1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Фарзандларга яхшилик қилиш

05:00 / 15.02.2017 4648 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Исломнинг бола тарбиясига берган аҳамиятини қанча гапирсак шунча оз. Шу ўринда бир нарсага ишора қилишни лозим, деб ўйлайман. Маълумки, динимизда жонли нарсаларнинг ҳайкаллари ҳаром қилинган, айниқса уйларга сурат осиш, одам ёки ҳайвон шаклидаги нарсаларни қўйиш манъ этилади. Аммо тарбияга бўлган улкан эътибор туфайли қизларга қўғирчоқ ўйнашга рухсат берилган. Чунки улар келажакда она бўладилар...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ўз ҳузурларида ал-Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганда Ҳасан ибн Алини ўптилар. Шунда у: «Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ», деди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: унга назар солдилар ва: «Раҳим қилмаганга раҳим қилинмас», дедилар
». Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: ўта болажон зот эдилар. У зот болалар ичида ўз набиралари имом Ҳасан ва имом Ҳусайнларни жуда ҳам яхши кўрар ва уларга меҳибонлик кўрсатар эдилар. Ушбу ривоятда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирларининг бунга бўлган муносабатлари ва бу муносабатни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: томонлардан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:нинг ёшболаларни ўпиб туришлари. Бундан бошқалар ҳам шуни қилишлари жоизлиги чиқади.
2- Боласини ўпиш унга раҳим кўрсатиш экани.
3- Киши бировга, хусусан ўз боласига раҳим қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам ўша кишига раҳим қилмаслиги.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: мени олиб сонларига ўтқазар эдилар. Ҳасанни эса бошқа сонларига ўтқазар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб: «Эй Аллоҳим! Иккисини раҳим қилгин, мен уларга раҳим қилурман», дер эдилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1- Бировнинг боласини ҳам қучоғига олиб ўтириш мукинлиги.
2- Икки болани қучоққа олиб ўтириш жоизлиги.
3- Аллоҳ таолога болаларга раҳим қилишни сўраб дуо қилиб туриш кераклиги.

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:нинг ҳузурларига келди ва: «Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз», деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғириб олган бўлса мен нима ҳам қила олар эдим», дедилар
». Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Бундан болаларни ўпиб туриш қалбда раҳмат борлигининг аломати экани келиб чиқади. Аксинча, болаларни ўпмаслик Аллоҳ таоло ўша одамнинг қалбидан раҳматни суғириб олганининг аломатидир.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Ҳузуримга бир аёл ўзининг икки қизи билан тиламчилик қилиб келди. У менда бир дона хурмодан бошқа нарса топмади. Бас, мен ўшани унга бердим. У эса уни икки қизига тақсимлаб берди. Сўнгра туриб чиқиб кетди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: кирдилар. Мен у зотга сўзлаб бердим. Шунда у зот: «Ким ушбу қизлардан бирор нарса ила синалса, у уларга яхшилик қилса, улар унга дўзахдан парда бўлурлар», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ўша вақтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: ва у зотнинг оилалари қанчалар содда, оддий ва камтарона ҳаёт кечирганлари билан танишмоқдамиз. Қаранг, шундай улуғ зотнинг уйларида тиламчига бериш учун бир дона хурмодан бошқа нарса топилмаса! Аммо ўша бир донани ҳам ҳақдорга берилди. Мазкур тиламчи аёл ҳам ночорлигидан бу шини қилаётган экан дарҳол ўша бир дона хурмони икки қизига бўлиб берди. У ўша қизлари учун яхшилик қилди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:дан у дунёда дўзах ўтидан пардаланиш ваъдасини олдилар.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳоўта камтар ва камбағал ҳаёт кечирганлари.
2- Ўша пайтда ночорликдан қизларини эргаштириб тиламчилик қилиб юрган аёллар бўлганлиги.
3- Ҳақдор тиламчи келганда бир дона хурмо бўлса ҳам бериш кераклиги.
4- Оналар қизларга меҳрибон бўлишлари зарурлиги.
5- Қиз фарзандга яхшилик қилиш алоҳида тақдирга сазовор иш эканлиги.
6- Қиз фарзандга кўрсатилган яхшилик ўша яхшиликни қилган шахс учун қиёматда дўзахдан парда бўлиши.
Демак, қиз фарзанди бор кишилар уларга кўпроқ яхшилик қилмоқлари керак экан.

Муслим ва Термизийнинг ривоятида: «Ким икки қизнинг то улар вояга етгунларича оғирини кўтарса, у мен билан бирга худди мана бу иккисига ўхшаб жаннатга киради», дедилар».
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бир-бирига жуфтлаб туриб шу сўзни айтганлар. Албатта, биттами иккитами қизни тарбиялаб вояга етказиб жойларини топиб жойлаш осон иш эмас. Одатда кишилар табиатида ўғил фарзандга нисбатан мойиллик бўлиб туради. Қизлардан эса, Исломий тарбия кўрмаган кишиларда, бир оз эътиборсизлик бўлади. Шунинг учун ҳам шариатимиз таълимотларида қизлар тарбияси учун қилинган ваъдаларга алоҳида урғу берилган. Ушбу ҳадиси шарифда ҳам икки қизни тарбиялаб вояга еткизган кишига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: билан биргаликда жаннатга кириш ваъда қилинмоқда. Аллоҳ таоло ўшалардан бўлишни насиб этсин.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг учта қизи бўлса ёки учта синглиси бўлса ёхуд икки қизи ёки икки синглиси бўлса, у уларнинг суҳбатини яхши қилган бўлса ва уларнинг ҳақида Аллоҳга тақво қилган бўлса, унга жаннат берилур», дедилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан киши ўз қиз фарзандлари тарбиясига қанчалик савоб олган бўлса, сингиллари тарбияси учун ҳам шунчалик савоб олишини билиб оламиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг ҳузурда бир қиз бола бўлсаю уни тириклай кўмиб юбормаган, иҳонат қилмаган ва ўз боласини ундан устун қўймаган бўлса, Аллоҳ уни жаннатга киритади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Исломдан олдинги жоҳилият одатига биноан қизларни, ор келтиради деган ўй билан, тириклай кўмиб кўмию юборадиганлар ҳам бор эди. Ислом бу ваҳшиёна одатни ботил қилди ва қизларнинг тарбиясига катта эътибор берди.
Шунингдек, авваллари қиз болани хорлаш одат тусига кириб қолган эди. Ислом бу ёмон ишни ҳам ботил қилди ва қизларни алоҳида эъзозлашни йўлга қўйди.
Жоҳилият жамиятида ўғил болани қиз боладан устун қўйилар эди. Ислом ҳамма болаларга бирдек қарашни йўлга қўйди.
Исломда қизларга эътибор билан қарашни жаннатга элтувчи амал деб баҳоланди.

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Солиҳа аёл Хавла бинти Ҳаким айтадики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: бир куни ўз қизларининг икки ўғлидан бирини қучоқларида олиб чиқиб: «Албатта, сизлар бахил қиласизлар, қўрқоқ қиласизлар ва жоҳил қиласизлар. Албатта, сизлар Аллоҳнинг райҳонидансизлар», дептилар».
Шарҳ: Ота-она кўпроқ нима қилса ҳам болам чақам деб қилади. Кўпгина пайтларда ўзи учун қилмаган нарсани ҳам боласи учун қилади. Ушбу ҳақиқатни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида баён қилмоқдалар.
«сизлар бахил қиласизлар»,
Дарҳақиқат, киши боламга бўлсин деб кўп нарсаларни бировларга бермай, бахиллик қилиб соқлаб туради. Боламни боқаман, кийинтираман, тарбиялайман деб бахиллик қилади. Болам ўз тенг қурлари ичида ўксимасин, унга у олиб берай, бу олиб берай деб бахиллик қилади. Боламни ўқитаман, касбли ҳунарли қиламан деб бахиллик қилади. Боламни оилали қиламан, уйли жойли қиламан деб бахиллик қилади. Блоамга мендан кейин бирор нарса қолсин деб бахиллик қилади.
«қўрқоқ қиласизлар»
одам боласи ўзи учун қўрқоқлик қилмаса ҳам боласи учун қўрқоқлик қилади. У менга бир нарса бўлса болам етим қолмасин деб ўзини баъзи савобли ишлардан ҳам олиб қочади.
«жоҳил қиласизлар».
Одам ўз боласига яхшилик қиламан деб билганини билмасликка олади. Кўпгина нарсалардан жоҳил қолади. Ушбу нарсаларнинг барчаси фарзанд учун қилинади. Чунки эй фарзандлар!
«Албатта, сизлар Аллоҳнинг райҳонидансизлар».
Киши раҳонни кўриб қанчалик баҳра олса болаларини кўриб ундан ҳам яхши баҳра олади.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши учун ўз боласига одоб бермоғи унинг бир соъ садақа қилганидан яхшидир», дедилар».

Айюб ибн Мусо розияллоҳу анҳудан, у киши отасидан, у киши бобосдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди», дедилар». Учовини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Динларнинг мукаррами ва мукаммали бўлган Ислом ана ўн беш асрдирки инсонни тарбиялашни, айниқса болаларга одоб ва ахлоқдан пухта таълим-тарбия беришни энг муҳим вазифа ўрнида кўриб келмоқда. Чунки жамият аъзоларининг яхши хулқли, ҳалол ва пок бўлишини орзу қилсагу, аммо ўша жамиятнинг келажаги бўлмиш болалар тарбияси ҳақида қайғурмасак, ниятларимиз сароблигича қолаверади.
Ислом бола тарбияси ҳақида у ҳали дунёга келмасдан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаб қайғура бошлайди. Оила қурилгач ҳам бу одоб ва ахлоқ дарси бир дақиқа ҳам тўхтамайди. Оила қурилар экан ота-онанинг ахлоқи, одобига, инсонийлигига алоҳида эътибор берилади. Сабаби улардаги хислат, фазилатлар ҳам, ёмон одатлар ҳам болага кўчиши-исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир.
Зеро, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам: «Сизлар ўзингизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар, чунки жуфтингизнинг феъл-атвори, хулқи наслингизда ўз аксини топади», деганлар.
Масалан, келин танлашда асосан, унинг диндорлигига, тақвосига эътибор беришни уқтирганлар. Чунки ана шундай онадан туғилган фарзандларни тарбиялаш нақадар осон. Тарихдан маълумки, дунёга довруғ солган аксари буюк алломаларга, фозилу уламоларга болалик пайтида оталари ҳаром касб билан топилган бирор луқма ҳам таом едирмаган, оналари уларни бетаҳорат эмизишмаган.
Ахлоқий тарбия диний тарбия билан мустаҳкам боғлиқдир. Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми, десак муболаға қилмаймиз. Зеро, дин яхши деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, ёмон деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар эса ёвузликдир.
Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазилатлар Ислом жамиятида қадрият, ҳуснихулқ ва маънавий фазилатлар ҳисобланади. Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир: ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди. Ахлоқий тарбия ва уни амалга ошириш борасида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги муборак сўзлари ҳар бир мусулмон учун дастур бўлмоғи керак:
«Ҳеч бир ота ўзининг фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди».
Имом Бухорий ривоят қилган.
«Эй Расулуллоҳ! Биз ота-онанинг ҳаққини билдик. Аммо фарзанднинг ҳаққи нимадан иборат?» деган саволга Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга чиройли исм қўйиб, гўзал одоб бериш», дедилар. Байҳақий ривоят қилган.
Имом Ибн Можа ривоят қилган. ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам::
«Фарзандларингизни ҳурматланглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар», деганлар.
Хўш, Исломий ва ахлоқий тарбия қай тартибда олиб борилади? Маълумки, оила фақат эр-хотиндан иборат бўлмайди. Балки Аллоҳ фарзанд берса, уларга ўғил-қизлар ҳам қўшилиб, оила катталашиб боради. Натижада ота-она, фарзандлар, ака-ука, опа-сингил-ҳаммаларининг ўртасида ҳам ўзаро муносабатлар бўлади.
Агар Аллоҳ фарзанд бериб, аёл ҳомиладор бўлса, у яхши ният ва истаклар билан ҳалоллик ва покликни янада кучайтиради. Ибодатлар қилиб фарзанднинг бахтини сўраб, дуолар қилиб туришади.
Фарзанд туғилганда эса ота-она Аллоҳга шукрлар қилади. Агар чақалоқ қиз бўлса хурсандлигини кўпроқ изҳор қилади. Чунки Аллоҳ Таоло Қуръонда фарзанд беришни зикр қилганда олдин қизларни ёдга олган. Кофирлар эса қиз фарзанд кўришганда хафа бўлишар эканлар. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам кўп фарзандлари қиз бўлган. У зот ўз ҳадисларидан бирида:
«Кимки қиз фарзанд кўриб, сабр қилиб яхши тарбияласа, улар ота-онаси учун қиёмат куни дўзахдан парда бўлади», деганлар.
Ўғил бўлсин, қиз бўлсин, бола Аллоҳ Таолонинг улуғ неъмати ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Фарзанднинг ҳиди жаннатнинг ҳидидандир», деганлар.
Исломда янги кўзи ёриган аёлга алоҳида эътибор берилади. Айниқса унга ўзига муносиб таомлар бериш ва яхши парвариш қилиш-диний адабиётимизда алоҳида таъкидлаб айтилган.
Чақалоқнинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтилади. Дуогўй кишилар ширинлик билан унинг танглайини кўтариб, ҳаққига дуо қилишлари ҳам яхши одат.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо шундай қилганлар. Фарзанд туғилгандан кейин бир жонлик сўйиб ақийқа қилинади.
Араб тили қомусларидан бирида «ақийқа» ва «аққа» калималари чақалоқ туғилгандаги сочини олиш ва унинг таваллуди муносабати билан сўйиладиган қўйга айтилади, дейилган. Ақийқанинг шариатимиздаги ҳукмини уни адо этишга қодир бўлганлар учун аксар уламолар суннати муаккада деганлар. Бу хусусда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадиси шариф ворид бўлган: «Ҳар бир янги туғилган бола ақийқаси билан гаров қилингандир».
Ақийқанинг ҳикматлари шундан иборатки, инсон фарзандининг ёруғ дунёга келишлиги Аллоҳнинг жуда катта неъматидир. Она бўлиш аёлнинг соғ-саломат қолишлиги ва янги фарзанднинг дунёга келганлиги учун Аллоҳ Таолога шукрона сифатида ақийқа қилиниб, янги туғилган фарзанднинг ҳифзи ва риояти Аллоҳ Таолога ҳавола қилинади.
«Ақийқа» муносабати билан сўйиладиган жонлиқнинг шартлари худди қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг шартлари кабидир. Қурбонликда нима жоиз бўлмаса, ақийқада ҳам ана шу нарсалар жоиз бўлмайди. Ақийқа таомининг истеъмоли ҳам қурбонликники кабидир. Таомни бошқаларга едиришлик, садақа қилишлик билан бирга соҳиби эҳсон оила аъзолари билан бир қисмини танаввул қилишлари жоиздир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг суюкли набиралари Ҳасан ва Ҳусайнларга ақийқа қилиб берганлар. Шунинг учун ҳам ақийқа қилишлик мусулонларга суннат бўлиб қолган.
Ақийқа бола туғилгандан сўнг, 7 кунлигида, имконият бўлмаса, 14 ёки 21 кунлигида қилинади. Агар шу муддат ичида ҳам имконият топилмаса, бошқа хоҳлаган вақтида қилса ҳам бўлаверади. Агарда туғилган фарзанд 7 кундан олдин фарат бўлса ақийқа қилинмайди.
Ақийқа қилишликда Аллоҳ Қуръонда буюрган: «енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар», деган ояти Каримага қатъиян амал қилмоғимиз зарур бўлади. Чунки савоб умидида қилинган амалларни суистеъмол қилиб, исроф, ноўрин ҳаражат ва дабдабабозликка йўл қўйиш биз мусулмонларга муносиб эмас.
Дунёга янги келган чақалоқни онанинг ўзи эмизиши лозим. Сунъий таомлантиришни иложи борича қўлланмаслик керак. Ҳадисда чақалоқ учун онанинг сутидан яхшироқ, фойдалироқ нарса йўқ дейилган.
Чақалоқ кўп йиғласа, оилада турли ташвиш ва қийинчиликларга сабаб бўлса, ота-она сиқилмаслиги, аччиқланаслиги керак. Китобларимизда келган хабарларга кўра, чақалоқнинг йиғиси-зикр, Аллоҳнинг ягоналигини ёдлаш, ҳамду сано, ота-онасининг ҳаққига дуо ва истиғфор ҳисобланади.
Ота-онанинг вазифаларидан бири фарзандга маънодор, чиройли исм қўйишдир. Абдуллоҳ, Абдураҳмон каби Аллоҳга бандачилик ва мақтов маъноларини англатувчи имслар, Пайғамбарлар, саҳобалар, уламолар ва бошқа аҳли солиҳ кишиларнинг исмларини қўйиш мақсадга мувофиқдир.
Тезроқ хатна қилдириш лозимлиги ҳам китобларда алоҳида таъкидланган.
Фарзандининг тили чиқиши билан ота-она унга «Лаа илоҳа иллаллоҳ», «Аллоҳу акбар» «Бисиллаҳир роҳманир роҳийм» каби сўзларни ўргата бошлайди.
Ўғил болалар кўпроқ отасидан, қиз болалар эса кўпроқ онасидан ўрнак олиб тарбияланадилар. Ўқиш, ёзиш, ахлоқ-одоб, диний аҳкомларни ўргатишга алоҳида эътибор бериш билан бирга, ўғил болаларга сузиш, от миниш, қизларга бичиш-тикиш, таом пишириш каби ўзига хос машғулотлар ўргатилиб борилади.
Исломнинг бола тарбиясига берган аҳамиятини қанча гапирсак шунча оз. Шу ўринда бир нарсага ишора қилишни лозим, деб ўйлайман. Маъумки, динимизда жонли нарсаларнинг ҳайкаллари ҳаром қилинган, айниқса уйларга сурат осиш, одам ёки ҳайвон шаклидаги нарсаларни қўйиш манъ этилади. Аммо тарбияга бўлган улкан эътибор туфайли қизларга қўғирчоқ ўйнашга рухсат берилган. Чунки улар келажакда она бўладилар.
Болалар етти ёшга етганда намоз ўқиш буюрилади. Ўн ёшда ҳам намоз ўқимаса болани уришга ҳам рухсат берилган. Ўша ёшдан бошлаб болаларни алоҳида-алоҳида ётқизишни ҳам йўлга қўймоқ даркор.
Ота-она болаларига раҳм-шафқатли, меҳрибон бўлади. Улар билан ҳазил-мутойиба қилади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам набиралари Ҳасан ва Хусайнларни ўйнатар ва эркалатар эдилар.
Ота-она доимо боласининг ҳаққига дуойи хайр қилиб туради. Ҳадиси шарифда:
«Ота-онанинг боласига қилган дуоси Пайғамбарларнинг умматларига қилган дуосига ўхшашдир», дейилган.
Боладан беодоблик, ахлоққа хилоф ишлар ўтса ҳам ота-она хафа бўлмай чидайди. Чунки ўсиб бораётган инсонда шундай ҳолат бўлиши мумкинлигини унутмаслик лозим. Ҳеч қачон болани қарғамаслик керак. Қарғишга қолиб, жафо чекса, яна ота-онанинг ўзига заҳмат келади.
Лутф-карам, ҳадя, совға беришда болаларни баробар кўриш керак. Бозордан бирон нима келтирилса, аввал қизлардан бошлаб берилсин. Чунки уларнинг кўнгли нозик бўлади. Шу ерда бир воқеани эслатмоқчиман: Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом бир кишининг ҳузурида суҳбатлашиб ўтирганларида у кишининг ёнларига ўғилчаси чопиб кириб қолади. Шунда бояги киши болани қучиб эркалайди, уни ўпиб тиззасига ўтқазади. Шу пайт унинг қизчаси ҳам югуриб кириб келиб қолади. Бояги одам уни тиззасига ўтқазиш билан кифояланади. Шунда жаноби Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Мана шу ишинг, адолатсизлик бўлди. Фарзандларга икки хил қарадинг, уларни бир меҳр билан тарбиялашинг керак бўлади», дейдилар.
Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳнинг кўрсатмалари ҳам бор. Сабаби қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис улар тарбиясида кўпроқ эътибор ва меҳр, эҳтиёткорлик зарур бўлади.
Яна алоҳида таъкидлаш лозимки, фарзандни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашда ота-она ва тарбиячилар зиммасида жуда катта масъулият бор. Унга бирор касбни ўргатсагу, аммо илм бермасак, у комил инсон бўлолмайди. Аксинча, илм олаверса-ю, бирор касбнинг бошини тутмаса, у ҳолда ҳунарсиз бўлиб қолади. Ҳунармандчилик салафи солиҳларимизнинг суннатидир. Боболаримиз ўтмишда ўз фарзандларига бир неча касбларни, жумладан отда чопиш, камон отиш, сузишни, икки-уч хорижий тилни ўргатганларки, ўша пайтдаги аксари ёшлар адабиёт, санъат, ухравий ва дунёвий илмлардан анча бохабар бўлганлар. Шунингдек, уларнинг ўтмиш меросимиздан ҳам оқилона баҳраманд бўлганликлари яхши маълум.
Лекин ҳозирда айрим ота-оналар «болани ёшликдан меҳнатга кўниктирай, ишлаб пул топсин, ёнимга кирсин», деб илм олишни чеклаб қўяётган бўлсалар, баъзилар эса аксинча «ҳа, энди даврида ўйнаб қолсин, бизга ўхшаб меҳнатда эзилмасин, пулга ўрганмагани маъқул», деб фарзандларини ҳунарсиз, меҳнатга лаёқатсиз қилиб тарбиялаб қўймоқдалар. Бу маънода тарбия бир томонлама бўлиб қолмаслиги муҳимроқ. Ўғил-қизни ёшлигидан ўзига хос ҳунарга (қизларни кўпроқ уй-рўзғор юмушларига) ўргатиш Исломий оилаларда одат тусига кирган. Лекин бунда ҳунар ризқ, тирикчилик манбаи эканлиги, пул кетидан қувиш йўли эмаслиги уларнинг онгига сингдирилиши лозим. Зинҳор ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган, энг даҳшатлиси қандай қилиб бўлмасин, ҳатто ҳаром-хариш йўллар билан бўлса ҳам пул топадиган кишиларни етиштириб қўйайлик. Иккинчи навбатда эса, ҳунар-касб ўргатишимиз керак, деб уни мактабдан, бошқа жойлардаги ўқишдан ажратиб олиш ҳам тўғри эмас. Нима бўлганда ҳам фарзанднинг болалигига зарар етмасин, унинг хоҳиши, рағбати сўндирилмасин, унинг қизиқиши, истаклари билан ҳисоблашилсин. Фақатгина болаларимизнинг вақти беҳуда ўтаса, бекорчиликдан турли қинғир йўлларга кириб кетмаса, бас!
Оила ота, она ва фарзанддан иборат учта тиргакка қурилади. Оиланинг бахти саодати ҳам, унинг камоли ва фаровонлиги ҳам, тинчлиги ва осойишталиги ҳам ана шу уч устуннинг бир-бирига муносабатига, аҳиллигига, яхши тарбиясига боғлиқ. Булар бўлмас экан, оила таназзулга юз тутаверади. Бу инқироз эса ўз навбатида жамиятни ларзага келтираверади.
Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларки:
«Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб, чиройли хулқчалик бир нисбат ва мерос беролмайди».
Фарзанд-ота-онанинг ҳузуридаги Аллоҳнинг омонати. Уни Аллоҳдан покиза, Исломга мойил ҳолда олганлар, омонатга хиёнат қилмай, яна покиза ва мусулмон ҳолида топширишлари керак.

Фарзандларнинг қандай ҳуқуқлари бор?

Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Булар вожиб бўлиб, унга амал қилмоқлик мажбурийдир. Уламоларимиз қуйидагиларни зикр қиладилар:

1. Насаб. 

Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам наслу насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.

2. Эмизиш. 

Туғилган фарзанд аввало эмизишга муҳтож. Бу эса онасининг вазифаси. Шаръий узр сабабли она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш отанинг иши ҳисобланади.

3. Ҳомийлик. 

Бола етти ёшга киргунча бировнинг ҳимоясига муҳтож. Яъни доимо овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда катталарнинг ёрдамига муҳтож. Бу ишларни унинг ота-онаси, улар бўлмаса яқин қариндошлари амалга оширишлари вожибдир. 

4. Валийлик. 

Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Бу ҳам ота-она бўлмаса, яқин қариндошларига юклатилади. 

5. Нафақа. 

Болаларнинг нафақасини бериш, уларни озиқ-овқат, кийим кечак, турар-жой билан таъмин этиш отанинг бурчидир. 

6. Балоғатга етгандан сўнг уйлантириб, оилалик қилиб қўйиш ва бошқалар.

Кўриниб турибдики, оилада фарзандларнинг алоҳида ҳуқуқлари бўлиб, унга амал қилиш шарт этиб қўйилмоқда. Шу ўринда оила раҳбари зиммасига катта масъулият юклатилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Маълумки, ўз фарзандларининг, аҳли-аёлининг ахлоқи, хулқ-атвори, юриш-туриши учун оила бошлиғи масъулдир. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: «Эй иймон келтирганлар, ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган ўтдан қўрқитинг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмайдилар ва нима буюрилса шуни бажарадилар». («Таҳрим» сураси 6)

Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳнинг олдидаги бурчи эканлигига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида ўзингни бил, ўзгани қўй, деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича эр хотин учун, ота болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беради. 

Ушбу оят маъносида ҳадиси шарифлар ҳам бор. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:

«Ёш болани етти ёшида намоз ўқишга буюринг, ўн ёшга етганда ҳам ўқимаса уринг», деганлар. 

Ҳазрати Умар юқорида зикр қилинган ояти карима нозил бўлгандан сўнг: 

«Эй Расулуллоҳ! Ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?», деб сўраган эканлар. 

Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар», деб жавоб берган эканлар.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: 

«Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй аҳлим, намоз ўқинг, закот беринг, мискинларга, етимларга, қўшниларга яхшилик қилинг. Шояд Аллоҳ сизларни жаннатда бирга қилса, деган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деганлар. 

Демак, ҳар биримиз ўғил-қизимизни, оила аъзоларимизнинг барчаларини динга даъват қилишимиз, диний аҳкомларни доимо бажаришларини қатъият билан талаб қилиб туришимиз керак.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ТЎҚҚИЗИНЧИ САБОҚНАМОЗ НЕГА ЎҚИЛАДИАссалому алайкум, менинг жажжи кичкинтойларим Бугун сизларга қизиқ бир савол бермоқчиман. Диққат билан қулоқ солиб туринг. давоми...

2492 05:00 / 15.02.2017
Яхши кийинган бир бегона юртлик киши бир шаҳардаги ресторанлардан бирига кириб хизматчига деди Яхшилаб қовурилган бир бўлак гўшт билан бир ликобчада салат давоми...

4040 05:00 / 16.02.2017
Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг отаоналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Бу давоми...

5217 05:00 / 15.02.2017
Бечора болажонларhellip Ўз хатоларимиз туфайли сизларни бунчалар жазоламасакБечора болажонлар... Ўзимизнинг камчиликларни деб сизларга бунчалар зулм давоми...

5297 11:46 / 09.01.2018
Аудиолар

118720 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40689 14:35 / 11.08.2021