1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Фарзанд тарбияси (12-дарс)

10:27 / 13.12.2017 4004 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дарс Қуръони каримдан, ҳадиси шарифдан, зикрлар ва дуолардан ёд олинганларини текшириб чиқиш ила бошланди. Сўнгра ота: «Ҳозиргача Аллоҳнинг гўзал исмларидан қанча ёд олдинглар?» деди.

Фотима: «Отажон, ҳозиргача сиз билан қирқдан ошиқ исмларини ёд олганимизни текшириб чиқдим», деди.

Ота: «Яхши, тўқсон тўққизта исмни ёд олишингизни ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларига эришишингизни хоҳлайман», деди.

Маҳмуд: «Сизга Аллоҳ яхшиликни башорат қилсин, отажон, бу башорат қандай башорат?» деди.

Ота деди: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“АЛЛОҲнинг тўқсон тўққизта исмлари бор, ким уларни ёд олиб, ўзига сингдирса, жаннатга киради”, дедилар.

(Имом Бухорий ва Муслимривоятлари.)

Кимки бу исмларни ёд олса, маъноларига эътиқод қилиб, уларга амал қилса, Аллоҳ уни жаннатга киритади».

Маҳмуд: «Иншааллоҳ, ушбу гўзал исмларни ёдлаб оламан ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларига эришаман. Барча айбу нуқсонлардан пок ва улуғ бўлган Зотнинг қайси исмларини бугун ёд оламиз?» деди.

Ота: «Аллоҳниг гўзал исмларидан Ъалий (олий ва тенги йўқ), Кабийр (ҳар бир нарсадан катта, ўта буюк), Ҳафийз (ҳар нарсани, ҳар кимни комил суратда муҳофаза қилувчи), Ғоний (беҳожат, ҳеч кимга ҳожати тушмайдиган Зот) бордир», деди.

Шу вақт Фотима акса урди, акса урган вақтда дастрўмолчаси ила оғзини ёпди, сўнгра: «Алҳамдулиллаҳ (Аллоҳга мақтов)», деди. Қолганлар: «Ярҳамукаллоҳ» (аёл кишига «Ярҳамукиллаҳ») – («Аллоҳ сенга раҳм қилсин»), дедилар.

Фотима уларга қаради ва ҳамма ундан жавоб кутаётганини кўрди, шунда отасига қараб: «Нима деб жавоб қайтиришим керак, отажон?» деди.

Ота деди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга мусулмон акса урганда «Алҳамдулиллаҳ» дейишни, буни эшитганлар унинг ҳаққига дуо қилиб «Ярҳамукаллоҳ» (аёл кишига «Ярҳамукиллаҳ») дейишни, акса урган жавобига «Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳ балакум» (яъни, «АЛЛОҲ сизларни ҳидоят қилсин ва аҳволларингизни яхшиласин») дейишни ўргатганлар.

Суюклиларим, бугунги дарсимизни тонгги ва кечки зикрлардан бўлган бир зикр ила тугатамиз:

لاَ إِلَهَ إلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيْكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيءٍ قَدِيْرٌ

«Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шай’ин қодийр».

(Маъноси: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, Якка-ю ягонадир. Унинг шериги йўқдир. Мулк Уникидир, ҳамд Унгадир ва У ҳар бир нарсага қодирдир».)

(Абу Довуд ривояти.)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Кимки буни тонг отганда айтса, худди қул озод қилгандек бўлади, унга ўнта яхшилик ёзилади ва ўнта ёмонлиги ўчирилади, жаннатда ўн даража юксалтирилади ва кеч киргунча шайтондан Аллоҳнинг паноҳида бўлади. Агар буни кеч кирганда айтса, то тонг отгунча шундай бўлади».

Энди дарсимиз ҳам тугади, фарзандларим».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамзий кичик ёшли бола. Ҳар куни далада ишлайдиган отасига тушлик овқат ташийди. Бир куни узоқ тепаликдаги қоялар бағрида шакли ноаниқ бир нарсани кўрди. Шунда давоми...

2901 05:00 / 16.02.2017
Дарс Қуръони каримдан ёд олинганини текшириш ила бошланди. Сўнгра ота танишбилишларнинг аҳволини сўради.Шунда Фотима .Мактабдан қайтаётганимда йўлни кесиб давоми...

3348 15:59 / 21.12.2017
Холид кучли, жуда қўрқмас бола. Стулни бир қўли билан уни букмасдан туриб кўтара оладиган кучи бор эди. Мактабда спортнинг кураш тури билан шуғулланарди. Ҳеч ким давоми...

2800 05:00 / 16.02.2017
ЎН УЧИНЧИ САБОҚОТАОНАНГИЗНИ ҲУРМАТ ҚИЛИНГАссалому алайкум, менинг жажжи мусулмон биродарларимЎтган машғулотларда топширган сабоқларимни эсдан чиқариб давоми...

2558 05:00 / 15.02.2017