1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Илоҳий иноят ва фазлу ато

14:00 / 06.04.2019 4933 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Зотнинг сенга инояти сендаги нарса учун эмас. У Зотнинг инояти сенга юзланганида ва риояти сенга йўлиққанида сен қаерда эдинг? У Зотнинг азалида ихлосли амаллар ҳам, мавжуд аҳволлар ҳам бўлмаган эди. У пайтда фазл кўрсатиш ва буюк ато беришгина бўлган эди, холос. 

 Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида ундан аввалги ҳикматлардаги мавзуни давом эттириб, бу масалада яна ҳам чуқурроқ кетмоқда. У киши раҳматуллоҳи алайҳ ўзига ўхшаган мўминларга, ўзининг муридликни ихтиёр қилган ўқувчиларига хитоб қилиб, қуйидагиларни айтмоқда:

«У Зотнинг сенга инояти сендаги нарса учун эмас». 

– «Иноят» сўзи меҳрибонлик, махсус эътибор ва парвариш маъноларини ифода этади.

Ушбу ҳикматдаги «иноят»дан мурод, Аллоҳ таолонинг бандага кўрсатган иноятлари – уни йўқдан бор қилгани, унга неъматларни ато қилгани, унга махсус карам кўрсатгани, унга Ўзининг ваҳдониятда ёлғизлигини ва олий сифатлар ила сифатланганини билдирганига ўхшаш илоҳий иноятлардир. Банда ушбу нарсаларнинг бирортасига ҳақдор бўлмаса ҳам, васийласи бўлмаса ҳам, балки ҳали унинг ўзи бўлмаса ҳам, унга Аллоҳ таолонинг инояти бўлгандир. 

Ҳа, эй банда, ўзинг ўйлаб кўр! Аллоҳ таоло сенга Ўз инояти ила мазкур нарсаларни ато қилганида, уларни сен тарафингдан содир бўлган иймон-эътиқод, тақво-ибодат ёки солиҳ амаллар мукофоти ўлароқ ато қилган эмас. Эй ожиз банда! Ўзингча бир ўйлаб кўргин-а!

«У Зотнинг инояти сенга юзланганида ва риояти сенга йўлиққанида сен қаерда эдинг?» 

Аллоҳ таолонинг инояти сенга юзланганида ва У Зотнинг риояти сенга йўлиққанида сен мутлақо адам эдинг – йўқ эдинг. 

Аллоҳ таоло Марям сурасида марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, бундан олдин сени яратдим. Ҳолбуки, сен ҳеч нарса эмас эдинг» (9-оят).

Сенга Аллоҳ таолонинг инояти йўлиқди ва У Зот сени ҳам, сен муҳтож бўладиган нарсаларни ҳам йўқдан бор қилди. У Зот Ўзининг азалий илми ила сенга кўплаб иноятлар бўлишини ирода этди. Шу билан бирга... 

«У Зотнинг азалида ихлосли амаллар ҳам, мавжуд аҳволлар ҳам бўлмаган эди».

Ҳа, Аллоҳ таолонинг азалида ўша пайтда сенинг жисминг бўлмагани учун амалларинг ҳам йўқ эди. Қалбинг бўлмагани учун аҳволларинг ҳам йўқ эди. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг сенга кўрсатган инояти баданинг билан қилган амалингнинг, қалбингдаги иймон-эътиқоднинг, тақво-ибодатнинг, қилинган риёзат ва олиймақом сифатларнинг самараси ҳам эмас.

«У пайтда фазл кўрсатиш ва буюк ато беришгина бўлган эди, холос». 

Аллоҳ таоло сенга азалда қандай иноят кўрсатган бўлса, фақат Ўзининг фазли ила ва буюк атоси ила берган эди.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматининг хулосаси шуки, банда қандай яхшиликка эришса, фақатгина Аллоҳ таолонинг фазли-карами ила ва беминнат атоси ила эришади. 

Оддий назар билан қараганда эса, банданинг солиҳ бўлиши, яхши юриши ва динни маҳкам тутиши унинг Аллоҳ таолонинг иноятига эришишига сабаб бўлади. Кўпгина ояти карималар ва ҳадиси шарифлар худди шу маънога далолат қилади.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Агар шаҳар-қишлоқ аҳли иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик» (96-оят).

Инсоният ушбу ояти каримада баён қилинаётган оддий ва содда ҳақиқатни тушуна олмаётгани ғоятда ажабланарли ҳол. Инсонларга осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни инсон иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда унга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди. Чунки тақво инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир.

«Агар шаҳар-қишлоқ аҳли иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик».

Бу ҳақиқатга каттаю кичик – барча инсонлар ҳар бир соҳада гувоҳ бўлишлари мумкин. Инсонлар ҳақиқий иймон ва тақво соҳиби бўлган чоғларида уларга баракотлар осмонлар ва ердан очиб қўйилганига тарих шоҳид. Шу ўринда баракот деганда фақат озиқ-овқат, кийим-кечак ва моддий фаровонликкина кўзда тутилмаслигини ҳам эслатиб қўйишимиз лозим. Албатта, бу нарсалар ҳам баракот тизимига киради. Лекин моддапарастлар ўйлаганларидек, баракот фақат шулардагина эмас. Худди шу моддий ҳодисалар ҳақида гапирсак ҳам, иймон ва тақво баракотнинг асоси эканини исботлаш осон. Иймонли ва тақводор шахсни ҳамда иймонсиз бетавфиқ кимсани кўз олдингизга келтиринг. Баъзи ҳолларда даромади ўта чегараланган бўлишига қарамай, иймонли ва тақводор шахснинг егани ўзига ош бўлиб, бола-чақаси билан фаровон турмуш кечираётганига гувоҳ бўламиз. Иймонсиз ва бетавфиқ киши эса даромади ҳисобсиз бўлса ҳам, етказа олмай, ўзини турли ҳаром-хариш йўлларга уриб юрганини ким кўрмаган?!

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз» (97-оят).

Исломда инсон жинсига қараб мукофотланмайди. Насабига, мансаби ёки терисининг рангига қараб ҳам мукофотланмайди. Балки мукофотлашнинг бирдан-бир ўлчови иймон ва яхши амалдир.

«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса...»

Бир хил ишни эркак киши қилса, алоҳида мукофот, худди ўша ишни аёл киши қилса, унга эркакнинг мукофотидан озроқ мукофот бериш Исломда йўқ. Аллоҳнинг ҳузурида бандаларнинг ҳаммаси баробардир.

Мўмин одам яхши амални, Исломни яхши тушунмайдиган баъзи кишилар ўйлаганларидек, фақат охират учун қилмайди. Балки иймонли кишининг яхши амали ўз фойдасини дастлаб бу дунёда кўрсатади.

«...уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз...»

Зотан, иймон тақозоси ила қилинадиган яхши амалларнинг барчаси бу дунёда яхши ҳаёт кечиришни таъминловчи воситадир. Албатта, мўмин кишининг яхши амалининг ҳақиқий мукофоти охиратда бўлади. Охиратда

«...ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ мўминга зулм қилмайди. Унга ҳар бир яхши иши учун бу дунёда бир нарса ато этилади. Охиратда эса савоб берилади. Кофир ҳам яхшиликларига яраша таомланади. Охиратга борганда эса яхшиликка савоб бўладиган нарсаси қолмайди», деганлар.   

Саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган ҳақиқатга биноан, бу ­дунёда яшаган ҳар бир банда учун Аллоҳ таоло охиратда иккита жой тайёрлаб қўйган – жаннатдан битта жой ва дўзахдан битта жой. Сўнгра мазкур икки жойдан бири бандага берилади ва иккинчиси бекор қилинади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, банда қачон қабрига қўйилса-ю, ундан соҳиблари қайтиб кетса, у уларнинг кавушларининг тақиллаганини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб, уни ўтирғизишади ва: 

«Бу одам – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида нима дер эдинг?» дейишади. Мўмин бўлса: 

«Шаҳодат бераманки, албатта, у Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир», дейди. Унга:

«Дўзахдаги ўрнингга назар сол, батаҳқиқ, Аллоҳ сенга уни жаннатдаги ўринга алмаштириб берди», дейилади. У икковини ҳам кўради. 

Кофир ёки мунофиққа эса:

«Бу одам ҳақида нима дер эдинг?» дейилади. 

«Билмадим, одамлар айтадиган нарсани айтар эдим», дейди. Бас, унга: 

«Билмадинг ҳам, (билганларга) эргашмадинг ҳам», дейилади ва темирдан бўлган гурзи билан бир урилади. Ўшанда у шунақанги қичқирадики, инсу жиндан бошқа ҳамма эшитади», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

Охиратда банда учун икки хил жой тайёрлаб қўйилиши, улардан бири унга насиб қилиб, иккинчиси бекор қилиниши Аллоҳ таолонинг бандага кўрсатадиган инояти унинг яхши ёки ёмонлигига боғлиқ эканига ёрқин далилдир. Бу маъно ҳам Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг биз ўрганаётган ушбу ҳикматида келган маънога тамоман тескаридир.

Хўш, сиртдан бир-бирига тескари кўринаётган ушбу икки маънони қандай тушуниш керак? Мазкур саволнинг жавоби қуйидагича бўлади.

Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида ҳар бир инсон соф табиат – иймон табиати ила яратилиши баён қилингандир.

Аллоҳ таоло Рум сурасида марҳамат қилади:

«Бу Аллоҳ одамларни яратган асл табиатдир» (30-оят).

Яъни иймонга юзланиш табиати инсонларнинг асл табиатидир. Аллоҳ уларни ана шу асл табиати ила яратган. Аллоҳ одамларнинг асл табиатларига ягона Аллоҳга иймон келтиришни жойлаган. Аллоҳга ширк келтириш эса инсоннинг асл табиатига зид бўлиб, илмсизлик ва ҳавойи нафсга эргашиш оқибатида пайдо бўлади.

Ушбу далиллардан Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга унинг ­дунёга келиши жараёнида иймонга рағбат қилиш, Ўзининг амрига бўйсуниш ва йўлида юриш туйғусини ато қилгани аён бўлади. Фитрат – соф табиат деб аталган ушбу туйғулар мажмуаси Аллоҳ таолонинг бандага кўрсатган иноятининг асосидир. 

Айни ушбу фитрат ўз эгасини Аллоҳ таолога иймон келтиришга, тўғри йўлда юришга, яхши ишлар қилишга ва гўзал хулқлар ила хулқланишга чорлайди. Айни ушбу фитратни Аллоҳ таоло бандага ҳали у яратилмасидан, дунёга келмасидан олдин ирода қилгандир. Ушбу фитратнинг Аллоҳ таоло томонидан барча бандаларга берилиши ожиз бандалар учун жуда ҳам улкан илоҳий иноятдир. Аммо ушбу улкан илоҳий иноят бўлмиш фитратни қабул қилиш ва ундан фойдаланиш борасида бандалар турлича бўладилар. Улардан баъзилари Аллоҳ таолонинг иноятидан иборат мазкур фитратни орзиқиб кутиб оладилар ва унинг муомаласини гўзал тарзда қиладилар. Бошқа бир бандалар эса мазкур фитратдан манманлик ва кибр ила ўзларини олиб қочадилар. Оқибатда эса ҳар бир тараф қилганига яраша натижага эришади.

Аллоҳ таолонинг иноятидан иборат бўлган фитратни орзиқиб кутиб олган ва унинг муомаласини гўзал тарзда қилган бандалар бу дунё ҳаётида ўзларига берилган иноятнинг самараларидан баҳраманд бўлиб, бахту саодатда яшайдилар ва охират дунёсига ўтганларида жаннатдан жой олиб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ва одам боласининг хаёлига ҳам келмаган нозу неъматлардан, ҳузур-ҳаловатлардан баҳраманд бўладилар. 

Мазкур фитратдан манманлик ва кибр ила ўзларини олиб қочган бандалар эса бу дунё ҳаётида ўзларига берилган иноятнинг самараларидан улардан ўзларини олиб қочганлари учун баҳраманд бўла олмайдилар, дарду ҳасратда яшайдилар ва охират дунёсига ўтганларида жаҳаннамдан жой олиб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ва одам боласининг хаёлига ҳам келмаган азоб-уқубатларни тортадилар. 

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда келган ҳамда иймон, ибодат, тақво ва яхши амалларнинг мукофоти бу дунё ва охиратнинг бахтига ва саодатига сабаб бўлиши ҳақидаги баёнотлар айнан ушбу иккинчи тоифа – илоҳий иноятдан ўзини олиб қочганлар борлиги учундир. Чунки аслида барча бандалар мазкур илоҳий иноятлардан ва уларнинг самараларидан баҳраманд бўлишлари керак эди. Аммо, минг афсуски, бандалардан баъзилари нобакорлик қилдилар, илоҳий иноятдан юз ўгирдилар, туғёнга кетдилар ва улар учун бунинг натижаси икки дунёнинг бахтсизилиги бўлди. Агар улар ҳам ўзларига берилган имкониятдан фойдаланганларида, яхши бўлар эди. Аммо ўзларидан кўрсинлар, улар икки дунёнинг бахтидан, саодатидан бош тортдилар. Шу сабаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларида зикр қилинганлардан бўлдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош тортганларгина кирмас», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?» дейишди.

«Ким менга итоат қилса, жаннатга киради, ким менга осий бўлса, бош тортган бўлади», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳақиқатларни яхшилаб ўзлаштириб олгандан кейин доимий такрорланадиган «Банданинг тўғри йўлда юриши Аллоҳ таолонинг азалий иноятининг натижаси бўлса, банданинг йўлдан адашишининг сабаби унинг мазкур илоҳий иноятдан маҳрумлиги натижаси бўлса, унда динга чақириш, яхшига савоб ва ёмонга иқоб бериш нима учун бўлади?» деган савол яна такрорланиши бор гап.

Ушбу маънодаги саволнинг жавоби қуйидагича:

Биринчидан, Аллоҳ таоло бандаларидан ҳеч кимни Ўзининг шомил иноятидан маҳрум қилган эмас. Илоҳий иноятнинг асоси бўлган иймон фитрати Аллоҳ таолонинг барча бандаларга тақдим қилган умумий армуғонидир. Шунинг учун ҳам «Баъзи бандаларнинг тўғри йўлдан адашиши илоҳий иноятдан маҳрум бўлганликларидир», дейиш очиқ-ойдин ва катта хатодир.

Иккинчидан, бандаларнинг тўғри йўлдан адашиши доимо уларнинг ўзларининг илоҳий иноятдан мутакаббирлик ва саркашлик билан юз ўгиришларининг натижасидир. Аллоҳ таоло уларга фитратни – соф табиатни Ўзининг илоҳий инояти ўлароқ тақдим қилганидан кейин, улар мазкур илоҳий иноятдан кибр ила юз ўгирганлар. Шунинг учун улар ўз қилмишларининг жазосига – иноятдан маҳрумлик жазосига тортилдилар. Улар ўзларига ўзлари зулм қилдилар ва Аллоҳ таолонинг уқубатига сазовор бўлдилар.

Учинчидан, буюк илоҳий иноят бўлмиш иймон фитратини   Аллоҳ таоло барча бандаларининг руҳларига солгандир. Бас, улар ўша иноятга юзланишлари ва унга муносиб муомалада бўлишлари лозим эди. Ўша муносиб муомаланинг ўзига хос таъсири, натижаси ва самараси бўлиши турган гап эди. Ким мазкур илоҳий иноятни гўзал тарзда қабул қилиб олса ва унга ўзига муносиб муомалада бўлса, унга бу дунё ва охиратнинг бахти-саодати ваъда қилинган эди. Ўз-ўзидан мазкур илоҳий иноятни қабул қилмаганлар, унга гўзал муомала қилишдан бош тортиб, қўпол муомала қилганлар ваъда қилинган натижалардан, бу дунё ва охиратнинг бахти-саодатидан маҳрум бўлишлари турган гап. Демак, нобакорлар ўзларига ўзлари зулм қилдилар. Уларни бундай бўлишга ҳеч ким мажбурламади. 

Аллоҳ таоло барчамизга У Зотнинг бизга инояти биздаги нарса учун эмаслигини яхши англашни насиб қилсин! У Зотнинг инояти бизга юзланганида ва риояти бизга йўлиққанида биз қаерда бўлганимизни билишимизни насиб этсин! У Зотнинг азалида ихлосли амаллар ҳам, мавжуд аҳволлар ҳам бўлмаганини билишимизни насиб қилсин! Ўшанда фақатгина фазл кўрсатиш ва буюк ато бериш бўлганини яхши англаб етишимизни насиб этсин! 

"Ҳислатли ҳикматлар шарҳи" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мўминмусулмонлар .жин, деб аталувчи махлуқотлар борлигига иймон келтирадилар. Уларни оддий ҳолатларда кўриб бўлмайди. Биз улар ҳақидаги маълумотларни энг давоми...

3023 20:30 / 17.07.2019
Аслам алҲабаший қора қул бўлиб, бир яҳудийнинг қўйларини боқиб юрадиган чўпон эди. Ибн Исҳоқдан ривоят қилинишича, бир куни ўша қул Хайбардаги бир қўрғонда давоми...

2733 09:00 / 27.04.2021
.Зикр аҳлидан сўранг, ҳайъати аъзоси Абдуманнон Абдуллоҳ билан суҳбатndash Динимизда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бўлган севгига давоми...

1554 17:00 / 24.10.2020
Тарбиянинг иккинчи қисми болага таълим беришдир..Таълим, арабча .аллама, феълидан олинган масдар бўлиб, бир нарсанинг ҳақиқатини батафсил ва яхшилаб билдириш давоми...

2093 08:30 / 29.12.2018
Аудиолар

118785 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40735 14:35 / 11.08.2021