1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Болажонларга мактуб (8)

05:00 / 15.02.2017 2571 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САККИЗИНЧИ САБОҚ

ИЙМОН НИМА ДЕГАНИ

Ассалому алайкум, кўрар кўзларнинг нури бўлган дилбандларим! Бугун мен сизларга Ислом динининг бешта устунидан биринчиси бўлган иймон ҳақида гапириб бераман. Иймон дегани Аллоҳ таолонинг яккаю ягоналигига ҳамда Жаноби Пайғамбаримиз Аллоҳ таоло тарафидан нима келтирган бўлсалар, ўшанга тил билан иқрор бўлиш ва дил билан тасдиқлашдир. Шунга Иймон келтирган кишилиар «мўмин» дейилади ва улар чин мусулмонлардир,
Мўмин кишилар еру осмондаги ҳамма нарсаларнинг, ҳатто ой, қуёш, юлдузларнинг, ўсимлик ва ҳайвонларнинг ҳаммасининг хўжайини, эгаси битта — яккаю ягона Аллоҳ таоло эканига ишонадилар. Улар Аллоҳ таолонинг фаришталарига, Пайғамбарларига, китобларига, охират кунига, ўлгандан кейин қайта тирилишга ва қадарга ишонадилар.
Мўмин кишилар ўзларининг қаердан келганларини, нега келганларини ва қаёққа кетишларини тушуниб оладилар. Дунёдаги ҳамма нарса фақат Аллоҳнинг истаги-хоҳиши билангина рўй беришини, барча одамлар Аллоҳ таолонинг олдида жавобгар эканини биладилар. Шунинг учун улар Аллоҳ таоло буюрган яхши, савобли ишларни қилишади. Яъни намоз ўқиб, рўза тутиб ибодатда бўлишади. Ҳалол меҳнат қилишади. Уйлар қуришади, ариқлар кавлаб, йўллар очишади. Фарзандларини яхши тарбиялаб, билим беришади. Бир-бирларига ёрдамлашишади, яхши муомала қилишади. Ана шулар чин иймонли кишилардир. Улар жаннатга киришдай катта мукофот олишади.
Иймонсиз кишилар эса Аллоҳдан эмас, қандайдир ваҳимали воқеалардан ёки одамлардан қўрқишади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг айтганларини бажаришмайди. Одамларни алдашади. Ёлғон гапиришади. Уруш-жанжал кўтаришади. Намоз ўқишдан ор қилишади. Ислом динига душманлик кўрсатиб, ўзларини яхшиликка чақирганларни хўрлашади. Шундай одамлар дўзах азоблари билан жазоланишади.
Иймоннинг энг асосий шартлари — Аллоҳ таолони таниш ва ҳамиша Унга бўйсуниш, Ундан қўрқишдир. Аллоҳни таниш қандай бўлади? Ҳамма нарсани Аллоҳ яратган. У нимани хоҳласа қила олади, йўқни бор, борни йўқ қилади. У аввалдан бор бўлган ва мангу бор бўлади. У якка-ёлғиз. Унинг шериги ҳам, тенги ҳам, ўхшаши ҳам йўқ. У ҳеч нарсага ўхшамайди, У ҳамма нарсани, ҳатто кечаси одамлар уйларининг ичида намоз ўқиётганини ҳам кўриб туради. У ҳамма нарсани, ҳатто «Аллоҳим, мени кечиргин!» деб ичингизда айтсангиз ҳам эшитади. У ҳатто хаёлингизда «Бугун онамга бир яхшилик қилайин» деб ўйласангиз ҳам билиб туради. Унинг амрига ҳеч ким қарши бўла олмайди. Ҳар қандай қудратли, кучли нарса ҳам Аллоҳнинг куч-қудратига тенг келолмайди. Шунинг учун ҳамма мусулмонлар ҳар куни беш марта намоз ўқиётганда бор овоз билан «Аллоҳу акбар» («Аллоҳ улуғдир, буюкдир!») деб қайтаришади. Ана шуларни тушуниб етиш бизнинг Аллоҳни танишимиз бўлади.
Аллоҳга бўйсуниб, иймон келтириш қандай бўлади? Аллоҳ буюрган ишларни қилиш, «қилманглар» деганини қилмаслик Аллоҳга бўйсуниш бўлади. Ҳар бир ишда, ҳамма жойда, ҳамма вақт «Аллоҳ кўриб-билиб турган-ку!» деб қўрқиш — Аллоҳга бўйсуниш бўлади. Аллоҳнинг аввалги дарсларда санаб ўтилган барча сифатларига ишониш, Унинг буйруқларини бажариш, Ундан ҳамиша қўрқиб туриш Аллоҳ таолога иймон келтириш бўлади.
Аллоҳ таолога иймон келтирдингизми? Энди Уни хурсанд қилиш учун ибодат қилинг! Уни доимо эслаб туринг, «Субҳоноллоҳ» деб мақтовлар айтиб туринг. «Алҳамдулииллаҳ» деган сўзни ўрганиб олсангиз, Аллоҳ таолога шукр айтган бўласиз. Ахир бизларни ёруғ дунёга келтириб, нафас олсак ҳавони, чанқасак тоза сут ва сувларни, қорнимиз очса минг хил лаззатли овқатларни бериб қўйган, яланғоч юрмасин деб кийимларгача таъминлаган бунақа меҳрибон зотни мақтамай, унга шукр айтмай бўладими?
Мана, иймон нима эканини оз-моз тушуниб олдингиз. Иймонли бўлиш учун нималар қилиш кераклигини ҳам билдингиз. Келаси машғулотимизга «Субҳоноллоҳ», «Алҳамдуллиллаҳ», «Аллоҳу акбар» деган сўзларни ёдлаб келасиз ва маъносини тушунтириб берасиз. Келишдикми?

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Башариятга фарзанд деб аталган илоҳий неъматни ато қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога чексиз ҳамду санолар бўлсинки, отаонанинг дунёю охиратини гўзал, дўзахдан давоми...

3140 14:22 / 15.12.2017
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У киши балоғатга етган фарзандини алоҳида қилар ва ҳузурига фақат изн сўраб киритар эди,.Шарҳ Мўминмусулмонлар оилада давоми...

3039 05:00 / 15.02.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймАллоҳ таолога ҳамду санолар ва Муҳаммад с.а.в.га саловатлар бўлсин.Ёш болаларни тарбия қилиш ва уларга эътибор қаратиш ҳар бир давоми...

3743 05:00 / 15.02.2017
Қадим замонда бир юртда бир вазир давлат амалдорлари билан бозорни айланиб юрган эди. Шунда у озодликдан маҳрум бўлган кишилар асирлар сотиладиган бозордан ўтиб давоми...

2671 05:00 / 16.02.2017
Аудиолар

120123 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41789 14:35 / 11.08.2021