2025 йил 10 октябр куни Бразилияда Қуръони Карим ва Суннати Набавия бўйича барча штатлар даражасидаги биринчи миллий мусобақа бошланди. Тадбир Саудия Арабистони Исломий ишлар, даъват ва иршод вазирлиги ҳомийлигида ташкил этилган бўлиб, октябр ойи давомида ўтказилади.
Ушбу мусобақа Қуръон илмларини кенг ёйиш, турли ҳудудлардаги мусулмонлар орасида диний савияни ошириш ҳамда ёш авлод қалбида Қуръон ва Суннатга муҳаббат уйғотишга қаратилган. Лойиҳа «Саудия Арабистони – ўтмиш, бугун ва келажакдаги саховат юрти» шиори остида ўтказилмоқда.
Мусобақа эркак ва аёллар, шунингдек болалар учун ҳам ташкил этилган. 10-35 ёшлилар алоҳида тоифа сифатида белгиланган. 6-10 ёшли болалар учун ҳам иштирок этиш имкони яратилган.
Мусобақа тўрт босқичдан иборат. Қуръоннинг охирги жузидан бошлаб 10 жузгача ёд олиш ҳамда қироат ва тажвид қоидаларига амал қилиш асосий мезонлардан ҳисобланади.
Саралаш босқичлари Сан Паулу шаҳридаги Вилла Каронда Ислом маркази ва Бразилия масжидида 10, 11, 14 ва 18 октябрь кунлари ўтказилди.
Бошқа штатлардаги иштирокчилар учун Zoom орқали онлайн баҳолаш ташкил этилган. Баҳолаш мезонини таъминлаш мақсадида учта ҳакамлар ҳайъати тузилган: иккитаси Қуръон бўйича, биттаси ҳадис бўйича. Ҳайъат аъзолари Бразилия масжид имомларидан тайинланган.
Якуний босқич СанПаулу шаҳрида, Саудия Арабистони Ислом вазирлиги назоратида ва Буэнос Айресдаги Малик Фаҳд Исломий маданият маркази ҳамкорлигида ўтказилади.
Ҳар бир даражадаги беш нафар ғолиб учун қуйидаги пул мукофотлари белгиланган:
1-ўрин: 10 000 Саудия рияли
2-ўрин: 3 000 риял
3-5-ўринлар: 500 риялгача.
Шунингдек, мусобақада қатнашган Қуръон марказлари ва таълим муассасалари ҳам рағбатлантирилади.
2025 йил 26 октябр куни мусобақа ғолиблари тақдирлаш маросимида эълон қилинади.