1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бидъат – қалб хасталиги

12:05 / 14.08.2018 6148 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Бидъат» сўзи луғатда «бир нарсани янгидан пайдо қилиш» маъносини англатади. «Бидъат»нинг таърифига келсак, уламолар бу масалада бир тўхтамга келишмаган. Мутахассислар уларни икки асосий йўналишга тақсимлайдилар.

Биринчи йўналишдаги уламоларга имом Шофеъий ва у кишининг мазҳабидаги уламолардан Изз ибн Абдуссалом, Нававий, Абу Шома, моликийлардан Қурофий ва Зарқоний, ҳанафийлардан Ибн Обидийн, ҳанбалийлардан Ибн Жавзий ва зоҳирийлардан Ибн Ҳазмлар киради.

Бу йўналишдаги уламолар бидъатни, хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва Суннатда йўқ ва янги пайдо бўлган нарса, деб таъриф берадилар.

Изз ибн Абдуссалом бидъатга қуйидагича таъриф берган: «Бидъат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсадир».

Биринчи йўналишдаги бидъат бир неча турга бўлинади:

1. Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Ушбу илмни билмасдан Қуръон ва Суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади. Демак, Қуръон ва Суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.

Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларида наҳв илмини ўрганиш борасида илк қадам қўйилди.

2. Ҳаром бидъат. Қадария, Жабaрия, Муржиъа ва Хавориж мазҳаблари. Булар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган.

Уларнинг ҳаммаси кейин чиққан ва Исломга қарши ақийда ва фикрларни ўзларига шиор қилиб олган. Бу мазҳабларда юрганлар диндан чиққан ҳисобланади.

3. Мандуб бидъат. Мадрасалар ташкил қилиш ва таровеҳ намозига ўхшаш нарсалар. Булар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида бўлмаган, кейин йўлга қўйилган ва фойдали бўлгани учун мандуб, деб баҳоланган.

4. Макруҳ бидъат. Масжидларни нақши нигор билан безашга ўхшаш нарсалар.

5. Мубоҳ бидъат. Намоздан кейин қўл бериб кўришиш, емоқ, ичмоқ, киймоқда лаззат ва чиройни ихтиёр қилиш кабилар.

Биринчи йўналиш тарафдорлари бидъатни мазкур беш қисмга тақсимланишига далиллар ҳам келтирганлар:

1. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар». Муслим ривоят қилган.

2. Абдурраҳмон ибн ал-Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тарқоқ ҳолда кимдир ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқиса бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар: «Менимча уларни бир қори (орти)га жамласам яхши бўлади», деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортидан жамлади. Кейин, бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб намоз ўқишар эди. «Бу қандоқ ҳам яхши бидъат. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра қоим бўлганлари афзал», деди ҳазрати Умар. Кечанинг охирида, демоқчи. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди». Молик ривоят қилган.

 3. Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Урва ибн Зубайр билан бирга масжидга кирдик. Қарасак, Абдуллоҳ ибн Умар Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужраси олдида ўтирган экан. Одамлар бўлса, жамоат бўлиб зуҳо намози ўқимоқдалар. Биз Ибн Умардан уларнинг намози ҳақида сўраган эдик, «Бидъат» деди». Муслим ва Аҳмад ривоят қилган.

Кўпчилик мазкур таърифга биноан бидъатни иккига тақсимлаб, уни икки хил: яхши ва ёмон бидъат, дейди.

Иккинчи йўналишдаги уламолар имом Молик, Шотибий, Туртиший, ҳанафийлардан имом Шумунний ва Айний, шофеъийлардан Байҳақий, Ибн Ҳажар Асқалоний ва Ибн Ҳажар Ҳайсамий, ҳанбалийлардан Ибн Ражаб ва Ибн Таймияларнинг фикрича, бидъатнинг барчаси – ибодатдагиси ҳам, одатдагиси ҳам залолатдир.

Иккинчи йўналишдаги таърифларнинг энг машҳури ва жамловчиси имом Шотибийнинг таърифи ҳисобланади. У киши бидъатни икки хил таъриф қилган:

1. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юриш ила Аллоҳга ибодат қилишда муболаға қасд қилинади.

Бу таърифда дин жавҳарига янги ўзгартиш киритиш, ибодатларда шариат кўрсатган йўлга ўхшаш йўл пайдо қилиш ҳақида сўз бораётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди.

2. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юришдан шариат йўлига юриш қасд қилинади.

Имом Шотибийнинг иккинчи таърифи биринчисидан кенг бўлиб, унда ибодат ва одатлардаги янги ихтиро қилинган нарсалар бидъат экани таъкидланган.

Имом Шотибий бидъат масаласини энг кўп баҳс қилган олимлардан ва бидъатга қарши турувчилардан биридир.

Шу ўринда, нима учун имом Шотибий бидъатни икки хил таъриф қилган, деган ҳақли савол туғилади. Бу саволга уламоларимиз шундай деб жавоб берганлар: «Бунда Имом Шотибий бошқаларнинг бидъат маъносини кенг ёки тор олганига эътибор берган».

Имом Шотибийнинг биринчи – тор таърифида бидъат фақат ибодатларда бўлади, деганларнинг фикри, иккинчи – кенг таърифида эса, бидъат ибодатларда ҳам, одатларда ҳам бўлади, деганларнинг фикри ўз ифодасини топган.

Имом Шотибийнинг ўзи эса, бидъат фақат ақийда ва ибодатларга хос бўлишига мойил бўлган.

Иккинчи йўналишдаги таърифда бизга керак бўлган асосий маъно «Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл», деган жумладир.

Демак, мусулмонлар ичида янги пайдо бўлган нарса бидъат бўлиши учун, у диннинг асосига оид бўлиши шарт экан. Унга ҳам худди шариатнинг асосий ибодатлари мақоми берилиши лозим.

Islom.uz таҳририяти

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ айтадилар Қози иккала даъвогарни ўтқазишда, уларга қарашда ва бошқа муомалаларда, асарларда келганидек, баробар бўлиши керак.Умму давоми...

1510 17:00 / 22.11.2020
Абу Бакр ибн Айёш айтади .Усмон ибн Осимнинг олдига кирдим. У жон талвасасида ётган экан. Бироз вақт ўтиб, у ҳушидан кетди. Кейин ўзига келиб, ушбу оятни ўқиди .Биз давоми...

1288 08:19 / 19.05.2020
Биз ҳар куни камида 32 марта ўқийдиган сура бор. Бу Фотиҳа сураси. Ушбу улуғ сурада бир оят бор. Бу оятидир.Тўғри йўл сўрашнинг мана бундай кўринишлари бор бири давоми...

1961 13:20 / 24.12.2021
Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу румликлар устига бир қўшин юборди. Қўшинда саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Ҳузофа исмли зот давоми...

1819 08:00 / 27.12.2020
Аудиолар

118785 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40735 14:35 / 11.08.2021