1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
15:19 / 17.05.2023 6935 Кўриш режими

Диний қўмита диний эркинлик ҳимоячиси бўлиши керак. Амалда-чи?

Дин ишлари қўмитаси Kun.uz мухбирининг АҚШдаги Ал-Бухорий масжиди ҳақида тайёрлаган кўрсатувидан айрим жумлаларни кесиб ташлашни тавсия қилди. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўзининг доимий колонкасида қўмитанинг бу ҳаракати цензура эканини айтиб, қўмита дунёвийликнинг фундаментал тамойилларига зид иш тутаётгани ҳақида фикр юритди.

Яқинда Kun.uz мухбири, ҳамкасбим Фаррух Абдусаттаров АҚШга сафар қилиб, кўплаб репортажлар тайёрлади. Жумладан, Флорида штатида жойлашган “Ал-Бухорий” масжиди фаолияти ҳақида, бу масжиднинг масъуллари билан ҳам суҳбат ёзиб олган эди. Ўзбекистонга қайтгач, Фаррух бу материалларни Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасига юборди. Шу кунларда, қўмитанинг жавоби келди. Жавоб эса, ниҳоятда ажиб. Бир сўз билан айтганда, қип-қизил цензура.

Аввало, Дин ишлари қўмитаси нима учун керак, деган саволга жавоб изласак. Ўзбекистон– республика, яъни, ҳокимиятнинг ягона манбаи – бу Ўзбекистон халқи. Шунингдек, Ўзбекистон – ҳуқуқий, демократик, дунёвий давлат. Халқнинг эркинликлари, ҳақ-ҳуқуқларини ўрганиш ва таъминлаш учун, давлат – яъни ҳокимият, Вазирлар Маҳкамаси қошида Дин ишлари қўмитасини тузган.

Қўмитанинг асосий вазифаси – Ўзбекистон Конституциясида айтилган виждоний ва диний эркинликларни таъминлаш! Қолаверса, инсонларнинг қонун олдидаги тенглигини таъминлаш ҳисобланади. Яъни, қўмита – инсонларни диний ва виждоний қарашларини чеклаш эмас, ҳимоя қилиш, таъминлаш мақсадида тузилади.

Ўзбекистон Конституциясига кўра, давлат – дунёвий. Дунёвий дегани – бу инсонларнинг диний эркинлигини чеклаш дегани эмас. Мутлақ аксинча, инсонларни виждоний ва диний эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун олдидаги тенглигини таъминлаш ҳисобланади.

Унда нима учун давлат “дунёвий” бўлиши керак? “Дунёвий давлат”, яъни, “дунёвий ҳукумат” дегани – инсонларнинг виждоний ва диний эркинликларини максимал таъминлаш мақсадида, ҳокимиятнинг, ҳукуматнинг, давлат мулозимлари ва институтларининг имкон қадар нейтрал бўлиб, холис бўлишига айтилади.

Инсонлар ҳеч қачон диний қарашларда бир хил бўлмайди. Кимдир ўта диндор, кимдир атеист еки агностик. Қолаверса, диндорларнинг ҳам диндорлик даражалари ҳар хил бўлади. Инсонлар ўртасида, виждоний ва диний қарашларда тўқнашув бўлиши – табиий ҳолат.

Шунинг учун, давлат – яъни ҳокимият, инсонларнинг виждоний ва диний эркинликларининг посбони бўлиши керак, уларнинг эрки ва қонун олдидаги тенглигини таъминлаши керак.

Бунинг учун эса, давлат мулозимлари ва институтлари тарафкашлик қилмаслиги, тўқнашувлар бўлганда ким кимга тажовуз қилганини ёки зиддиятлар бўлганда, томонларнинг эркини таъминлаган ҳолда ажратиб қўйиши керак бўлади.

Дунё давлатларида материалларни экспертиза қилиш қандай? Ҳуқуқий-демократик давлатларда, нашриётлар ва ОАВ – эркин. Улар ўз масъулиятларидан келиб чиқиб, материалларни чиқариш-чиқармасликни ўзлари ҳал қилишади.

Масъулиятга сабаб – қонунчилик бор, ҳар бир ишнинг ҳуқуқий оқибатлари бор. Шунинг учун ҳам, ОАВ ва нашриётлар, фақатгина ўзлари аниқ жавоб топа олмаган холлардагина, давлат институтларига ёки давлат лицензиясига эга юристларга мурожаат қилиб, вазиятни аниқлаштириб олишади.

Ўзбекистонда эса, ҳозирча, экспертиза – оммавий назорат тизимини эслатади. Яъни, ҳуқуқий давлатларда материаллар чиққандан кейингина масъул бўлишса, Ўзбекистонда, чиқишидан олдин рухсат сўралиши ва розилик олиниши керак. Лекин бу тартиб жуда эскирган ва фақат авторитар, тоталитар давлатларга хос услуб ҳисобланади. Глобаллашган дунёда, жуда катта ахборот оқимлари бор даврда, “рухсат тизими” ёки ишламайди, ёки нохолис ишлайди. Чунки, давлатнинг барча материалларни назорат қилиш имконияти йўқ.

Қай ҳолларда диний экспертиза зарур бўлади? Қачонки материалларда мураккаб ҳуқуқий коллизиялар, зиддиятлар бор бўлса. Мисол учун, виждоний ва диний эркинлик кўринишидаги, ирқий ёки диний камситиш, ёки давлат ва жамият олдидаги масъулият ва мажбуриятларни бажармасликка чақириш ва ҳ.к. бўлса. Бунда ҳам, автоматик равишда ушбу материаллар ман қилинмайди. Чунки ОАВнинг вазифаси – жамиятдаги, давлатдаги кескин холатлар ҳақида хабар бериш, огоҳлантириш ҳисобланади.

Хўш, Дин ишлар қўмитасининг кўрсатмалари нималардан иборат эди? Қўмита бир қанча жумлаларни олиб ташлашни буюрган. Лекин бу жумлаларда ҳеч қандай аксилконституцион чақириқлар мавжуд эмас, адоват ҳам ўйғотмайди, инсонларнинг диний эркинликларини ҳимоя қилиш мақсади ҳам йўқ. Аксинча, қип-қизил цензура. Сиёсий мақсадлардаги цензура. Бошқа мақсад эмас. Мақсад – ўзбекистонликларга АҚШдаги мавжуд диний эркинликлар ҳақида маълумот бермаслик, АҚШдаги ҳуқуқий давлатчиликнинг ютуқларини яшириш. Бошқа мақсад йўқ.

Дин ишлари қўмитаси олиб ташлашни сўраган жумлаларнинг айримларига эътибор беринг:

♦️ "Биринчи маъмурият давридаги қўрқув ҳам бор эди”;

♦️ “Тушгача дунёвий билимлар, мактаб дарслари бўлади, тушдан кейин диний илмлар берилади. Шанба-якшанба кунлари Қуръон дарслари бўлади, бундан ташқари, ёзги таътил пайтида 40 кунлик Қуръон таътили бўлади. Американинг ҳамма жойларидан ёшлар келади. 120 тагача қабул қиламиз”;

♦️ “Диний эркинлик таъминлангани учун муаммо бўлмайди” ва ҳ.к.


Кўриш мумкинки, бу жумлалар АҚШдаги вазиятни очиб берувчи ва ҳеч қандай Ўзбекистон Конституцион қадриятларини таҳқирловчи фикрлар-жумлалар эмас. Аксинча, ҳуқуқий-дунёвий давлатчиликнинг ютуқли тарафларини очиб беради. Лекин, қўмита бу жумлаларда ўзи учун хавф кўрди ва олиб ташлашни сўради.

Сабаби, ҳалига қадар Дин ишлари қўмитаси Ўзбекистон Конституцияси ва қонунчилиги моҳиятини, дунёвийликнинг фундаментал тамойилларини, халқаро стандартларни тушунгани ва қабул қилгани йўқ. Бу – жуда ачинарли ва хавотирли ҳолат. Чунки айнан мана шу тафаккур, 2016 йилга қадар бўлган даврда, Ўзбекистонни жуда обрўсизлантирди, ички вазиятни беқарорлаштирди.

Дин ишлари қўмитаси ўз малакаси устида ишламаса, Ўзбекистон давлати, ҳукумати ва халқи учун катта муаммолар келтириши мумкин.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Муаллиф
Камолиддин Раббимов
Манба
Kun.uz
Калит сўзлар: Иймон Намоз