1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 217-оят

08:45 / 24.02.2018 3593 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрарлар. «Унда уруш қилиш катта гуноҳ. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида ундан-да катта гуноҳдир. Фитна қатлдан каттароқдир», – деб айт. Агар қодир бўлсалар, сизларни динингиздан қайтаргунларича сизга қарши уруш қилаверадилар. Сиздан кимки диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана ўшалар дунёю охиратда амали ҳабата бўлганлардир. Ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар. Бақара 217. 

Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши ҳақида бир неча ривоятлар келган бўлиб, қиссанинг мухтасари қуйидагичадир:

Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳуни саккиз нафар муҳожир саҳобийлардан иборат жангчи гуруҳга бошлиқ қилиб юборганлар. Шу билан бирга, Абдуллоҳ ибн Жаҳшга хат бериб, уни икки кун юргандан сўнг очишга буюрганлар. Вақти келиб хатни очса, унда: «Ушбу мактубни ўқиганингдан сўнг Макка билан Тоиф орасидаги Ботни нахла деган жойгача юриб бор. Ўша ерда Қурайш қабиласини кузатасан ва бизга хабарини берасан. Шерикларингдан бирортасини ўзинг билан боришга мажбур қилма», деган гаплар ёзилган экан. Бу Бадр урушидан аввал бўлган эди. Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу мактубни ўқиб кўриб: «Эшитдик ва итоат қиламиз», – дедилар. Кейин шерикларига қараб:

«Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ботни нахлага бориб, Қурайшни кузатиб, у кишига хабарини олиб боришимни буюрдилар. Сиздан бирортангизни ҳам мажбур қилишимдан қайтардилар. Сиздан ким шаҳид бўлишни хоҳласа, мен билан юрсин, ким ёқтирмаса, ортига қайтсин. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини бажариш учун бораман», – дедилар. Шерикларининг ҳаммалари ҳам битта қолмай бордилар. Ҳижознинг йўлига юриб кетдилар, бир жойга етганларида, Саъд ибн Абу Ваққос ва Утба ибн Ғазвонларнинг туялари йўқолиб қолиб, уларни излаймиз деб, Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳунинг гуруҳидан ажраб қолдилар. Қолган олти киши юриб кетдилар. Жангчи гуруҳ Ботни нахлага етганда, Қурайшнинг тижорат ортилган карвони ўтиб қолди. Карвонда Амр ибн Ҳазрамий ва яна уч киши бор эди. Жангчи гуруҳ Амр ибн Ҳазрамийни ўлдириб, икки кишини асир олди, бир киши қочиб кетди. Карвон ўлжа қилиб олинди. Улар ўша кунни жумадул охир ойининг охирги куни деб ҳисоблаган эдилар. Кейин маълум бўлишича, ражаб ойининг биринчи куни экан. Жангчи гуруҳ ўлжани ва икки асирни олиб, Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келишган эди, у зот: «Мен сизларни уруш ҳаром қилинган ойда уруш қилишга амр қилмаган эдим», – дедилар ва ўлжа ҳамда икки асирни олишдан бош тортдилар. Шундан сўнг бу гуруҳ одамларнинг назаридан қолди. Мусулмон биродарлари уларга қўпол муомала қила бошладилар. Кўпчилик, булар ҳалокатга учради, деб ўйлади.

Қурайш эса: «Муҳаммад ва унинг саҳобалари уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳурматини оёқости қилдилар, у ойда қон тўкдилар, мол-дунёни тортиб олдилар, одамларни асир қилдилар», – деб гап тарқатдилар.

Пайтни пойлаб турган яҳудийлар дарҳол турли-туман иғво-бўҳтонлар тўқий бошладилар.

Ниҳоятда ноқулай ҳолат вужудга келди. Қадимдан бу ойларда ҳеч ким уруш қилмас, бировни асир олмас, ўлжа ҳам олмас эди. Исломда ҳам бу қоида амалда эди. Бирдан мазкур иш содир бўлди. Ҳамма ҳайрон. Шунда Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилиб, гапни кесди ва Ўзининг ҳақ ҳукмини чиқарди. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб деди:

«Сендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрарлар. «Унда уруш қилиш катта гуноҳ... деб айт».

Бу ояти карима ҳам ҳаром ойда уруш қилишнинг ҳаром эканини таъкидламоқда. Тўғри, бу ойда уруш қилиш катта гуноҳ, лекин

«...Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида ундан-да катта гуноҳдир...»

Ўйлаб қаралса, зикр этилган бу бузғунчилик ишлар айни Қурайшнинг ишларидир. Уларнинг мусулмонларга қарши қилган бу ишлари одам ўлдиришдан кўра каттароқ гуноҳдир.

Қурайшнинг ўзи ҳеч қонун-қоидага риоя этмас эди, муқаддас тушунчаларни бемалол оёқости қиларди. Аллоҳ таоло Ислом динини юборганида ҳам улар одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар ва Аллоҳга куфр келтирдилар. Энг катта гуноҳ шу эмасми? Энди бўлса мусулмонларни ҳаром ойни беҳурмат қилишда айблашмоқда.

Ҳеч қандай муқаддасликнинг ҳурматини қилмайдиган Қурайш Масжидул Ҳаром аҳли бўлган мусулмонларни ўлдириб, қийноқ-азобга солиб, охири ҳаммаларини ҳайдаб чиқардилар. Мусулмонлар ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар. Энди бировни уруш ҳаром қилинган ойни ҳурмат қилмасликда айблайдиган бўлиб қолишибдими?! Ўзларининг ишлари одам ўлдиришдан кўра каттароқ гуноҳ-ку!

Кофирларнинг иши кишиларни иймондан қайтариш, Аллоҳнинг йўлидан тўсиш ва куфрга юрғизишдир. Бу фитна деб аталади.

«Фитна қатлдан каттароқдир...»

Сўнгра ояти карима кофирларнинг Ислом умматига бўлган доимий адоватини баён қилиб, айтадики:

«Агар қодир бўлсалар, сизларни динингиздан қайтаргунларича сизга қарши уруш қилаверадилар».

Яъни кофирлар мусулмонларга қарши ҳар бир фурсатдан фойдаланишга уринадилар. Мақсадлари – нима қилиб бўлса ҳам, мусулмонларни Исломдан қайтариш. Кофир ким бўлишидан, қаерда яшашидан ва қачон бўлишидан қатъи назар, ушбу ишини қилаверади. Уларнинг мусулмонларга қарши олиб борадиган урушлари ҳар хил, турли-туман, лекин мақсад битта, у ҳам бўлса – мусулмонларни диндан қайтариш. Лекин мусулмонлар сабр қилишлари, чидашлари, таслим бўлиш ҳақида ўйламасликлари керак. Аллоҳ кўрсатмасин, мабодо диндан қайтиб қолсалар, икки дунёнинг ҳасратига учрайдилар. Чунки Аллоҳ диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетганларнинг амаллари бу дунёю охиратда ҳабата бўлишини айтяпти.

«Сиздан кимки диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана ўшалар дунёю охиратда амали ҳабата бўлганлардир».

Оятдаги «ҳабата» сўзини бошқа таржималардаги каби, «беҳуда бўлди», «ботил бўлди» ёки «бекор кетди» деб таржима қилинмади. Чунки бу ибораларнинг ҳеч қайсиси «ҳабата» сўзидаги маънони тўлиқ акс эттира олмайди. «Ҳабата» сўзи аслида бирор ҳайвоннинг кўп овқат еганидан қорни шишиб, ёрилиб ўлганини билдиради. Яъни еган овқати унга озуқа бўлмай, аксинча, ёрилиб ўлишига сабаб бўлди.

Диндан қайтган муртад ҳам худди шундай ҳолга тушади. Диндан қайтгани учун барча қилган амаллари ҳабата бўлади. Мусулмон киши ҳар қандай шароитда динини маҳкам тутиши керак. Ҳар қандай азоб, ҳар қандай уқубат уни динидан қайтара олмаслиги лозим. Сабр қилса, оқибати яхши бўлади: ёки шаҳид бўлиб ўлади, ёки нусратга эришади. Аммо, Аллоҳ кўрсатмасин, диндан ҳақиқатда қайтадиган бўлса, оқибати ёмон бўлади: дунёю охиратда амали ҳабата бўлади.

Бу дунёда Ислом давлати уни муртад бўлганининг жазосига ўлдиради, у дунёда эса жаҳаннамда абадий қолади:

«Ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар».

Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом мазкур икки асирни ва ўлжани қабул қилдилар. Ҳамманинг кўнгли жойига тушди. Мусулмонлар, айниқса, Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу ва у кишининг жангчи гуруҳи аъзолари хурсанд бўлдилар. Чунки улар ҳодиса бўлиб ўтганидан кейин, гуноҳ иш қилиб қўйибмиз, деб ҳижолатда эдилар. Ушбу ояти карима нозил бўлгач, уларнинг қалбида умид учқунлари чақнади. Ибн Исҳоқ ривоят қилишларича, бу оят нозил бўлгандан кейин Абдуллоҳ ибн Жаҳш ва унинг шериклари ажру савобдан умидвор бўлиб қолишди ва Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломдан: «Бошқа бир ғазотда мужоҳидларнинг савобини олишдан умидвор бўлсак бўладими?» – деб сўрашган эди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, давоми...

6206 14:52 / 21.06.2017
Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли давоми...

54842 12:01 / 27.06.2017
Ва ҳақни ботилга аралаштирманг ва ўзингиз билиб туриб, ҳақни беркитманг. Бақара 42. Яҳудийлар ўзларининг узоқ тарихлари давомида доимо ҳақни ботилга аралаштириб давоми...

3349 10:10 / 24.08.2017
Қўллари тақдим қилган нарсалар туфайли уни ҳеч қачон орзу қилмаслар. Аллоҳ зулм қилувчиларни ўта билувчидир. Бақара 95.Оятдаги .қўллари тақдим қилган нарсалар, давоми...

2863 08:10 / 21.10.2017
Аудиолар

120150 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41813 14:35 / 11.08.2021