1440 йил 14 сафар | 2018 йил 23 октябрь, сешанба
Минтақа:
UZ EN RU AR
Жамият

Эътиқод амал билан улуғ

22:21 / 13 февраль 1163 Ўқиш режими + -

Миннатдорлик

 

Эътиқод амал билан улуғ

Мамлакатимизда барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқ манфаатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, Ислом динини кенг тарғиб этиш, бу борада қулайликлар яратишга қаратилаётган саъй-ҳаракатлар ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Чилонзор туманида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи билан аталувчи масжид бунёд этиладиган бўлди. Куни кеча Президентимиз масжид бунёд этиладиган жойга ташриф буюриб, унинг қурилиши масаласида ўз тавсияларини бердилар. Бу нафақат биз – оила аъзоларини, балки халқимизни ғоятда қувонтирди. Шу билан бирга, зиммамизга улкан масъулият ҳам юклади. Негаки, эндиликда шайх ҳазратлари бошлаган ишларни давом эттиришда янада шижоат билан меҳнат қилиш лозим бўлади. Янги бунёд этилаётган мажмуада масжид, ҳазратимизнинг ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи музей, кутубхона, қироатхона, шунингдек, халқаро анжуманлар ўтказишга мўлжалланган уч юз кишилик кошона қуриладиган бўлди. Хуллас, мўмин-мусулмонларимиз учун ибодат қилиш ва маънавий озуқа олиш учун муносиб барча шарт-шароитлар муҳайё қилиш кўзда тутилмоқда.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам динимиз ривожи йўлида бор кучини, илмини сарфлаган, одамлар қалбига ҳидоят, эзгулик уруғларини қадайдиган забардаст аллома эдилар. Бу зот Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси вазифасида ишлаб юрган пайтлари собиқ иттифоқ раҳбари М.Горбачёвга расман мурожаат қилиб, ҳаж зиёратига борувчи мусулмонлар сонини кескин кўпайтиришга эришганлар. Мисол учун, 1990 йилда Марказий Осиё республикаларининг ўзидан беш юз нафар киши Тошкент шаҳри орқали ҳаж зиёратига борган эди. Бунгача эса бутун иттифоқ бўйича атиги 20-30 кишигина ҳажга олиб борилган.

Бугунги кунда шайх ҳазратларининг 120 дан зиёд диний-маърифий асарлари нашр этилди. Бу қадар улкан илмий мерос кўп йиллик машаққатли ва шарафли меҳнат маҳсулидир. Президентимиз бу қадар буюк хизматни эътироф этиб, «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун Ислом оламида тан олинган олим эди. У зот ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганиш ва тарғиб этиш, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлаган эди», дедилар.

Шайх ҳазратлари ўзларига ҳам, бошқаларга ҳам жуда талабчан инсон эдилар. Аллоҳ таолонинг ҳар бир неъматини, айниқса вақтни ниҳоятда қадрлар эдилар. Шу боис барча ишларини тартибли ва вақтида амалга оширганлар.

Падари бузрукворимиз бир ишга қўл урсалар, уни аввало Аллоҳнинг розилиги йўлида, динимиз ва шариатимиз йўлида сидқидилдан бажарардилар. Дин учун, Ватан учун хулуси ният билан қилинган бу фидокорона хизматларининг давлатимиз раҳбари томонидан юксак эътироф этилиши, эҳтиром кўрсатилиши фақат шайх ҳазратларига эмас, балки динимизга, барча мусулмонларга кўрсатилган эҳтиром десак, хато бўлмайди. Шайх ҳазратлари қолдирган улкан илмий мерос халқимиз маънавиятини бойитишга хизмат қилар экан, Президентимизнинг ушбу хайрли ташаббуси аввало халқ манфаатига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ушбу эътироф эълон қилинган кундан бошлаб бу хушхабар нафақат юртимиз, балки бутун дунё мусулмонлари томонидан, жумладан, ҳазратимизнинг ҳамкасблари, шогирдлари томонидан жуда катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Энг яқин сафдошлари ва шогирдларидан бири Ҳожи Акбар Тўражонзода ҳазратлари ҳам қўнғироқ қилиб, ушбу хабардан жуда хурсанд бўлганини билдирдилар, Президентимизга ўз ташаккурларини етказиб қўйишни сўрадилар, у кишининг ҳақларига дуо қилдилар. Бундай самимий табриклар кўплаб шогирдлари, сафдошларидан, бутун дунёдан, МДҲ давлатларидан ҳам тинмай келиб турибди.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, шайх ҳазратлари етук аллома сифатида ўз ҳаётининг ҳар бир жабҳасида, ҳар бир ишда, жумладан, оилада, фарзандлар тарбиясида шариат аҳкомларига қатъий амал қилганлар, Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига асосланганлар. Зеро, Исломда фарзандга гўзал тарбия бериш юксак ибодат сифатида, шарафли бурч сифатида улуғланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота фарзандига берадиган нарсаларнинг энг афзали гўзал одобдир», «Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақасидан яхшироқдир», деганлар. Шунинг учун падари бузрукворимиз фарзанд тарбиясида ҳам талабчан, ҳам меҳрибон мураббий эдилар. Бу хислатлари яқинлари ва шогирдларига муносабатларида ҳам яққол сезилиб турарди.

Эсимда, падари бузрукворимиз бизга кичиклигимиздан қатъий кун тартибига риоя қилишни ўргатардилар. Ўқиш, ёзишни ўрганган пайтимизданоқ ёнларига чақириб, «Бир кунлик иш тартибингни ёзиб кел», дер эдилар. Ёзиб келсак, уни таҳлил қилиб, керакли маслаҳатларини берар, ҳар бир нарсани ёшимизга муносиб тарзда тушунтирардилар. Умрларининг сўнгига қадар йўл-йўриқ кўрсатишдан малолланмаганлар.

Ҳазратимизнинг яна бир яхши одатлари шу эдики, «Аввал айтганман, яна қайтаришим шартми», демас эдилар. Инсон зоти асли унутувчан эканлигини назарда тутиб, токи ўгитлари сингиб, ҳаёт тарзига айлангунча эслатиб туришдан ҳеч эринмаганлар. Фарзандларига, шогирдларига тартибли ҳаёт кечиришни, айниқса эрта туришни кўп тавсия қилардилар. Ўзлари ҳам бомдод намозидан аввал туриб, ишга ўтирардилар. Умуман, ҳар бир масалада тартибга риоя қилган ҳолда фаолият юритардилар. Айниқса, илмга кўп вақт сарфлардилар. Бизга «Нафл ибодатидан кўра илм олинглар, илм нафл ибодатининг ўрнига ўтади», деб кўп айтардилар. Турли учрашув ва тадбирларга борганида ҳам буни маросим деб ҳисобламай, соф диний таълимотни халққа етказиш пайида бўлардилар.

Падари бузрукворимизнинг яна бир ажойиб фазилатлари шуки, яхшилик қиламан, дин йўлида хизмат қиламан деган одамни ҳеч қачон қайтармасдилар. Ҳар қандай ҳолатда ўша одамнинг иқтидори ва салоҳиятига қараб хизмат буюрганлар, қўллаб-қувватлаганлар. «Бирор инсон олдингга келдими, унинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қил. Бу ишни кечиктирмагин, чунки одамзод ўзгариб туради. Бугунги ихлоси ёки имконияти эртага бўлмаслиги мумкин. Шу боис яхшилик йўлидаги одамга имкон қадар тез ёрдам бериш лозим», дер эдилар. Ҳузурларига келган инсоннинг ихлосидан имкон қадар фойдаланиб, йўлга солардилар. Бир сўз билан айтсак, у киши одамлар билан муносабат ўрнатишда кучли психолог эдилар. Шубҳасиз, бунда у кишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт тарзлари ибрат эди. Илмга амал қилингандагина унинг самараси  зоҳир бўлади. Ҳазратимиз билганларига амал қилардилар ва бошқаларни ҳам шунга чақирар, барчага ибрат бўлардилар. Ҳозирда ўқийман десангиз, китоблар кўп, интернетдан ҳар қандай мавзудаги маълумотни топишингиз мумкин. Лекин ўқиш бошқа, унга амал қилиш бошқа экан. Ҳазратимиз ўқиганларига қатъий амал қилганлари учун ҳам у кишига шу юксак мақом ато этилган бўлса керак.  

Шундай экан, ҳаёт йўли барчага ибрат бўладиган шундай улуғ инсонга кўрсатилаётган юксак эҳтиромга муносиб бўлиш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бу борада зиммамизга юклатилган вазифалар жуда кўп. Динимизни, аждодларимиз азалдан ардоқлаб келган эзгу фазилатларимизнинг тарғиботида бор куч-ғайратимизни сафарбар этиб, камарбаста бўлсак, бизни кўп улуғ манзиллар кутиб турганига гувоҳ бўламиз, иншааллоҳ!

 

Исмоил Муҳаммад Содиқ

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
“Hilol-nashr” нашриёт-матбааси ҳамда Islom.uz портали жамоаси Сулаймон қори даданинг ўғиллари Зикруллоҳ домла (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф давоми...

681 11:21 / 05 сентябрь
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир қавмга давоми...

1800 20:05 / 31.12.2017
Ислом оламида, хусусан, Саудия Арабистонида яқиндагина содир бўлган нохуш воқеалар порахўрлик масаласи ўта муҳимлигини кўрсатиб берди.Порахўрлик дунёнинг давоми...

2048 18:23 / 18.12.2017
Халойиқ ичра гар кўпайса айбинг, Мазаммат эшитсанг шоҳу гадодин, Аларни яширмоқ истаса қалбинг, Либос эт саховат отлиқ матодин. давоми...

862 17:00 / 05.08.2017
Топ рейтинг www.uz Openstat