1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Намозни қасддан тарк этиш

15:02 / 21.12.2018 7715 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Эй мўминлар, мол-дунёларингиз ва бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни, Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир!» (Мунофиқун сураси, 9).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Банданинг қиёмат кунида биринчи ҳисоб-китоб қилинадиган нарсаси намоздир. Агар (намози) дуруст бўлса, бошқа амаллари ҳам дуруст бўлади. Борди-ю, (намози) яроқсиз бўлса, қолган амаллари ҳам яроқсиз бўлади» (Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло дўзах эгалари ҳақида хабар қилиб дейди:

«(Улар дўзах аҳлига): «Сизларни нима Сақарга киритди?» (деганларида): Улар айтурлар: «Бизлар намоз ўқигувчилардан бўлмадик. Мискин-бечорага таом бергувчи ҳам бўлмадик. Бизлар (ботил-беҳуда сўзларга) шўнғувчи кимсалар билан бирга шўнғир эдик (яъни, Қуръон ва Пайғамбар хусусида туҳмат-ёлғонлар тўқир эдик). То бизларга аниқ (ўлим) келгунича бизлар Жазо – Қиёмат кунини ёлғон дер эдик». Энди қўллагувчиларнинг қўллови уларга фойда бермас!» (Муддассир сураси, 42–48).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Намозни тарк этмагин. Зеро, кимки намозни қасддан тарк этса, дарҳақиқат, ундан Аллоҳнинг зиммаси (ҳимояси) соқит бўлади» (Табароний ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Инсонларга қарши улар то Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик бермагунларича, намозни қоим қилмагунларича ва закотни бермагунларича жанг қилишга буюрилдим. Агар шуни қилсалар, мендан қонлари-ю молларини сақлаган бўладилар. Бироқ, ислом ҳақи бундан мустасно. Уларнинг ҳисоби Аллоҳга ҳавола» (Муттафақун алайҳ).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки намозни муҳофаза қилса, қиёмат кунида у учун (намози) нур, ҳужжат ва нажот бўлади. Кимда-ким уни муҳофаза қилмаса, унга нур ҳам, ҳужжат ҳам, нажот ҳам бўлмайди ва у қиёмат кунида Қорун, Фиръавн, Ҳомон ҳамда Убай ибн Халафлар билан бирга бўлади» (Имом Аҳмад ривояти).

Айрим уламоларнинг айтишларича, «Намозни тарк этган кимса ана шу тўрт малъун билан бирга қайта тирилади. Чунки уни намоздан ё молу давлати, ё мулк-салтанати, ё вазирликмансаби ва ё тижорати машғул қилган. Кимки намоздан молу давлати сабабли машғул бўлса, у Қорун билан бирга тирилади.

Кимки намоздан мулк-салтанати сабабли машғул бўлса, у Фиръавн билан бирга тирилади.

Кимки намоздан вазирлик – мансаби сабабли машғул бўлса, у Ҳомон билан бирга тирилади.

Кимки намоздан тижорати сабабли машғул бўлса, у Маккадаги кофирларнинг тижоратчиси билан бирга тирилади».

Иброҳим Нахаъий ва Айюб Саҳтиёнийлар ҳам шу гапни айтишган. Авн ибн Абдуллоҳ деганлар: «Агар банда қабрига қўйилса, биринчи бўлиб сўраладигани – намоздир. Агар намози яроқли топилса, унинг бошқа амалларига қаралади. Борди-ю, яроқли деб бўлмаса, ундан кейин бошқа бирон амалига қаралмайди».

Ибн Ҳазм: «Ширкдан кейин намозни вақтидан кечиктириш ва мўминни ноҳақ ўлдиришдан кўра улканроқ гуноҳ йўқ», деганлар.

Ривоят қилинишича, қиёмат кунида биринчи бўлиб намозни тарк этгувчиларнинг юзлари қораяди. Жаҳаннамда «Лам-лам» номли илонлар дараси бўлиб, ҳар бир илоннинг йўғонлиги туянинг бўйнидек, узунлиги бир ойлик масофага тенг бўлади. Улар намозни тарк этгувчиларни чақадилар. Унинг заҳари намозни тарк этгувчининг жисмида етмиш йил қайнайди-да, сўнг унинг гўштлари эриб тушади.

“Гуноҳи кабиралар” китобидан

Мавзуга оид мақолалар
Исломда ҳаром қилинган жинсий алоқалардан яна бири бу мутъа ва вақтинчалик никоҳ ақди боғлашдир. Араб тилидаги .мутъа, сўзи .фойдаланиш,, .ҳузурланиш, маъноларида давоми...

5703 19:50 / 07.09.2020
Ислом бирор нарсани ҳаром деб эълон қилса, унга боғлиқ бўлган, унга олиб борувчи нарсаларнинг барча кўринишларини ҳаром деб эълон қилади. Масалан маст қилувчи давоми...

5203 17:00 / 28.05.2020
Аллоҳ таоло бандаларини зинога яқинлашишдан ва зинога сабаб бўладиган ишлардан қайтариб шундай дейди.Зинога яқинлашманглар Чунки бу бузуқликдир ва энг ёмон давоми...

26180 19:10 / 17.05.2019
Ашраф Али Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар .Бадназарлик ҳар қанча кўп қилинмасин, минглаб эркак ва аёлларга соатлаб тикилмасин, барибир қониқиш давоми...

2392 17:30 / 15.01.2024