1445 йил 27 шаввол | 2024 йил 06 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуръондан таъсирланган аъробий

15:00 / 07.06.2019 3717 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абул Фазл Аббос ибн Фараж Риёший Басрий ҳикоя қилади: “Асмаъий (асл исми Абдулмалик ибн Қарийб ибн Абдулмалик ибн Али Асмаъий Абу Саъийд Басрий бўлиб, 216 ҳижрий санада, тўқсон ёшга яқинлашиб вафот этганни бундай деяётганини эшитдим:

“Бир куни Басрадаги жоме масжиддан чиқиб, шаҳар кўчаларида кетиб бораётсам, рўпарамдан туя миниб, белига қилич осиб, қўлига камон ушлаб олган аъробий чиқиб қолди. Яқинлашиб, менга салом берди. Мендан: “Сен қаердансан?” деб сўради. “Асмаъ уруғиданман” деб жавоб бердим. У: “Асмаъиймисан?” деди. Мен: “Ҳа, шундай” дедим. У: “Қаердан келяпсан?” деб сўради. Мен: “Раҳмоннинг Каломи тиловат қилинадиган жойдан” деб жавоб бердим. У мендан: “Раҳмоннинг одамлар тиловат қиладиган Каломи борми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, бор” деб жавоб бердим. “Менга ўшандан тиловат қилиб бер!” деди у. Мен унга: “Туянгдан туш!” дедим. У туясидан тушди. “Зарият” сурасининг бошидан тиловат қила бошладим. Аллоҳ таолонинг: 

وَفِي السَّمَاء رِزْقُكُمْ وَمَا تُوعَدُونَ 

“Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор) оятига етганимда, аъробий мендан “Эй Асмаъий, бу Раҳмоннинг Каломими?” деб сўради. Мен: “Ҳа, шундай. Муҳаммадни ҳақ ила хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган Зотга қасамки, бу Унинг Каломи! У Зот буни Муҳаммадга нозил қилгандир” дедим. Аъробий менга: “Шу кифоя қилади” деди.

Кейин туясининг олдига борди ва уни сўйди. Гўштини бўлакларга бўлиб, менга: “Бу ёққа келиб, бу гўштларни тарқатишга ёрдамлашиб юбор!” деди. Кейин биз бўлинган гўштдан ўтган-кетган кишиларга тарқатиб чиқдик. Кейин қиличини ва камонини қўлига олиб, уларни синдирди. Синиқларни қум остига яширди.

Кейин саҳро ичкарисига қараб юриб кетди. Кетар экан,  “Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)” оятини ўқиб борар эди. Бу ҳолатни кўргач, ўзимни маломат қила бошладим. “Нега аъробий таъсирланганда, қалбига етиб борганда, сен таъсирланмадинг?!” дедим.

Кейинги йили Ҳажга борганимда, Маккага кирдим. Каъбани тавоф қилиб турганимда, кимдир паст, мулойим овозда мени чақирди. Ўгирилиб қарасам, ўша аъробий турибди. Менга салом берди. Қўлимдан тутди-да, Мақоми Иброҳимнинг орқасига бошлаб борди. Кейин мени ўша ерга ўтқизиб қўйиб, “Менга Раҳмоннинг Каломини тиловат қилиб бер!” деди. Мен яна “Зарият” сурасини бошидан бошлаб ўқидим. Аллоҳ таолонинг:

وَفِي السَّمَاء رِزْقُكُمْ وَمَا تُوعَدُونَ 

“Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)” оятига етганимда, аъробий қичқириб юборди ва: “Роббимиз бизга ваъда қилган нарсани ҳақиқатда топдик, кўрдик” деди. Кейин мендан: “Бундан бошқа Каломи ҳам борми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, Аллоҳ таоло бу оятнинг давомида

فَوَرَبِّ السَّمَاء وَالْأَرْضِ إِنَّهُ لَحَقٌّ مِّثْلَ مَا أَنَّكُمْ تَنطِقُونَ 

“Осмону ернинг Роббиси ила қасамки, албатта, у(гап) мисоли сиз нутқ қилаётганингиздек ҳақиқатдир” деб марҳамат қилган” дедим. Шунда аъробий шунақа қаттиқ қичқирдики, “Субҳаналлоҳ! Буюк Аллоҳни ким ғазаблантирдики, ҳатто У Зот Каломини қасам ила таъкидлаяпти. Бандалар Унинг Каломини тасдиқламайдиларми? Унинг Каломига ишонмайдиларми? У Зот Каломи ҳақлигини таъкидлаш учун қасам ила гапиряпти” деб уч марта такрорлади. Учинчи марта гапирдию, ўша онда жони узилди”.

Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Мавзуга оид мақолалар
Кечаси бедор бўлиб намоз ўқишнинг, Қуръон тиловат қилишнинг гашти бўлакча, фазилати улуғ. Одамлар айни ширин уйқудалик пайтида ибодат қилган инсон юксак мақомга давоми...

1987 10:10 / 05.11.2021
Олма ейиш учун олма кўчатини олгани бозорга бориб, уни сотиб олиш керак. Кўчатни кўтариб, уйга келиш керак. Ҳовлининг бирор жойига ўша кўчатни экиш керак. Кейин давоми...

4301 16:00 / 03.09.2021
Мен доктор Фотима бўламан.Тиббиёт факультети. Йилнинг бошида янги ўқитувчи аудиторияга салом бериб кирди ва деди.Бу йилги ўқишларингга омад тилайман. Доимо давоми...

3874 17:00 / 01.12.2021
Материалистлар бу дунёдаги ҳаётдан бошқа ҳаёт йўқ, дейдилар. Яна уларнинг фикрича, сезгига ва туйғуга фақат материя таъсир кўрсатади. Жигар сафро, буйрак пешоб давоми...

2690 17:08 / 13.11.2018