1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Эҳтиёт ва яхши гумонда бўлиш

05:00 / 14.02.2017 3855 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Насл-насаб масаласи нозик масала. Фақат пок никоҳ алоқаси орқалигина инсон насли соғ-саломат ушлаб турилади. Насабларнинг, наслларнинг аралашиб, бетайин бўлиб кетиши эса инсоният учун катта мусийбатдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бани Фарозалик бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Хотиним қора бола туғди?!» деди.
«Сенинг туяларинг борми?» дедилар у зот.
«Ҳа», деди.
«Уларнинг ранги қандоқ?» дедилар.
«Қизил», деди.
«Ичида оқишлари борми?» дедилар.
«Албатта, уларнинг ичида оқишлари бор», деди.
«Ўша нарса уларга қаердан келган?» дедилар.
«Шоядки, ирқи тортгандир», деди.
«Буни ҳам, шоядки, ирқи тортгандир?!» дедилар
.
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Эр хотинни зинода гумон қилди. Чунки, у қора бола туғди. Отаси ҳам, онаси ҳам оқ бўла туриб қора рангда туғилган бола ҳақида нима дейиш мумкин? Бу одам хотинини қора одам билан зинода бўлиб, ундан бола ортдирган бўлиши мумкин, деган гумонга борди. Лекин гумонини очиқ айтмади. Хотинга туҳмат қилмади, ёмон қарамади, айблашни бошлаб ҳам юбормади. Бориб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради. Сўраганда ҳам, хабар берган маънода сўради. Жуда эҳтиёткорлик билан иш тутди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг нима демоқчи эканлигини дарҳол тушундилар, ва у одам учун энг тушунарли нарсани мисол қилиб олиб, унга қарши савол бердилар. Саҳро араблари туяни жуда яхши биладилар. Жумладан, туянинг болалаши, кўпайиши ва унга оид барча икр-чикирларни ҳам яхши биладилар. Албатта, ҳамма туя ҳам бир хил рангда бўлавермайди. Битта ота, битта она туядан туғилган бўталоқларнинг ранги ҳам турлича бўлиши мумкин. Бу ҳақиқатни туя боққан ҳар бир киши яхши билади. Ана ўша бошқа рангли бола туғилиши, ирқ тортишидан, ўтган ота-бобо ёки момоларидан бирортасининг ирқидан бўлишини ҳам яхши биладилар. Ирқ тортиш бир неча авлоддан кейин бўлиши ҳам маълум нарса. Барча жонзотларда бўладиган бу нарса инсонда ҳам бўлиши турган гап. Бу ҳақиқатни тажриба ва илм тасдиқлагандир. Шунинг учун боланинг ранги унинг онасининг зинода айблашга далил бўла олмайди.
Шунинг учун аёл кишини зинода айблашда эҳтиёт бўлиш керак ва бу борада яхши гумонда бўлган маъқул. Аммо, бу яхши гумонлилик баъзи бир нафси бузуқларга зино томон йўл очиб бериши ҳам керак эмас.
Насл-насаб масаласи нозик масала. Фақат пок никоҳ алоқаси орқалигина инсон насли соғ-саломат ушлаб турилади. Насабларнинг, наслларнинг аралашиб, бетайин бўлиб кетиши эса инсоният учун катта мусийбатдир. Бу маънони келуси ҳадиси шарифдан ҳам яхши тушуниб олсак бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир аёл бир қавмга улардан бўлмаган шахсни киртса, унинг Аллоҳдан ҳеч бир нарсага (умиди) йўқдир ва Аллоҳ уни зинҳор жаннатига киритмас. Қай бир эркак ўзи қараб туриб ўз боласини инкор қилса, Аллоҳ таоло ундан ҳижобланур ва аввалги-ю охиргилар ҳузурида уни шарманда қилур», дедилар
».
Абу Довуд, Насаий ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Зино қилиб ортдирган боласини ўз эри қавмига билдирмай қўшиб юборган аёл, дунёдаги энг бадбахт аёллардан бўлади. Ундоқ нобокор аёлнинг икки дунёси куяди. Аллоҳнинг динидан бирор насибага эга бўлмайди. Охиратда эса Аллоҳ таоло уни дўзах азоби ила азоблайди ва жаннатга яқин ҳам келтирмайди.
Бировнинг боласини бошқа қавмга қўшиш қанчалик ёмон бўлса, ўз боласини билиб туриб инкор қилиш ҳам шунчалик ёмондир. Ўша гуноҳ ишни қилган одамдан Аллоҳ таоло ҳижобланади ва қиёмат куни барча халойиқ олдида уни шарманда қилади.
Шундоқ йўллар билан Ислом инсоният наслини соғ-саломат, ҳаром-хариш аралаштирмай сақлаб келган. Зотан Ислом шариатининг беш бош мақсадларидан бири ҳам наслни муҳофаза қилишдир. Ислом йўқ жойда эса, насл-насабнинг таъйини қолмаслигини кўриб-билиб турибмиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бутун борлиқни ва ундаги мавжудотларни яратган холиқ, Аллоҳ субҳонаҳу ва Таоло уларнинг борлиқдаги мавжудлигини турли сабабларга боғлаб қўйган. Ушбу сабаблар давоми...

3475 05:00 / 14.02.2017
Валимага уламоларимиз, никоҳ муносабати билан одамларга зиёфат уюштириш деб таъриф беришган. Чунки Пайғамбаримиз алайҳи салом айтганларки Келинга валима зиёфат давоми...

7345 05:00 / 15.02.2017
Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эрхотин ўртасини маҳкам боғловчи ришта никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. давоми...

9558 16:26 / 02.08.2017
ТАЛОҚНИНГ ТЎРТИНЧИ ШАРТИ БЕДОР БЎЛИШИТалоқнинг тўртинчи шарти талоқ қўювчи бедор бўлишидир. Шунинг учун уйқусраб ёки уйқусида қўйилган талоқ талоқ давоми...

8142 05:00 / 15.02.2017