1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Болажонларга мактуб (4)

05:00 / 15.02.2017 2449 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ТЎРТИНЧИ САБОҚ

КИТОБЛАР ҲАҚИДА

Ассалому алайкум, менинг асал-қанд фарзандларим! Бугун сизларга Аллоҳнинг китоблари ҳақида сўзлаб бераман. Диққат билан қулоқ солинг.
Сизлар доим китоб ўқийсиз ва унда айтилган гапларга риоя қиласиз. Чунки у ҳамиша яхшиликка чорлайди. Ёмонликдан қайтаради. Китоб — энг яхши устоз, билим хазинаси дейишади.
Шунга ўхшаб Аллоҳ таоло ҳам инсонлар яхши яшасин, савобли ишлар қилиб жаннатга кирсин, ёмонликларга, гуноҳларга йўл қўйиб дўзахга тушиб қолмасин, деб огоҳлантириш учун уларнинг йўлбошчи раҳбарлари бўлган пайғамбарларга доимо ўз китобларини юбориб турган.
Аввалги китоблар 10-50 саҳифа кўринишида бўлган. Кейинчалик Мусо пайғамбарга «Таврот» деган, Довуд пайғамбарга «Забур», Исо пайғамбарга «Инжил» деган китоб юборилган. Одамлар уларни ўзгартириб, унинг буйруқларига бўйсунмай қўйгандан кейин Аллоҳ ўзининг энг охирги китоби — Қуръони каримни пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга юборган. У киши эса бу китобни бутун халқларга ўргатиб, ана шунга бўйсуниб яшашни тайинлаб кетганлар. Бу китоб қиёматгача ўзгармайди, ҳамма унга амал қилиб яшайди.
Пайғамбаримиз ўқиш-ёзишни билмасдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали 23 йил ичида Қуръонни озгина-озгинадан у кишига етказган ва Пайғамбаримиз ҳаммасини ёдлаб олаверганлар. У кишидан бошқа сафдошлари, яъни саҳобалар ёдлашни ўрганишган. Шунақа қилиб, Қуръони каримнинг оятларини ҳамма ёдлаб олган. Маъносини ўрганиб, унга амал қила бошлаган. Қуръон тушиб бўлгандан кейин одамлар жуда кўп ёмон ишлардан воз кечиб, ибратли, савобли ишларни қила бошлашган. Чунки Қуръон уларни Аллоҳнинг мукофотини олишга, жазосидан қўрқишга ўргатганди-да!
Қуръоннинг бир жумла гапи «оят» дейилади. 3 оятдан 286 оятгача бўлган алоҳида боби «Сура» дейилади. Қуръон араб тилидадир, шунинг учун уни ўқиб, маъносини билиб оламан деган болалар араб тилини ўрганишади. Яқинда намоз ўқишни бошлайдиган бўлсангиз, сизлар ҳам Қуръондан бир неча сураларни катталар ўргатгандай қилиб ёдлаб олишингиз керак бўлади. Чунки намозда тик турганда Қуръон сураларини ўқийсиз. Қуръоннинг маъноси бошқа тиллар қатори ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.
Қуръон Аллоҳнинг китоби бўлгани учун у жуда ҳам табаррук саналади. Шунинг учун унинг номига «Карим», «Мажид» деган сўзларни қўшиб айтасиз. Уни таҳоратсиз ушламайсиз. Ҳамиша токчаларда, жавонларда сақлайсиз. Устига бошқа китобларни қўймайсиз. Қуръони карим турган томонга оёқ узатиб ётмайсиз. Уни йиртмай, варақларини букламай, авайлаб ишлатасиз. Агар бирор варағи ёки парчаси ерга тушиб кетган бўлса, авайлаб оласиз, ўпиб китоб ичига жойлаб қўясиз.
Қуръони мажидни ўқиган ва ўргатганлар энг яхши мусулмонлардир. Чунки бошқа китобларни ўқисангиз фақат ўзингизга фойда! Қуръони каримни ўқисангиз ҳам сизга фойда, ҳам бу Аллоҳга ибодат (хизмат) қилганга тенглашгани учун Ундан мукофот оласиз. Сиздан бир илтимосим бор, азиз болажонларим: Сизлар ҳам Қуръонни ўрганинглар, доимо ўқиб юринглар, бошқаларга ҳам ўргатинглар. Янги машғулотимизга Қуръони каримнинг биринчи - «Фотиҳа» сурасини яхши ўрганиб келсангиз, Қуддус амакингизни роса хурсанд қилган бўлардингиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иккита альпинист тоққа чиқаётган эди. Бир пайт олдиларидан баҳайбат айиқ чиқиб қолди. Улардан бир дарров ерга ўтириб, тоққа чиқиш учун мўлжалланган оёқ кийимини давоми...

4991 14:41 / 08.01.2018
ЎН БЕШИНЧИ САБОҚХУШ ХУЛҚҚА НЕ ЕТСИНАссалому алайкум, жажжи набираларим, қанду асалларимПайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қандай одам эдилар Жудаям яхши давоми...

2728 05:00 / 15.02.2017
Ушбу саҳифа болаларни ахлоқодобли, илм ўрганишга рағбатли, ёмон иллатлардан қочувчи қилиб тарбиялашга хизмат қилади. Шунингдек, бу саҳифа ҳалолик, поклик, давоми...

3202 05:00 / 15.02.2017
Маҳмуд синглиси Фотима билан дўстларини зиёфат қилдираётган отасини кутишар эди. Меҳмонлар кетгач, ота уларнинг олдига кулиб кирган ҳолда Ассаламу алайкум ва давоми...

4962 16:15 / 24.11.2017
Аудиолар

120158 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41820 14:35 / 11.08.2021