1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 44-оят

10:10 / 23.08.2017 3201 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамларни яхшиликка буюриб туриб, ўзингизни унутасизми? Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсиз-ку. Ақл юритмайсизларми?! Бақара 44. 

Маълумки, яҳудийлар ва хусусан, уларнинг диний олимлари аҳли ширк бўлган арабларни самовий динга, янги келадиган Пайғамбарга эргашишга, китобга амал қилишга, Аллоҳга берган аҳдларига вафо қилишга ва бошқа кўпгина яхшиликларга чорлар эдилар. Вақти етиб, Аллоҳ Қуръони Каримни нозил қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни охирзамон пайғамбари қилиб юборганда, араб мушрикларидан кўплари иймон келтирдилар, аммо яҳудийлар ўзларини унутиб, кофир бўлдилар. Аслини олганда, улар иймонга аввалроқ киришлари керак эди. Чунки улар Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Таврот китобини тиловат қилиб турар эдилар. Унда эса сўнгги Пайғамбарнинг келиши тўғрисида хабар бор эди. Китобни, яъни илоҳий китобни тиловат қилиб, одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзини унутиш ақлдан эмас эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ояти кариманинг охирида:

«Ақл юритмайсизларми?!» дея хитоб этиб, уларни ақлсизларга тенглаштиряпти.

Аввал айтиб ўтганимиздек, бу ояти каримадаги хитоб фақат Бану Исроилга хос эмас, балки ҳаммага тегишлидир. Ўзи айтганига ўзи амал қилмайдиган дин уламолари ҳар бир уммат учун катта офатдир. Эътиборни жалб қиладиган, диний тус берадиган кийим кийиб олиб, чиройли-чиройли сўзларни танлаб, ширали овоз ила амри маъруф, наҳйи мункар қилиб, аммо айтаётганларига ўзи амал қилмайдиганлар ҳар бир жамиятда топилади. Айниқса, динни ўзларига касб қилиб олганлар хавфли. Улар эгаллаб турган мақомларини бой беришдан қўрқиб, ҳар қандай пасткашлик қилишга тайёрлар. Уларнинг офати ҳаммага уради. Касофати умумийлашади. Дин номидан Аллоҳни, иймонни аралаштириб, яхшиликка чақирадиган, лекин ўзи унга хилоф иш тутадиганлар кишиларнинг қалбларидаги ҳис-туйғуларни оёқости қиладилар, фикрларини остин-устун қилиб, қалбларида ақийда ёққан шуълани ўчириб, иймон нурини кетказадилар. Шунинг учун ҳам илмига амал қилмайдиганларнинг бу дунё-ю у дунёда азоб-уқубатлари улкан бўлади.

Имом Аҳмад Набий алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси шарифда:

«Аллоҳ таоло қиёмат куни саводсизларни уламоларни ҳимоя қилмаган нарсалардан ҳимоя қилади», дейилган. Баъзи ривоятларда:

«Аллоҳ илмсиз кишини етмиш марта мағфират қилганда, олимни бир марта мағфират қилади», – дейилган.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Қиёмат куни бир киши дўзахга келтириб ташланади, шунда қорнидаги нарсалар ташқарига отилиб чиқади, у дўзахда ўз қорнидан чиққан нарсалар атрофида худди тегирмонни айлантирадиган эшак сингари айланиб юради. Дўзахилар уни ўраб олиб:

– Эй Фалончи, сенга нима мусибат етди? Бизга амри маъруф, наҳйи мункар қилмаганмидинг? – дейишади. Шунда у:

– Сизларни яхшиликка чорлар эдим-у, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдим-у, ўзим қилардим», – дейди», – деганлар.

Имом Аҳмад Набий алайҳиссаломдан ривоят қиладилар:

«Исро кечасида лаблари оловдан бўлган қайчилар билан қирқилаётган кишиларнинг олдидан ўтдим.

– Анавилар кимлар? – деб сўрадим.

– Умматингдаги аҳли дунё ваъзхонлар. Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларини унутганлар ва ҳолбуки, китобни ўқир эдилар, ақлни ишлатмайдиларми? – дейишди».

Аллоҳ шундай оқибатдан Ўзи сақласин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тавба 18. Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан давоми...

10497 10:44 / 06.06.2017
Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни тормор қилдилар ва Довуд Жолутни қатл этди. Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва Ўзи хоҳлаган нарсасини ўргатди. Агар давоми...

2829 23:35 / 03.04.2018
Ана ўшалар дунё ҳаётини охиратга сотиб олганлардир. Улардан азоб енгиллатилмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас. Бақара 86.Охиратни сотиб, дунёни олиш яҳудийларнинг давоми...

4050 01:29 / 12.10.2017
Қачон уларга .Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар,, ndash дейилса, .Йўқ Балки биз отабоболаримизни нимада топган бўлсак, ўшанга эргашамиз,, ndash дерлар. Отабоболари давоми...

2935 08:20 / 08.01.2018