1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Адолатли бўлинг

16:00 / 29.06.2021 4871 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун (ҳақда) туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни қаттиқ ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилингки, у тақвога яқинроқдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан ўта хабардордир.

«Эй иймон келтирганлар!» нидоси мўминларга ниҳоятда маҳбуб нидо экани аввал ҳам айтилган. Бу нидо уларни ҳар қандай машаққатга қўрқмай пешвоз чиқишга тарғиб қилади. Демак, бу ўринда ҳам ўта муҳим бир масала ўртага ташланадиганга ўхшайди.

«Аллоҳ учун (ҳақда) туринг, адолатли гувоҳ бўлинг».

Дарҳақиқат, ўзи учун ёки оиласи, қавми-қариндоши, миллати ёки бошқа эътиборлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун ҳақда туриш керак. Бу осон иш эмас. Шунингдек, кези келганда ўзига қарши, ҳатто ота-онаси, бола-чақасига қарши адолатли гувоҳ бўлишга ҳам тўғри келади. Бундай мўъжизасифат, ниҳоятда оғир ишлар фақат иймоннинг таъмини тотган, Исломнинг ҳақиқатини англаган кишилардангина содир бўлади. Бунга кўҳна тарихнинг ўзи гувоҳ.

Кетидан бундан ҳам машаққатлироқ даражадаги иш айтилади:

«Бир қавмни қаттиқ ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин».

Бу, душманига нисбатан ҳам адолатли бўлиш, демакдир. Бу ўзи ёмон кўрган қавмларга ҳам ҳеч қандай шарт-сўзсиз, тўғридан-тўғри, фақат адолат ила муомалада бўлишни тақозо этади. Бу эса унча-мунча инсоннинг қўлидан келмайди. Аммо иймон – Ислом неъматидан баҳраманд бўлганларга, Аллоҳнинг розилигини кўзлаб ҳаёт кечираётганларга бу иш ҳам айни муддао, кўзланган мақсад. Мусулмонлар динларини маҳкам тутган пайтларида ушбу сифатларини бутун дунёга амалда кўрсатганлар. Инсоният тарихи аввал ҳам, кейин ҳам бундай намуналарни кўра олгани йўқ. Фақат мусулмонлардан, улар Исломни маҳкам тутган пайтларида кўрган, холос. Бунинг мисоллари сон-саноқсиз ўлиб, бу ерда улардан биргинасини келтирамиз:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуни Хайбар номли жойга юбориб, уларнинг мевалари ва зироатлари маҳсулини ўлчаб келишни топширдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерни фатҳ қилган чоғларида Хайбар аҳли билан маҳсулнинг ярмини беришга келишган эдилар. У ерда яшовчи яҳудийлар Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуга пора бериб, бу ишда ўз фойдаларига ўзгариш қилмоқчи бўлдилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу уларга қараб:

– Аллоҳга қасамки, ҳузурингизга мен учун халойиқнинг энг маҳбуби бўлган зотнинг олдидан келдим. Сизлар эса, Аллоҳга қасамки, мен учун маймун ва тўнғиздан ҳам баттарсизлар. Аммо у кишини яхши кўришим ва сизларни ёмон кўришим сизларга адолатсизлик қилишимга сабаб бўла олмайди, – дедилар. Шунда яҳудийлар ажабланиб:

– Ўзи осмонлару ерни тутиб турган нарса ҳам шу, – дейишган.

Аллоҳ учун бундай соф адолат ўрнатиш бошқа ҳеч бир миллатда, тузум ёки динда бўлмаган, бўлмайди ҳам. Ҳозирги кунда адолат даъвосини қилаётганларнинг адолатсизликлари ҳам иймону Исломсиз соф адолат бўлиши мумкин эмаслигини яна бир бор кўрсатмоқда. Чунки ҳақиқий адолат фақат ҳақиқий тақводор қалб эгасидангина содир бўлиши мумкин. Ояти карима бизга шуни ўргатади:

«Адолат қилингки, у тақвога яқинроқдир».

Қалбида тақвоси бор инсоннинг Аллоҳдан хабардорлиги, Яратганнинг розилигини топишга уриниш ҳисси унинг соф адолат учун ҳаракат қилишига туртки бўла олади. Чунки фақат тақводор инсонгина

«Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардордир» деган огоҳлантиришга тўлиқ ишонади.

Мазкур фармонларга амал қиладиганлар ҳам, амал қилмайдиганлар ҳам бор. Уларнинг мукофоти ёки жазоси қандай бўлишини келаси оятлар баён қилиб беради:

Моида Аллоҳ иймон келтириб, яхши амалларни қилганларга ваъда қилди: уларга мағфират ва буюк ажр бўлур.

Одатдагидек, бу оятда ҳам иймон эслатилганидан сўнг, «яхши амал қилиш» ҳам қўшиб қўйиляпти. Бу эса ҳақиқий иймон эгаси иймон тақозоси бўйича амал қилиши лозим эканини яна бир бор кўрсатиб турибди. Аллоҳ бу дунёда иймонини яхши амаллар ила қувватлантирган кишиларнинг гуноҳларини мағфират қилиб, у дунёда уларни жаннатга киритиши турган гап. Қуръони Карим истилоҳида жаннат «буюк ажр» деб ҳам айтилади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир давлатнинг раҳбарларидан бири асосий магистрал йўл ўртасига катта харсанг тошни ташлаб қўйди. Унинг ёнида кўз қулоқ бўлиб туриш ҳамда одамларнинг давоми...

2605 11:00 / 28.07.2022
Бу дегани оз ёки кўп бўлсин, ризқини олиши роҳат ила, жисми қийналмай кечишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирикки кун оч қолар эдилар. У зотнинг давоми...

4756 18:36 / 11.10.2017
У танасига орқа томондан ёки ён тарафдан ўқ зарбаси келишига одатланиб қолганди. Лекин уни хафа қилган, унга даҳшатли фожиа бўлиб таъсир қилган, жойида донг қотиб давоми...

978 11:00 / 04.08.2023
Молик ибн Назла розияллоху анху Набий соллаллоху алайҳи васалламнинг ҳузурларига эски кийимда келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан сўрадиларndash Молинг давоми...

443 09:20 / 07.12.2023
Аудиолар

118757 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40716 14:35 / 11.08.2021