1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳар бир бидъат залолатдир

18:00 / 25.01.2019 6345 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган. Лафз Насаийники.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида бир неча ҳақиқатни баён қилмоқдалар:

1. «Энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир».

Шундай бўлганидан кейин Аллоҳнинг Китобини ўқиш-ўрганиш ва унга амал қилиш керак. Ким Қуръондан бошқани ундан устун қўйса, катта хато қилган бўлади. Ҳадисдаги бу жумла Китобни маҳкам тутиш зарурлигини кўрсатади.

2. «Энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир».

«Ҳидоят» сўзи луғатда бир нарсага лутф билан йўллаб қўйишни ифода этади. Дунёда одамларни ҳидоят қилишни даъво қиладиганлар кўп. Лекин энг яхши ҳидоят – охирги ва энг афзал Пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари ўзларининг Суннатларида баён қилинган. Ким ҳақиқий ҳидоятни топаман, деса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларини маҳкам тутсин! Ким ҳақиқий тўғри йўлда юраман, деса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларида юрсин!

3. «Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир».

Аввал айтганимиздек, бу гап Ислом янгиликка қарши деган маънони билдирмайди. Бу ерда Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган нарсалар тўғрисида гап кетмоқда. Дарҳақиқат, Китоб ва Суннатга хилоф равишда янги пайдо бўлган ҳар бир иш энг ёмон ишдир. Ана шундай шароитда пайдо бўлган

«Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир». 

«Бидъат» сўзи луғатда янгидан ўйлаб чиқарилган нарсани англатади. Шариатда эса бидъат деб Қуръон ва Суннатда зикри келмаган нарсаларнинг янгидан пайдо бўлишига айтилади. Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган ҳар бир нарса бидъатдир.

«Ҳар бир бидъат залолатдир».

Қуръон ва Суннатга хилоф нарса залолат бўлмай, нима ҳам залолат бўлар эди.

«Барча залолат дўзахдадир».

Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган иш ҳам, унинг қилувчиси ҳам дўзахга тушади. Шунинг учун ҳам Қуръон ва Суннатни маҳкам тутиш лозим. Бунинг учун эса аввало уларни яхшилаб ўрганиш керак. Ҳақиқий исломий иш нима, ҳақиқий бидъат нима эканлигини яхши ажрата билиш керак. Ушбу ҳадиси шарифни суистеъмол қилиб, ҳамма нарсани бидъатга чиқариб, ҳаммани дўзахга маҳкум қилиб юбормаслик ҳам зарур.

Биз мусулмонлар бугунги кунда ушбу ҳадисни ҳаётга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Аллоҳнинг каломини яхши ўрганиб, унга амал қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари – Суннатларини яхши ўрганиб, унга амал қилишимиз керак. Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушламоғимиз, уларга хилоф бўлган барча бидъатлардан халос бўлмоғимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир розияллоҳу анҳу айтдилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилдилар ва айтдилар Эй инсонлар Вафот этмасингиздан аввал Аллоҳ таолога давоми...

6293 10:30 / 26.11.2018
Бишр Ҳофий бир жамоанинг олдидан ўтиб қолди. Одамлар уни кўриб, .Бу одам кечаси билан ухламайди, ҳар уч кунда бир марта ифторлик қилади,, дейишди. Бишр Ҳофий давоми...

2193 07:10 / 05.07.2019
Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик йилларидан бирида қаҳатчилик бўлди. Умар розияллоҳу анҳу одамлар билан чиқиб, истисқо намозини ўқидилар. Кийимларини тескари давоми...

1468 08:00 / 12.11.2020
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ ҳикоя қиладилар .Қадимда бир дарахт бор эди. Инсонлар Аллоҳни қўйиб, ўша дарахтга сиғинишар, ниятларим амалга ошсин деб, унга турли давоми...

1933 08:00 / 03.09.2020
Аудиолар

211041 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130301 14:35 / 11.08.2021