1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Динда ҳаддан ошиш ҳалокатдир!

05:00 / 09.03.2017 4340 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, ислом дини бағрикенглик ва енгиллик динидир. Одамлардан машаққатларни  кўтариш учун келган бу дин Аллоҳ таоло тарафидан мукаммал қилиб юборилган.

Шунинг учун ҳам унинг буюк принсиплари орасида динда ҳаддан ошишни инкор қилиш ҳамда ундан огоҳлантиришлар ҳам бор. Нега? Чунки, бу ишнинг хатари оғир, оқибати ёмон.

Динда ҳаддан ошиш деганда шариат белгилаб қўйган чегарадан чиқиб кетишлик тушунилади. Бу чиқиб кетиш ақидада бўлсин, сўз ёки амалда бўлсин, барибир.

Динда ҳаддан ошиш шайтоннинг уловидир:

Шайтони лаин мусулмон бандани йўлдан уриш ва уни залолатга бошлаш учун икки йўлдан фойдаланади ва мусулмон банда ана шу икки йўлдан қайси бирига юрса ҳам шайтон учун фойдалидир:

Агар мусулмон банда ғайратсиз ва камчиликка йўл қўйиб юрадиган кишилардан бўлса, шайтон уни хорлашни кучайтиради, зиммасидаги мажбуриятларни бажармасликни унга енгил бир иш қилиб, ҳаром амалларга қўл уришни чиройли қилиб кўрсатади. Натижада мусулмон ана шу ишлари билан Аллоҳ ва Расулининг итоатидан йироқлашиб кетаверади.

Агар мусулмон банда ғайрат-шижоатли ва олий ҳиммат кишилардан бўлса, шайтон у қилаётган амалларни унга камдек қилиб кўрсатади, дин олиб келган ишлардан кўра кўпроғини қилишни зийнатлаб кўрсатади. Натижада бу иши билан уни динда ҳаддан ошишга ва бидъат ишларга қўл уришга олиб бориб қўяди. Ана шу йўлни баркамолликка етиш учун энг қулай йўлдир, деган васвасага солиб қўяди ва унинг динини бузади.

Шунинг учун ҳам динимиз бир қанча оят ва ҳадислар орқали динда ҳаддан ошишдан огоҳлантириб келган. Жумладан:

– шариат чегараларини лозим тутишга буюради ва ундан ошиб ўтишдан қайтаради. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

“Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир”.[1]

 Ва яна:

 “Бас, сен ва сен билан тавба қилганлар мустақийм туринглар ва туғёнга кетманглар. Чунки, У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир”.[2]

Динда ҳаддан ошиш ҳам туғёнга кетиш ва Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилишга киради.

– шунингдек, динда ҳаддан ошиш ва унда ўзига оғир қилиб олишдан ҳам қайтарган:

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг”.[3]

Пайғамбар (с.а.в) эса: “Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, сизлардан олдин ўтганларни динда ҳаддан ошишлик ҳалок қилгандир”,[4] деганлар.

Яна: “Албатта, бу дин енгилдир. Ким бу динда қаттиқлик кўрсатса, дин уни мағлуб қилади”.[5]

Ибн Ҳажар ўзининг “Фатҳ ал-Борий” асарида юқоридаги ҳадисни шарҳлай туриб, шундай деган: “Киши диний амаллар борасида ҳаддан ошиб, енгилликни тарк қилар экан, ожизлик қилиб, амал қилишдан тўхтаб қолади учун ҳам дин ундан ғолиб келади”.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (р.а): “Албатта, бу дин мустаҳкамдир. Шундай экан унинг ичига енгиллик билан кириб боринг. Ўзингизни Аллоҳнинг ибодатидан нафратлантириб қўйманг”,[6] деган.

– шунингдек, оят ва ҳадисларда динда ҳаддан ошганларнинг оқибати ҳалокат экани баён қилиб ўтилган:

Пайғамбар (с.а.в) уч бора такрорлаб: “(Динда) чуқур кетганлар ҳалок бўлсин!”,[7] деганлар.

Имом Нававий “Шарҳу Муслим”да: “Динда чуқур кетганлар”– ҳаддан ошганлар, сўзлари ва амаллари билан чегаралардан тажовуз қилганлардир, деган.

Динда ҳаддан ошганликни ўлчанадиган мезон борми?

Бундай мезон бор ва у оламлар Парвардигорининг шариатидир. Зеро, шариат белгилаб берган чегаралардан тажовуз қилган ҳар қандай ақида, сўз ёки амал динда ҳаддан ошишлик ҳисобланади. Агар бу ишлар шариат чегаралари доирасида бўладиган бўлса, одамлар шундай деб атасалар-да, динда ҳаддан ошиш деб айтилмайди. Мисол учун, ҳақиқатни маҳкам тутиш, эътиқод ва амал қилишда ҳақ йўлга қайтиш ёки каттаю кичик маъсиятлардан сақланиш каби амаллар динда ҳаддан ошиш дейилмайди.

Динда ҳаддан ошишнинг бир қанча кўринишлари бор бўлиб, улар қуйидагилардир:

1. Бирор бир шахс борасида ҳаддан ошиш: у ғайб сирларини билади, ёки коинотдаги бирор нарсани тасарруф қилади деган эътиқод билан, дуо қилишда унга ёки унинг қабрига юзланишлик билан, ёки унинг номи билан қасам ичиш билан, ёки уни шариат белгилаб берган доирадан ташкари чиқадиган даражада улуғлашлик билан башарлик мартабасидан ошириб юбориш. Пайғамбар бўладими ёки солиҳ бир киши бўладими, шайх бўладими ёки бошқасими, барибирдир.

Дарҳақиқат, Пайғамбар (с.а.в) ўзлари ҳақида ҳаддан ошишдан қайтариб: “Насоролар Ибн Марямни мақтаганлари каби сизлар ҳам мени чегарадан чиқадиган даражада мақтаманглар. Мен У (Аллоҳ)нинг бир бандасиман, холос. Бас, “Аллоҳнинг бандаси ва Расули” деб айтинглар”, [8] деганлар.

Яна айтадилар:

“Мен Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммадман. Аллоҳнинг бандаси ва Расулиман. Аллоҳга қасамки, мени Аллоҳ менга берган мақомимдан юқорига кўтаришларингизни яхши кўрмайман”.[9]

2. шахсларни мақтаб, улар ҳақида воқеликда уларга тўғри келмайдиган ибораларни айтиш.

Шунинг учун ҳам бирор шахсни мақтаётган вақтимизда шариат белгилаб берган лафзлар билан кифояланашимиз лозим. Масалан, “Биз уни яхши одам деб биламиз. Аллоҳнинг Ўзи у билан ҳисоб қилиб олаверади”, ёки “Аллоҳга ҳеч кимни оқлаб гапирмаймиз” ва ҳоказолар.

3. ҳақиқатни айнан бир тараф ёки бир гуруҳ билан чеклаб қўйишлик, унинг раҳнамолари гапирган гапларни ёки улар қилган амалларни улуғлаб, уни шариат устидан хужжат қилиб олишлик, мусулмонлар жамоатига қўшилиш ўрнига, уларнинг гуруҳларига қўшилиб олишлик. Зеро, кўпчилик одамлар ўзлари мансуб бўлган гуруҳлар ва фирқалар ҳақида гумон ва ҳавои нафснинг ҳукми билан гапираётиб, айнан ана шулар аҳли Сунна вал-Жамоадир деган гапларни қилади. У мансуб бўлган фирқа ёки гуруҳга мухолиф бўлганларни эса бидъат аҳлига чиқаради. Бу иш очиқ-ойдин залолатдир. Чунки, ҳақиқат ва суннат аҳллари фақатгина Расулуллоҳ (с.а.в)га эргашадилар. Зеро, хабар бериб кетган барча гапларини тасдиқлаш, буюрган барча амрларида итоат қилиш вожиб бўлган ягона инсон ана шу зот (с.а.в)дирлар. Бундай мартаба у кишидан бошқа бирор бир имомга берилмаган.

4. мухолиф бўлган тарафни мазаммат қилиш, уни сўкиб ҳақоратлаш, бундан ташқари унга у қилмаган ишларни бўҳтон қилиш борасида ҳаддан ошишлик. Рақибга нисбатан адолатли бўлиш вожибдир. Аллоҳ таоло: “Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир”,[10]  деб марҳамат қилган.

“Пайғамбар (с.а.в) сўконғич, фаҳш гапларни гапирадиган ва лаънатлайдиган киши эмасдилар”.[11]

5. фосиққа ё мубтадиъга ёки кофирга чиқариш аҳкомлари борасида ҳаддан ошишлик ва бунда салафи солиҳларнинг йўлларига хилоф равишда шариат белгилаб берган қонун-қоидаларга риоя қилмаслик, куфр аҳкомларини муайян шахсларга нисбатан ишлатишлик.

Абу Ҳомид Ғаззолий ўзининг “Ал-Фатово”сида шундай деган: “Албатта, бировларни кофирга чиқариш жоҳилларнинг қилмишларидир. Фақат жоҳилларгина кофирга чиқаришга шошиладилар. Бас, модомики инсон имконият топар экан, кофирга чиқаришдан эҳтиёт бўлмоғи лозимдир...

Мингта кофирни (кофир демасдан индамай) қўйишда хато қилиш мусулмон кишининг бир томчи қонини  тўкишда хато қилишдан кўра енгилроқдир. Сенга васиятим шуки, имконинг қадар аҳли қибладан тилингни тийиб тургин!”.

6. Диндаги жузъий масалалар ва суннатлар борасида ҳаддан ошишлик, улар билан худди фарз ёки вожибга муомала қилган каби муомалада бўлишлик ҳамда одамларни шунга тарғиб қилиш.

Аллоҳ таоло бажариш керак бўлган фарзларни буюриб, ундан сўнг турадиган суннатларни жорий қилганки, уларни қилган кишиларга ажру савоблар бор. У ишларни қилмаган кишилар эса кўп-кўп яхшиликлардан бебаҳра қолсалар-да, гуноҳкор бўлмайдилар.

“Бир киши Пайғамбар (с.а.в)нинг олдиларига келиб, ислом ҳақида сўраганида у зот унга беш вақт намоз, Рамазон рўзаси, закотни бериш ва ҳаж қилиш ҳақида гапирдилар. Сўрагувчи шахс эса: “Зиммамда шундан бошқаси ҳам борми?”, дея такрорлаб турарди. Расулуллоҳ (с.а.в) унга жавобан: “Йўқ. Аммо нафл қиладиган бўлсанг майли”, дедилар. Бояги киши: “Аллоҳга қасамки, ана шунга қўшимча қилмайман, ундан камайтирмайман ҳам”, деб ортига қайтиб кетди. Шунда Пайғамбар (с.а.в): “Агар рост гапираётган бўлса, нажот топди”, дедилар”.[12]

Бинобарин ўзни ёки ўзгаларни зиммаларига фарз қилинмаган ишларга мажбур қилиш Пайғамбар (с.а.в)нинг суннатларидан эмасдир.

Ибодатларни адо этишда Аллоҳ таоло амр қилмаган ишларни қўшиш ёки уларни бажариш билан ҳаддан ошишлик. Масалан, таҳорат қилишда, намоздаги ҳаракатларни бажаришда, Қуръонни ўқиётиб нутқ қилиш кайфиятида чуқур кетиш кабилар ҳам ҳаддан ошишлик ҳисобланади.

7. Шариатда келмаган ибодатларни бажариш билан ҳаддан ошиш. Чунки бу иш динга қўшимча киритишдир ва унга шариат буюрмаган ишларни қўшимча қилган кишилар бидъат иш қилган бўладилар. Оиша (р.а)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар (с.а.в): “Кимки бизнинг бу ишимизга ундан бўлмаган нарсаларни пайдо қилса, у мардуддир”, деганлар.[13]

Ҳузайфа ибн ал-Ямони (р.а) шундай дедилар: “Расулуллоҳ (с.а.в)нинг саҳобалари қилмаган ҳар қандай ибодатни сизлар ҳам қилмангиз”.[14]

8. Жонга оғир қилиб қўйиш, мубоҳ қилинган нарсалардан лаззатланмаслик билан ҳаддан ошиш. Пайғамбар (с.а.в) рухсат берилган дунё матоларининг айримларидан ўзини тийиб яшашни истаган кишига қарата шундай деганлар: “Аммо мен, Аллоҳга қасамки, Сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқадиганроқ ва сизлардан кўра Унга тақво қиладиганроғингизман. Лекин мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам юраман. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирадиган бўлса, мендан эмасдир”.[15]

 9. раъй ва ақлни улуғлашда ҳаддан ошиш, уни шариатдан устун қўйиш ёки шариатни ҳавои нафсга тўғри келадиган қилиб ўзгартириш.

Аслида мусулмон киши Аллоҳ ва Расулининг сўзига итоат қилиши, ўз ақли ва ҳавосини унга бўйсундириши лозим. Аллоҳ таоло шундай деган: “Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди”.[16]

 Имом Шофеий “Ал-Умм” асарида шундай ёзади: “Пайғамбар (с.а.в)нинг амрларига хилоф бўлган, раъйга ҳам, қиёсга ҳам тўғри келмайдиган барча нарса (унга амал қилинишдан) соқит бўлади”.

Динда ҳаддан ошишнинг сабаблари нимада?

–Бунинг энг асосий ва улкан сабабларидан бири динни яхши билмасликдир. Шаръий далиллардан узоқлашган ҳолда ёки ижтиҳод қилишга иқтидори етмайдиган кишилар тарафидан ижтиҳод олиб борилишидир.

Аллоҳ таоло: Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг[17], амр қилиб, динда ҳаддан ошиш билан билмасдан туриб, Аллоҳнинг номидан гапиришликнинг ўртасини бир оятда жам қилган.

– уламолардан йироқлашиш, улардан сабоқ олмай қўйишлик ва уларга жафо қилиш:

Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а)нинг шундай дегани ривоят қилинади: “Одамлар модомики улуғларидан, ишончлиларидан ва уламоларидан илм ўрганишда давом этар эканлар, яхшиликда бўладилар. Агар илмни кичикларидан ва ёмонларидан ўрганадиган бўлсалар ҳалок бўладилар”.[18]

Ибн Муборак: “Кичик (ёшли)лар бидъат аҳлларидан бўладилар”, деган.[19]

–ҳавои нафсга ва шаҳватларга эргашишлик:

Агар ҳавои нафс ҳамда унинг истаклари инсоннинг етакчиси ва ундовчисига айланадиган бўлса, киши ўзининг раъйида таассуб қилиб туриб олади ва ўзига қарши фикрда бўлганларни душман тутиб, ҳақиқатга ва далилга мурожаат қилишни рад этади.

 Аллоҳ таоло шундай дейди:

Сен: “Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошиб, ноҳақлик қилманг. Ва олдин ўзлари адашиб ва кўпчиликни адаштириб, тўғри йўлдан умуман чиққанларнинг ҳавои нафсларига эргашманг”, деб айт”.

Ҳавои нафсга эргашганларни ҳаддан ошишга тушириб қўядиган ишлардан бири–ўзи улуғлайдиган бирор бир шахсга мутаассиблик қилиш, унга мухолиф бўлган кишини ҳасад ёки зулм юзасидан ёмон кўришдир.

– ўзини билимдон қилиб кўрсатиш, мағрурланиш, одамлар устидан кеккайиш ва уларни менсимаслик:

Пайғамбар (с.а.в) хаворижлар ҳақида шундай деганлар: “Сизларнинг орангизда ибодатли ва (ибодатда) ғайратли бир қавм пайдо бўлади. Ҳатто одамлар уларга маҳлиё бўлиб қоладилар ва улар ўзларига бино қўядилар. Улар диндан ўқнинг камондан чиқишидек тез чиқадилар”.[20]

Мағрурланиш динда ҳаддан ошган кишиларни олимликни даъво қиладиган, уламоларга қарши борадиган, ҳеч бир тажриба ёки малакасиз бўлгани ҳолда улкан ишларга аралашадиган, фақиҳлар ва раъй эгалари бўлган шахсларга мурожаат қилмайдиган қилиб қўяди. Бу нарса уларни ҳақ йўлдан оғишишга ва йироқлашишга олиб боради.

Диндан ҳаддан ошишнинг чораси борми?

Ҳа, унинг бир қанча чоралари бор. Жумладан:

– Китоб ва Суннатни маҳкам тутиб, бидъатлардан сақланиш ва улардан эҳтиёт бўлиш.

Пайғамбар (с.а.в):

 “Мен сизларга шундай нарсани ташлаб кетмоқдаманки, уни маҳкам тутар экансиз, ҳаргиз адашиб кетмайсиз. У нарса– Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарининг суннатидир”, дедилар.[21]

–илмни, тутган йўлининг тўғрилиги билан танилган уламолардан ўрганиш ва айниқса, оммавий масалалар борасида бўладиган бўлса.

 Аллоҳ таоло шундай деган:

 “Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш-хабар етса, уни тарқатадилар. Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар.[22]

Нававий ўзининг “Саҳиҳи Муслим”га ёзган шарҳида шундай деган: “Мукаммал қобилият эгаси ва диёнати ошкора ҳамда билими аниқ бўлган, парҳезкорлиги билан машҳур бўлган кишилардангина илм ўрганилади. Зеро, Муҳаммад ибн Сирин, Молик ибн Анас ва бошқа салафи солиҳлар: “Бу илм диндур. Бас, ўз динингизни кимдан ўрганаётганингизга қараб қўйинг”, деганлар”.

–мусулмонлар жамоасини лозим тутиш, сўз ёки амал билан улардан ажралиб олмаслик. Аллоҳ таоло шундай деган: Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг.[23]

Пайғамбар (с.а.в) дедилар: “Уч нарса борки, уларнинг устида мусулмон кишининг қалби хиёнат қилмайди: амални холис Аллоҳ учун қилиш, мусулмонларнинг имомлари (раҳбарлари)га насиҳат қилиш ҳамда уларнинг жамоаларини лозим тутиш”.[24]

–диний илмларни кенг тарқатиш, динда ҳаддан ошишга олиб борадиган масалаларни ёритиб бериш, уларни далилларга ҳамда уламоларнинг сўзларига асосланган йўллар орқали одамларга осон ва яқин қилиб кўрсатиш лозимки, улардан илмсизлик ва илтибослар нари кетсин.

–мусулмонлар ҳақларида яхши гумонда бўлиш, уларнинг сўзлари ва амалларини тўғри маънога буриш. Зеро, ёмон гумон жосуслик қилишга, ғийбатга, ўзаро ҳасадга, бир-бирларига нисбатан нафратли бўлишга, бир-бирлари билан юз кўрмас бўлиб кетишга олиб боради ҳамда дўсту биродарларнинг ораларидаги алоқаларга рахна солади.

Ибн Сирин шундай деган: “Агар сенга биродаринг ҳақида бирор нарса етиб борса, унинг учун (уни оқлайдиган) бирор сабаб излагин. Агар унинг учун (уни оқлайдиган) сабаб топа олмасанг, унинг мен билмаган сабаби бордир, деб қўйгин”.[25]

–Аллоҳ таолодан ҳидоят сўраш ва ҳақ учун холис бўлиш. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай деган:

“Эй бандаларим! Сизларнинг барчангиз залолатга кетгувчисизлар. Аммо мен ҳидоятга бошлаган кишилар (ундоқ эмаслар). Шундай экан мендан ҳидоят сўрангки, сизларни ҳидоятга бошлай”.[26]

Мағрурланиш, ўз раъйига маҳлиё бўлиш ва кибр қилиш сингари ишларни тарк қилиш, одамлар билан камтарона муомалада бўлиш билан ҳидоятга томон интилиш. Аллоҳ таоло:

Шундоқ экан, ўзингизни оқламанг, У ким тақводорлигини яхши биладир,[27] дея марҳамат қилган.

Динда ҳаддан ошганлар билан чегарадан чиқмаган ёки нуқсонга йўл қўймаган ҳолатда шариат доирасида муомала қилишга ҳарис бўлиш. Хорижийлар  ҳақида Али ибн Абу Толиб (р.а)дан сўрадилар: “Эй мўминлар амири, манави кишилар кимлар? Улар кофирларми?”. Али (р.а): “Улар  куфрдан қочганлар”, жавоб бердилар. “Ундай бўлса, улар мунофиқларми?”, деб сўрадилар. Али (р.а) жавоб бердилар: “Ахир, мунофиқлар Аллоҳни кам зикр қиладилар. Мана булар эса Аллоҳни кўп-кўп зикр қиладиларку”. Сўрашди: “Унда ким булар?”. “Улар фитнага учраганлари туфайли  кўзлари кўр ва қулоқлари кар бўлиб қолганлар”, дедилар Али (р.а).[28]

Динда ҳаддан ошишликнинг ундаги салбий асоратлари:

–шариатга мухолиф бўлиш, бидъат ва маъсиятга қўл уришга ўтиб қолиш. Саид ибн ал-Мусайиб тонг отганидан сўнг рукуъ ва саждаларини кўп қилиб икки ракаатдан кўп намоз ўқиб турган бир кишини кўриб қолиб, уни бу ишни қилишдан қайтарганларида бояги киши: “Эй Абу Муҳаммад! Намоз ўқиганим учун Аллоҳ менга азоб берадими?”, деди. Саийд: “Йўқ, аммо суннатга хилоф иш қилганинг учун сени азоблайди”,[29] деб жавоб берди.

–эътиборли уламолар бир четда қолиб биров танимайдиган ва тўғри йўлдан оғишган кишиларни олдинга ўтказиш ҳамда улардан илм ўрганиш. Ва дин ёки дунё ишлари борасида одамларни машаққатга солиб қўядиган, маъсият ишларга қўл урадиган қилиб қўйиш билан уларга тазйиқ ўтказиш.

–исломнинг сурати ва аҳкомларини бузиб кўрсатиш орқали одамларни ундан қочириш.

–юқорида ўтган ҳадиси шариф–“Албатта, бу дин енгилдир. Ким бу динда қаттиқлик кўрсатса, дин уни мағлуб қилади”[30]да келганидек,  Аллоҳ таоло рухсат берган нарсалардан узоқлашиш ва машаққатдан нафснинг малолланиши сабабли диндан оғишиб, ортга чекиниш.

  Ўзининг лутфу карами билан бизларни нажот топадиганларнинг йўлига бошлашини, ошкора ҳолатда ҳам, махфий ҳолатда ҳам бирдек суннатга эргашишни насиб этишини, бидъат ва хурофот ишлардан бизларни сақлашини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

 

Имом Бухорий халқаро маркази мутахассиси

Алоуддин Ҳофий

 

  

[1] Бақара сураси, 229–ояти

[2] Ҳуд сураси, 112–ояти

[3] Нисо сураси, 171–ояти.

[4] Ибн Можа, Насоий ва Аҳмад ривоят қилган.

[5] Имом Бухорий ривояти.

[6] Ибн Муборак “Аз-Зуҳд вар-рақоиқ”да ривоят қилган.

[7] Имом Муслим ривояти.

[8] Имом Бухорий ривояти.

[9] Насоий ва Аҳмад ривояти.

[10] Моида сураси, 8–ояти.

[11] Муттафақун алайҳи

[12] Муттафақун алайҳи

[13] Муттафақун алайҳи.

[14] Ал-Лолкоий ривояти.

[15] Муттафақун алайҳи.

[16] Аҳзоб сураси, 36–ояти.

[17] Нисо сураси, 171–ояти.

[18] Байҳақий ривояти.

[19] Ал-Лолкоий “Усулу эътиқоди аҳли Сунна”да зикр қилган.

[20] Имом Аҳмад ривояти.

[21] Имом Аҳмад ривояти.

[22] Нисо сураси, 83–ояти.

[23] Оли Имрон сураси, 103–ояти.

[24] Термизий ривояти.

[25] “Шуаб ал-имон”да келган.

[26] Имом Муслим ривояти.

[27] Ван-Нажм сураси, 32–ояти.

[28] Абдур-Раззоқ “Ал-Мусаннаф”да ривоят қилган.

[29] Байҳақий ривоят қилган.

[30] Имом Бухорий ривояти.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг маънавий ҳаётидаги янгиланиш жараёни, туб ўзгаришлар самараси ўлароқ динга бўлган муносабат тубдан ўзгарди.Собиқ совет давоми...

1599 11:00 / 16.07.2021
Бисмиллаҳир роҳманир роҳимМуқаддима олдидан кириш сўзиУшбу китоб салафийлар раъйлари ва уларни маъруф қилган мафкуралари хусусидаги бирор мунозарани ўз ичига давоми...

4185 05:00 / 09.03.2017
Ато қилган нознеъматлари учун Аллоҳ таолога ҳамдлар, Унинг бизларга юборган Набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамда у зотнинг оли асҳобларига давоми...

4981 05:00 / 09.03.2017
Мусулмонларга ола қарашини яширмайдиган инсонларни ҳеч учратганмисиз Бу ёқтирмаслик мушрикларнинг Қуръони Каримда .Ва улар мўминлардан ўта иззатли, ўта давоми...

6994 14:06 / 09.01.2018
Аудиолар

120110 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41777 14:35 / 11.08.2021