1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Бу ишда ғайрат қил, Яҳё!

14:54 / 22.09.2017 5116 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Баттол «Саҳиҳи Бухорий»нинг «Илм» китобини шарҳлар экан, имом Моликнинг шогирди Яҳё ибн Яҳёдан(1) шундай нақл қилади:
«Аллоҳ қалбимга солиб, имом Молик ибн Анаснинг ҳузурига илм талаб қилиш учун бордим. Мен у кишининг энг ёш шогирди эдим. Биринчи куни дарс тинглаб ўтирсам, у киши менга «Исминг нима?» деди. «Аллоҳ сизни мукаррам қилсин, исмим Яҳё», дедим.
Имом Молик: «Аллоҳ, Аллоҳ! Бу ишда ғайрат қил, эй Яҳё. Мен сенга шундай бир воқеани айтиб берайки, илм олишга рағбатинг ортиб, бошқа нарсалардан воз кечишингга ёрдам беради», дедилар-да, қуйидагиларни айтиб бердилар:
«Сен тенги бир ёш йигит Шомдан Мадинага илм ўрганиш учун келди. У жуда тиришқоқ экан, ғайрат қилиб, биз билан бирга ўқишни бошлади. Аммо тақдир экан, бир куни у тўсатдан вафот этиб қолди. Одатдагидек, ҳамма унинг жанозасига тўпланди. Аммо ўша жанозада ҳеч қайси олим, ҳеч қайси толиби илмнинг жанозасида кўрилмаган бир ҳолатни кўрдим. Тумонат оломоннинг аксари уламолар эди. Улар ўша йигитнинг тобутини талашиб-тортишиб кўтаришар эди. Одатда жанозани шаҳарнинг амири ўқир эди. Бироқ ҳали ҳеч ким танимайдиган бир талаба йигитнинг жанозасига шунча уламоларнинг, аҳли илм ва толиби илмларнинг тўпланганини, денгиздек мавжланиб турганини кўрган амир бироз ортга тисарилиб, «Унга жаноза ўқиш учун ўзингиз маъқул кўрган бирон кишини ўтказинглар», деди.
Аҳли илмлар имомликка имом Рабиъани (2) ўтказишди. Жаноза ўқилгач, улкан жамоа тобутни қабр томон кўтариб кетди. Маййитни қабрга яна замонамизнинг буюк уламолари – имом Рабиъа, имом Зайд ибн Аслам (3), Яҳё ибн Саъид (4) ва Ибн Шиҳоблар (5) қўйишди, уларга Муҳаммад ибн Мунзир, Сафвон ибн Сулайм ва Абу Ҳозимлар ёрдамлашиб туришди. Маййит қабрга қўйилгач, лаҳадга ғиштни имом Рабиъанинг ўзи терди, бошқалар ғишт узатиб туришди.
Орадан уч кун ўтгач, юртимизда яшайдиган солиҳ зотлардан бири ўша талабани тушида кўрибди. Йигит кулранг от миниб олган, оппоқ либос кийиб, яшил салла ўраган гўзал шаклу шамойилда экан. У осмондан ўша зотнинг ҳузурига тушиб, унга салом бериб, суҳбатлашибди. Талаба йигит унга «Мени илм мана шундай мартабага эриштирди», дебди. Шунда солиҳ зот «Қандай мартабага?» деб сўрабди. Йигит шундай дебди:
«Аллоҳ ўрганган илмимнинг ҳар бир боби учун менга жаннатда биттадан даража берди. Лекин даражаларим аҳли илмларнинг даражасига етмади. Шунда Аллоҳ таоло «Пайғамбарларимнинг меросхўрларига бундан ҳам зиёда қилиб беринглар. Ўзим учун аҳд қилдимки, вафот этган одам Менинг суннатимни ёки пайғамбарларимнинг суннатини ўрганган олим бўлса ёки шу илмни ўрганаётган толиби илм бўлса, уларнинг ҳаммасини бир даражага жамлайман» деди ва мени аҳли илмларнинг даражасига кўтарди. Энди мен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрталарида иккитагина даража бор, холос – бири пайғамбарларнинг даражаси, бири у зотнинг асҳоблари ҳамда бошқа пайғамбарларнинг саҳобаларининг даражаси. Улардан кейинги даража эса барча уламолар ва уларнинг илм толиблари турган даража. Аллоҳ мени ана шу даражага лойиқ кўрди. У ерга кирсам, менга «Хуш келибсан, марҳабо» дейишди».
Сўнг талаба йигит «Лекин Аллоҳнинг ҳузурида менга яна бир нарса зиёда қилинди», дебди. Солиҳ зот: «Нима зиёда қилинди?» деб сўрабди.
Йигит сўзида давом этибди: «Аллоҳ таоло барча пайғамбарларни тўплаб, шундай деди: «Эй олимлар! Мана бу Менинг жаннатим, уни сизларга мубоҳ қилдим. Мана бу эса Менинг сизлардан розилигим. Энди сизлар жаннатга киринглар. Аммо киришдан олдин шундай орзу қилингки, Мен уни сизга берайин, истаган одамингизни шафоат қилингки, шафоатингизни қабул қилайин. Токи бандаларим Менинг ҳузуримда илм аҳлининг нақадар мукаррам эканини, ҳузуримдаги мақомингиз нақадар олий эканини кўрсинлар». 
Эртаси куни тонгда ўша солиҳ зот кўрган тушини аҳли илмларга айтиб берди. Бу хабар бир зумда бутун Мадинага тарқалиб кетди. Тез орада биз билан илм ўрганишни бошлаб, кейин ташлаб қўйган барча сабоқдошларимиз қайтиб келиб, илм ўрганишга киришиб кетишди, ҳадис тинглашди, талаби илмга қаттиқ ғайрат қилишди. Мана, ҳозирги кунда уларнинг барчаси юртимизнинг энг катта уламолари бўлиб етишишди.
Аллоҳ, Аллоҳ! Бу ишда ғайрат қилгин, эй Яҳё!».


Нодирбек Хидиров таржимаси

__________________________________

Изоҳлар:
1. Абу Муҳаммад Яҳё ибн Яҳё Лайсий. Андулуслик машҳур имом, фақиҳ. Имом Моликнинг шогирди. Унинг «Муватто» китобини ривоят қилган ровийларнинг машҳури. Тахминан 136 ҳижрий санада вафот этган.
2. Абу Сулаймон Рабиъа ибн Фаррух Таймий Маданий. Имом, ҳофиз, фақиҳ, мужтаҳид. Ундан Молик, Абдуллоҳ ибн Муборак, Суфён ибн Уяйна, Ҳаммод ибн Салама, Лайс ибн Саъд, Авзоий каби буюк имомлар ҳадис ривоят қилишган.
3. Абу Абдуллоҳ Зайд ибн Аслам Маданий. Буюк имом. 136 ҳижрий санада вафот этган.
4. Абу Саъид Яҳё ибн Саъид ибн Қайс Ансорий Маданий. Буюк имом. Тахминан 144 ҳижрий санада вафот этган.
5. Абу Бакр Муҳаммад ибн Муслим ибн Шиҳоб Зуҳрий Маданий. Буюк имом. 124 ҳижрий санада вафот этган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ халойиқнинг тақдирини осмонлару ерни халқ қилишидан давоми...

3710 13:01 / 16.09.2020
иккинчи мақолаУшбу мавзуга боғлиқ биринчи мақоламизнинг давоми ўлароқ кейинчалик мусулмонлар ичида ҳам бу ҳақда турли фикрларни айтган кишилар чиққан. давоми...

3517 15:30 / 22.04.2020
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди. У менга.Умматингдан ким Аллоҳга ҳеч давоми...

7695 17:30 / 01.01.2020
. . Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозларнинг вақти давоми...

510 19:00 / 11 апрель