1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Бойлик жамлаб инфоқ қилмаслик

18:34 / 08.04.2018 4156 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Олтин ва кумушни жамғариб, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг «хушхабар»ини беравер».

Мазкур аламли азобнинг қандай бўлиши қуйидаги ояти каримада баён қилинади:

Бир куни ўша(олтин-кумуш)лар жаҳаннам оташида қизитилур ва пешоналари, ёнбошлари ҳамда орқаларига босилиб: «Мана бу ўзингиз учун тўплаган нарсангиз, бас, энди тўплаб юрган нарсангизни татиб кўринг!» – (дейилур).

Бу икки оятдаги олтин ва кумуш, яъни молу дунё тўплаш ҳақидаги маънолар кўпчиликни чўчитиб қўйган. Ҳатто саҳобаи киромлар ўртасида ҳам турли саволлар туғилган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушунтириш берганлар.

Имом Абу Довуд ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Олтин ва кумушни жамғариб…» ояти нозил бўлганда мусулмонларга оғир келди. «Биздан бирор киши ҳам ўзидан кейинги фарзандига мол-мулк қолдирмас экан-да», – дейишди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу:

– Мен сизларни бу кўнгилсизликлардан чиқараман, – дедилар-да, юриб кетдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: – Эй Аллоҳнинг Расули! Саҳобаларингизга бу оят катта нарса бўлиб кўринди-ку, – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Албатта, Аллоҳ закотни беҳудага эмас, балки молларингизни поклаш учун фарз қилган. Меросни эса фақат орқангиздан қоладиган мол учун фарз қилган, – дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу:

– Аллоҳу акбар! – дея такбир айтиб юбордилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

– Сенга эр киши учун энг яхши хазина нималигини айтайми? Аҳли солиҳ хотинки, унга назар солса, хурсанд қилади, бир иш буюрса, итоат этади. Эри ундан ғойиб бўлса, муҳофаза қилади», – дедилар».

Шу ва шунга ўхшаш ҳадисларга суянган ҳолда оятдаги аламли азобга сабабчи бўладиган жамғарма закоти берилмаган молу дунё экан, деган хулосага келинади. Дарҳақиқат, закотини бермай, мол тўплаганлар аламли азобга дучор бўладилар.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Закотни адо қилмаган ҳар бир одамга қиёмат куни ўтдан тамға қилиниб, ёнбошига, пешонасига ва орқасига босилади. У куннинг миқдори эллик минг йилга тенг бўлади, то одамлар орасида ҳукм чиқариб бўлгунча, тамға босилаверади. Сўнгра ё жаннатга, ё дўзахга йўли кўрсатилади», – деганлар.

Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ўзидан кейин хазина қолдирса, қиёмат куни унга икки қора нуқтаси бор кўзойнакли илон бўлиб кўринади. Унинг орқасидан қувлаб юради. Ундан:

– Сен нимасан ўзи? – деб сўраса:

– Мен ўзингдан кейин қолдириб кетган хазинангман, – дейди. Сўнгра яна орқасидан қувиб боради. У қўлини тутади. Илон қўлини тишлаб, ютади ва тананинг қолганини ҳам юта бошлайди», – деганлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ берган умрни яшаб, Унинг розилигини топиш учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом қуйидагиларга қатъий амал қилишимизни буюрадиларДоимо тоза ва покиза таомларни давоми...

2357 17:00 / 18.07.2022
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади .Банда бой бўлиши учун бир тижорат ёки амирликни қасд қилади. Аллоҳ таоло фаришталарига айтади У бандамни ундан буриб давоми...

2686 11:00 / 05.05.2023
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга .Эй Абу Зарр, молнинг кўплигини бойлик деб ўйлайсанми, дедилар. .Ҳа, эй давоми...

1750 17:00 / 22.11.2021
.Бахт, сўзи Қуръони Каримда қуйидаги икки ўриндан бошқа ерда зикр қилинмаган.Биринчиси .У келган кунда ҳеч бир жон гапира олмас. Магар У зотнинг изни ила гапирур. давоми...

2600 08:40 / 25.07.2021
Аудиолар

118792 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40743 14:35 / 11.08.2021