1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Амалнинг қабул бўлгани аломати (1-қисм)

16:23 / 20.05.2018 4157 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кимки амалининг самарасини эрта топса, бу келгусида (ўша амалнинг) қабул бўлишига далилдир.

Ушбу ҳикматнинг маъносини бошқача қилиб айтадиган бўлсак, амалнинг самараси бу дунёда топилиши унинг охиратда ҳам топилишига далолатдир.

– Амалнинг турига қараб, унинг самараси ҳам турлича бўлади.

Намоз, рўза, ҳаж, Қуръони Карим қироати, зикр, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ва тунларни ибодатда бедор ўтказиш каби ибодатларнинг самараси қалбнинг ҳозир ва ҳузурли бўлиши, хушуъ ва хузуъли бўлиши, лаззатланиш, ҳаловат топиш кабилардир.

Агар амал бошқа инсонлар билан бўладиган муомалалар, шаръий ҳукмларга риоя ва уларни ҳаётга татбиқ қилиш, одамларни яхшиликка чақириш каби ижтимоий ҳаётга оид ишлардан иборат бўлса, унинг самараси мазкур ишлардан кўзланган мақсаднинг ҳосил бўлишидир.

Бошқача қилиб айтганда, амалнинг самараси ундан келиб чиқадиган диний ва дунёвий фойдалардан иборатдир. Мазкур фойдалар эса асосан уч турли бўлади.

1. Хавф ва маҳзунликнинг йўқолиши ҳақидаги башорат бўлиши.  

Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:

«Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар» (62-оят).

Ҳа, Аллоҳнинг дўстларига – солиҳ бандаларига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар икки дунёда ҳам тўлиқ омонликдадирлар. Улар бу дунёда Аллоҳга дўст бўлганлари учун – солиҳ бўлганлари, У Зотнинг кўрсатмалари бўйича ҳалол-пок, тўғри яшаганлари учун уларга ҳеч нарса хавф-хатар солмайди. Уларнинг соғлиғига, молу мулкига, обрў-эътиборига, оиласига, жонларига, умуман, ҳеч нарсаларига ҳеч қандай хавф йўқ.

Шунингдек, охиратда ҳам уларга дўзахнинг, ундаги азоб-уқубатларнинг ҳеч қандай хавфи йўқ.

Аллоҳнинг дўстлари бу дунёю охиратда ҳеч хафа ҳам бўлмаслар. Улар доимо хурсанд бўлурлар.

Ана ўша бахтиёр шахслар, Аллоҳнинг дўсти бўлиш шарафига муяссар бўлганлар, икки дунёда хавфдан холи бўлганлар, икки дунёда хафа бўлмайдиганлар кимлар ўзи?

«Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир» (63-оят).

Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало У Зотга иймон келтириш, иккинчидан эса тақводор бўлиш, яъни Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса, ёхуд ўзига ўзи йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир. Аллоҳга дўст бўлганларга эса

«Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша буюк ютуқдир» (64-оят).

Аллоҳнинг дўстларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила аввало бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар ва ўзларига ваъда қилинган мукофотларга сазовор бўладилар.

Мазкур хушхабар Аллоҳнинг сўзларидир.

«Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша буюк ютуқдир».

2. Қаноат ва розилик билан ўтадиган фароғатли ҳаёт.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз» (97-оят).

Исломда инсон жинсига қараб мукофотланмайди. Насабига, мансаби ёки терисининг рангига қараб ҳам мукофотланмайди. Балки мукофотлашнинг бирдан-бир ўлчови иймон, ибодат ва яхши амалдир.

«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса...»

Бир хил ишни эркак киши қилса, алоҳида мукофот, худди ўша ишни аёл киши қилса, унга эркакнинг мукофотидан озроқ мукофот бериш Исломда йўқ. Аллоҳнинг ҳузурида бандаларнинг ҳаммаси баробардир.

Исломни яхши тушунмайдиган баъзи кишилар ўйлаганларидек, мўмин одам яхши амални фақат охират учун қилмайди. Балки иймонли кишининг яхши амали ўз фойдасини дастлаб бу дунёда кўрсатади.

«...уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз...»

Зотан, иймон тақозоси ила қилинадиган яхши амалларнинг барчаси бу дунёда яхши ҳаёт кечиришни таъминловчи воситадир. Албатта, мўмин кишининг яхши амалининг ҳақиқий мукофоти охиратда бўлади. Охиратда

«...ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ мўминга зулм қилмайди. Унга ҳар бир яхши иши учун бу дунёда бир нарса ато этилади. Охиратда эса савоб берилади. Кофир ҳам яхшиликларига яраша таомланади. Охиратга борганда эса яхшиликка савоб бўладиган нарсаси қолмайди», деганлар.

3. Ер юзида Аллоҳ таолонинг ўринбосари бўлиши учун бандага шароит яратилиши.

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек, халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди» (55-оят).

Олдинги ўтган умматлардан қайси бири Аллоҳ таолога иймон келтирган ва бу иймони ҳақиқий бўлиб, бутун вужудини қамраб олган ҳамда ўша ҳақиқий иймонлари тақозоси ила солиҳ амаллар қилиб, ҳаёт кечирган бўлса, Аллоҳ таоло уларни ер юзига Ўзининг халифаси этиб тайинлаб қўйган, ер юзида ҳукми юритилиши учун уларни Ўзига ўринбосар қилиб қўйган эди. Энди ўшалар каби ер юзида халифа бўлиш имконияти фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларида бордир. Уларнинг мазкур халифаликка эришишлари учун асосий шарт иймон келтириб, амали солиҳ қилишдир. Ислом уммати ушбу шартни бажарган даврларда Аллоҳ таоло ваъдасининг устидан чиққан.

Барча улкан ютуқларнинг асосий сабаби мусулмонларнинг пок иймонию, солиҳ амаллари бўлди. Мусулмонлар ўша шартни бажарганлари учун Аллоҳ уларга имкон бериб, ер юзида халифа қилиб қўйди. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло мусулмонларга иймонлари ва амали солиҳлари учун бошқа нарсаларни ҳам, жумладан,

«...улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни...» ваъда қилди.

Аллоҳ таоло иймонлари ва солиҳ амаллари учун

«...уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди».

Ушбу оят ҳақида Робиъ ибн Анас Абул Олиядан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари ўн йилдан кўпроқ вақт Маккада Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилишга ва Унга ширк келтирмасликка махфий равишда, қўрққан ҳолларида даъват этдилар. Уларга уруш қилиш буюрилмади. Балки Мадинага ҳижрат қилишга амр қилиндилар. Бас, у ерга келдилар ва Аллоҳ таоло уларга уруш қилишни амр этди. Ўшанда ҳам хавф-хатар остида эдилар. Кечасию кундузи қурол билан юрар эдилар. Бунга ҳам Аллоҳ хоҳлаганича сабр қилдилар. Бир куни саҳобалардан бири:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз энди абадий шундай хавфда ўтамизми? Бизга силоҳимизни қўядиган кун келмайдими?» деб сўради. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фақат озгина сабр қиласизлар, холос. Сўнгра сизлардан ҳар бирингиз тўп-тўп одамлар ичида ўтирса ҳам ёнида бир парча темир бўлмайдиган кунлар келади», дедилар. Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Бас, Аллоҳ Пайғамбарини Арабистон ярим оролига зоҳир қилди. Ҳаммалари омонликка кирдилар, қуролни қўйдилар. Сўнгра Аллоҳ Пайғамбарини Ўзига олди.

Ундан кейин Абу Бакр, Умар ва Усмонларнинг даврларида ҳам омонликда бўлдилар. Ундан кейин бўлган ишлар бўлди. Уларга Аллоҳ яна хавфни қайтарди. Бас, улар шартни йўқотиб, ҳолни ўзгартирдилар, ўзлари ҳам ўзгаришга дучор бўлдилар».

Худди шунингдек, қай бир банда қаерда бўлса ҳам ўз амалининг самарасини топадиган бўлса, бу дунё ҳаётининг ўзидаёқ Аллоҳ таоло унга руҳий ҳузур-ҳаловат, маиший роҳат-фароғатни ато қилиб қўяди.

Ўтган ҳикматдаги тоат-ибодат ва солиҳ амалнинг мукофоти билан бу ҳикматдаги самаранинг фарқи бор. Мукофот ажрдан иборат бўлади ва охиратдагина берилади. Самара эса бу дунёда бўладиган яхшиликлардан иборатдир. Аммо ўша яхшиликлар билан бирга охиратда ҳам мазкур самара устига банданинг ажр ҳам олиши бор.

Бошқача қилиб айтилганда, Аллоҳ таолонинг амрини бажарган, айтганида юриб, қайтарганидан қайтган банда бу дунёда самарага, охиратда ажрга эришади. Яъни банданинг тоат-ибодати ва солиҳ амали фақатгина унинг ўзига ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда яхшилик, бахт-саодат келтиради. Аллоҳ таоло эса беҳожат Зотдир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ботин бўлгани учун барча нарсани зоҳир қилди. Зоҳир бўлгани учун барча нарсанинг вужудини яширди.Аллоҳ таолонинг Ботин ва Зоҳир исмлари нисбий ва изофий маънони давоми...

3836 20:45 / 18.03.2018
Ниҳояда зафар топишнинг аломатларидан бири бошланишда Аллоҳ таолога қайтишдир.Ҳар бир нарсанинг аввалида Аллоҳ таолога қайтиш тавба қилиш ила, У Зотга суянган давоми...

3311 10:53 / 17.12.2017
Ҳикоя. Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳ бир зиёфатга бордилар. Зиёфат аҳли кечикиб қолган бир одамни ғийбат қила бошлади. Шунда Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи давоми...

3868 13:50 / 13.03.2018
Қай бир нарсага муҳаббат қилсанг, албатта, унинг қули бўласан. У Зот эса Ундан ўзгага қул бўлишингни севмас.Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу давоми...

3788 16:47 / 15.10.2017