1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳнинг адлига ва фазлига назар солиш кераклиги (2-қисм)

20:47 / 18.02.2018 3719 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

– Иффатли мўминларни зинода айблаш.

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, покиза, ғофила ва мўмина аёлларга (бўҳтон) тоши отганлар бу дунёю охиратда лаънатланурлар. Уларга катта азоб бордир» (23-оят).

Бузуқ ишлардан пок, фоҳишаликдан умуман бехабар аёлларни ва мўминаларни зинода айблаб, уларга бўҳтон тоши отадиганлар жуда ёмон одамлардир. Улар бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам лаънатга учрайдилар.

– Рибохўрлик.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар» (275-оят).

Яъни уларнинг ўзларини тутишлари соғ-саломат, ақлли кишилар каби бўлмайди. Одатда жин уриб, ақлдан озган кишилар тартибсиз ва нотўғри ҳаракат қиладилар. Довдираб, ўзини ҳар тарафга уриб, уят ишларни ҳам қилаверадилар. Судхўрларда ҳам ана ўша ҳолат бўлади.

– Етимнинг молини ейиш.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар қоринларига ўт-оловни ейдилар, холос. Ва шубҳасиз, ловуллаган дўзахга кириб, куюрлар» (10-оят).

Ояти кариманинг услуби ғоятда таъсирчан эканлиги кўриниб турибди. Аввало, ким етимларнинг молларини зулм ила еса, қоринларидаги у нарса қиёматда оловга айланади.

«Албатта, етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар қоринларига ўт-оловни ейдилар, холос».

Сўнгра шу ҳолда – қоринларидаги олов алангаланган ҳолда дўзахга кирадилар.

«Ва шубҳасиз, ловуллаган дўзахга кириб, куюрлар».

Дўзах алангаси ҳам авж олиб туради. Демак, етимнинг молини ноҳақ еган одам ичию ташидан олов азобига гирифтор қилинади. Нақадар даҳшатли ҳол! Нақадар аламли!

– Зино қилиш.

Аллоҳ таоло Фурқон сурасида марҳамат қилади:

«Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у(азоб)да хор бўлиб, мангу қолур», (68-69-оятлар).

Зинода ҳам моддий, ҳам маънавий равишда одам ўлдириш руҳи бор. Зинокорлар бола кўришдан қочадилар. Улар, айниқса, зинодан бола бўлиб қолмаслигига уринадилар. Бу эса ўзига хос одам ўлдиришдир. Яъни улар Аллоҳ фарзанд бериш учун ато этган имкониятни йўққа чиқарадилар.

Маънавий жиҳатдан одам ўлдиришга келсак, зино кишиларда руҳни ўлдирувчи пасткашликдир. Ундан келиб чиқадиган оқибатлар зинокорларни ҳам, уларнинг қариндошлари, яқин кишиларини ҳам маънавий жиҳатдан қатл қилади. Албатта, бу ҳол ҳалол-ҳаромнинг фарқига борган, инсонлик қадрини тушуниб етган жамиятларда бўлади. Бу ишни қилган одамнинг Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишини эса ўйлаб кўриш ҳам мумкин эмас. Фақат Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишдан умидворларгина зино қилмайдилар ҳамда орзуларига етадилар.

«Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур».

– Гувоҳликни беркитиш.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Гувоҳликни беркитманг! Ким уни беркитса, унинг қалби гуноҳкордир» (283-оят).

Бу гувоҳлик қозининг ҳузуридаги гувоҳликдир. Яъни қарз ёки тижорат ишларида гувоҳликдан қочиш ярамайди. Вақти келиб, мазкур ишда келишмовчилик чиқиб қолиб, тарафлар қозига мурожаат қилишса, албатта, қози гувоҳни чақиради. Шунда гувоҳликни беркитмаслик керак. Ким гувоҳликни беркитса, унинг қалби гуноҳкордир. Чунки гувоҳлик ёки уни беркитиш қалбга боғлиқ ишдир.

– Ёлғон қасам ичиш.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини озгина баҳога сотадиганлар, албатта, ана ўшаларга охиратда яхши насиба йўқдир, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб бор» (77-оят).

Бу ҳам умумий қоида бўлиб, мазкур сифатдаги кишиларга, улар ким бўлишидан қатъи назар, жорий этилади.

Бу дунёнинг матоҳини деб, Аллоҳга берган аҳдларини ва садоқат учун ичган қасамларини бузганлар пасткаш одам ҳисобланадилар. Бу дунёни деб охиратни сотганлари учун уларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди. Аллоҳнинг раҳматидан заррача ҳам баҳраманд бўла олмайдилар. Қиёмат куни хору зор бўлиб турганларида, уларга Аллоҳдан кўнгилларини кўтарувчи гап ҳам бўлмайди. У Зот уларга раҳмат назарини ҳам солмайди, гуноҳлардан ҳам покламайди. Балки аламли азоблар билан азоблайди.

– Маст қилувчи нарсаларни тановул қилиш.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очар) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, зафар топсангиз» (90-оят).

Араб тилида «хамр» сўзи «тўсиш»«беркитиш» маъноларини англатади. Тановул қилган кишининг ақлига таъсир этадиган, унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача қилиб айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарсага «хамр» дейилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир», дейилган.

Аллоҳ таоло ушбу оятда хамр тановул қилиш ва қимор ўйнаш каби амалий гуноҳларни бутга чўқиниш ва фолбинга ишониш каби куфр ва ширк саналган улкан маънавий жиноятларга тенглаштирмоқда. Баъзи одамлар бутга чўқинишдан қаттиқ ҳазар қиладилар, ўлиб кетса ҳам бу ишни қилишга кўнмайдилар. Аммо ароқни ичаверадилар, қиморни ўйнайверадилар. Фолбинга бориш ҳақида ҳам шу фикрни айтиш мумкин. Аллоҳ таоло бу ишларнинг барчасини қўшиб-жамлаб туриб, бир хил баҳо бермоқда:

«Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очар) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир», демоқда.

Сўнгра иймон келтирган бандаларига хитоб қилиб:

«Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, зафар топсангиз», демоқда.

Яъни «Шоядки, ушбу ифлосликдан ва шайтоннинг ишидан четда туриш мўмин бандаларнинг нажот топишларига сабаб бўлса», демоқда.

– Намозни тарк қилиш.

Аллоҳ таоло Муддассир сурасида марҳамат қилади:

«Сизларни оловга нима киритди?» Улар дерлар: «Намоз ўқийдиганлардан бўлмаган эдик» (42-43-оятлар).

Бу ояти каримада дўзахийларнинг ўзлари дўзахга тушишларига сабаб бўлган асосий нарсани зикр қилмоқдалар. Аслида, бош сабаб иймонсизлик, лекин улар:

«Намоз ўқийдиганлардан бўлмаган эдик»дейишмоқда. Демак, намоз билан иймон ажралмас нарсалар экан. Бу оятда мусулмон кишининг ҳаётида намознинг аҳамияти нақадар улкан экани яна бир бор таъкидланмоқда.

– Аҳдни бузиш ва қариндошлик алоқаларини узиш.

Аллоҳ таоло Муҳаммад сурасида марҳамат қилади:

«Эҳтимол, юз ўгирсангиз, ер юзида бузғунчилик қилиб, қардошлик ришталарингизни узарсиз?!» (22-оят).

Бу оятда иймондан юз ўгириб, жоҳилиятга қайтишдан бу дунёда келадиган зарарлар эслатилмоқда.

Аввало, ер юзида бузғунчилик қилиш бўлади. Чунки иймонсиз кишилардан доимо ушбу ёмонлик келиб чиққан.

Шу билан бирга, иймондан қайтганлар ўз қариндош-уруғлари, ёру дўстларидан қардошлик ришталарини узадилар. Бу ҳам улкан зарар ҳисобланади.

Аммо иймондан юз ўгиришнинг зарарлари бу билан тугаб қолмайди, балки асосий зарари ҳали олдинда:

«Ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлади, ўзларини кар қилди ва кўзларини кўр қилди» (23-оят).

Аллоҳнинг лаънатлаши Ўз раҳматидан ва ҳидоятидан узоқ қилиши билан бўлади. Кўр ва кар қилиши ҳам ҳиссий эмас, балки маънавий бўлади. Кўзи соғ-саломат ишлаб туради, лекин кўрган нарсаларидан ўзига ибрат олмайди. Қулоғи ҳам соғ-саломат бўлади, лекин ўзи эшитган нарсаларидан ибрат олмайди.

Ушбуларга ўхшаган кабира гуноҳлар анчагина бор. Мусулмон одам, исломий жамият, Аллоҳдан заррача бўлса ҳам қўрқувчи, қиёматдан умидвор шахс гуноҳи кабирани ажратиб олиши қийин эмас. 

Энг муҳими, «Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан четда бўлсангиз, ёмонликларингизни ўчирурмиз ва сизни карамли манзилга киритурмиз» (Нисо сураси, 31-оят) оятида келган умумий қоидани унутмасликдир. Банда ўзини гуноҳи кабирадан четга олса, қолган хато ва айбларини Аллоҳ таолонинг Ўзи мағфират қилади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Роббингиздан мағфират сўранг. Албатта, У Ғаффордир,, дедим. Шунда устингизга ёмғирни мўлкўл қилиб юборадир. Ва сизга молмулк ва болачақа ила мадад давоми...

9742 16:53 / 13.10.2017
Араб тилида паст овозга далолат қилиш учун .васваса, сўзи ишлатилади. Арабларда .нафси васваса қилди, деган ибора ҳам бор.Васвасанинг яна бир маъноси давоми...

5118 17:26 / 08.07.2017
У Зот сенга ўзинг сазовор бўлмаган мақтовни жорий қилса, сен У Зотни Ўзи сазовор бўлган нарса билан мақтагин.Ушбу ҳикматда одамларнинг мақтовига қандай давоми...

3235 16:57 / 06.05.2018
Ҳикоя. Бир аёл мадраса шайхининг ёнига келиб, .Мен бир масала сўраш учун келдим, лекин уялганимдан айта олмаяпман,, деди. Шайх .Уялма, айтавер,, деди. Аёл .Мен зино давоми...

4419 13:52 / 13.03.2018
Аудиолар

120102 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41769 14:35 / 11.08.2021