1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 272-оят

09:45 / 05.05.2018 4390 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уларнинг ҳидояти сенинг зиммангда эмас. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қиладир. Нимаики яхшиликни нафақа қилсангиз, ўзингиз учун. Қилган нафақангиз фақат Аллоҳнинг юзини исташ учундир. Нима яхшилик нафақа қилсангиз, сизларга зулм қилинмаган ҳолда ўзингизга тўлалигича берилур. Бақара 272. 

Инсон қалбига боғлиқ ишлар ниҳоятда мураккаб ва нозикдир. Ҳеч қачон бир инсон ўзга бир инсоннинг қалбига эгалик қила олмайди. Фақатгина оламларнинг ва қалбларнинг Робби – Аллоҳ таолонинг Ўзигина эгалик қилади. Бу борада ҳатто Пайғамбар алайҳиссолату вассалом ҳам аралаша олмасликлари ушбу ояти каримада эслатиб ўтилмоқда:

«Уларнинг ҳидояти сенинг зиммангда эмас».

«Шунинг учун даъватингга қулоқ солишмаса, нафақа қилишга ҳаракат қилишмаса, сиқилма, ҳижолат бўлма, аччиғинг чиқмасин».

«Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қиладир».

Бундай ишлар Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлиқ ишлардир. Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоятга бошлайди. Кимни хоҳласа, ўшани нафақа қилишга, хайру эҳсонга бошлайди. Бу нарсалар Аллоҳнинг ихтиёрисиз бўлмайди.

«Нимаики яхшиликни нафақа қилсангиз, ўзингиз учун».

Сиртдан қараганда, нафақа қилган киши нафақа олган одамга фойда етказганга ўхшайди. Аслида эса ҳамма фойда нафақа қилувчига бўлади. У аввало, Аллоҳнинг амрини амалга оширади, иккинчидан, кўпдан-кўп савобга эга бўлади, охиратда жаннатга киради. Бу дунёда одамларнинг муҳаббатига, эҳтиромига сазовор бўлади, ризқи кенг бўлади. Яна бошқа кўпгина фойдалар борки, уларни Аллоҳнинг Ўзи билади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату вассаломдан ривоят қилинган ҳадислардан бирида: «Садақа балоларни рад қилади ва умрни зиёда қилади», – дейилган.

«Қилган нафақангиз фақат Аллоҳнинг юзини исташ учундир».

Бу иш фақат мўмин кишига хос ишдир. Фақат мўмин кишигина Аллоҳнинг юзи, розилиги учун хайр-эҳсон қилади. Бошқалар риё учун, пора учун, баъзи бир кишиларнинг розилиги учун ва яна бошқа шунга ўхшаш ғаразлар учун нафақа қиладилар.

«Нима яхшилик нафақа қилсангиз, сизларга зулм қилинмаган ҳолда ўзингизга тўлалигича берилур».

Қанча нафақа қилган бўлсангиз, ҳаммасининг савобини тўла оласиз. Баъзисини камайтириб, сизларга зулм қилинмайди.

Ибн Аби Ҳотим қилган ривоятда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Пайғамбар алайҳиссолату вассалом авваллари кишиларни аҳли Исломдан бошқаларга нафақа бермасликка буюрар эдилар. «Уларнинг ҳидояти сенинг зиммангда эмас. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қиладир» ояти нозил бўлгандан кейин ҳаммага ҳам садақа қилаверишга буюрдилар», – деганлар.

Мусулмон бўлмаган кишиларга қилинадиган садақа ихтиёрий садақалардан бўлади. Фарз садақалар эса фақат мусулмон кишиларга берилади.

Бундан маълум бўладики, Ислом диний эркинликни эътироф этибгина қолмай, балки мусулмонларни бошқа диндаги кишиларга яхшилик қилишга, молиявий ёрдам беришга ҳам қизиқтиради.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳли китоблардан кўплари ўзларига ҳақ равшан бўлганидан кейин, ўз нафсу ҳаволаридан келиб чиқиб, ҳасад қилиб, иймонли бўлганингиздан кейин сизларни кофир ҳолга давоми...

3124 08:20 / 06.11.2017
Бақара 184. Саноқли кунларда. Сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида фидя ndash бир мискин таоми давоми...

5710 18:10 / 18.06.2017
4. Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз.Бизда .ибодат, деганда, фақат намоз ўқиш, рўза тутиш, зикр, Қуръон қироати каби нарсалар давоми...

4155 18:10 / 20.03.2017
Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни .ўликлар, деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмассиз. Бақара 154.Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганлар одамлар кўзида гўё давоми...

4351 09:05 / 21.12.2017
Аудиолар

120138 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41801 14:35 / 11.08.2021