1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Исломда мазҳаблар – бирлик рамзидир

12:00 / 28.12.2018 13480 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом динида мазҳаб масаласи бундан ўн уч аср аввал қандай муҳим деб топилган бўлса, бугун ҳам, кейинчалик ҳам худди шундай долзарб ва зарурлигича қолаверади. Аҳли сунна вал жамоанинг тўрт мазҳаби турли тарихий синовларда ўзнинг нақадар тўғрилиги, софлиги ва зарурлигини асрлар оша намоён этиб келмоқда. Маълумки, Ислом оламининг аҳли сунна тоифаси ичида тўртта фиқҳий мазҳаб бўлиб, улар Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларидир. Агар ислом тарихига назар ташланса, бу мазҳабларнинг келиб чиқишидан олдин ҳам турли мазҳаб ва йўналишлар бўлган. Лекин у мазҳаблар муайян шахс номи билан эмас, балки шаҳар ва минтақа аҳолиси номи билан аталган. Масалан, Мадиналиклар мазҳаби, Маккаликлар мазҳаби ва ҳоказо. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг машҳур “Муватто” (оммабоп) китобларини ёзилиш тарихини зикр қилганларида шундай деган эдилар: Халифа Абу Жаъфар ал-Мансур билан ҳажда учрашиб қолдик, шунда у менга: “Мен билан сиздан бошқа олим қолмади, мен сиёсат билан машғулман. Сиз одамларга суннат ва фиқҳни баён қилувчи бир китоб ёзинг. Фақатгина, унда Ибн Аббоснинг баъзи масалалардаги рухсатларини, Ибн Умарнинг баъзи масалалардаги қаттиққўллигини ва Ибн Масъуднинг баъзи масалалардаги нодир сўзларини китобга киргизишдан сақланинг, уни оммабоп қилиб ёзинг” – деди. Китоб таълиф қилиниб, Абу Жаъфар ал-Мансурга тақдим қилинганда, у Имом Моликка: “Мен бу китобингизни Каъбага осиб қўймоқчиман, уни бутун Ислом оламига тарқатиб, ихтилофларга чек қўйиш учун одамларни ёлғиз шу китобга амал қилишларига мажбур қилмоқчиман” – деди. Шунда Имом Молик: “Йўқ, ундай қилманг, чунки саҳобалар ер юзи бўйлаб тарқалиб кетганлар. Улар мен китобга киритган Ҳижоз аҳолисининг ҳадисларидан бошқа ҳадисларни ҳам ривоят қилишган. Одамлар ўша ҳадисларни ҳам олганлар. Сиз уларни ўз ҳолларига қўйинг” – дедилар. 

Барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил бўлиб келмоқда. Кейинчалик забардаст уламолар томонидан саҳобий ва тобеинларнинг фатволари жамланиб, уларни таҳлил қилиш орқали янги мазҳаблар вужудга келди ва бу мазҳаблар мазҳаб соҳибининг номи билан атала бошлади. Хусусан, Кўфада Ҳанафий, Мадинада Моликий, Мисрда Шофеъий ва Боғдодда Ҳанбалий мазҳаблари пайдо бўлди. Тарих нуқтаи назаридан қаралса, бу тўрт мазҳаб ҳам бир-бири билан боғлиқ, мазҳаб эгалари ўзаро бевосита ёки билвосита бир-бирларига устоз ёки шогирд бўлишган. Масалан, Абу Ҳанифа Имом Молик билан кўришган, Имом Молик Имом Шофеъийга устозлик қилган, Имом Шофеъий эса Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан билан бевосита мунозаралар қилган. Шунингдек, Имом Шофеъий Аҳмад ибн Ҳанбалга устозлик қилган. Лекин шунга қарамай, ҳар бир мужтаҳиднинг мазҳаб тузишда ўзига хос илмий йўналиши бўлган.

Моварауннаҳр ўлкасида яшайдиган халқлар, хусусан биз ўзбеклар ҳам неча асрлардан бери суннийликнинг тўрт фиқҳий мазҳабидан бири бўлган ҳанафийлик мазҳабига амал қилиб келамиз. Ҳанафийлик ўз тарихий тараққиётининг барча босқичларида диннинг яхлитлиги, мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлашда энг муҳим омил сифатида курашиб келган. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гуруҳларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган. Гарчанд турли оқим ва фирқалар ҳар доим ислом дини яхлитлигини бузишга уриниб келган бўлсада, ҳеч қачон бунинг уддасидан чиқолмаганлар. Бу муваффақиятнинг замирида ҳам шу аҳли сунна уламолари келтирган далил ва асосларнинг мустаҳкам ва тўғрилиги асос бўлиб хизмат қилган. Мусулмонлар оммасига ушбу ҳақиқатларни тушунтириб бериш бемазҳаблик авж олган ҳозирги даврда айниқса муҳимдир.

Бу борада фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Мазҳаблар – бирлик рамзи» номли китоби ҳамда «Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир» номли таржима асар (муаллиф Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий) бу йўлда мусулмон оммасига энг яхши қўлланма ҳисобланади.

Ушбу асарлар орқали мазҳаб Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида ижтиҳод қилиб, саҳобий ва тобеинлар фатволарига мувофиқ равишда топилган Аллоҳ розилигига эриштирувчи, ҳақиқий тўғри йўл эканини  билиб оламиз. Мазҳаб тушунчаси, мазҳаблар таризи, вужудга келиши, тарихий ва илмий асослари ҳақида ҳақиқий тушунчага эга бўламиз. Аллоҳ таолонинг энг охирги ва мукаммал, қиёматгача боқий қолувчи, барча замон ва маконларда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дин Ислом эканини яқиндан англаймиз. Мазҳаблар тўла маънода бирлик, бирдамлик, биродарлик рамзи эканини, мазҳабсизлик, унинг йўлидан оғиш эса шариатимизга таҳдид солувчи, мустаҳкам шаръий чегараларни бузишга ҳаракат қилувчи энг хатарли бидъат эканидан воқиф бўламиз.

islom.uz портали таҳририяти

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шамс Табризий раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Сиз шуни тушунишингиз керакки, ёш рақамнинг ўзи, холос. У сизнинг ҳақиқатингизни ифода этмайди. Сиз олтмиш ёшда ҳам гўдак давоми...

1841 11:06 / 21.07.2019
Ҳаж ибодатига борган бир мусофир киши кўчадан 25 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни топиб олибди. Пулнинг эгасини топиш мақсадида, оммавий ахборот воситаларига эълон давоми...

4385 18:10 / 27.02.2019
Суфён ибн Уяйна айтади .Муҳаммад ибн Мункадир Кўфада Муҳаммад ибн Савқаникига келди. Уни эшакка миндириб кетаётиб, қуйидагиларни сўради .Эй Абу Абдуллоҳ, сиз учун давоми...

2171 08:00 / 18.01.2020
Илм ndash шубҳасиз машаққатли йўл. Бу йўлдан бориш, илмфанда ютуқларга эришиш аёл киши учун ва айниқса ўзбек жамиятида осон вазифа эмас. Шундай бўлсада, қатъий истак, давоми...

2981 12:02 / 22.02.2020