2160 09.01.2018

Бечора болажонлар… Ўз хатоларимиз туфайли сизларни бунчалар жазоламасак!

Бечора болажонлар... Ўзимизнинг камчиликларни деб сизларга бунчалар зулм қилмасак!

Бечора болажонлар... Биздан ўрганган нарсаларингиз учун сизларни бунчалар койимасак!

Бечора болажонлар... Ўзимиз сизлардан ҳам кўпроқ қиладиган ишлар учун сизларни бунчалар маломат қилмасак!

Бечора болажонлар... Ўзимиз қила олмаган нарсаларни қилдираман деб сизларга бунчалар босим ўтказмасак!

Бечора болажонлар... Неча марталаб кўзгуни синдириб, ундаги хатоларимизни кўришдан қутулиб қоламиз!

Бечора болажонлар... Неча марталаб гуноҳларимизни сизларга юклаб қўямиз, шундан кейин ҳам сизлар бизни яхши кўраверасиз, кечираверасиз, раҳм қилаверасиз!!!

Болажонлар бизни нима учун кечиришади?

Чунки уларнинг мурғак қалби ҳали оппоқ, покиза. Аллоҳ ато этган «иммунитет» уларни бизнинг жоҳиллигимиздан, уқувсизлигимиздан, тажрибасизлигимиздан ҳимоя қилиб туради. Кошки Аллоҳ берган ўша иммунитетнинг таъсири тугагунча билмаганларимизни ўрганиб, етук шахсга айлансак…

Болажонлар! Нима учун биз сизларга бундай ёмон муомала қиламиз? Биласизми?

Чунки биз сизларни яхши кўрамиз, севамиз. Ўзимиздан ҳам афзал бўлишингизни истаймиз. Ана шу севгимиз кўзимизни кўр қилиб қўяди…


Кулфатнинг каттаси муаммони болаларда деб ўйлашдир

Биз мураббийлар фарзанд тарбиясидаги масъулиятни тўлалигича зиммага олишимиз керак. Бу борада бошқалардан ёрдам, кўмак сўрашнинг зиёни йўқ. Бировдан ёрдам сўрашимиз, бу ҳассос вазифадаги асосий ўрнимизни йўқотмайди.

Айрим кишилар худди аввал айтиб ўтилган икки альпинистнинг бири қаршисидан чиқиб қолган баҳайбат айиққа шеригини ташлаб, қутулиб қолмоқчи бўлишади. Аммо масъулият ҳам бамисоли ўша баҳайбат айиқдек, ундан қочиб қутулишнинг иложи йўқ. Шундай экан, қочиш ўрнига у билан курашиш афзал.

Сен масъулиятдан қочма. Собит тур, оиланинг масъулиятини тўлиқ зиммангга ол. Ўша масъулиятни машаққат эмас, роҳатга айлантир.

Зиммангдаги мажбуриятларни бажарар экансан, болаларинг масъулиятни қандай кўтаришини сендан ўрганишади. Бу оғир, аммо шарафли вазифанинг осонгина ечими, тезкор жавоби йўқ. Унинг машаққатини енгишда тинчлантирувчи дорилар ҳам фойда бермайди.

Бу ишга вақт, сабр ва илм керак бўлади. Ана шунда охир-оқибат ўша масъулият ҳаётимиз ўлчовига, фарзандларимизнинг саодатига айланади.


Намунавий тарбия стратегияси 


Намунавий тарбия стратегияси уч босқичдан иборат:
1. Ишонч пайдо қилиш;
2. Ижобий жиҳатларга эътибор қаратиш;
3. Салбий жиҳатларни тўғри томонга йўналтириш.

Қандай қилиб болада ишонч пайдо қиламиз?
1. Қўрқувни кетказиш орқали. Бунинг учун ҳар қандай моддий, жисмоний ва маънавий жазо турларидан воз кечиш керак. Бу эса биз одатланиб қолган услублардан – куч ишлатиш, қўрслик, мажбурлаш, таҳдид, маломат, танбеҳ бериш, сўкиш, қовоқ солиш, ўқрайиш ва бақиришдан воз кечиш демакдир. Чунки тарбия борасида бу услубларнинг барчаси инсоннинг қалбига қўрқув солади, қўрқув эса болани ақлан ва жисмонан ўсишдан тўхтатиб қўяди.
«Қовоқ солишдан воз кечиш керак» деган гапимга бир мураббия аёлдан эътироз келди. У: «Болаларни қўрқитадиган ҳеч нарса қолдирмабсиз-ку», деди. Мен табассум қилиб, унга: «Хотиржам бўлинг, қовоқ солмасликка ҳар қанча ҳаракат қилсангиз ҳам, қовоқларингиз ўз-ўзидан солинади. Биз керагидан ортиқ солиб юборамиз, холос», дедим (аслида шахсан мен умуман қовоқ солмаслик керак деб ҳисоблайман).
Кўпчилик ота-оналар  ҳозиргача ҳам бола барибир нимадандир қўрқиши керак деган фикрни маҳкам ушлаб олишган. Боланинг юрагида ана шундай хавф бўлмаса, буни ҳатто танқид ҳам қилишади. Хавф эса қўрқув сўзидан олинган бўлиб, боланинг ақлий ва жисмоний жиҳатдан фалажлаб қўяди.
Кўпчилик «Биз болаларимизни қўрқитмаймиз – уларни урмаймиз, қаттиқ танбеҳ бермаймиз», дейишади. Лекин бола фақат бундан эмас, бошқа нарсалардан ҳам қўрқади. Масалан, ота-она ёки ўқитувчининг бақиришидан, уни бошқа болалар билан солиштиришидан, ҳадеб ваъз-насиҳат қилаверишидан, уни ёмон кўриб қолишидан, хафа бўлиб, аразлашиб қолишидан… Буларнинг барчаси болани оғир руҳий изтиробга солади.
Фарзандингиздан сўранг-чи, у сиздан қўрқармикин? Одатда уни нима қўрқувга солиши билан бир қизиқиб кўринг-чи.

2. Бола сўзсиз итоатга мажбурлашдан, унга ўзингиз хоҳлаган бир натижага эришишни қайсарлик билан талаб қилишдан тийилинг. Аста-секин боланинг ота-онадан мустақил равишда фикрлаш ва иш тутишига ҳам қўйиб бериш, бунинг оқибатида юз бериши муқаррар бўлган хато-камчиликларни қабул қилишимиз керак бўлади. Фарзандимиз руҳий, фикрий, маънавий ва моддий тарафдан мустақил бўлишини хоҳласак, уларга бироз эркинлик беришимиз ва улар бу эркинликдан қандай фойдаланаётганини назорат қилиб туришимиз лозим.

«Болаларимиз бамисоли жавҳар,
лекин темирчи ўзимиз» китобидан
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси