791 15.02.2017

Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир. Боқий қолгувчи солиҳ амаллар Роббинг ҳузурида савоб ва умид жиҳатидан яхшироқдир. (Каҳф сураси 46 – оят)


 Инсонлар қадимдан фарзандлари кўплиги, уларнинг ёрдамлари ва оғирларини енгил қилишлари билан фахрланиб келганлар. 

   Фарзандларнинг атрофидаги инсонлар уйда бўлсин, хоҳ кўчада хоҳ мактабда унга намуна вазифасини бажарадилар. 


   Ота-она боланинг вақтини тўла қамраб оладиган зарур ва  манфаатли машғулотларни тайёрлаши керак ва ана ўша машғулотлар боланинг онгини ривожлантирувчи бўлиши шарт. 

   Боланинг тарбиясида жамият насиҳат қилувчи, тўғри йўл кўрсатувчи ва тараққий эттирувчи вазифасини эгаллаб келган.

  Бугун ким билан ўтириб гаплашсангиз дарров фарзандига бузғунчи ғояларни таъсир этишидан шикоят қилади. Аксар хонадонларда эса фарзанд глобал муаммога айланган. 

   Интернет орқали ёшларга қилинаётган ҳужумлардан сақланиш ва эҳтиёт чоралари изланмоқда. Лекин билдирилаётган аксар чоралар фақат назарий, амалда қўллаб бўлмайдиган кўрсатмалардан иборат. Шунинг учун фарзанд тарбияси бугун кўпгина хонадонларда долзарб муаммога айланган.

   Жумладан қуйидагилар бугун кўпчилик қайтарадиган иборалардир;

--    Фарзандим мени тушунмайди...

--    Фарзандим менга исён қилади...

--    Менга итоат қилмайди...

--    Фарзандим тўғри йўлда эмас, безориларга қўшилиб қолган. Менга итоат қилмайди...

--    Бир иш буюрсам қилмайди, дарсларига эътибор бермайди... 

--    Бекорчи нарсаларга боғланиб қолган...

--    Намозни менсимайди, насиҳатимга қулоғ солмайди...

--    Чиройли, охирги “мода”даги либосларни кийишни ва қизлар билан юришни яхши кўради...

--    Машинада изғиб юришни яхши кўради..

--    Кундузи ухлаб тунда бемаъни кинолар кўриб чиқади...

--    Ака укаларига нисбатан қўпол, тез жаҳли чиқади...

--    Оиладагилар билан бирга ўтирмайди, меҳмонга хизмат қилмайди...

--    Кўп ёлғон гапиради, ўзини уйда бегона ҳис қилади...

--    Уйда ўтирмайди, ўзининг истакларини Ота-онасига нисбатан мажбурият деб билади...

--    Хоҳиш истакларини,  ичидаги дардини ошкор айтмайди, ҳаётда мақсадсиз яшайди...

--    Ўзига, куч қувватига ишончи йўқ...

--    Бирданига шон шуҳратга эришишни орзу қилади...

   Шунча муаммонинг кўриниши бўлгандан кейин шубҳасиз унинг ечими ҳам бор. Қуйида уларнинг баъзиларини санаб ўтамиз.


ТАЪСИР ҚИЛУВЧИ САБАБЛАР:

Кўп Ота-оналар бирламчи сабаб ва ечим билан қаноатланишга одатланиб қолганлар. Аммо масаланинг моҳиятини излашни, уни пайдо қилаётган  сабабини ўрганиб уни бартараф этиш йўлларини бир марта бўлса ҳам ўйлаб кўрмаганлар. Ушбу муаммо сабаблари қуйидагиларга бўлинади:


    Ички асосий сабаблар:

1.    Ота-она.

Уйни бошқаришда муайян ва очиқ мақсаднинг йўқлиги ёки умуман оила бундан маҳрум эканлиги. Уламоларимиз  айтганларидек: кўпинча фарзандлар Ота-оналари сабабидан бузиладилар.

2.    Аллоҳдан ҳақиқий ёрдам сўрашда камчиликка йўл қўйиш ёки  умуман сўрамаслик.

3.    Боланинг илк даврида тарбиялаш усулларининг йўқлиги ёки уни билмаслик.

4.    Моддий таъминотни ҳаддан ошириб юборишлик, ёки умуман таъминламаслик.

5.    Боланинг таълим олишдан мақсади йўқлиги, ёки дарсларни ўзлаштира олмаслиги. Боланинг мактабга ота-онаси мажбурлаши билан бориб,  нимага бораётганини фарқига бормаслиги. 

6.    Ота-онасидан қониқмаслиги.

7.    Эҳтиёжлар меъёрсиз қондирилиши.

8.    Мураббийдан қўрқиш.

9.    Ота-онадан меҳр кўрмай бошқалардан ширин ва илиқ сўзлар эшитиши.

10.    Ота-она фарзанди олдида жанжаллашиши.

11.    Фарзандлардан биринигина мақташ.

12.    Бирор иш ё эҳтиёжларни фақат чаққон болага  юклаб бошқаларига эътибор бермаслик.

13.    Боланинг хотиржамлиги ва роҳатини йўқотувчи тинчликни йўқлиги ва ғазаб, можаро ва бақир-чақирни авжига чиқиши.

14.    Ота узоқ вақт уйда бўлмаслиги ва  хатарли вақтда бўлмаслиги.

15.    Кичик ё арзимас хатони бўртириш.

 Уйда кўраётган нарса билан талаб қилинаётган нарсанинг бир бирига зидлиги. (фарзанддан ҳаёни талаб қилиб сўнг уни очиқ, яланғочларни томоша қилишига изн бериш.)

16.    Оилада аниқ ва равшан қонун қоидаларни йўқлиги.

17.    Боланинг хатосини унинг ёшига, савиясига, туйғусига, фикрлашига қараб ўзидек қабул қилмаслик. Ота фарзандини атрофдаги тенгдошларига ёки қўшни болаларга солиштириш тарбиядаги хато ҳисобланади чунки ҳар бир бола ўз шахсиятига ва табиатига эгадир.


  Ташқи таъсирлар.

1.    Устоз ўзи ўргатаётган фаннинг мақсад моҳиятини билмаслиги. Билимни фақат имтиҳон ёки шунчаки етказиш мақсадида бериши натижасида таълим даргоҳлари устоз Яҳё ибн Иброҳим айтганидек: бир бирининг устидан куладиган фалажларнинг тўпланадиган масканига айланиб қолиши.

2.    Кўча кўйда ва масжидларда ўрнак бўладиган шахснинг йўқлиги.

3.    Ижтимоий алоқалар  тарбия усулларига тескари равишда бўлиши.

4.    Шаҳватни қўзғатувчи омилларни кўплиги.

5.    Шаҳватнинг ўрин ва майдонларини кенгайиб бориши.

6.    Алоқа воситалари ривожланиб кетиши туфайли ёмон дўстларнинг кўплиги.

7.    Салбий таъсирларнинг кўплиги.. Масалан: телерадиолардаги ҳийла ва инсонларни ҳиссиётини эгаллаб олган бузғунчиликлар. Ташқи таъсирлар савдо-сотиқ орқали ҳам бўлади натижада инсон  олган нарсасини  нега олганини ва уни қандай қўлланишини ҳам билмай қолади.

8.    Таълим ва тарбияни жонли ва замон талабларига мос эмаслиги.

9.    Таълим ва тарбия муассасаларида тарбияга берилган вақтнинг озлиги.


   Келтириб ўтилганидек ички ва ташқи таъсирлар сабаблари  жуда кўп, худди шундай бартараф қилувчи чоралар ҳам кўп қуйида уларнинг баъзи нотўғри кўринишларини санаб  ўтамиз.

1.    Тенгдошларидан ташқи кўриниши билан ажралиб туриши. 

2.    У билан доим қўпол, қаттиқ қўллик ва калтаклаш билан муомала қилиш. Бу сабабли боланинг хулқи бузилиши.

   Отани болага нисбатан қўпол муомалада бўлишлигига ундовчи сабаблар:

-     ота  ўзининг ҳукмронлиги ва қувватидан фойдаланиши.

-       Ота-онанинг бола ҳақида бебош ва қолоқ деган  хато тушунчада бўлиши ва шу сабабли болаларини фақат қаттиқ қўллик билан тарбиялаш зарур деб тушунишлари.

-     ота ёшлигида қаттиқ қўллик билан тарбияланган бўлиб, фарзандини ҳам шундай тарбиялашни хоҳлаши. 

ота ёшлигида эрка бўлиб тарбияланган бўлиши, ўзи тушган хатога фарзандини тушишини хоҳламаганидан қаттиқ қўллик қилиши.

-     Болаларнинг тарбиясида онанинг мулойимлиги ва эътиборсизлиги эвазига ҳиссиётидан келиб чиқиб ота қаттиқ қўллик қилиши.

3.     Ўзига танқид қилиш эркини бериб қўйиш.

4.    Кўп танбеҳ бериш.

5.    Хўрлаш.

6.    Хатога яраша жазоламаслик.

7.    Қилаётган ишларида кузатилаётганини сездириш.

8.     Қилаётган ишидан ёки ўйнаётган ўйинидан тўхтатиш.

9.     Фарзандларни биридан- бирини ортиқ кўриш.

10.    Енгил ва дабдабали ҳаётга шўнғиш.

11.     Ижтимоий ва шахсий фарқларга қарамасдан кимнингдир усулини қўллаш.

12.    Болаларга таълим тарбия  жараёнида уларнинг куч қобилиятларига кўра ҳамда уларнинг ёшларини ҳисобга олмасдан турли оғир мисолларни келтириш.

13.    Тарбия соҳасида қўйган ҳар бир қадами учун унинг меваси ва натижасини зудлик билан кутиш.

14.    Эътиборни фақат салбий сифатларга қаратиш.

15.    Жоҳилларнинг: “Унга эътибор берма, вақт уни тарбиялайди.”, деган сўзга эргашиш.

16.    Баъзи оталар: (чучварани хом санаб) ”Албатта,  фарзандлар оталар хоҳишига , тоқати ва кучига қолаверса орзуларига қараб ўсадилар”,  деб эътиқод қилиши.  17.    Болаларга йўналтирилган жадвалларни  “Уларни куч тоқатлари бир хилдир”  деган тушунча билан тузиш.

18.    Бола билан ажабланишда ё мақташда ҳаддан ортиқ чуқур кетиб муболағалаш.

19.    Болани ўз тенгдошларига, қўшни ва  қариндош болаларга қиёслаб уни ҳисобдан чиқариш ёки маҳрум қилиш.

20.    Отани кеч ақли кириши,  ҳатто болалари ҳузурида баъзи бемаъни ишларни амалга ошириши.

21.    Ота-онанинг ёлғон гапириши бола тасаввурини остин устун қилиб уни ўзгартириб юборади.


Даъво: Бугун биз бошимизни тупроққа тиқиб олмаслигимиз ва кўзимизни чалкаш маълумотлар билан тўла бўлган воқеаликдан юмиб олмаслигимиз даркор. Ва албатта яшаб турган жамиятимиздаги масжид, мадраса, кўча, уй булар барчаси ягона йўллантирувчи тарбия омиллари бўлганлигини, аммо ҳозирда эса фарзандингиз бутун дунё томондан ва ҳар бир юзланган тарафидан йўналтирилишини фарқига бормоғимиз даркор.

 Муолажа ўз хусусиятларига кўра зотий (уй ичи) ва ҳамда таовуний (ўзаро ёрдам) ларга бўлинади.


 Ички зотий  даво:

1. Ота-она салоҳияти; Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади: “Улар( икки етим бола)  оталари солиҳ киши эди“ Каҳф 82.

Аллоҳ Таоло айтади: “(Бировнинг ўлимига ҳозир бўлган) кишиларнинг ўзлари ожиз-нотавон фарзандларини қолдириб вафот қилиб кетсалар, улардан хавотир олганлари каби (ўзгаларнинг етимлари ҳақидан ҳам) қўрқсинлар. Бас, Аллоҳдан қўрқиб (ўлим олдидаги кишига) ҳақ сўзни айтсинлар!” Нисо 9.

2. Иброҳим алайҳиссалом ва Имронни хотини каби Қуръонда  келганидек ўз зурриётлари ҳаққига дуо қилиш.

3. Биз ўзимиз ҳамиша гўзал ахлоқда бўлишимиз, бизни раҳнамо бўлишимизга кифоя қилади. Ҳеч қачон сўзимиз амалимизга зид бўлиб қолмасин. (ваъдаларга хилоф қилмаслик, бошқаларни ҳурмат қилиш, яқинларни зиёрат қилиш, ҳодисалар, шахслар, ҳолатларни тўғри баҳолай олишимиз, сахийлик қилишимиз ва бошқаларни ўзимиздан устун қўя олишимиз, камситиш ,таъна қилиш, кўнглини оғритишлардан узоқ бўлишимиз.)

 Товус думин ёзибон юрмиш минг жиловла,

 Бунда эргашмиш полапонлари анга бехатову канда

Алардан нечук сиз кибр айлагайсиз сўраб эрмиш 

Албат от изин босар тойлар суолин жавоби дермиш

Жажжи ниҳол улғайгай ул баҳори бўстон ёшинда

Ҳар нимарса ки бергай ул  боғбон падар бошинда

4. Умар бин Абдул Азиз розияллоҳу анҳунинг қиссалари: Умар бин АбдулАзиз  розияллоҳу анҳу волий бўлганларидан кейин жуда ҳам тақводорликда адолат билан иш олиб борганлар. Шу жумладан инсонлар ҳақида ҳам жуда эҳтиёткорлик билан иш қилардилар. Кунлардан бирида одамларга олма тарқатаётган бир пайтларида ёнларида бирга бўлган жажжи ўғилчалари ҳам олмадан бирини олиб оғзига солган ҳамон оғзидан суғуриб олдилар бола қаттиқ ранжиб онаси олдига йиғлаб боради. Она болани бошқа олма сотиб олиб бериб кўндиради. Кечқурун уйга қайтганларида хотинлари нима бўлганини сўрайди шунда аслини олса мен гўё уни қўлидан олмани тортиб олганимда юрагимни суғуриб олгандей бўлдим. Аммо мен битта олма сабабли одамларга нисбатан кўнглим ғаш киришини истамайман дедилар.Шубҳа йўқки Аллоҳ Таоло гўзал амал қилганларни савобини зое қилмас.

5. Биров билан бўладиган таъсирли суҳбат жараёни (ўзаро бир бирлари билан ҳамсуҳбат бўлган) да ўзини қандай тутиш фанини дарс ва тадқиқотини  ўргатиш.

6. Болани ижобий тарафларига  кўпроқ аҳамият қаратиб уни ошкор қилиб ривожлантириш ҳамда ўстириш. (Ибн Сайид)

7. Фарзандлар билан биргаликда бўладиган очиқ ва ошкора суҳбатларни ташкил этиш.

8. Худди Абдуллоҳ бин Зубайр розияллоҳу анҳуни оталари байъат беришга жўнатганда кўчада Умар розияллоҳу анҳуни  кўриб ўртоқлари каби қочмагандек болаларда ўзига ишониш руҳини ўстириш. 

9. Уйда хонадон аъзолари орасида (фарзандларда Ота-оналарига нисбатан) муҳаббатни пайдо қилиш. Бунинг учун фарзандлар билан бирга ўтиришга кўпроқ вақт ажратиб, уларга қалбни кенг тутиш лозим. Савол: Нима учун фарзанд дўстларини отасидан ҳам ортиқ кўриб уларга кўп талпинади?

10. Фарзанди  ўтқизаётган (даврни) босқични билмоқлик.

 Масалан; 2 дан 5 ёшгача кашфиёт, тадқиқот ёши.

 Кейинги ўсиш даври эса; қўзғалиш, қўрқитмоқ, ҳаяжон, ғазаб, қарама қаршилик, аноният ёшидир.

11. Воқеалик (меъёри ,тарозуси) билан эҳтиёж орасида таносиб мавжуд бўлиши.

12. Кескинлик ва тангликларни бартараф қилишни қўйиб, болага солиҳ дўстларни топишига ёрдам бериш ва керак бўлса бунинг учун молларни сарфлаш.

13. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуни айтган сўзларини ўзига лозим тутиш. “Фарзанд билан 7 ёшгача ўйнаб унга фикрини қабул қилинганини ёки устун эканини билдириб қўйиш услубида ижобий самаралар кўпдир, жумладан: орадаги парда тўсиқларни йўқ қилади ва оталар билан фарзандлар орасидаги узилишни боғлайди, уларни ёмон дўст билан дўстлашишдан ва улардан ёмон маълумотларни олишдан ва шунга ўхшаш ҳалокат йўлларидан сақлаб узоқлаштиради. 

 Ота-она билан фарзандни орасидаги дўстлик болада панду насиҳатни қабул қилиш қобилиятини ҳамда психологик истеъдодини оширади.

 Ота билан фарзанд орасидаги дўстлашиш отага болани нечоғлик ақлий ҳамда руҳий ўсиш даражасини қолаверса боладаги ҳаққоний куч қудратни очиқ намоён қилиб беради.

14. Фарзанд ўзини оиласига қанчалик нисбат бериши муҳимдир.Фарзанд ўз оиласига нечоғлик мансуб эканлигини ва ана ўша оиланинг фарди эканлигини бошқарадиган ҳиссиётга муҳтождир. Мана шу ҳиссиёт билан фарзанд ўзида ижтимоий шаклланишни ҳосил қилади  ва бола келажакда оилани саодатига айланади. 


 Қуйидагилар бунинг омилларидир:

 Уй ишлари ва уй ишларини идоралашда болани оиласи билан шерик бўлиши.

 Оилани жипслиги ҳамда оилавий муаммоларни яшириш.

 Болани гапиртиришга шижоатлантириш билан бирга уларга йиғилиб қулоқ солиш.

 Уларга масъулият юклаш ва баъзи фарзандларга оилани баъзи юмушларини буюриш.

15. Уловларни хосламасдан ҳамманики деб эътибор қилиш ҳамда ўзига хос машина ажратмаслик. Бу билан ўзини отасига нисбатан ғариб санаши ҳамда машинага ёмон нарсаларни қўйиши ва ё сигарет чекишини олди олинади.

16. Машиналар тури ҳам дўстларнинг турига ўхшайди. Улардан баъзиси (вазмин оғир) босиқ бўлса, баъзиси тез шошқалоқ бўлади.

17. Унга мактабда, оилада чуқурлардан эҳтиёт бўл демайсиз, балки одамларга тўғри йўлни кўрсатиб бер дейсиз.

18. Тарбияни қисса айтиб бериш, сўзлаш, бир нарсадан маҳрум қилиш, қайтариш, ўз ҳолига ташлаб қўйиш йўллари билан олиб боради.

19. Буюрадиган ишларини унинг эътиборига, вақтига, кайфиятига мослаб буюради.

20. Ортиқча иш буюрмайди, чунки у (агар бор бўлса) мавжуд ҳиссий захираларини тугатиб битказади. 

21. Болада ёшлигидан китобхонлик истеъдодини ривожлантириш.

22. Сайрга, дам олишларга чиққанда йўлда бирор бир юмушни унга буюриш.

23. Фарзандлар орасидаги фарқларга эътибор қилиш: жумладан болада ёшини, кичкиналигини, оқилли бўлиб қолганини, ўсиш даврига етганини, балоғатга етганини эътибор қилиш.

 Психологик яъни, руҳий жиҳатдан эса қуйидагиларга риоя қилади: касаллиги соғлиги, зийраклиги анқовлиги, тез қабул қилувчилиги қайсарлиги, устамон (олғир) лиги, тез таъсирланадиган бўлиши ҳамда дунёқарашига риоя қилади.

24. Кўпчилик бўлиб биргаликда оилани мақсад ва муҳиммотини тузадилар ва уни уйни пештоқига осиб қўйиш.

25. Ёшлигидан  бир бирига қалбида гина адоват ташимаслиги учун фарзандлар орасида тенгдош ва қариндошлари орасида гиж-гижламаслик ҳамда уларни орасида низо чиқишига йўл қўймаслик.  

 Шоир айтган экан:

Олий мартабалар сари қадам қўйиш эрса ул эр

Асло қолдирмас қалбида адоватга пешвойи мардон ер

Гар киши бўлса топилган суйи хулқ ғазабла

Асло етолмас ул мардонлар мақомига талабла

Мен нечук ул кўмилғон адоватни кўтарғаймен

Пешволарға ётдур кўтармоғ демишлар билғаймен

Фарзандингиз юриш –туришини қандай тўғриламоқчисиз.

Ҳар бир айтган сўзингда фарзандларингни сен билан доимий тортишиб оталик вазифангни жаҳаннамга айлантирмасликлари ва барча ота-оналар бошларидан уларни хунук жавоблари, қўполликлари кунини ўтказмасликлари учун бизга доктор Мориян Фиғерт болаларни қайсарликларига ва қўпол характерларига қандай муомалада бўлишликни баъзи тавсияларини кўрсатади.

Булар қуйидагилар:

- Уларга мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган нарсаларда кескин ва очиқ бўлгин. Чунки агар қайтарилган ёмон нарса нимага қайтарилганлиги  хусусида сенда кескин таҳдид бўлмаганда ҳам болани рағбатини у билан ҳиссиётини бирлашиб кетишини олдини олиш анча осон бўлади. Шуни билгин ки мақсад болангни катталардан фарқ қиладиган даражада табиати гўзал олий бир инсонга айлантириш эмас, балки сени қилишинг керак бўлган нарса бу нафсни  соғлом ва саломат шаклда қўполлик билан бошқани ихтиром қилмаслик ўртасидаги фарқни таъбир қилмоғлигингдир. Бу ерда сени мисол учун кўкатларни ёқтирмайман дейишинг билан оғзингни юмгин мана бу матоҳни кўзимдан гумдон қил дейишингни осмону ер қадар фарқи бордир.

-  Улар учун сен гўзал намуна бўлгин;

Албатта болалар ўзларини аксар ахлоқларини катталардан бир маънода сендан ва ўзларига яқин бўлган кишиларни кузатиш билан  ўрганадилар.

Фарзандлар ўсиб улғайиб гапириш ёшига етганда уларга қуйидаги (раҳмат) (Илтимос), (кечирасиз) га ўхшаш сўзларни кўп эшиттириш, ҳеч қачон улар бошқаларни устидан кулимсираб, ёки менсимай гапирилган гапни асло эшитмасинлар.

-  Фарзанд ҳаддан ошган замон унга бериладиган имтиёзлар тўхтатилади. Агар кичкинтой бирор иш учун одобсиз гаплашса тўхтатиб, унга шундай деб айтилади: “Мен, ҳаммани олдига мен билан бундай муомала қиладиган киши билан чиқишни истамайман, кечирим сўрайсанми?” Агар у: “Йўқ”, деса, инжиқлигида давом этаверса машинани тўхтатиб, орқага қайтилади. 


Ота-оналарнинг тарбия қилишдаги хатолари

-     Ота ва онани эй лапашанг деб айтиши: бола хато қилганда эй аҳмоқ, эй эшкак, эй одобсиз, сен эшаксан дейиши нотўғри ҳисобланади. Ваҳоланки фарзанднинг ўзи хато эмас балки унинг қилган иши хатодир.

-     Уриш билан тарбиялаш: бола хато қилганда танбеҳ бериш ва тергаш учун бир қанча жазо турлари бўла туриб болани уриш билан тарбиялаш хато ҳисобланади.

Уришдан олдин танбеҳ беришга лойиқ бўлган муҳим омиллар:

-    Севган нарсаларидан махрум қилиш;

-    У билан алоқани кесиш;

-    Танбеҳ бериш;

-    Ташлаб қўйиб, қовоқ солиш;

-    Ота-оналар 10 ёшга етмаган фарзандларини қилган баъзи бир амалларига улар яхши кўрадиган ҳолва ва шунга ўхшаш нарсаларни бериб, қизиқтириб бориш ўрнига  жаннатда оласан дейишлари. 

-    Болаларни бир бирига рақиб рухида ўстириш. Вахоланки дунёда биронта бир бирига ўхшаш инсон йўқ. Инсоннинг шахсиятидаги ўхшаш бўлмаган омилларни болалар билан муомала қилишда кўз олдимизда тутишимиз лозим. Шундан келиб чиқиб айта оламизки, Ота-оналар болаларни зеҳнлари ҳар хил эканига қобилиятлари ҳам турлийлигига қарамасдан болаларни тенг кўришлари уларнинг хатоларидир. Фарзандларни бир бири билан солиштириш охир оқибатда кичикларни бошқаларга нисбатан ҳасад ва кўролмасликка олиб боради. 

-    Уларни дуоибад қилиш: оналарнинг шошиладиган нарсаси уларни дуоибад қилиши.

-    Ваъдага вафо қилмаслик: Ота-оналар фарзандларига ваъда бериб, кел урмайман дейди. Бола келгач уради.  Уларга шундай насиҳат қилардим, ваъдамиз қанчалик катта ва ё кичик бўлмасин унга бевафолик қилишимиз бу, исломий одобга ва тарбиявий одоб ахлоққа тўғри келмайди. 

-    Ёмон манзараларни кўрсатиш: унинг шаънини, ботирлигин уйғотиш ўрнига ёмон, уни таҳқирлайдиган манзараларни кўрсатиш.

-    Ёқтирмаган нарсасини совға қилиш: аслида ота яхши кўрган нарсани эмас, балки бола яхши кўрган нарсани бериш тўғри ишдир.  

-    Унга ёлғон гапириш: ёлғон одатларининг ичидаги энг ёмони ва жазога лойиғидир.  Бола улардан ўрнак оладиган кишилар унга ёлғон гапиришлари уни ҳам  ёлғон гапиришига сабаб бўлади. Бора-бора бола ёлғон гапиришга одатланади.

-    Гапимга қулоқ сол жаннатга кирасан: Болалар 10 ёшгача ҳиссий нарсаларни идрок қила олмайдилар, балки уларнинг идроки, кўргани ва ушлаганидир. Бир парча ҳолва унга жаннатдан тотлироқдир. 

Бу унинг табиатига жаннатга бўлган муҳаббатни экиш керак эмас дегани эмас, балки ёшига нисбатан бир босқич бўлиб, уни ўзига яраша қоида ва талаблари мавжуддир. Ўн ёшдан кейин эса уларга жаннат ва дўзах ҳақида гапириш мумкин бўлади. 

-     Ўқувчидир инсон эмас: Ота-оналар фарзанди мактабга бориши биланоқ унга ўқувчи маъносида муомала қилиб, ҳаётда ўқишдан бошқа мақсади йўқ деган фикрда бўладилар. Кўпинча биз гўшт ва суякдан иборат бўлган инсон билан муомала қилаётганимизда, сезиб, ҳис қиладиган ва ақли ҳам ўша ҳиссиётининг бир бўлаги бўлган инсон, яхши ўсиши учун иймоний, жисмоний ва ижтимоийи эътиборга муҳтож эканлигини, қолаверса ўйин кулги қилиши, хафа бўлиб хурсанд бўлиши, дўст ортириши кераклигини эсдан чиқариб қўямиз. 

-     Фақат ҳиссиёт: баъзи Ота-оналар фарзандлар билан муомала қилаётганда ҳиссиётга айниқса кўз ҳиссиётига диққат қиладилар. Ваҳоланки болаларда қобилият ҳар хил бўлади. Баъзилари кўргани ва ушлаганидан кўра эшитганини яхши тушунади. Баъзиларини эса қўлидан ушлаб, бағринга боссанг қувониб, маълумотни тезроқ англайди.

-     Ўпиб, бағрига босмаслик: бола Ота-онаси эркалаб, ўпиб бағрига босгандаги ҳиссиётларга муҳтождир ва ўзининг зарурий ички туйғуларини у билан тўлдиради. Бу эса бола Ота-онаси бағрига босгандаги нақадар ўзини бахтли ҳис қилганида кўринади. 

-     Фарзандларга таҳорат ва намозларни жуда эрта ўргатиш: етти ёшга тўлмаган болаларни суннат ва фарзлари билан бирга таҳорат олишга буюриш мумкин эмас. Ёш бола отаси билан намоз ўқимоқчи бўлганда, таҳоратинг йўқ, деб ҳайдаш мумкин эмас. Бола намозга буйруқсиз ва қайтариқсиз ўзи ўргана бошлайди, хоҳласа ўқийди хоҳласа ўқимайди. Таҳоратни “мен таҳорат қиламан” деган пайтда муҳаббат ва сабр билан ўргатилади.  

-     Тарбия емоқ, киймоқ ва ўрганиш: кўпчилик оталар тарбия деб фарзандларини едириш, мактабларда ўқитиш ва уларга энг яхши кийим олиб бериш деб хато қиладилар. Ҳақиқатда эса фарзандларга гўзал одоб ахлоқ ўргатиш ва уларни шуурларида қадриятларни экиш ва доим айтган ва қилаётган ишларини кузатишдир.

-     Эрта ҳалок қилиш: бола расм чизишни яхши кўради, лекин ота бу нима аҳмоқлик, бу жуда хунук, вақтингни бекорчи нарсага сарфлаяпсан, дейди. Нарсаларни бузиб ясашни яхши кўрадиган болаларни “уста бузармон” дейишлари болани қизиқишини эрта ҳалок қилишдир. Аслида болага ўйинчоқ олиб бергандан кўра устабузарманлиги боладаги қобилиятларни ўрганиш учун энг осон йўлдир. Бу қобилиятларни кашф ва инфоқ йўли билан  ўстириб шижоатлантириш лозим.

-     Калтак билан Қуръон ёдлатиш: болани жаҳл билан уриб Қуръон ёдлашга ундасак, у калтак зарбидаги аламни Қуръонга боғлайди. Натижада Қуръонни севмайди. Уларни Қуръон ёдлаш учун ўйиндан тўссак, бундай қилиш кўнглини безишига, зеҳнини пасайишига, унинг учун ҳаёт ғамгин бўлишига сабаб бўлади, ва бундан қутилиш учун ҳийла ишлатишгача боради. (Имом Ғаззолий)  

-     Сабабларни айтмасдан жазолаш: фарзандларни жазолаб: сен бу ва буни қилганинг учун сени урдим дейди, ёки жазолаб, бола хатони тушунди деб, сабабини тушунтирмайдилар. Бу ахлоққа тўғри келмайдиган ишдир. Аслида эса фарзандларга жазолашдан олдин хатони тушунтириш керак, тушунтиргач жазолаш ўғри бўлади ва мана шунда жазо болани хатосидан кейин чиққан ғазабининг интиқоми эмас, балки тарбиявий омил бўлади. Жазо ҳам хатога яраша бўлишини таъминлайди.

-     Отам ҳам шундай эдилар: Умар розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Фарзандларингизни замонингиз билан эмас ўз замонлари билан тарбияланглар.” Ўзлари калтакланиб тарбияланганларидек, фарзандларини ҳам калтаклаб тарбиялаётган оталар буни билишлари лозим. Бугунги кунга келиб, замонавий тарбия илмлари бир қанча янги тарбия усулларини ихтиро қилган булардан бир шиддат билан уриш оқибатлари боланинг руҳида ёмон таъсурот қолдирганлиги исботланган.

-     “Олабужи, бўбў ва ялмоғиз кампир” ёмон таъсуротли ҳикояларни айтишни тарк қилинг. Ёмон эртаклар боланинг руҳига ёмон таъсир қилади. Ҳатто қоронғу уйда бирон кишисиз ўтира олмайдиган, қўрқоқ бўлиб қолади. Шунинг учун боланинг ғурурли қиладиган ва чиройли ахлоқлар ўргатадиган ҳикоялар айтиб бериш лозим. Укол қиламан, ке бўбў буни еб қўй, ва шунга ўхшаш болани қўрқитадиган сўзлар унинг руҳиятига ёмон таъсир қилади. Оқибатда даволаб бўлмайдиган ҳолатлар юзага чиқади.

-     Асабийлаштирадиган тарбия: онани отага, отани муаллимга шикоят қилиб, ҳамма болани зиёнига ҳаракат этишлари болада асабийлашишни пайдо қилади ва натижада муаллим сабаблий таълимни ёмон кўради. Баъзи ишлар борки буни ота муаллимга билдирмасдан бартараф қилиш керак, баъзилари эса отага билдирмасдан бартараф қилиниши лозим. Агар вазият уй билан мактабни боғланишини тақозо қилса, муаллим отага болага кузатилаётганини билдирмасдан кўрсатма бериши лозим. 

-     болани нотўғри танқид қилиш: болани танқид қилишдан мақсад албатта тарбия ва тўғри йўл кўрсатиш бўлиши лозим. Агар бола хато қиладиган бўлса унга сен бундай қилиш ўрнига мана бундай қилишинг керак эди ўйлайман сен қасддан қилмагансан дейиш керак. Мана шундай бола ўргатилади ва бола хулқини ўзгартиради.

-     У билан ўйин ўйнамаслик: баъзи оталар болалари билан ўйнашни обрўларига путр етказувчи вақтларини кеткизувчи деб биладилар. Пайғамбар алайҳиссалом эса Ҳасан ва Ҳусайн набираларини устларига чиқариб олиб эмаклаб ҳам юриб ўйнатардилар. Ота бундай қилиши билан болаларини хурсанд ва бахтли қилади қолаверса тарк қилиши билан танбеҳ ва тарбия бериш учун уришни ўрнига омил бўлади.

-     Ўқув йилида уларни ўйнашдан ман қилиш: Ота-оналарни яна хатоларидан бири фарзандларини уқув йили мобайнида ўйнашдан ва кўнгил ёзишдан қайтариб уларни бутунлай дарсларга боғлаб қўйишлари. Бу эса ўйин билан ўсадиган болалар табиатига зид бўлган бир ишдир. Шунинг учун болаларимиздан кўпчилигини дарс ва машғулотлардан, руҳан сиқилгани ва ўз табиатида бор бўлган лаззатидан маҳрум қилингани учун безиб қочганини кўрамиз.

-     Эҳтиром учун эмас: (марҳамат қилсангиз илтимос буюринг жаноб саййидим) ушбу сўзларни Ота-оналар фарзандларига ишлатмайдилар ваҳоланки бу Ота-она ва фарзанди орасида самимий эҳтиромни пайдо қиладиган зарурий гаплардандир. Мана шунда фарзанд бошқаларни айниқса ўзидан катталарни ҳурмат қилишни ўрганади.

-     Тўйдириб ташлайдиган ютуғ: яна хатолардан бири бу отанинг боласига тўғри жавоб бергандаги мукофотини ҳаддан ошириб юборишидир. Аслида эса тўғри тарбиялаш қоидасига кўра ҳар бир ишда ўрта ҳоллик маъқулдир.

-     Қиз болаларни ошхонадан чиқариб юбориш: баъзи оналар борки қизларини ошхонадан, овқат қилишни ўрганишдан қайтарадилар. Бунда улар қизларини турмушга бергандагина биладиган катта хатога йўл қўядилар. Ана шунинг                  учун оналар қизларига турмуш ҳаётида керак бўладиган таълимотларни          ҳозирдан ҳафтада бир кун бўлса ҳам бериб борсинлар.

-     Ғазаб...ғазаб: Ҳамиша Ота-оналарга насиҳатим шуки болалар хатосига нисбатан кўксиларини кенг тутсинлар ва уларга нисбатан психологик руҳда муомалада бўлсинлар. Болаларимиз бизни ҳеч қачон жаҳлимиз чиқишига ва уларга қараб бақиришимизга сабаб бўлмасинлар!

-     Эру хотин уришиши: Ота-онани болалар олдида жанжаллашиши онайизори хўрланишини, отажониси ҳурматсизланишини кўраётган кичкинтойлар учун ҳақиқий қурбон бўлишдир. Бу эса болаларнинг руҳиятига жуда ҳам салбий тасир қилади. Кошки Ота-оналар ўзаро тушунмовчиликларини ўз хоналарида паст овозлар билан ҳал қилсалар эди яхши бўларди қолаверса ана ўша жажжиларга раҳм шафқат қилган бўлар эдилар.

-     Мен чарчаганман: болажонлар бирга ўйнашлари, бир нарсалар ўрганишлари ва гаплашишлари учун оталарини ишдан қайтишини мароқ билан кутадилар. Аммо ота ишдан чарчаб келгани ёки асаби торлиги сабабидан уйга кириб ҳеч ким ҳеч нарса гапирмаслигини сўрайди. Мана шундай ҳолатлар болаларни тушкинликга тушишларига ҳамда уларни ноумид бўлишларига сабаб бўлади. Натижада ота улар ишонган ва суянган ўртоқ бўлолмайди.

-     Мактабдаги ҳолатидан хабардор бўлиб турмаслик: икки томонлама олиб бориладиган тарбия жараёни бир хил равишда давом этиши ва тўла тўкис тамомланиши учун албатта оталар боланинг устозлари билан боғланган бўлиши керак.

-     Бировларни ҳақоратлаш: Баъзи Ота-оналарнинг фарзандлари билан биргаликда бўладиган ўтиришлари раҳбарлар, устозлар, қўни қўшнилар ва шунга ўхшаш ҳар хил тоифадаги кишиларни танқид қилиш билан ўтади.  Буни болалар эшитиб оладида бошқаларни ҳақорат қилишда, ғийбат қилишда ва ким бўлишидан қатъий назар менсималикда Ота-оналарига эргашиб натижада ҳеч кимсани ҳурмат қилмай қўядилар.

-     Назоратни йўқлиги: телевизирдан нима кўряптилар, қачон кўряптилар ва қанчалик фойдаланияптилар, қайси бўлимларга киряптилар, қанақа газеталар уқишяпти? Фойдалийми ёки бекорчими? буларни билиб туриш учун Ота-оналарда болаларига нисбатан зўравонликдан иборат бўлмаган назорат бўлиши шарт. Мана шуларни барчасини гумон ва шак пайдо қилмасдан олиб бориш хатоларни тўғрилашда ҳамда тўғри йўналтиришда жуда катта ҳисса қўшади.

-     Ҳаммага баробар назар ташламаслик: ҳаммага баробар эътиборлий назар ташламоқ ҳам бола тарбиясида муҳим рол касб этади. Гоҳо буни Ота-оналар ҳам мураббийлар ҳам эътиборга олмайдилар. Ваҳоланки бу болада жуда ҳам ажабланарли даражада таъсир қилади ҳатто бола бошқаларга қарагандек менга қарамаяпти тушунчасида гапирилаётган гапга ҳам қулоқ солмаслиги мумкин.

-     Узр йўқ: отани ўртоғига, ўғлига ё хотинига узр айтиши боланинг руҳида инсонларга нисбатан тавозулий бўлишни ва ҳақ эгаларини эътироф қилишни уруғини экади. Аммо узр айтишни ҳужжат биланми ҳужжатсизми тарк қилиш болани хатосини тан олмаслигига охир оқибат эса мутакаббир бўлишига олиб боради.

-     Юзга уриш: болани юзига қўлни кўтариб уриш бу унинг шанини хўрлаш демакдир. Бундан дийнимиз қайтаргандир чунки бунда Аллоҳнинг азизлаган ва чиройли суратда ясаб қўйганини хорлаш бордир. Бу фақатгина дангаса тарбиячиларнинггина одатидир.

-     Ўринбосарлик: тарбиядаги хатоларимиздан бири болаларимиз ўрнига жавоб беришимиз ва уларнинг тилидан гаплашишимиздир. Бу эса боланинг шахсиятини заифлантирадиган омиллардандир. Масалан оила азолари бир муноқаша дастурхонида утирганда болага ҳам оилада ўз ўрни борлигини, ҳамда унинг ўрнига ҳеч ким ўринбосар бўлолмаслигини билдириб қўйиш учун унга ҳам болам айтчи бу масалада сени фикринг қандай деб сўрамоғи лозимдир.

-     Болани олдида қўрққанини билдириш: бола атрофидагилардан яхшигина тасирланади масалан онасини ҳашаротдан қўрқиб бақирганини кўрса ва ё отасини кучукдан қўрққанини билса бу ҳам албатта ҳашаротни кўрса бақиради кучукни кўрса титрайди.

-     Моддий жазо: тарбиявий жиҳатдан фақатгина моддий рағбатлантириш ёки маълум нарсаларни ҳадя қилиш унчалик яхши баҳоланган эмас. Чунки тарбиявий омиллар ичида болани эътиборини қозонадиган бундан ташқари ўнлаб омиллар мавжуддир. Масалан рағбатлантириш,чиройлий сўзлар, мақташ, бирга сайр қилиш ва ҳоказолар.

-     Оиланг билан бирга утиргин: пайғамбар алайҳиссалом кўпинча Ибни Аббосни  олдиларида олиб ўтирардилар, ўнг томонларида бўлганлиги учун мажлисдаги ёши катталардан ҳам олдин у кишига ичимликни узатардилар. Шунинг учун ҳам у киши умматнинг олими, қуръоннинг таржумонига айланганлар. Демак биздан талаб қилинадиган тарбия болаларни катталар билан утиришга шижоатлантиришимиздир.

-     Ҳали отанга айтиб бераман: онанинг шахсияти кучсиз ва боласини тарбиялашдан ожиз  бўлса, боласига яхшиликни раво кўрмаса унда у боласини тўғри тарбиялаб хатоларини тўғрилашда дангасалик қилади. Шунинг учун доим; отанг қайтганда сени айтиб бераман, деб уни отасидан қўрқитади ва отани уйдаги чақмоқ марказига айлантиради. Аммо ўзи эса қўлидан ҳеч нарса келмайди ҳатто шахсияти заифлиги ва  унинг ёшлигидан тўғри йўллантирмагани учун боласи катта бўлганда онаси молини ўғирлайди ҳатто уради.

-     Катталар ҳам қиладиган хато: катталар ҳам унинг кўз олдида хато иш қилиб кейин эса унга жазолантирилмай худди шу хатога болани жазолантирилиши жуда ҳам катта бир ноҳақсизлик кўринишидир. Масалан бола бир пиёлани синдириб қўйганига уни даромадидан олиб қўйиб кейин худди шу хатони боладан кўра ёши катта ақли ҳам расо  онаси қилиб қўйса ҳеч нарса жазолантирилмаслиги зулмдир. 

-     Хўрлаш: Баъзи Ота-оналар болаларини хўрлаш билан қаттиқ маломат қилишга одатланганлар бу эса уйлаган мақсадни акси ўлароқ натижа беради. Агар бола хато қилса масалан унга сен яхшилаб қайтармагансан, сен муваффақиятсизсан дейилади. Уни ўрнига кел янгитдан бошлаймиз ўтган хатолардан дарс оламиз дейилса болани руҳиятида жуда ҳам катта таъсурот қолдирган бўлади.

-     Қулоғинг кетти: қулоғингни кесаман, у ёғингни бу ёғингни синдираман ва ҳоказо шунга ўхшаш ибораларимизнинг барчаси бола билиб турадиган ёлғондан айтиладиган жиддий бўлмаган сўзлардир. Шунинг учун ҳар доим сўзларимизда вазни ва исботи бўмоғи керак.

-     Тушунтиришсиз тергаш: энг яхшиси ота ва она боласига мен неча маротаба сенга телевизирни ўчир дедим ёки уйқу вақти келди сен ҳали дарсларингни тайёрламагансан дегани тўғридан тўғри бақириб кетишидан афзалдир.

-     Хоналарига кирмаслик: шайтонга ибодат қилувчи қизлардан бирини суриштирилганда у ота-онасини ҳали бир ярим йилдан бери хонасига кирмаганини айтади. Демак ота-она фарзандлаларини бепарволик билан ташлаб қўймасдан, хона деворларида қандай нарса ва суратлар осганликларига ва у ерда қандай китобларни сақлаётганларига эътибор қаратишлари лозимдир. Бу билан биз бутунлай уларни устидан назорат ўрнатиш ва уларни кузатиб текшираётганимизни билдириб қўйиш керак демоқчимасмиз.

-     Бошқаларни олдида изза қилиш: болани ўртоғлари, тенгдошлари ва қўшнилар олдида ноқулай вазиятга тушириш болани хўрлайдиган, руҳан синдирадиган ишдир. Ҳатто бу иш мурғак болани асабиятига қаттиқ таъсир қилади ва ҳеч қачон ҳеч қандай бола ривожланишига фойда бермайди.

-     Бир тўшакда ётиш: Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар; (“болаларингизни етти ёшидан намозга буюринг, ўн ёшга етганда (уқимаса) уринг, ётоқларида уларни (орасини) ажратинг”).

-     Сен эркаксан йиғлама: йиғлаш қалбдаги туйғу ва ҳиссиётни юмшатади, кўз ёш кўзни равшан қилади, баъзида эса бошдан ўтаётган хурсандчилик ва хафалик сабабли ичдан келади. Демак бу жиҳатдан йиғлаш фойдалийдир фақат аёлларга хос эмас эркаклик уни манъ қилмайди. Пайғамбар алайҳиссалом ўғиллари Иброҳим вафот қилганда йиғлаганлар. Шунинг учун болаларни; эркаклар йиғламайдилар деб йиғлаган заҳотиёқ тўхташга буюриб уларни йиғлашдан қайтаришимиз нотўғридир.  

-     Кичкинтаккина алдоқчи: бола беш ёшгача хаёлий кечинмаларни гапириб бериши мумкин. Воқеаликда ундан асар ҳам бўлмайди буни хаёлий ёлғон деб аталади бундан болани ёлғончи деб номлашимизга нисбатан ҳеч қандай қўрқадиган ва ё безовталанадиган жойи йўқ. Балки табиий ўсиш даврига хос бўлган ҳолат бўлиб тезда, чиройли ўтиб кетади.

-     Сўрамасдан бажар: болани хоҳ уйда хоҳ мактабда буюрилаётган ишга ва олиб борилаётган сиёсатга қаноатлантириш жуда ҳам муҳимдир. Болага нисбатан диктатурликни қўллаш оқибати ёмондир балки уни ўрнига ҳар бир буюраётган ва қайтараётган ишларимизни моҳиятини тушунтиришимиз фойдалидир у билан бўлаётган муомалаларимиз фақатгина қилиши зарур бўлган буйруқлардан иборат бўлмасин.

-     Баданий жазо: юз ўгириш, аразлашиш, бирор нарсадан маҳрум қилишга ўхшаш маънавий жазолар мавжуд бўла туриб болани ўзига нисбатан хўрлаш, менсимаслик туйғуларини уйғотадиган калтаклашга чегараланиш  охир оқибатда уни душманга айлантиради. Шунинг учун Ота-оналар болаларни жазолантириш  зарурати бўлганда энг аввало барча маънавий жазоларни қўллашлари зарур. 

-     Махсус мактаб: болани имконияти тўғри келмайдиган хос мактабга берилиши уни бирга ўқийдиган ўртоқларига моддий жиҳатдан тенглашиб олиш мақсадида ўғриликга рўбарў қилади, худди шундай ана ўша тенгдошлари бунинг учун ҳасад қилиш ўчоғига айланадилар. Натижада келажакда ёмон оқибатларга сабаб бўлади.

-     Ёлғондан ўзини виқорлий (жиддий) кўрсатиш: баъзи оталар болаларга нисбатан виқорли бўлишни қовоқ солиш ва ҳўмрайиш деб биладилар бу эса айни хатодир. Пайғамбар алайҳиссалом биз учун ўрнак, намуна эдилар. У зот доим табассумли эдилар, болаларга ҳурмат қилсинлар деб ҳеч қачон қовоқ солмасдилар балки, улар билан кулушар ва уларга илм ўргатардилар. Шунинг учун, улар ҳам у кишини яхши кўриб итоат қилардилар.

-     Тарбиядаги келишмовчилик: болани бир иш ё бир сўзга мукофотлаб, худди шу ишни акаси бажарганда жазолантириш тарбиядаги хатолардан биридир. Худди шундай бир иш ёки бир сўзга отаси жазолаганда отаси йўқлигида онаси уни мукофотлаши ёки ота ё она тарфидан мақтаб мукофотлантираётган бир пайтда иккинчи томон бошқа бир хатоси учун уришиб жазолаши. Тарбияда аксини бажариш катта хато ҳисобланиб бола табиатидаги қатиятлийликни сўндиради. 

-     Муомалада адолатсизлик: болалар орасида адолат билан муомала қилишга динимиз қаттиқ буюрган Пайғамбар алайҳиссалом “болаларингиз орасида адолатлий бўлинглар, болаларингиз орасида адолатли бўлинглар”, деб марҳамат қилганлар. Адолат барча нарсада бўлиши керак масалан эркалашда, қучоғига олишда, ўпишда ва ҳоказо ишларда. Айниқса оналар иккинчи боласи келганда биринчисини бепарво қолдирмасинлар токи укасига қарши нафрати ва ҳасади кучайиб оқибатда укасига зарар беришгача олиб бормасин.

-     Дуойи бад қилиш: оналарни болалар бақиртирганда нақадар улар дуойи бад қилишга шошиладилар. Пайғамбар алайҳиссалом “болаларингизни ёмон дуо қилманглар”, деб буюрганлар. Бундай оналар ўзларини жаҳлда дуо қилганларини ўйлайдилар аммо бу иш яна бир бор онага мурожаат қилишни тақозо қилади.      



Имоми Муҳаммад Мунаввар таржимаси