1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

15-боб. Ота-онага оқ бўлишнинг уқубати

12:06 / 10.12.2018 4223 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 29. Абу Бакрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Боғийлик ва қариндошлик алоқасини узишдек эгасига тез уқубат етказадиган ва қолганини охиратга сақлаб қўядиган гуноҳ йўқ», дедилар».

Шарҳ: Гуноҳларнинг ичида гуноҳкорга келадиган уқубатни энг тезлатадигани, яна охиратга олиб қўйиладигани ҳам бор экан. Ана шундай гуноҳлар иккита экан. Бири боғийлик, иккинчиси қариндошлик алоқаларини узишдир.

«Боғийлик» баъзан «зинокорлик» маъносида ҳам келади. Баъзан эса Ислом ҳукуматига ноҳақ қарши чиқиш, йўлтўсарлик қилиш маъносида ҳам келади.

Қариндошлик алоқасини узиш бўйича гуноҳ қилганлар рўйхатининг бошида ота-онасига оқ бўлганлар туради.

Демак, ота-онага оқ бўлган инсон, Аллоҳ Ўзи сақласин, уқубати энг тез етадиган, энг тез суръатларда жазосини кўрадиган энг катта гуноҳни қилган бўлар экан. Шунинг учун ота-онага оқ бўлишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Гуноҳлар жазоси тез етадиган ва тез етмайдиганга тақсимланиши.

2. Гуноҳлар ичида азоби охиратга қоладигани ҳам борлиги.

3. Боғийлик ва қариндошлик алоқасини узиш азоби тез етадиган ва охиратга ҳам олиб қўйиладиган гуноҳлардан экани.

4. Ота-онага оқ бўлишдан жуда эҳтиёт бўлиш кераклиги.

30. Имрон ибн Ҳусойндан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зино, ароқхўрлик, ўғрилик ҳақида нима дейсизлар?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчи»,  дедик.

«Булар фаҳш ишлардир. Уларнинг уқубати бор. Сизларга гуноҳи кабираларнинг катталарини айтиб берайми? Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш», дедилар-да, ёнбошлаб ётган эдилар, ўринларидан тик туриб ўтирдилар ва: «Ёлғон сўз», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиснинг маъноси аввал ҳам ўтган ва батафсил шарҳ қилинган. Бу ерда Аллоҳга ширк келтиришдек ҳеч кечириб бўлмас бир гуноҳи азимдан кейинги ўринда ота-онага оқ бўлиш ҳам гуноҳи кабира экани таъкидлаб келтирилган.

Ҳар бир мўмин-мусулмон учун Аллоҳ таолога ширк келтириш қанчалик қўрқинчли иш бўлса, ота-онага оқ бўлиш ҳам ана шундай қўрқадиган иш бўлиши керак экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Зино, ароқхўрлик ва ўғрилик фаҳш ишлардан бўлиб, уларнинг уқубати борлиги.

2. Аллоҳ таолога ширк келтириш катта гуноҳларнинг каттаси экани.

3. Ота-онага оқ бўлиш катта гуноҳларнинг каттаси экани.

4. Ёлғон гапириш катта гуноҳларнинг каттаси экани.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уйга бирор нарса олиб келсангиз, отангиз олдида нархнаво ҳақида гапирманг. Бу ҳақда гапиришингиз гўё олиб келган нарсангизни таъна қилишдек туюлиши мумкин. давоми...

1617 13:03 / 01 июнь
32. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Учта дуо шакшубҳасиз қабул бўлади мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва отаонанинг давоми...

11615 10:30 / 22.12.2018
Аллоҳ таоло биз бандаларни отаоналаримизга яхшилик қилишга буюрган. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган .Роббинг фақат Унинг давоми...

6412 17:04 / 16.06.2022
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Агар қул ўғирлик қилса, уни йигирма дирҳамга бўлса ҳам сотиб юбор,, дедилар,.Шарҳ Бунда давоми...

2585 15:01 / 15.05.2020
Аудиолар

213474 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132686 14:35 / 11.08.2021