1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Динингизда ҳаддан ошманг!

10:29 / 31.12.2017 4610 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳга нисбатан ҳақдан бошқани айтманг. Албатта, Масиҳ Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг расули, Марямга илқо қилган «Калимаси» ва Ундан бўлган руҳдир, холос. Бас, Аллоҳга ва Унинг расулларига иймон келтиринг. Учта деманг! Тўхтанг, ўзингизга яхши бўлади. Албатта, Аллоҳ ягона Илоҳдир, ўзга эмас. У Зот боласи бўлишидан покдир. Осмонлардаги нарсалар ҳам, ердаги нарсалар ҳам Уникидир. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур.

Ислом дини инсониятнинг ақийдасини тўғри йўлга солиш учун келган. Бу ўринда ушбу оят насороларнинг ақийдасини тўғриламоқда. Маълумки, насроний дини янгилик вақтида ақийдаси тўғри бўлган. Лекин замон ўтиши билан бу ақийда аста-секин бузила борган.

Аллоҳ таоло бу ояти каримада аҳли китоблардан бўлмиш насороларга хитоб қилиб:

«Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳга нисбатан ҳақдан бошқани айтманг», – демоқда.

Аллоҳ ҳақидаги ҳақ эса Ислом ақийдасида келгандир. Насоролар худо ёки ўғил худо ёки худонинг уч аслидан бири, деб эътиқод қиладиган Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги энг тўғри ақийда қуйидагичадир:

«Албатта, Масиҳ Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг расули, Марямга илқо қилган «Калимаси» ва Ундан бўлган руҳдир, холос».

Демак, Ийсо Аллоҳ эмас, балки Аллоҳнинг пайғамбаридир. Ҳа, у зот ҳам Иброҳим, Мусо, Муҳаммад ва бошқа пайғамбарларга ўхшаш пайғамбардир.

Шу билан бирга, Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг «Марямга илқо қилган калимаси» ҳамдир. Яъни у зот бошқаларга ўхшаб, оналари қорнида нутфадан пайдо бўлмаган, балки Аллоҳнинг «Бўл!» деган калимаси ила пайдо бўлган.

Ийсо алайҳиссалом Ундан, яъни Аллоҳдан бўлган руҳ ҳамдир. Бу «руҳ»дан мурод пуфлашдир. Чунки Аллоҳнинг амри ила Жаброил фаришта Биби Марямнинг ёқаларидан пуфлаганидан сўнг, Биби Марям онамиз Ийсо алайҳиссаломга ҳомиладор бўлганлар. Аллоҳ Одам алайҳиссаломни лойдан ясаб бўлганидан сўнг унга пуфлаганда жон кирган эди. У ҳам «руҳ» дейилгандир. Ҳақиқатан шундай бўлгач:

«Бас, Аллоҳга ва Унинг расулларига иймон келтиринг».

Яъни «Ягона Аллоҳга иймон келтиринг. Аллоҳнинг пайғамбарларига, жумладан, Ийсо пайғамбарга ва охирги Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтиринг.

«Учта деманг! Тўхтанг, ўзингизга яхши бўлади».

Яъни «Эй насоролар, Аллоҳ учта – ота, ўғил ва Муқаддас руҳ, деманг. Бундай нотўғри эътиқод ва гап-сўзлардан тўхтанг, ўзингизга яхши бўлади».

«Албатта, Аллоҳ ягона Илоҳдир, ўзга эмас».

Аллоҳ ҳақидаги ҳақиқий ақийда шудир. Ҳам борлиқдаги ҳақиқат, ҳам инсон ақли Аллоҳнинг ягоналигига шоҳиддир. Бу ҳақиқатни инкор қилиб, «Аллоҳ учтадир», дейиш гумроҳликдир.

«У Зот боласи бўлишидан покдир».

Бола туғиш ёки туғилиш наслни сақлаб қолувчи омилдир. Маълум муддат яшаб, сўнгра ўладиган махлуқларнинг насаби туғиш ила сақланиб қолади. Ҳамиша боқий Зот – Аллоҳга бу васф ҳеч тўғри келмайди. Унинг фарзандга нима ҳожати бор?! Ҳолбуки:

«Осмонлардаги нарсалар ҳам, ердаги нарсалар ҳам Уникидир».

Бундай Зотга банда бўлиш қандай яхши. Ким ўзининг Аллоҳнинг бандаси эканини тан олса, унга:

«Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур».



Масиҳ ҳам, муқарраб фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор ор қилмаслар. Ким Унинг ибодатидан ор қилса ва мутакаббирлик қилса, албатта, ҳаммасини Ўз ҳузурига тўплар.

Бу оятдан улкан бир ҳақиқат англаб олинади. Аввалги оятларда ягона Аллоҳга иймон келтириш – эътиқод қилиш лозимлиги ҳақида сўз кетган эди. Ушбу ояти каримада эса дунёдаги ҳамма-ҳамма, ҳатто насоролар худо деб эътиқод қилаётган Ийсо ҳам, Аллоҳга яқин (муқарраб) фаришталар ҳам Аллоҳга ибодат қилишдан бош тортмасликлари таъкидланмоқда.

«Масиҳ ҳам, муқарраб фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор ор қилмаслар».

Демак, ҳамма ягона Аллоҳга эътиқод қилиши керак, ҳамма ягона Аллоҳга ибодат қилиши керак. Бу эса ёлғиз эътиқоднинг ўзи кифоя қилмаслигини кўрсатади. Мен эътиқодли одамман, деб қўйиб, ибодатсиз юриш ёки Аллоҳдан бошқага ибодат қилиш, бошқанинг айтганини қилиш мутлақо мумкин эмас.

Баъзи ўзини билмаганлар Аллоҳнинг ибодатидан бош тортсалар, ўзларига қийин бўлади.

«Ким Унинг ибодатидан ор қилса ва мутакаббирлик қилса, албатта, ҳаммасини Ўз ҳузурига тўплар».

Бу тўплаш қиёмат куни бўлади. Аллоҳ ўшанда уларни қилмишларига яраша жазолайди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
давоми7. Аввалги мақолади биз инсонни кўриб чиқдик. Аслида, биргина ҳужайра ўзидаги цитоплазма, ядро, ҳужайра суюқлиги ва бошқа элементунсурлари билан тасодифий давоми...

4116 09:56 / 03.11.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам .Сўнгра жаҳаннам устига кўприк қурилур. Расуллардан ўз уммати ила унинг устидан давоми...

3670 18:54 / 02.12.2016
. ,. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунича мўмин бўла давоми...

4455 16:00 / 12.07.2021
Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга умматларини қутқариш учун икром қилиб берган ҳовуз ҳақдир.Шарҳ Ҳовузнинг сифатида келган ҳадислардан қуйидагилар давоми...

3140 13:02 / 06.07.2020
Аудиолар

120152 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41815 14:35 / 11.08.2021