1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 253-оят

13:25 / 05.04.2018 3133 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ана ўшалар расуллардир. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор ва баъзиларининг даражасини кўтарган. Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизалар бердик ва уни Муқаддас руҳ билан қўлладик. Агар Аллоҳ ирода қилганида, улардан кейингилар ўзларига очиқ-ойдин ҳужжатлар келганидан сўнг урушмас эдилар. Лекин ихтилоф қилдилар. Бас, улардан иймон келтирганлари ҳам бор ва куфр келтирганлари ҳам бор. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, урушмас эдилар. Лекин Аллоҳ ирода қилганини қиладир. Бақара 253. 

Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзидан, ҳар бир ҳарфидан катта-катта маънолар келиб чиқади. Бу ҳақиқатни кишилар тушуниб етишлари керак, холос. Ушбу ояти кариманинг аввалида «Ана ўшалар» деган сўз келмоқда. Бу анбиё алайҳимуссаломга нисбатан бўлган эҳтиром рамзидир. «Улар», «Анавилар» ёки шунга ўхшаш бошқа сўзларни ишлатмасдан, айнан

«Ана ўшалар расуллардир», дейилиши ҳурматга далолат қилади.

Ояти каримада пайғамбарлар ва пайғамбарликлар ҳақида умумий маълумот келмоқда. Шу билан бирга, баъзи пайғамбарларнинг баъзиларидан фазли устун экани ва ўша устунлик нимада экани ҳам билдириб ўтилмоқда.

«Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик».

Мазкур фазл анбиё алайҳимуссаломни ўраб турган муҳитга боғлиқ. Мисол учун, баъзи пайғамбарлар бир қабилага, бошқалари бир авлодга, яна бирлари бир умматга, баъзилари эса барча умматлар ва барча авлодларга юборилган бўладилар. Шунингдек, бу фазллар пайғамбарликнинг табиатига, унинг инсон ҳаётини қанчалик қамраб олишига ҳам боғлиқдир.

Ояти каримада мазкур ҳолга иккита мисол келтирилади:

1.  «Улардан Аллоҳ гаплашгани бор…»

Яъни пайғамбарлар ичида Аллоҳ у билан гаплашгани бор. Аллоҳ билан гаплашиш ҳақида сўз кетганда, албатта, Мусо алайҳиссалом ёдга тушадилар. Бу маъно озми-кўпми, диндан хабардор бўлган барча кишиларга маълум. Ва у Қуръони Каримда бир неча бор такрорланган ҳақиқатдир. Мусо алайҳиссаломнинг лақаблари Калимуллоҳ бўлиб, «Аллоҳ ила сўзлашган» деган маънони англатади. Шунинг учун ҳам оятда у кишининг исмлари айтиб ўтирилмади.

«…ва баъзиларининг даражасини кўтарган».

Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила баъзи пайғамбарларининг даражасини кўтариб қўйган. Бу ҳам маълум ва машҳур.

2.  «Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизалар бердик ва уни Муқаддас руҳ билан қўлладик».

Қуръони Карим Ийсо алайҳиссаломни доимо оналари Биби Марямга нисбат бериб зикр қилади. Бу билан у кишининг инсон эканликларини таъкидлайди ва у зот ҳақидаги турли афсоналарнинг бекор эканини исбот қилади. У кишига берилган «очиқ-ойдин мўъжизалар» ҳақида ҳам кўплаб оятлар келган. Буларга у кишига нозил қилинган Инжил китоби ва Аллоҳ у кишига берган бошқа турли мўъжизалар киради. «Муқаддас руҳ» деб таржима қилинган «Руҳул қудус»дан мурод фаришта Жаброил алайҳиссаломдир. У ваҳийга хизмат қилувчи, Аллоҳнинг ваҳийсини пайғамбарларга етказувчи фариштадир. Қайси пайғамбарга Жаброил алайҳиссалом келсалар, катта қўллаш ҳисобланади.

Ояти каримада Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзларига хитоб бўлаётгани учун у зотнинг фазллари зикр қилинмади. Ҳамма пайғамбарлар ичида Муҳаммад алайҳиссаломга назар соладиган бўлсак, у зот энг олий чўққида турадилар. Пайғамбарликнинг ҳамма нуқтаи назаридан қараганда, у зот ва у кишининг пайғамбарликлари ҳаммадан устун туради. У кишининг пайғамбарликлари барча авлодлар, барча умматлар ва халқлар учундир. У кишининг пайғамбарликлари қиёмат кунига қадар бардавомдир. У кишининг пайғамбарликлари тўлиқ, ҳеч қандай камчиликсиз ва кишиларга икки дунё саодатини берувчи пайғамбарликдир. Шунинг учун ҳам у кишидан кейин ваҳий келиши тўхтаган. Аллоҳ таоло бошқа ҳамма пайғамбарларга берган фазилатларни жамлаб, Муҳаммад алайҳиссаломга бергандир.

Шундай бўлса ҳам, Набий алайҳиссалом Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:

«Мени бошқа пайғамбарлардан устун қўйманглар», – дейдилар.

Нақадар улуғ камтарлик, буюк тавозуъ! Уламоларимиз ушбу оят ва ҳадисдаги маъноларнинг бир-бирига қарама-қарши эмаслигини таъкидлаб, «Оятда воқеъликдан хабар берилган, ҳадис Набий алайҳиссаломнинг камтарликларига, пайғамбарларнинг фазлини белгилаш Аллоҳнинг иши эканига далолатдир», – деганлар.

«Агар Аллоҳ ирода қилганида, улардан кейингилар ўзларига очиқ-ойдин ҳужжатлар келганидан сўнг урушмас эдилар».

Демак, пайғамбарлардан кейин қолган умматларнинг урушишлари ҳам Аллоҳнинг иродаси, хоҳиши билан бўлар экан. Бу дунёда ҳеч нарса Аллоҳ таолонинг иродасидан четга чиқа олмайди. Инсонлардаги ақл, истеъдодлар турличадир. Ушбу турли-туманлик баъзи вақтларда ҳар ким ўзиникини тўғри деб билиб, ўз фикрини ўтказишга уриниши оқибатида ихтилофларга, ихтилофлар эса урушга олиб келади. Бунинг ҳаммаси Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлади.

«Лекин ихтилоф қилдилар. Бас, улардан иймон келтирганлари ҳам бор ва куфр келтирганлари ҳам бор».

Ихтилоф кучайиб бориб, куфр ва иймон орасидаги ихтилоф даражасига етди. Иймон билан куфр юзма-юз бўлганида, уруш қилмаса бўлмайдиган даражага етган бўлади. Чунки куфр билан ер юзи обод бўлмайди. Кишилар бахт-саодатга эришмайдилар. Кофир бўлиб туриб, «Пайғамбарларга эргашяпман», – дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Иймон, эътиқод асосида уруш қилиш ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Бўлмаса:

«Агар Аллоҳ хоҳлаганида, урушмас эдилар. Лекин Аллоҳ ирода қилганини қиладир».

Унинг иродаси чегара билмайди.

  Ушбу оятда ихтилоф ва уруш зикр қилинганидан сўнг, келаси оятда урушга доим ҳамроҳ, зарур бўладиган нарса – мол-мулк сарфлаш ва нафақа қилиш ҳақида даъват келади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Молларини Аллоҳнинг розилигини истаб, ўзларидаги ишонч билан сарфлайдиганлар худди тепаликдаги боққа ўхшайди. Унга кучли ёмғир ёғса, мевасини икки баробар давоми...

3407 12:25 / 20.04.2018
Улар ўт ёққан ва у энди атрофини ёритганида, Аллоҳ нурларини кетказиб, қоронғи зулматларда қолдирган кишиларга ўхшарлар. Улар кўрмаслар. Бақара 17Ушбу ояти карима давоми...

3812 12:11 / 11.07.2017
Ва бурилиб кетганда, ер юзида бузғунчилик қилиш ҳамда экин ва наслни ҳалок этиш учун ҳаракат қиладир. Аллоҳ эса бузғунчиликни суймас. Бақара 205. Ундай шахснинг давоми...

2998 09:05 / 12.02.2018
Қўллари тақдим қилган нарсалар туфайли уни ҳеч қачон орзу қилмаслар. Аллоҳ зулм қилувчиларни ўта билувчидир. Бақара 95.Оятдаги .қўллари тақдим қилган нарсалар, давоми...

2863 08:10 / 21.10.2017
Аудиолар

120150 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41813 14:35 / 11.08.2021