1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
05:00 / 08.03.2017 3349 Кўриш режими

Мавлиди шарифга бағишланган илмий-маърифий анжуман

Мавлиди шарифга бағишланган илмий-маърифий анжуман


«Сизларга ўзингиздан бўлган, сизларга оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга Китобни, ҳикматни ва билмайдиган нарсаларингизни ўргатадиган Расул юбордик», деб марҳамат қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!
Роббининг пайғомини умматларига омонат ила етказган, бу дунёда ҳидоятчимиз, охиратда шафоатчимиз, ўзларидан кейин пайғамбар келмайдиган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин!

Бугун, ҳижрий 1436 йил Рабиъул аввал ойининг 28 кунида Ислом.уз портали ҳамда «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёт мажмуаси ижодий гуруҳи, меҳнат жамоаси ҳамда ташкилий ҳайъат томонидан икки олам сарвари, ҳабибимиз, Набийимиз, Расулимиз ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлиди шарифларига бағишланган илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.
Анжуманга пойтахт ва вилоят жомеъ масжидларининг имом-хатиблари, ноиблари, аҳли илмлар, мударрислар, толиби илмлар ва бошқа меҳмонлар ҳозир бўлишди.
Анжуманни Исмоил Муҳаммад Юсуф очиқ деб эълон қилди. Қуръони Карим тиловатидан сўнг фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари дуо қилиб, анжуманни бошлаб бердилар. Шайх ҳазратлари мазкур анжумандан кўзлаган асосий мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари муносабати билан у зотни кўпроқ эслаш, кўпроқ салавот айтиш ва у зоти бобаракотга муҳаббатимизни изҳор қилиш, у зот алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганиш ва ўргатиш ишига камтарона ҳисса қўшишдан иборат экани ҳақида сўзладилар. Зеро, инсоният Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг сўнгги пайғамбари, хотамул анбиё, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туфайли залолатдан ҳидоятга, жаҳолатдан маърифатга юз бурди, пок ва равшан тавҳид ақийдасига мушарраф бўлди.
Маълумки, 2015 йил юртимизда кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилинди. Кекса авлодни улуғлаш Ислом динимизнинг мўътабар анъаналаридан биридир. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида барчамизга ибрат бўлганларидек, бу борада ҳам намуна бўлганлар. Ушбу мавзуда «Фатҳ» жомеъ масжиди имом-хатиби Баҳодир Раҳматуллаев маъруза қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсониятни ҳурликкка олиб чиқишдаги хизматлари беқиёсдир. У зот алайҳиссалом ҳар бир одамни, бутун башариятни тенг деб эълон қилдилар, қулдорликка, одам савдосига барҳам бердилар, ҳар бир инсонга икки дунё саодатининг нурафшон йўлини кўрсатиб бердилар. Набий алайҳиссаломнинг инсоният олдидаги ана шу улкан хизматлари ҳақида «Хожа Аламбардор» жомеъ масжиди имом-хатиби муҳтарам Раҳимберди Раҳмонов домла суҳбат қилиб бердилар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга раҳмат ўлароқ юборилганларини айтади. Дарҳақиқат, у зот алайҳиссалом бутун оламга раҳмат эдилар, нафақат саҳобаларига, умматларига, балки бутун инсониятга, инсу жинга меҳрибон, мушфиқ эдилар. Аллоҳ таолонинг рисолатини омонат ила умматга етказар эканлар, бу йўлда ҳар қандай қаршиликларга, ҳар қандай азиятларга, ҳатто суиқасдларга ҳам гўзал сабр қилдилар, шаънларига ёғдирилган туҳматларга матонат билан жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўнгги нафасларигача умматнинг ғамини еганлар, умматларига Исломни етказиш йўлида ҳар қандай қийинчиликларга мардонавор бардош бериб келганлар, зиммаларидаги улкан масъулиятни шараф билан адо этганлар. У зотнинг муборак шаънларига нисбатан уюштирилган туҳматлар ва уларга қарши раддиялар ҳақида муҳтарам устоз Аҳмад ҳожи Муҳаммад маъруза қилиб бердилар.
Ҳазрати Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали инсониятга армуғон этган мислсиз неъматларидан яна бири инсоннинг мукаррамлиги  ва улуғлиги эълонидир. Жоҳил одамлар инсонни аслидан, наслидан узоқлаштириб, унинг қадр-қийматини лойга топтаб турган бир пайтда Муҳаммад алайҳиссалом инсонни улуғладилар, Аллоҳ яратган махлуқотларнинг гултожи эканини баралла эълон қилдилар, инсониятни умидсизликдан қутқардилар, инсонда ўзига ишонч руҳини тирилтирдилар. Башарият олдидаги мазкур улуғ хизмат ҳақида муҳтарам Мубашшир Аҳмад суҳбат қилиб бердилар.
Жавомеъул калим сифатли ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Уламолар анбиёларнинг ворисларидир» деб марҳамат қилганлар. Бир минг тўрт юз йиллик тарих бу ҳадиси шарифнинг нақадар ҳақиқатлигини тасдиқлаб турибди. Ислом уламолари Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чинакам ворислари бўлдилар, бутун дунёга илму маърифат таратдилар, Аллоҳнинг розилиги учун ихлос билан ижтиҳод қилиб, барча халқларга мударрис бўлдилар. Ислом уммати уламоларнинг шарафли ва машаққатли меҳнатини муносиб тақдирлаб, уларни эъзозлаб, ардоқлаб келмоқда. Бу ҳақда муҳтарам Аброр Алий сўзлаб берди.
Анжуман сўнггида меҳмонлардан «Тўхтабой» жомеъ масжиди имоми хатиби мухатарам Исҳоқжон домла сўз олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга раҳмат бўлганини биргина мисол – у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ирқчиликка барҳам берганлари, бу маънода ҳам дунёда инқилоб ясаганларини айтиб, ёритиб берди.
Аллоҳ таоло биз бахтиёр умматларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар айтишни буюрган. Ислом уммати у зоти бобаракотни ҳар эслаганларида, муборак исмлари ҳар зикр қилинганда салавот айтади. Анжуман аҳли «Тўхтабой» жомеъ масжиди имом-хатибининг ноиби Ҳасанхон Яҳё ҳамда анжуманнинг ёш меҳмонлари ижросида ана шундай салавотларнинг энг гўзал намуналаридан тингладилар.
Анжуман сўнгида Абдулбосит қори ташкил ҳайъати томонидан мавлиди шарифга бағишланган хатми Қуръонни якунлаб бердилар, сўнг шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари дуо қилиб, анжуманга хотима ясадилар.
Шунинг билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак мавлидларига бағишланган илмий-маърифий анжуман ниҳоясига етди. Анжуманнинг барча меҳмонлари мавлиди шарифни нишонлаш мақсадида ёзилган байрам дастурхонига таклиф қилиндилар.

Муаллиф
islom.uz
Калит сўзлар: Иймон Намоз