1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Болага меҳрибонлик

05:00 / 15.02.2017 2561 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Болага меҳрибонлик кўрсатиш ота-онанинг вазифаси ва боланинг ҳаққидир.

Инсон зоти доимо меҳр-муҳаббатга эҳтиёжли бўлади. Айниқса, болалар бу нарсага жуда ҳам муҳтожлар. Аслида, меҳр-муҳаббат дини бўлмиш Ислом, шунинг учун ҳам, болаларга меҳр-муҳаббат кўрсатишни ота-оналарга вазийфа этиб юклаган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурла¬рида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганда Ҳасан ибн Алийни ўпдилар. Шунда Ақраъ:

«Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ», – деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар-да, сўнг:

«Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас», – дедилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта болажон зот эдилар. Ул зот болалар ичида набиралари Ҳасан ва Ҳусайнни жуда ҳам яхши кўрар ва уларга меҳрибонлик кўрсатар эдилар. 

Ушбу ривоятда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирининг бунга бўлган муносабатлари ва бу муносабатнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб, сонларига ўтқазар эдилар. Ҳасанни эса бошқа сонларига ўтқазар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб:

«Аллоҳим! Иккисини раҳм қилгин, мен уларга раҳм қилурман», – дер эдилар».

Бухорий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳадан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:

«Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмай¬миз», – деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим», – дедилар».

Икки Шайх ривоят қилгишган.

Шаъбийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, киши боласининг бошини силаганига ва аёлига яқинлик қилганига ҳам ажр олади», – дедилар». 

Ҳусайн Марвазий ривоят қилган. 

Мусулмон одам ўз боласига меҳр кўрсатиб, унинг бошини силаб, кўнглини овутиб, тарбия маъносида қилган ҳаракатларига ҳам албатта ажр олади. 

Демак, бола тарбияси учун қилинадиган ҳар бир ҳаракат ажрсиз, савобсиз қолмас экан. Боланинг бошини силашда одамнинг ўзи роҳат топади. Лекин шу нарса болага ҳам яхши таъсир қилганидан, Аллоҳ таоло бунинг учун ота-онага ажр-савоб берар экан. Ота-она боласининг бошини силагани учун ҳам ажр олар экан, уни едириб-ичиргани, кийдиргани, ўқитгани, Қуръон ёдлатгани, одоб-ахлоқдан тарбия бериб қийналгани учун оладиган савоблари қанча бўлишини ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Демак, ота-онанинг бола учун қиладиган ҳеч бир ҳаракати савобсиз, ажрсиз кетмас, дунёю охиратнинг бахту саодатига сабаб бўлмай қолмас экан.

Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари ҳам бор. Чунки, қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис улар тарбиясида эътибор, меҳр-мурувват ва эҳтиёткорлик кўпроқ зарур бўлади. 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жалол бир камбағал дурадгорнинг ўғли эди. Бир куни у ўзининг севимли сиёҳ қаламини йўқотиб қўйди ва кўчада бир бурчакда ўтириб олиб йиғлай бошлади.Бир пайт давоми...

2666 05:00 / 16.02.2017
Абдулқуддус амакининг сабоқлари 16қисмЁМОНЛИКДАН ҚОЧИНГ Ассалому алайкум, менинг жажжи эркатойларим Ўтган дарсимизда яхши бола, ҳақиқий мусулмон бола қандай давоми...

4824 05:00 / 16.02.2017
Эй фарзанд, агар жисминг ўсиб улғайишини, баданинг соғлом бўлишини, ақлинг ўткир ва қалбинг хурсанд бўлишини истасанг, қуйидаги насиҳатларга қулоқ сол1. Қишда давоми...

2866 05:00 / 15.02.2017
Азиз болалар Қурбон ҳайитини нима учун байрам қиламиз, биласизларми Баъзиларингиз биларсизлар, аммо кўпчилигингиз билмайсиз. Билганларингиз ҳам тўлиқ айтиб бера давоми...

3909 05:00 / 15.02.2017
Аудиолар

120350 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41983 14:35 / 11.08.2021