1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Усулул фиқҳ (дарслар)

Ўнинчи далил. Саддуз-зароиъ

22:00 / 18.04.2017 4648 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Зароиъ» сўзи луғатда «зарийъа»нинг жамъи бўлиб, бир нарсага етиш учун васийла бўладиган нарсага айтилади.

Усулул фиқҳ уламолари наздида эса, у бирор манъ қилинган нарсага етишиш учун васийла бўладиган, ўз ичида фасод ва зарарни жамъ қилган нарсадир. 

«Садд» сўзи эса, «тўсиш» маъносини билдиради.

«Саддуз-зароиъ» бирор манъ қилинган нарсага етишиш учун васийла бўладиган, ўз ичида фасод ва зарарни жамъ қилган нарсани тўсишни ифода этади.

Бошқа баъзи уламоларнинг таърифлашларича, «Зарийъа сиртидан мубоҳ(рухсат берилган) масала бўлиб, у ила манъ қилинган нарсага амал қилишга йўл топилади. Бу таърифга биноан, зарийъани «шариат манъ қилган нарсани қилишга баҳона ва ҳийла топиш» дейишимиз мумкин бўлади.

Мисол учун, ҳаромнинг васийласи ҳаром бўлади. Яъни, ҳаромга етказадиган нарса ҳам ҳаромдир. 

Вожибнинг васийласи вожиб, фарзнинг васийласи фарз бўлади. Зино қилиш ҳаром, ана шу эътибордан, унга олиб боручи васийла бўлмиш бегона аёлнинг авратига қараш ҳам ҳаром бўлади. Чунки, бегона аёлнинг авратига назар солиш фоҳиша ишга олиб бориш хавфи бор. 

Ҳаж фарз қилинган, демак, Байтул Ҳаромга саъй қилиб юриб бориш, ҳаж ибодати қилинадиган жойларга юриб бориш ҳам фарз бўлади. Чунки, шуларни юриб ўтмаса, фарз ибодатини қила олмайди. 

Шариат бандаларни бир ишга таклиф қилган бўлса, ана шу таклифга васийла бўлган ҳар бир нарса ҳам қилиниши лозим бўлади. Шариат бир ишдан қайтарган бўлса, ана шу ишга олиб борадиган ҳар бир нарса ҳаром бўлади. 

Зарийъа билан муқаддиманинг орасидаги фарқ. 

Бир нарсанинг вужудга келишига асос бўлган нарса «муқаддима» бўлади. Қасд қилинган нарсанинг юзага чиқиши муқаддимага боғлиқ бўлади. Муқаддима бўлса, қасд қилинган нарса бўлади, бўлмаса, йўқ. Агар ўша муқаддима бўлмаса, бирор киши қасд қилинган мўлжални юзага чиқаришга қодир бўлмайди.

«Зарийъа» эса, бир нарсага олиб борувчи васийла бўлади. Зарийъада эриштириш, мақсадга йўллаб қўйиш каби нарсалар бор. 

Мисол учун, биров девор урмоқчи, девор кўтаришдан олдин пойдевор қилмаса, девор бўлмай қолади. Демак, пойдевор муқаддима ҳисобланади. Биров томнинг устига чиқмоқчи, томнинг устига шоти(нарвон) қўйиб чиқади. Бу ерда шоти зарийъа, яъни, васийла бўлади. Муқаддима эмас. Яъни, чиқиш учун восита. 

Юқоридаги таъриф ва шартларга биноан, Аллоҳ таолонинг «Нур» сурасидаги қуйидаги қавли зарийъа бўлади: 


«Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар» (31-оят).

Жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса, эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса, ўз навбатида, эркакларнинг шаҳватини қўзғаган, аёлнинг ортидан тушиб хиралик қилишига сабаб бўлиши ва охир-оқибат бу иш зинога олиб бориши мумкин бўлган.

Шунинг учун, махфий зийнатларни ошкор этиш мақсадида ўша зийнатларнинг овозини қасдан чиқаришга ҳаракат қилиш ҳам Исломда тақиқланди.

Руҳшунос олимларнинг таъкидлашларича, баъзи одамларда аёлларнинг чиройини кўриб, шаҳвати қўзимаса ҳам, улардаги зийнатларнинг овозидан ҳирслари уйғонар экан. Ҳолбуки, Қуръони Карим бу ҳақийқатни бир минг тўрт юз йил муқаддам эътиборга олган.

Ушбу ояти каримадан олинган қоидага биноан, мўмина-муслима аёлларга бегона эркакларнинг шаҳватини қўзғатиб, фитнага сабаб бўлмасликлари учун нафақат ҳирсни қўзғатадиган овоз бериш, балки шунга восита бўлиб қоладиган бошқа нарсалар ҳам жоиз эмас. Шунинг учун ҳам мўмина-муслима аёлларнинг кўчага хушбўй атирлардан сепиб чиқишлари ман қилинган.

Имом Насаий бундай ривоят келтиради: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўзларига йўлиққан бир аёлдан хушбўй ҳидни сезиб қолиб: 

«Эй, Жабборнинг бандаси, масжиддан келдингми?!» – дедилар. У аёл: 

«Ҳа», – деб жавоб қайтарди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: 

«Мен ўз ҳабибим Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламдан: 

«Аллоҳ таоло ушбу масжидга хушбўй атир сепиб келган аёлнинг намозини, то у аёл жунубликдан кейин ғусул қилгандек ғусл қилмагунича, қабул қилмайди», деганларини эшитганман, – дедилар».

Имом Термизий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир кўз зинокордир. Қайси бир аёл атир сепиб олиб, бир мажлис аҳли олдидан ўтса, бундоқдир, бундоқдир», – деб оғир нарсани айтганлар.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг ширали овоз билан эркаклар эътиборини тортишини ҳам манъ қилганлар.

Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида айтади: 


«Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангиз. Бас, билмасдан зулм ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар» (138-оят).

Бу ердаги амр ҳам зарийъа, муқаддима эмас. Чунки, мушрикларнинг Аллоҳ субҳанаҳуни сўкиши фақат шу ишга боғлиқ эмас, бошқа ерда ҳам сўкаверишади. Аллоҳни тан олмасдан, ўзининг олиҳасини мақтаб, нима қилса қилиб юришади. Лекин мўмин уларнинг олиҳасини сўкдими, албатта, улар қайтариб Аллоҳни сўкиши турган гап. Мўминларнинг уларни олиҳасини сўкиб қиладиган иши Аллоҳнинг сўкилишига васийла бўлиб қолмасин.

Зарийъаларнинг турлари.

Имом Шотибий зарийъаларни уларнинг ортидан келадиган зарар ва фасодлар эътиборидан тўрт қисмга бўлган.

Биринчи қисм.

Зарийъани адо этиш мафсада – бузуқликка олиб бориши қатъий, бошқа йўл йўқ. 

Мисол учун, биров ҳовли дарвозаси орқасига чуқур қазиб қўйибди. Қоронғида келган одам эшикни очиб қадамини босса, чуқурга тушиб, ҳалок бўлади. 

Бу ҳам зарийъа, манъ қилинган. Ким шу ишни қилса, шариат манъ қилган ишни қилган бўлади ва унда ҳалокатга учраганнинг хунини тўлаб беради.

Иккинчи қисм.

Зарийъани адо этиш нодир ҳоллардагина фасод ва бузуқликка олиб боради. 

Қудуқ қазилса, биров тушиб кетмаслик эҳтимоли кўпроқ бўлган бир ер бор. Очиқ, ҳамма тарафи кўриниб турадиган, одатда, қудуқ қазиб юрилган жойлар. Лекин тушиб кетиш хавфи бор. Оддий қудуқларга ҳам, одатда ҳайвонлар, одамлар тушиб кетиб туради, лекин камдан-кам. 

Ёки одатда одамлар еса зарар кўрмайдиган овқатларни сотиш. Рухсат бор сотаверади. Аммо, гоҳида айниб қолиши, бировга ёқмай қолиши, касал одам еса, касали зиёда бўлиб кетиш ҳоллари бор, лекин бу нодир. 

Шундай ҳолатларда, яъни фойда ғолиб келадиган ишларда изн берилади, қилинаверилади. Нодир нарсалар эътиборга олинмайди. Одатда, ҳар бир фойдали ишнинг ҳаммаси 100 фоиз фойда бўлмайди. Нодир ҳолларда унинг зарари чиқиши ҳам бор. Лекин бундай пайтларда ғолибият эътиборга олинади. 

Учинчи қисм.

Бир нарсани адо этиш кўпинча фасод ишларга олиб боради, нодир ҳолатларда эмас. Бу иш тўғри бўлмаса керак, деб гумон ҳам қилинади. 

Мисол учун, икки тараф урушаяпти. Улардан бири қурол сотиб олмоқчи. «Нима қиласан?» десанг, «Уйимга олиб бориб қўяман», деса ҳам, барибир, урушга ишлатади, чунки ўзи урушиб турибди. 

Ёки биров узум сотиб ўтирибди, олгани келгандан «Узумни нима қиласан?» деб сўрамайди, сотаверади. Лекин узумдан ароқ қилиб сотадиган савдогар келиб олмоқчи бўлса, сотмайди. Чунки, у олса, ундан вино, ароқ қилиш эҳтимоли кўпроқ. Яъни, гуноҳ ишга юриш гумони ғолибдир. 

Гуноҳ ишга юрадиган одамга бир нарсада кўмакчи бўлиш эса, мусулмон одамга тўғри келмайди.

Тўртинчи қисм.

Бир ишни адо қилиш кўпинча фасод ишга, бузуқликка олиб боради, ғолиб ҳам эмас, нодир ҳам эмас. 

Мисол учун, бир муддатдан кейин нархини тўлаш йўли билан сотиладиган нарсалар. Сиртдан бу савдо тўғрига ўхшайди. Лекин аслида, ботинида рибога хизмат қилади. Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари наздида, бу иш ҳаром ҳисобланади. Чунки, бу нарса кўп ҳолларда рибога олиб боради. Бу масалада рибога қасд қилиш воқеълиги кўп бўлганлиги риоя қилинади ва ундан кўпгина фасод ишлар келиб чиқиши эътиборга олинади. 

Шариат кўпчилик ҳолатларда зарарга ва бузуқликка олиб борадиган нарсалардан бир қанчасини ҳаром қилган, гарчанд у ғолиб бўлмаса ҳам. Мисол учун, хамр-ароқ тайёрловчилар хамрни тайёрлашда ишлатадиган идишларда мева шарбатини (набийзни) тайёрлаш ҳам манъ қилинган. Чунки, ана шу идишларнинг ичида хамрга айлантириб қўйиш хусусияти бор. Аслида бўлмаса ҳам, эҳтимоли бор. 

Шунинг олдини олиш учун, ошқовоқ каби ўсиб турадиган, ичини кавлаб туриб тайёрланган идишларда меванинг сувини ачитиб ичадиган қилманглар, деб қайтарилган. 

Бегона аёл билан холий қолиш ҳам ҳаром қилинган. Ўзи, аслида, бу иш билан ҳеч нарса бўлмайди. Лекин ўша туриш узоқ давом этса, зинога ёки бирор фоҳиша ишга сабаб бўлиб қолиш хавфи бор. 

Шунингдек, аёл кишининг ёлғиз ўзининг маҳрамсиз сафар қилиши ҳам ҳаром қилинган, чунки бунда ҳам баъзи ҳаром ишларнинг воқеъ бўлиш хавфи бор, кўпчилик вақтларда. Аёл киши сафарда ёлғиз бўлса, қийналиши, турли кутилмаган ҳолатларга учраши, жумладан, ўғри-муттаҳамларнинг ҳужумига дучор бўлиши каби эҳтимоллар кўп. Ана шунга ўхшаш зарар ва бузуқликларнинг йўлини тўсиш учун аёл кишининг маҳрамсиз сафарга чиқиши манъ қилинган. 

Масжидларни қабрларнинг устига бино қилиш ёки уларга қараб намоз ўқиш манъ қилинган. Чунки, бу ҳолат узоқ давом этса, одамларда қабрга топиниш пайдо бўлиши хавфи бор. Зотан, аввалги ширк амаллари ҳам айнан шу ҳолатдан келиб чиққан. Бас, қабрга топинишга васийла бўлгани учун, масжидларни қабрларнинг устига бино қилиш ёки уларга қараб намоз ўқиш манъ қилинган.

Бир аёлнинг устига аммасини ёки холасини никоҳлаб олиш ҳам манъ қилинган. Чунки, бундай никоҳ амма-жиян ва хола жиян орасидаги қариндошлик алоқаларининг бузилишига васийла бўлиб қолиши. Силаи раҳмни бузиш эса, шариатда ҳаром қилинган. Бас, шариат ҳаром қилган силаи раҳмни бузишга васийла бўлгани учун, аёлнинг устига аммасини ёки холасини никоҳлаб олиш ҳам манъ қилинган. 

Иддада ўтирган аёлга совчи қўйиш ва никоҳлаб олиш ҳам ҳаром. Совчиликка рухсат берилса, хотин ёлғон гапириб «Келинг, совчимисиз, менинг иддам чиқиб турибди», деб қўйиши мумкин. Ёки никоҳлаб олинса, «Иддангиз тугагандан кейин менинг уйимга борасиз» дейилса, «Менинг иддам тугади» деб одам юбориши мумкин. Шариат ҳаром қилган ушбу нарсаларга васийла бўлгани учун, иддадаги аёлга совчи қўйиш ва уни никоҳлаб олиш ҳам ҳаром қилинган. 

Шунингдек, вафотнинг иддасида ўтирган аёлга ўзига хушбўй суртиш, зийнатланиш ва шу каби бошқа ишлар, яъни уни хотин қилиб олишга қизиқтирувчи нарсалар ҳам манъ қилинган. Чунки, бу иш ҳам шариат ҳаром қилган ишга васийла бўлиши хавфи бор. 

Қарздорнинг ҳадяси ҳам, аслида, рибога айланиб қолинишидан қўрқиб манъ қилинган. 

Қотилга мерос бериш манъ қилинган, чунки «меросни тезроқ олай» деб қотиллик қилиб қўйиш хавфи бор. 

Саддуз-зароиъ ҳақида уламоларнинг фикрлари.

Саддуз-зароиъ Моликий ва Ҳанбалий мазҳабларида усулул фиқҳнинг аслларидан биттасидир. Уни Шофеъий ҳам, Абу Ҳанийфа ҳам баъзи ҳолатларда олганлар, лекин бошқа ҳолатларда олмаганлар. 

Саддуз-зароиъ шариатда бор, деганлар ўз гапларига Қуръон ва Суннатдан далил келтирадилар.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: 

«Эй, иймон келтирганлар! «Роъина» деманглар, «унзурна» денглар ва тингланглар. Ва кофирларга аламли азоб бўлур» (104-оят).

Имом Абу Баракот Насафий ривоят қиладиларки, саҳобаи киромлар ўрганишлари лозим бўлган нарсаларни сабоқ олсалар, Набий алайҳиссолату вассаломга: «Роъина», яъни кузатиб туринг, тушуниб, ўзлаштириб олайлик, дейишар экан. 

Аммо яҳудийлар мусулмонларни таҳқирлаш учун шу ҳолатдан ҳам фойдаланишибди. Улар ўзларининг иброний тилларида худди «роъина» каби талаффуз этиладиган, лекин сўкиш, масхара маъносида ишлатиладиган сўзни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганда айтадиган бўлишибди. Сиртдан, худди саҳобаи киромларга ўхшаб, кузатиб туринг, қараб туринг, деган бўлишади-ю, аслида, ниятлари у кишини сўкиш, масхара қилиш бўлади. 

Шунда Аллоҳ таоло мусулмонларга «роъина» сўзини шу маънодаги «унзурна» билан алмаштиришни буюрди. Яъни, «бизни риъоя қилиб туринг» ўрнига «бизга назар солинг» деган иборани ишлатишга амр қилди.

Мана шу ерда саддуз-зароиъ бўлаяпти. Мазкур сўзнинг ўрнига бошқа сўзни алмаштириш ила мусулмонларга зарар келишига васийла бўлган нарсанинг йўли тўсилмоқда. 

Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида айтади: 


«Улардан денгиз соҳилида бўлган қишлоқ ҳақида, шанба кунида ҳаддан ошганлари, шанбалик кунларида балиқлари очиқ келиб, шанбалик қилмаган кунлари келмагани ҳақида сўра. Қилган фосиқликлари туфайли уларни шундай синаймиз» (163-оят).

Оятдаги бу хитоб Набий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилгандир. Аллоҳ ул зотга яҳудийлардан уларнинг тарихида бўлиб ўтган машҳур воқеъа ҳақида сўрашга амр қилмоқда.

Денгиз соҳилида жойлашган бир қишлоқ бўлган экан. Уни яҳудийларнинг ўзлари яхши биладилар. Ўша соҳил бўйидаги қишлоқда яҳудийлар жамоаси яшар эдилар. Бани Исроилнинг талабларига биноан ҳафтанинг шанба куни улар учун байрам, дам олиш куни қилиб белгиланди. Бу кун уларга ишлаш ва тирикчиликка уриниш ҳаром қилинди. Соҳил бўйидаги мазкур қишлоқда яҳудийлар учун катта синов бўлди. Шанба куни балиқлар соҳилга келиб, очиқ-ойдин кўриниб, кўзларини ўйнатиб юрар эди. Шанба кунидан бошқа куни эса, ҳеч бир балиқ кўринмасди. 

Шунда Бани Исроилдан баъзилари чидаб тура олмай, манъ қилинган амрни буздилар. Ривоятларда келишича, улар шанба куни алоҳида тўсиқлар ташлаб, соҳилга келган балиқларни қайтиб кета олмайдиган қилиб қўйишар ва якшанба куни йиғиб олишар, шу билан бирга, «Биз Аллоҳнинг амрини бузганимиз йўқ», шанба куни дам олдик, ов қилганимиз йўқ, дер эдилар.

Аллоҳ таоло мана шу ерда Ўзи ҳаром қилган нарсага васийла топиб ҳийла қилганларни қораламоқда. Демак, бу қоралашдан холий бўлиш учун унинг аксини қилиш саддуз-зарийъани ишга солиш лозим бўлади.

Саддуз-зароиъга суннатдан келтирилган далиллар. 


Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳнинг:

«Сени шакка солган нарсани қўйиб, шакка солмаган нарсага ўт», деганларини эшитдим».

Термизий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

Шак-шубҳали нарсани қилиш ҳаромга зарийъа – васийла бўлиб қолиши бор. Шунинг учун ҳам, шакка солган нарсани тарк қилиш ила саддуз зароиъ – зарарга олиб бориши мумкин блган васийлани тўсишни ишга солиш керак бўлади.


Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: 

«Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дийни ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши осон».

Яъни, қўриқхонага яқин келманглар, яқин келсангиз, ичига кириб қолиб, жиноятчи бўлиб қоласизлар, дейиляпти. Яқин келманглар, дейилишининг ўзи саддуз-зароиъдир. 


Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши ота-онасини сўкиши гуноҳи кабийралардандир», – дедилар. 

«Қандай қилиб сўкади?» – дейишди.

«Бир одамни сўкади. У эса, унинг ота-онасини сўкади», – дедилар». 

Бу ердаги саддуз-зароиъ – ўз ота-онасининг сўкилишига сабаб бўлмаслик учун бировнинг ота-онасини сўкмаслик алоҳида таъкидланаяпти. 

Мана шу ўтган далиллар саддуз-зароиънинг Қуръон ва суннатда келган, ҳамма иттифоқ бўлган далилларидир. 

Яна уламолар гуноҳ ва душманчилик ишларида ёрдам бериш мутлақо мумкин эмаслигига иттифоқ қилишди. Масалан, ароқхўрга ароқ ичишига ёрдам бўладиган ишга ёрдам бермаслик керак, «пиёла бериб тур» деса, бермаслик керак. 

Бошқа гуноҳларда ҳам шу. Бир гуноҳни содир этишга кўмак бўладиган ишни умуман тақдим қилмаслик керак. Бу муттафақун алайҳ нарсалардан. 

Шунингдек, мусулмонлар жамоасига озор берадиган нарсани ҳам қилмаслик керак. Бунга ҳам уламолар иттифоқ қилишган. Мисол учун, одамлар юрадиган йўлга чуқур қазиб қўйиш. Одамларга озор бўлади, унга тушиб кетиш эҳтимоли бор ёки айланиб ўтиш керак бўлади. Ёки таомларига заҳар ташлаб қўйиш. 

Шунингдек, мушрикларнинг бут-санамларини сўкиб бўлмайди. Чунки, уларни сўкилса, Аллоҳни сўкишларига сабаб бўлиб қолади. Бу ҳақда оятдан далил бор.

Аллоҳ таоло «Анъом сурасида айтади:


«Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангиз. Бас, билмасдан зулм ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар. Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик» (108-оят).

Яъни, мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрик ҳам жавобан Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони сўкишига сабаб бўлади. Бу турган гап. Чунки:

«Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик».

Инсон табиати шундай. Қилаётган амали ўзига гўзал ва зийнатли кўринаверади. Ҳатто, бутун инсоният қабоҳат деб иттифоқ қилган ишни мақташга сўз топади. Шунингдек, мушрикларга ҳам ўз ширклари жуда ҳам зийнатли бўлиб туюлади. Ана шу эътибордан, уларнинг бутлари ҳақоратланган чоғда ғазабланишлари мумкин. Мусулмон одам одобли бўлгани учун ҳам бу ишни қилмаслиги керак. Аллоҳга ҳавола қилиб қўяверса, у ёғини Аллоҳнинг Ўзи билади.

Уламолар ҳам яхшиликка, ҳам ёмонликка йўл бўладиган ва уларни қилишдан одамларга манфаат етадиган нарсани қилиш мумкинлигига иттифоқ қилишди. Мисол учун, узум экиш. Узумни ҳалол-пок йўл билан, ширинлик сифатида, лаззат учун ҳузур қилиб ейиш ҳам мумкин, уни ачитиб ҳаром ичимликка айлантириш ҳам мумкин. Икки эҳтимол ҳам бор. Хайр-яхшилик ҳам бор, шарр-ёмонлик ҳам бор. Лекин шуни экиб қўйса, узум кўкариб турса, мусулмонларга манфаат борки, уни ғолибо мева сифатида ейди, деган гумон билан экса, тўғри бўлади. Демак, бу каби нарсаларни қилиш мумкин, манъ қилинмаган.

Бу ердаги хилоф шуки, имом Шотибий баён қилганларидек, зоҳирида жоизлик бор васийлаларнинг, уларни ишлатганда туҳмат кучайиб, манъ қилинадиган нарсага етадиган даражада бўлса, ишлатилишида хилоф бор. 

Мисол учун, байъул-айна ва байъул-ажал деган иккита байъ бор. Мана шу байълар тўғрисида хилофга тушилган. Байъул-айна дегани, бир савдо молини пулини кейин бериш шарти билан 10 дирҳамга сотади. Бир оз ўтгандан кейин сотувчининг ўзи харидордан шу нарсани 5 дирҳамни нақд бериб сотиб олади. Аслида бу ҳийла, харидор ундан 5 дирҳам қарз сўраб келган. «Мана 5 дирҳам, устига 5 қўшиб, 10 дирҳам қилиб қайтарасан» деса, очиқ-ойдин рибо бўлади, мумкин эмас. Кейин ҳийлага ўтади. «Пулим йўғ-у, мана буни мендан 10 сўмга олгин, пулини кейин берасан», дейди. У бу нарса 10 сўмга «сотиб олади», аслида эса, қарзга олган бўлади. «Энди шуни менга 5 сўмга сот» дейди. 5 сўмга сотади. Пул сўраб келган 10 сўм қарз бўлган ҳолда 5 сўмни қўлга олади. Мақсад шу эди. 5 сўм бериб туриб, 10 сўм қилиб олиш эди. Ҳийла қилиб савдо йўлини ишлатишди. Бу савдо, яъни байъул-ъайна савдоси мумкин эмас. Иккисининг орасидаги 5 сўм фарқ рибо бўлади. 

Жумҳур наздида, байъул-ъайна билан байъул-ажалнинг орасида фарқ йўқ. Лекин моликийлар икковининг орасини фарқлашган. Байъул-ажал, яъни муддатга деб сотилган нарсалар шундай бўладики, харидор сотиб олган нарсани сотган шахсга ёки унинг вакилига бир муддат ила сотади. Кейин қайта сотиб олаётганда бошқа нархда олади.

Байъул-айнанинг яна бир кўриниши қуйидагича: бир шахс бошқасига «Мана бу молни мендан 10 сўм нақд пулга бериб сотиб олгин, кейин мен уни сендан 12 сўмга оламан, дейди. Бу ерда ўз эгасига манфаат олиб келаётган қарзнинг маъноси бор. 

Байъул-айнада қарз беришни рибога айлантиришдан кўринишдагина қочилади. Рибодан чиқиш ниятида ҳийла ишлатилади, «Айна» дегани, «айни ўзи» дегани. «Менинг берадиган пулим йўғ-у, мана шуни берайин, сотиб пул қилиб оласан», дейди. 10 сўмга баҳолаб олади. Энди бу қарз сўраётганнинг мулки бўлди. Мол эгасидан 10 сўм қарз бўлди. Кейин мол эгаси «Шу нарсани менга сот», дейди. 5 сўмга баҳолашади. Моли айни ўзига қайтиб келди. Наригиси қўлига 5 сўм олди. Яна 5 сўм қўшиб берадиган бўлиб қолди. Айни рибонинг ўзи бўлиб қолди. Лекин орада мана бу нарса бориб келди, холос. Шуни байъул-айна дейилади. Мана шу ҳаром, мутлақо бўлмайди. Рибодан қочишга қилинган бу иш ҳийлаи шаръий ҳисобланади. 


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Шаръу ман қоблана, ndash .Биздан олдингиларнинг шариати,дан мурод, Аллоҳ таоло биздан олдин ўтган умматларга Иброҳим, Мусо, Довуд, Ийсо алайҳимуссаломга ўхшаш Ўз давоми...

4216 22:02 / 18.04.2017
1. Юқорида зикр этиб ўтилган ҳукмларни .амалий ҳукмлар, деб номланади. Яъни, шариатнинг бу ҳукмлари банданинг амал қилишига оид ҳукмлардир. 2. Буларнинг муқобилида давоми...

4149 02:52 / 19.04.2017
Бу бобда урфнинг таърифи, у билан ижмоъ ўртасидаги фарқ, урфнинг турлари, унинг ҳужжат экани ва татбиқ қилиш ҳолатлари ўрганилади..Урф, одамлар ўрганиб қолган, яъни давоми...

4921 22:03 / 18.04.2017
.Маслаҳат, араб тилидаги сўз бўлиб луғатда .манфаат,, .фойда,, .наф, маъноларини англатади ва ҳар бир нарсанинг солиҳ, яъни тўғри бўлиши маъносини билдиради. Бизда давоми...

4850 22:04 / 18.04.2017
Аудиолар

118742 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40702 14:35 / 11.08.2021