисқача тўхтаб, Исломнинг йўл­ҳаракатига муносабати ёритиб ўтилган. «Ислам.ру» интернет ахборот сайтида эса ҳайдовчиликка доир исломий одоб ва аҳкомлар хусусида рус тилида ибр қанча мақолалар берилган. Аммо бу борадаги энг кўп ва яроқли маълумотлар араб тилидаги диний адабиётлардан топилди.

Тафсир ва ҳадис китобларида ҳамда бошқа диний адабиётларда йўлнинг ҳақлари ва одоблари, шунингдек, фиқҳий китобларда транспорт воситаларида намоз ўқишга ва йўл ҳаракат ҳодисаларига доир аҳкомлар батафсил баён қилинган. Аммо уларни бир жойга жамлаб, тартибга келтирган адабиётлар жуда ҳам кам. Уларда ҳам мавзунинг айрим жиҳатлари ёритилмаган. Шундай бўлса­да, бу борада талайгина илмий ишлар амалга оширилганини кўрамиз. Мисол учун, «Фиқҳул-мурури ва адабуҳу фил-Ислам» («Йўл ҳаркати фиқҳи ва унинг Исломдаги одоблари»), «Адаб ас-сайри вал-мурур» («Йўл ҳаракати ва йўл юриш одоблари») ушбу мавзуга доир кўзга кўринган китоблардан ҳисобланади.

Ўзбек тилидаги тафсир ва ҳадисларда келган айрим маълумотларни ҳисобга олмаса, ўзбекча адабиётларда бу мавзуда деярли маълумот учрамайди.

 Тадқиқотнинг мақсад ва вазифалари. Ушбу илмий ишда бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланган йўл юриш ва транспорт воситаларидан фойдаланишга оид шаръий аҳком ва одобларни тартибли равишда бир жойга жамлаш ва уларни замонавий руҳда тақдим этиш назарда тутилган. Унда мусулмон одам одатда уйидан чиқиб, то қайтиб манзилига қайтиб келиши мобайнида дуч келадиган асосий ҳолатлар исломий меъёрлар асосида муолажа қилиш мақсад қилинган. Фақат, шаръий сафарга доир ҳукмлар ўзи алоҳида бир мавзу бўлгани учун, бу ерда у ҳақда тўхталинмади.

Инсон ҳаётининг катта қисмини ташкил қилган йўл юриш ва транспорт воситаларидан фойдаланиш ҳатти-ҳаракатига Аллоҳ таолонинг дини Ислом нуқтаи назари билан ёндашиш орқали ушбу оддий инсоний фаолиятни мусулмон шахс учун ибодат даражасига, охират амалига айлантириш ушбу илмий ишнинг асосий хусусиятини белгилайди.

Тадқиқотнинг янгиликлари. Ушбу тадқиқотда қадимдан исломий манба ва адабиётларда турли хил кўринишда баён қилиниб келинаётган йўл-ҳаркатга ва нақлиёт воситаларидан фойдаланишга доир таълимотлар янгича услубда тартибга келтирилган ва, замонавий имкониятлардан келиб чиқиб, мазкур маълумотларнинг кўпчилигини бир жойга жамланган. Шунингдек, ушбу мавзуга доир бугунги кундаги замонавий фатволар ва шаръий муносабатларнинг хулосаларини ҳам маълум тартибга солиб, тақдим этилган.

Ушбу тадқиқот ўзининг мазмун­моҳиятига кўра, ўзбек ўқувчилари учун тамоман янгиликдир.

Илмий иш лойиҳаси. Илмий иш уч қимдан иборат: кириш, асосий қисм, хулоса.

Кириш қисмида тадқиқотнинг долзарблиги, мақсад ва янгиликлари, шунингдек, мавзуни ўрганишда таянч вазифасини ўтовчи шаръий асос ва тушунчалар ҳақида маълумот берилди.

Асосий қисм уч бобга бўлинди. Биринчи бобда йўл-ҳаркатга доир оят-ҳадислар, одоб ва аҳкомлар, шарт ва ҳақ-ҳуқуқлар ҳақида сўз юритилди. Иккинчи бобда транспорт воситалари тарихи, улардан фойдаланишга доир оят-ҳадислар, шарт ва ҳуқуқлар, одоб ва аҳкомлар баён қилинди. Учинчи қисмда йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида шаръий тушунча ва ҳукмлар айтиб ўтилди.

Илмий ишнинг асосий мақсади ўрганилаётган мавзуга доир исломий таълимотларни ёритиш ва жамлаш бўлгани боис, ҳар бир тақдим этилган фикр ва тавсиялар учун имкон қадар оят ва ҳадислардан ҳамда фиқҳий асарлардан далил келтиришга ҳаркат қилинди.

Мавзуга доир таянч қоида ва тушунчалар. Йўл ҳаракатига доир исломий аҳком ва одобларни ўрганар эканмиз, уларни яхши англашимиз учун энг аввал Исломдаги ушбу мавзуга доир айрим асос ва тушунчалар билан танишиб олишимиз лозим.

Ислом аҳкомларини чуқур ўрганган уламолар уларни жорий қилишдан беш нарсанинг муҳофазаси назарда тутилганини аниқлаганлар:


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бошдан тошиб ётар ғамлари,Деярли йўқ бўш қалмоққа дамлари,Кўпи расво, ибодатда камлари,Охират одамлари.Канда қилар баъзан илиқ каломни ҳам,Унутади баъзилари давоми...

2585 17:06 / 19.04.2017
Исломда йўл ва транспортлардан фойдаланиш меъёрлариМундарижаКиришI. БОБ. Йўл ва йўл ҳаракатига доир ҳукм ва одоблар1. 1. Йўл ҳаракати қоидалари тарихига бир давоми...

4923 17:22 / 19.04.2017
Мазҳабсизлик шариати исломга таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир. Рамазон БутийМусулмонларнинг таназзули сабаб дунё нималарни йўқотди НадавийИслом ва давоми...

4495 17:20 / 19.04.2017
Аудиолар

118733 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40696 14:35 / 11.08.2021