1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 258-оят

09:25 / 08.04.2018 3425 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабли Иброҳим билан Робби ҳақида тортишган кимсани билмадингми? Ўшанда Иброҳим: «Роббим тирилтиради ва ўлдиради», – деди. У: «Мен тирилтираман ва ўлдираман», – деди. Иброҳим: «Албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқарур, бас, сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи», – деди. Бас, куфр келтирган лол қолди. Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас. Бақара 258. 

Ушбу ояти карима Иброҳим алайҳиссалом билан у кишининг даврларида ўтган бир ҳукмдор подшоҳ ўртасида бўлиб ўтган тортишувни ҳикоя қилади. Қуръони Карим, одатдагидек, у подшоҳнинг исмини зикр қилмайди. Чунки ибрат унинг исмида эмас, балки тасарруфидадир. Тортишув Парвардигори Олам ҳақида бўлган. Кофир подшоҳнинг гапига қараганда, у Аллоҳнинг борлигига шубҳа қилмайди, балки Унинг сифатларига шубҳа қилади, хусусан, «Оятул Курси»да зикр қилинган сифатларни инкор этади. Хўш, уни бундай тасарруфга олиб келган нарса нима? Нима сабабдан шунчалик даражада куфр келтириб, Аллоҳнинг улул азим пайғамбарларидан бўлган Иброҳим алайҳиссалом билан Парвардигори Олам ҳақида тортишди экан?

«Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабли...»

Аслини олганда, Аллоҳ унга подшоҳлик, мулк берганига шукр қилиши керак эди. Лекин кофирлик ёмон нарса, шунинг учун кофирга ҳукм, подшоҳлик берилса, ҳаддидан ошади, туғёнга кетади. Ҳатто худолик даъвосини қилади. Ўзининг ожиз банда эканини унутади. Унга неъматни ким берганини билмайди. Шукр қилиш ўрнига ношукрлик қилади. Бу жуда ҳам ёмон иш. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг бу оят орқали Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга қилаётган хитобида ўша ҳолатни инкор қилиш маъноси ҳам бор.

«Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабли Иброҳим билан Робби ҳақида тортишган кимсани билмадингми?»

Аллоҳ берган катта неъмат сабабидан Аллоҳнинг сифатларини инкор қилиб, Унга қарши чиқиш қандай ҳам ёмон иш! Ояти кариманинг кейинги жумлаларини ўргансак, бу ишнинг нақадар ёмон экани очиқроқ намоён бўлади.

«Ўшанда Иброҳим: «Роббим тирилтиради ва ўлдиради», – деди. У: «Мен тирилтираман ва ўлдираман», – деди».

Кофир билан тортишувда Иброҳим алайҳиссалом «тирилтириш» ва «ўлдириш» Аллоҳ таолонинг иши эканини бежиз зикр қилмаганлар. Биз ожиз бандалар ҳар лаҳзада тирилтириш ва ўлдириш ҳолатининг гувоҳи бўлиб турамиз. Кимдир ҳаётга кириб келади, кимдир ҳаётни тарк этиб, ўлимга дучор бўлади. Бу жараён ҳар лаҳзада такрорланиб туради. Лекин ҳозиргача ҳаётнинг ва ўлимнинг ҳақиқатини ҳеч ким тушуниб етгани йўқ. Ҳаёт асари борлигини кўриб, «Бу тирик», – деймиз; ўлим аломати зуҳур этганини кўриб, «Бу ўлик», – деймиз. Тирилтириш ва ўлдириш фақат Аллоҳ таолога боғлиқ сифатдир. Бу сифатга ҳеч ким, ҳеч қандай даражада яқин ҳам кела олмайди. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом ушбу сифатларни айнан кофир подшоҳ билан бўлган тортишувда зикр қилдилар. Бу гапни эшитган кофир подшоҳ «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», – деди.

Подшоҳлик қилиб, ўз халқи устидан ҳоким бўлиб турган одам иймонли, тақводор бўлмаса, туғёнга кетади. Ўзининг айтгани бўлиб турганини кўрганидан кейин ҳаддидан ошади. Фуқароларга маош беришга амр қилиб, мен ризқ беряпман, деб ўйлайди. Бировга мусибатида кўмак берса, уни мен балодан сақлаб қолдим, дейди. Кофирлиги уни борган сари туғёнга олиб бораверади. Охири, ҳамма иш менинг ихтиёрим билан бўлади, демак, тирилтириш ва ўлдириш ҳам менинг ихтиёримда, дейишгача бориб етади. Аллоҳнинг сифатларини ўзига нисбат беради. Одатда бундай кишилар туғёнга кетганлари сабабли оқилона гапларга ҳам эътибор бермай, ўзларини оқилликда тенги йўқ ҳисоблаб қоладилар. Бундай кимсалар фақат пешоналари қаттиқроқ нарсага таққиллаб урилгандагина бир оз ўзларига келадилар. Шунинг учун Иброҳим алайҳиссалом кофир подшоҳга тириклик нимаю ўлим нима эканини майдалаб тушунтириб ўтирмасдан, тўғридан-тўғри пешонасига таққиллатиб:

«Иброҳим: «Албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқарур, бас, сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи», – деди».

Қуёшнинг машриқдан чиқиб, мағрибга ботиши доимо такрорланиб турадиган жараёндир. Даврий муддати йигирма тўрт соатдир. Эътибор берилса, бу ҳол улкан мўъжизадир, Аллоҳнинг чексиз қудратига далилдир. Аллоҳ томонидан жорий этилган бу интизомни ким ўзгартира олади? Аллоҳнинг сифатларига шерикликни даъво қилиб, «Мен тирилтираман ва ўлдираман», деб айтиб, ҳаддидан ошаётган кофир подшоҳми? Агар қўлидан келса, даъвоси тўғри бўлса, мана, таклиф бўлди: Аллоҳнинг низомини бузсин-чи! Қуёшни мағрибдан чиқарсин-чи! Ҳолбуки:

«Бас, куфр келтирган лол қолди».

Чунки таклиф қилинган нарсани амалга ошириш унинг қўлидан келмайди. Жим қолишдан бошқа иложи йўқ. У нобакор очиқ-ойдин ишни тушуниб етмади. Таслим бўлиб, иймон келтириш ўрнига куфр келтириб, талашиб-тортишди. Адолат йўлида юрмай, зулмни ихтиёр қилди.

«Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас».

  Ўлим ва ҳаётнинг сир-асрори ҳақида сўз кетиб турганида, шу маънони таъкидлаш учун яна бошқа бир қисса келтирилади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
2 8. Ва одамлардан .Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик,, дейдиганлари бор. Ҳолбуки, улар мўмин эмаслар.Мунофиқларнинг бош сифатлари ушбу оятда зикр давоми...

3457 17:24 / 12.05.2017
Ёки шифтлари устига қулаган шаҳардан ўтган кишига ўхшашни билмадингми У .Аллоҳ буни ўлимидан кейин қандай тирилтираркин, ndash деди. Бас, Аллоҳ уни юз йилга ўлдирди, давоми...

4345 16:11 / 09.04.2018
Роббимиз, уларнинг ичига ўзларидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Расул юбор. Албатта, давоми...

3027 17:00 / 26.11.2017
Ҳар кимнинг юзланадиган тарафи бор. У ўшанга юзланувчидир. Бас, яхшиликларга шошилинг. Қаерда бўлсангиз ҳам, Аллоҳ ҳаммангизни келтирадир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир давоми...

3546 10:05 / 15.12.2017