1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Ҳадялар ҳақидаги боблар

23:37 / 14.03.2017 4390 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳадялар ҳақидаги боблар

Яхшилик қилишнинг услубларидан бири ҳадядир. Шунинг учун ҳам китобда ушбу хайрли ишга алоҳида қисм бағишланмоқда.

«Ҳадя» деганда бир одам бошқасига эвазсиз ва беғараз берадиган молиявий нарса тушунилади. У «ҳадя», «ҳиба», «атийя», «минҳа» ва бошқа сўзлар билан ҳам аталиши мумкин ва бу номларнинг ҳаммасининг ўзига яраша хусусиятлари ҳамда тегишли ҳукмлари бор.

Агар молни бериладиган шахсни улуғлаб ва меҳрини қозониш учун олиб борилса, ҳадя бўлади.

Мўмин-мусулмонлар ўртасида ҳадя улашиш ўзаро меҳр-муҳаббатни пайдо қилиб, унинг кучайишига сабаб бўлади. Шунинг учун бизга арзимас кўринса ҳам, бошқаларнинг наздида катта кўринадиган ҳадяларни улашиш суннатдир. 

Ҳозирда урф бўлиб қолган «Қуруқ қўл билан бормайлик, ҳадя кўтариб борайлик» деган гаплар шундан келиб чиққан. 

Ҳадя бериб туриш мўмин-мусулмонлар ўртасида меҳр-мурувватни кучайтиради, натижада бутун жамият аъзолари ўртасида меҳр-оқибат, тотувлик пайдо бўлади. Ораларидаги ижтимоий алоқалар, ўзаро дўстлик, биродарлик муносабатлари ниҳоятда мустаҳкамланиб, тинчлик, иттифоқ юқори даражага кўтарилади.

329. (249). Ҳасандан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мусулмон бўлинглар! Агар мусулмон бўлсаларингиз, очарчиликсиз ҳам бир-бирларингизга таом улашадиган бўласизлар», дедилар». 

Шарҳ: Бизда «Оч қолган одамга таом берсагина савоб бўлади» деган фикр юзага келиб қолган. Бироқ оч бўлмаган одамга таом бериш ҳам бор, бу кўпинча ҳадя бўлади. Бу каби ҳадялар ўзаро меҳр-муҳаббатни, оқибатни, ўзаро ижтимоий алоқа ва муносабатларни яхшилашга, ўртадаги гина-кудурат, дилхираликларни кетказишга хизмат қилади. Мен фақат очларга бераман, тўқлар ўз кунини ўзлари кўраверади, каби тушунчалар нотўғри.

Оч бўлмаса ҳам, бир-бирига таом улашиш ҳақиқий мусулмонликнинг белгисидир.

330. (250). Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бир-бирларингизга ҳадя улашиб туринглар. Кимга биродари ҳадя тақдим қилган бўлса, агар уни мукофотлашга бирор нарсаси бўлса, мукофотласин», дедилар». 

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан ҳадя бериш икки томонлама бўлиши яхши эканлиги маълум бўлади. Зотан, ҳар бир яхшилик кўрган одам ўзига яхшилик қилган шахсга унинг қилган яхшилиги учун мукофот бериши исломий одоб тақозосидир. Ҳадя берганга жавоб ҳадяси бериш ҳам ушбу ишлар жумласига киради. Бошқача яхшилик қилганга ҳам қўлидан келганича мукофот бўладиган нарсани тақдим қилиш яхшидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ҳадя берган кишиларнинг ҳадяларига яраша жавоб ҳадяси ҳам берар эдилар. 

Моликий мазҳабининг баъзи уламолари: «Жавоб ҳадяси бериш юқори томондан, яъни каттадан кичикка бўладиган бўлса, вожибдир», дейишган.

Ҳадя олди-берди қилишгаҚизиқтириш ҳақидаги боб

331. (257). Ҳасандан ривоят қилинади:

«Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мусулмон бўлинглар. Нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, очарчиликсиз ҳам, бир-бирингизга таом ҳадя қилишга ўтасизлар», дедилар». 

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф қийинчилик, танглик пайтида, имкони борлар ҳам қўлидаги молдан садақа қилишга қизғаниб турган пайтда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бир неча кунлаб оч қолиб юрган пайтларида, қозонларига ойлаб гўшт тушмаган, фақат сув ичиб юрган пайтларида айтилган. Ўша пайтда кўпчилик: «Исломни қабул қилсак ҳам, аҳволимиз яхшиланмади, қорнимиз тўймаяпти», деган хаёлларга бориб қолаёзган эди. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай пайтларда юқоридаги мазмундаги гапларни айтганлар. Умматни Исломга чақириб, моддий шароитнинг тезда яхшиланиб кетишини айтиб берганлар. Алҳамдулиллаҳ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган кунлар келди, бу у зотнинг мўъжизалари экан.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

 (Яхшилик ва силаи раҳм китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир жамиятда раҳбар бўлиши керак бўлганидек, оила деб номланган кичик жамиятда ҳам раҳбар бўлиши лозим. Бу масалани бошқалар қандай ечганига назар соладиган давоми...

6370 09:04 / 24.09.2021
Аллоҳ таолога беадад ҳамдусаноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин. ٣٢.Эй давоми...

10116 13:58 / 16.03.2017
Валимага уламоларимиз, никоҳ муносабати билан одамларга зиёфат уюштириш деб таъриф беришган. Чунки Пайғамбаримиз алайҳи салом айтганларки Келинга валима зиёфат давоми...

7343 05:00 / 15.02.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мусулмонлар ичида энг яхши уй етимга яхшилик қилинаётган уйдир. давоми...

2903 05:00 / 15.02.2017