Норвегияда имомлар ва исломий муассаса раҳбарлари иштирокида мусулмон жамиятлар муаммосига бағишланган илмий семинар ўтказилди.
Семинар Норвегияда жойлашган Исломий мулоқот тармоғи имомлар ва билим қўмитаси томонидан ташкил этилди. Тадбирда қатарлик профессор, Қуръон тафсири ва илмлари, исломий маданият бўйича етакчи мутахассис, шайх Хайриддин Хожа асосий маърузачи сифатида иштирок этди.
Семинар Албания ислом маданий марказида бўлиб ўтди. Унда Ослодан ҳамда унга яқин ҳудудлардан 35 дан ортиқ имомлар ва исломий муассасалар кенгаши раислари қатнашдилар. Улар Европадаги тезкор ижтимоий ўзгаришлар шароитида динни замонавий тарзда англаш йўлларини муҳокама қилдилар.
Профессор Хайриддин Хожа Қуръон матни билан замонавий контекстларда ишлаш методикаси ҳақида академик маъруза тақдим этди. У шаръий билим билан реал ҳаёт ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш зарурлигини, шунингдек, диний етакчиларнинг жамиятни йўналтиришдаги ўрни ва шахсий ҳамда жамоавий масъулиятни англашни кучайтиришдаги ролини таъкидлади.
Учрашув давомида имомлар ва муассаса раҳбарлари ўртасида кенг фикр алмашинуви бўлиб ўтди. Унда Норвегиядаги мусулмонларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган асосий муаммолар, фуқаролик масъулиятини мустаҳкамловчи диний нутқни ривожлантириш йўллари муҳокама қилинди.
Семинар якунида иштирокчилар бу каби илмий учрашувлар Норвегияда мусулмонларнинг ижтимоий фаоллигини ва диний билим даражасини оширишда муҳим ўрин тутишини қайд этдилар. Шунингдек, барча йиғилганларга семинардаги фаол иштироки ва илмий ҳиссалари учун ташаккур изҳор этилди.