1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ваъз-насиҳатлари

16:53 / 25.05.2018 4514 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Абу Бакр, биринчи халифа.[1] У кишининг тўлиқ исмлари Абдуллоҳ[2] ибн Абу Қуҳофа Усмон ибн Омир ал-Қураший ат-Таймий. У кишининг насаблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Муррада бирлашади.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Маккада туғилиб-ўсган бўлиб, Қурайшнинг саййидларидан, катта бойларидан бири эдилар. У киши араб қабилаларининг насаблари, тарихи ва сиёсатининг билимдони эдилар. Араблар бу кишини «Қурайш олими»[3] деб аташар эди. Жоҳилият давридаёқ хамрни ўзларига ҳаром санаб, уни мутлақо ичмаган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик даврларидаги ва ундан кейинги урушларда қатнашиб, машаққатни ўз зиммаларига олиш ила, дин учун мол-дунё сарфлаш ила диннинг хизматида муҳим ўрин эгаллаган эдилар. Ҳадис китобларида ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳудан 142 та ҳадис ривоят қилинган.

Ҳазрати Абу Бакр Қуръонни биринчи бўлиб китоб қилиб жамлаган кишидир. Ҳижрий ўн учинчи йили, жумадул охир ойидан саккиз кун қолганда, душанбадан сешанбага ўтар кечаси вафот этганлар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу икки йилу юз кун халифа бўлганлар.

У зотдан ривоят қилинган нақллар ҳақида фикр юритсак, ваъз-насиҳатлари худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваъз-насиҳатларига ўхшаб, вазиятга кўра турлича бўлганига гувоҳ бўламиз.

Абу Бакр одамларга хутба қилиб, Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтгандан сўнг шундай деди: «Яқинда Шомни фатҳ қиласизлар. Серҳосил ерларга қадам қўясизлар. Нон ва ёғдан тўйиб истеъмол қиласизлар. Сизлар учун масжидлар бино қилинади. Билингки, масжидлар Аллоҳнинг зикри учундир. Ҳузур-ҳаловатга берилиб, Аллоҳ наздида дилхушлик қилувчилардан бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлинглар».

Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу хутбаларида дунёга берилиш, ҳашаматда, ҳузур-ҳаловатда яшаш инсонни Аллоҳнинг зикридан ғофил қилиб қўйиши мумкинлигига ишора қиляптилар. Яна бунда Аллоҳ берган неъматлар Аллоҳнинг зикридан чалғитадиган кўнгилхушликка сарфланса, бу неъматлар уқубат ва истидрож бўлишига далолат бор.

Сиддиқ розияллоҳу анҳу шундай дедилар:

«Баъзи фожирлар иймонлилар орасида гуноҳ-маъсият қилиб юришсаю, мўминлар уларни бундан қайтаришмаса, Аллоҳ таоло уларнинг барчасига бало юборади-да, кейин уни аритмайди».

У зот розияллоҳу анҳу Аллоҳга ҳамду сано айтгандан сўнг шундай дедилар:

«Эй инсонлар! Сизлар ўзларингиз тиловат қиладиган 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ عَلَيْكُمْ أَنفُسَكُمْ لاَ يَضُرُّكُم مَّن ضَلَّ إِذَا اهْتَدَيْتُمْ 

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни билинг. Агар ҳидоятда бўлсангиз, адашганлар сизга зарар қилмас» (Моида сураси, 105-оят) оятини ўқийсизлар, лекин нотўғри тушунасизлар. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Одамлар бир золимни кўриб, уни зулмдан қайтаришмаса, тезда Аллоҳ таоло уларни умумий иқоб қилади» деганларини эшитганман».

Қуръон ва суннатда Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг юқоридаги икки насиҳатларининг маъносига далолат қиладиган оят-ҳадислар кўп.

لُعِنَ الَّذِينَ كَفَرُواْ مِن بَنِي إِسْرَائِيلَ عَلَى لِسَانِ دَاوُودَ وَعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ ذَلِكَ بِمَا عَصَوا وَّكَانُواْ يَعْتَدُونَ ۝ كَانُواْ لاَ يَتَنَاهَوْنَ عَن مُّنكَرٍ فَعَلُوهُ لَبِئْسَ مَا كَانُواْ يَفْعَلُونَ ۝

«Бану Исроилнинг куфр келтирган кишилари Довуд ва Ийсо ибн Марямнинг тилларида лаънатландилар. Бу осийлик қилганлари ва ҳаддан ошганлари учундир. Улар ўзлари қилган ёмон ишдан бир-бирларини қайтаришмас эди. Қасамки, қилаётган ишлари нақадар ёмон!» (Моида сураси, 78-79-оятлар).

Имом Термизий Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳасан ҳадисда шундай дейилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасизлар! Агар шундай қилмасангиз, Аллоҳ таоло сизларга тезда бир иқоб юборади, кейин дуо қилсангиз ҳам ижобат қилинмайди».

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш ва бу йўлда сабр қилишнинг аҳамияти, панд-насиҳатни тарк қилиш ёки унда камчиликка йўл қўйишнинг хатари баёнида чуқур маъноли зарбулмасал келтирадилар:

«Аллоҳ белгилаган чегарада турадиган киши билан ундан (чегарадан) чиқадиган киши кемага чиқиш учун қуръа ташлаган одамларга ўхшайди. Уларнинг айримлари кеманинг юқорисига, айримлари пастига жойлашди. Пастдагилар сув олмоқчи бўлишса, тепадагиларнинг олдидан ўтишар эди. Шунда улар: «Агар ўз тегишимиздан бир тешик очиб олсак, тепадагиларга озор бермасдик», дейишди. Агар (тепадагилар) уларни ўз истакларига қўйиб беришса, ҳаммалари ҳалок бўлишади. Агар уларнинг қўлларидан тутишса, омон қолишади, барчалари омон қоладилар».

Имом Бухорий ривояти.

Бугунги кунда биз ушбу набавий мавъизани ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўгитларини ўқиб, ҳалокатга дучор бўлишдан ёки тараққиётга юз тутган жамият кемаси ғарқ бўлишидан олдин куч-қувватимиз етганича наҳйи мункарга шошилишимиз зарурлигини англашимиз керак.

Зайд ибн Аслам отасидан ривоят қилади:

«Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзининг тилини ушлаб, «Мени мусибатларга дучор қилган мана шу» деганларини кўрганман».

Аллоҳу акбар! Бу Абу Бакр розияллоҳу анҳудек зотнинг ўз тиллари ҳақидаги сўзлари эди. Шундай улуғ зот ўз тиллари ҳақида бундай десалар, биз ўз тилимиз ҳақида нима ҳам дея оламиз?! Азиз ўқувчи, бир тасаввур қилиб кўринг. Абу Бакр қайси ножўя гапларидан бунча қўрққан эдилар? Қайси сўзлари у зотни бундай дейишга мажбур қилди? У кишидаги Аллоҳга бўлган ҳақиқий тақвогина ҳожатсиз айтган мубоҳ сўзлари ёки бирон яхшиликни кўзлаб, ижтиҳод қилиб, номуносиб ўринда айтган гаплари ҳақида ўйлашга мажбур қилган эди. Аллоҳга қасамки, аслида бундай дейиш Сиддиқ розияллоҳу анҳудан кўра бизга зарурроқдир. Амалидан кўра сўзи кўпайиб кетганлар бизлармиз. Ғийбатдан тийила олмаймиз. Мабодо тийилсак ҳам, уни тинглаб, жим туриш орқали гуноҳга шерик бўлишда бардавоммиз.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «Қиёмат кунида бир нидо қилувчи нидо қилиб, «Кечиргувчилар қаерда?» дейди. Сўнгра Аллоҳ таоло уларни кечиримлиликларига мувофиқ Ўзининг мағфирати билан мукофотлайди».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг кечиримли бўлиш борасида ҳаётларидаги энг буюк амалий мавъизаларидан бири – Ифк воқеасида ножўя гапиргани учун холаваччалари Мистоҳ ибн Усоса розияллоҳу анҳуга бериб юрган нафақаларини тўхтатиш ҳақида қасам ичганларидир. Бироқ орадан сал ўтмай у зот бу қасамдан қайтдилар. Чунки Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилган эди:

وَلَا يَأْتَلِ أُوْلُوا الْفَضْلِ مِنكُمْ وَالسَّعَةِ أَن يُؤْتُوا أُوْلِي الْقُرْبَى وَالْمَسَاكِينَ وَالْمُهَاجِرِينَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَلْيَعْفُوا وَلْيَصْفَحُوا أَلَا تُحِبُّونَ أَن يَغْفِرَ اللَّهُ لَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ ۝

«Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар яқин қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, балки афв этсинлар, ўтиб юборсинлар. Ёки Аллоҳнинг сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?! Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир» (Нур сураси, 22-оят).

Ушбу оят нозил бўлган заҳоти Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Ҳа! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ мени мағфират қилишини истайман!» дедилар-да, Мистоҳга бериб юрган нафақаларини қайтадан жорий қилдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг холаваччалари Мистоҳ ибн Усоса розияллоҳу анҳу Абу Бакрнинг қизлари Оиша розияллоҳу анҳо ҳақида ифк, яъни туҳмат уюштирганларга қўшилиб қолган эди. Бундай туҳматнинг покиза қалбга нақадар оғир ботишини бундай ишни бошидан ўтказган одамгина билади. Лекин шундай бўлса-да, Абу Бакр розияллоҳу анҳу биргина оят сабабли ичган қасамларидан қайтиб, Мистоҳга бериб юрган нафақаларини қайта жорий қилдилар, Аллоҳ ва Унинг Расулининг ҳар бир буйруғига итоат қилиш ила сиддиқ мақомига эришганларини яна бир бор намоён қилдилар.

Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари ҳақида шундай деганлар:

«Эй мусулмонлар! Аҳли байтга яхшилик қилиш ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни эъзозланглар».

«Саҳиҳайн»да Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳга қасамки, мен учун Расулуллоҳнинг қариндошларига силаи раҳм қилишим ўз қариндошларимга силаи раҳм қилишимдан суюклироқ».

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг аҳли байтларига бўлган муҳаббатларини юқоридаги сўзлар билан баён қилиб, инсонларга ваъз қилар, минбарларда туриб мавъиза қилар эдилар. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг қариндошларига силаи раҳм қилиш у киши учун ўз қариндошларига силаи раҳм қилишдан ҳам суюклироқ эканини қасам ичиб таъкидладилар, ваҳоланки у киши сиддиқ зот эдилар. Бундан Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг шарафли, покиза аҳли байтга душманчилиги бор деб туҳмат қилиб, у кишига маломат қиладиган шиаларнинг даъвоси пуч эканлиги яққол намоён бўлади.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга энг итоатли киши Роббига маъсият қилишни жуда ёмон кўрадиган кишидир», деганлар.

Бу ўгитда кўпчилик эътибор бермайдиган нозик бир маъно бор. Тоат-ибодатни ҳамма ҳам адо қилади, лекин гуноҳ қилишга йўл топилиб қолганда кўпчилик ўзини гуноҳдан тийишга ожиз қолади. Ким ана шундай номақбул ҳолатда бўлса, демак, унинг тоатида ноқислик бор. Саҳл ибн Тустарий ҳам шу маънони назарда тутиб, «Яхши амалларни обид ҳам, фожир ҳам қилаверади. Лекин гуноҳлардан тийилиш фақатгина сиддиқларга хосдир», деганлар. 

Абу Бакр розияллоҳу анҳу хутба қилиб, шундай дедилар:

«Огоҳ бўлингларки, ақллиларнинг энг ақллироғи тақводорлардир. Аҳмоқларнинг энг аҳмоғи фожирлардир. Ҳар бир заиф то мен унга ўз ҳаққини олиб бергунимча менинг наздимда энг кучлироғингиздир. Ҳар бир золим то ундан ҳақни олмагунимча менинг наздимда энг заифингиздир. Эй инсонлар мен оддий бир раҳбарман, бидъатчи эмас. Агар яхшилик қилсам, менга кўмаклашинглар. Агар адашсам, мени тўғри йўлга йўллаб қўйинглар».

Шунингдек, у зот розияллоҳу анҳу яна: «Фазилатни тақвода, бойликни иймонда, шарафни тавозеда топдик», деганлар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг мавъизаларини у зотдан ривоят қилинган бир дуо билан якунлаймиз: 

«Аллоҳим! Оқибати хайрли бўлган яхшиликни сўраймиз. 

Аллоҳим! Бандаларингга берадиган неъматларингнинг энг яхшиси бўлган розилигингни ва наъийм жаннатидаги олий даражаларни сўраймиз».

Аллоҳим, эй Буюк Қудратли Зот! Бизларни ҳам ҳузурингда содиқлар мақомида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан бирга қилгин!

[1] Абу Бакр ибн Айёш айтадилар: «Қуръони Каримда Абу Бакрнинг биринчи халифа эканликларига ишора бор. Аллоҳ таоло муҳожирларни васф қилиб, шундай деган: 

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ آمَنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ ثُمَّ لَمْ يَرْتَابُوا وَجَاهَدُوا بِأَمْوَالِهِمْ وَأَنفُسِهِمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ أُوْلَئِكَ هُمُ الصَّادِقُونَ ۝

«Ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, сўнгра шубҳа қилмаган ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир. Ана ўшалар содиқ-ростгўйлардир» (Ҳужурот сураси, 15-оят). Ояти каримадан кўриниб турибдики, Аллоҳ таолонинг Ўзи саҳобаларнинг ростгўй эканлигини айтяпти. У содиқ саҳобалар эса Абу Бакр розияллоҳу анҳуни «Эй халифа» деб чақиришар эди. Улар ҳаргиз ёлғон сўзламаслар!

[2] Насаб уламолари Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг жоҳилиятдаги исмлари Абдулкаъба бўлган, кейинчалик Расулуллоҳ алайҳиссалом бу исмни Абдуллоҳ деб ўзгартирганлар, дейишади.

[3] Ибн Аббосдан ривоят қилинадики, қурайшликлар Абу Бакрда икки хислат: меҳмондўстлик ва илм борлиги учун уникига тез-тез келиб туришарди. Абу Бакр мусулмон бўлгач, унинг олдига тез-тез қатнайдиганлар ҳам Исломни қабул қилишди.



«Маваъизус-саҳоба» 

Доктор Умар ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Муқбил

Таржимон: Амруллоҳ Форсий

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
868. Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Ким мақтанишини ёйса, Аллоҳ унинг шармандалигини давоми...

1538 19:00 / 25.03.2023
Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдиларда, бошларининг олд қисмига, саллаларига ва икки маҳсиларига масҳ давоми...

2320 12:05 / 10.11.2019
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни сизларга ўхшаб шошилиб гапирмас эдилар,, ndash дедилар,.Икки Шайх ва Термизий давоми...

3282 20:00 / 28.04.2017
298. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Бизлардан бирортамиз ҳайз кўрган бўлса ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қучоқламоқчи бўлсалар, ҳайзининг давоми...

4062 16:20 / 29.11.2019
Аудиолар

118753 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар