1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Бани мусталиқ жанги

19:04 / 18.11.2018 2268 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Олтинчи ҳижрий сананинг Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Бани Мусталиқ қабиласининг у зотга қарши одам тўплаётганлиги ҳақида хабар келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам душманни кутиб ўтирмасдан, устига босиб боришга қарор қилдилар. У зот аёллари ўртасида қуръа ташлаган эдилар, Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг қуръалари чиқди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга йўлга чиқдилар.

Ўша сафар Ислом лашкари ичида Абдуллоҳ ибн Убай бошлиқ кўплаб мунофиқлар ҳам чиқишди. Мусулмонларнинг Хандақдаги ғалабасидан кейин улар тарозининг оғир палласи томонига ўтиб олишган эди.

Икки тараф Бани Мусталиқнинг Мурайсиъ номли сувхонаси ҳудудида тўқнашди. Шунинг учун ушбу жанг «Мурайсиъ» жанги ҳам дейилади. Урушда кофирлар енгилиб, мусулмонлар ғолиб келдилар.

Ифк

Худди шу жангдан қайтишда Убай бошлиқ мунофиқлар Оиша онамиз ҳақида ифк (бўҳтон) тарқатишди.

Гапни бошқа ёққа буриб, ҳақиқатдан четга чиқиш, ёлғондан уйдирма тўқиш, бўҳтон ва иғво қилиш араб тилида «ифк» дейилади.

Мунофиқлар Оиша онамизга нисбатан бўҳтон уюштиришди. Уларнинг бўҳтонига баъзи мусулмонлар ҳам қўшилишди. Орада катта фитна чиқди. Оиша онамизни зино қилганликда айблай бошлашди. У кишига нисбатан уюштирилган ифк тамомила иғво, бўҳтон, туҳмат ва уйдирмадан иборат эди.

У тарихда «Ифк ҳодисаси» номи билан машҳур бўлиб, тафсилоти барча ишончли масдарларда Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўзларидан ривоят қилинган. У киши бундай ҳикоя қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқишни ирода қилсалар, хотинлари орасида қуръа ташлар эдилар. Кимга қуръа чиқса, уни ўзлари билан бирга олиб кетар эдилар. Юришлардан бирида у зот орамизда қуръа ташладилар. Менга тушди. У киши билан сафарга чиқдим. У вақтда ҳижоб фарз бўлган эди. Мени ҳавдажда (ичига одам тушадиган қилиб тўқилган сават) кўтариб юришар эди. Мен унинг ичига тушиб олар эдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша жангларидан фориғ бўлгунларича юрдик, сўнгра ортга қайтдик. Мадинага яқинлашганимизда кечаси жўнаш ҳақида жар чақирилди. Жўнаш ҳақидаги хабарни етказганларида ўрнимдан туриб, аскарлардан узоқлашдим. Қазои ҳожатдан қайтаётиб, кўксимни ушладим. Қарасам, мунчоғим тушиб қолибди. Ортимга қайтиб, уни излай бошладим. Ўша ерда ушланиб қолдим. Мени олиб юрадиган кишилар келиб, ҳавдажимни туямга ортишибди. Улар мени ҳавдаж ичида, деб ўйлашибди. Ўша вақтда аёллар енгил бўлишар эди, гўштлари оз эди. Жуда оз таом ер эдик. Одамлар ҳавдажни кўтаришганда унинг енгиллигига эътибор беришмабди. У вақтда ёшим ҳам кичик эди. Улар туяни жойидан қўзғатиб, жўнаб кетаверишибди. Мунчоқни топдим. Улар турган жойга келдим. Аскарлар кетиб бўлишган экан. Улардан бирор киши қолмабди. Ўша ерда қимирламай туришга қарор қилдим. Улар менинг қолиб кетганимни билиб, қайтиб келишади, деб ўйладим.

Ўтирган жойимда кўзим уйқуга илинибди. Сафвон ибн Муъаттал ас-Силмий аскарлардан ортда қолган ва дам олиб, кечроқ жўнашни кўзлаган экан (имом Бухорийнинг ривоятларида «У аскарларнинг ортидан унутиб қолдирилган нарсаларни йиғиштириб, олиб кетишга вазифадор эди», дейилган.)

Бас, у мен турган жойга келибди. Ухлаётган одамнинг қорасини кўрибди. Олдимга келиб, мени танибди. Мени таниб, истиржоъ айтганидан («Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!» деганидан) уйғониб кетдим. Дарров жилбобим ила юзимни тўсдим. Аллоҳга қасамки, у менга бирор сўз айтмади. Мен унинг истиржоъсидан бошқа ҳеч бир сўзини эшитмадим. У пастга тушиб, туясини чўктирди. Туянинг олдинги оёқларини жуда пастлатди. Мен туяга миндим. У уловини етаклаб, йўлга тушди. Шундай қилиб, аскарларга етиб олдик. Улар кеча охирида тўхтаб, манзилга тушган эканлар.

Менинг тўғримда ким ҳалокатга учраса, учради. Гуноҳнинг каттасини кўтарган Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул бўлди.

Мадинага етиб келдик. Мен у ерда бир ой касал бўлиб, ётиб қолдим. Одамлар ифк аҳлининг гап-сўзларини авж олдиришар, мен эса ҳеч нарсани сезмас эдим.

Касаллик пайтимда мени шубҳага солган нарса шу эдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда касал бўлган чоғларимда бошқача лутф кўрсатар эдилар. Энди бўлса «Анавинингизнинг ҳоли қандай?» деб, қайтиб чиқиб кетар эдилар. Мана шу ҳолат мени шубҳага солар эди. Тузалгунимча ҳам ёмонликни сезмабман.

Бир куни Умму Мистоҳ билан қазои ҳожат қиладиган жойга чиқдим. Ундай жойларга фақат кечаси чиқар эдик. У вақтларда таҳоратхоналар қилган эмас эдик. Арабларнинг эски одатлари бўйича, деворларнинг остида қазои ҳожат қилар эдик.

Шундай қилиб, мен Умму Мистоҳ (у Абу Раҳм ибн Муттолиб ибн Абду Манофнинг қизи, онаси Сахр ибн Омирнинг қизи, Абу Бакр Сиддиқнинг холалари) билан чиқиб, ҳожатдан қайтиб келаётганимизда Умму Мистоҳ кийимини босиб олиб, қоқилиб кетди ва:

«Бадбахт Мистоҳ!» деди.

«Жуда ёмон гап айтдинг! Бадрда иштирок этган одамни ҳам қарғайсанми?!» дедим мен унга.

«Эй азизам, унинг нима деганини эшитганинг йўқми?!» деди у.

«У нима деди?» деб сўрадим.

У менга ифк аҳлининг гаплари ҳақида хабар берди. Касалимга касал қўшилди. Уйга қайтганимда олдимга Расулуллоҳ кириб:

«Анавинингизнинг ҳоли қандай?» дедилар.

«Изн берсангиз, ота-онамнинг олдига борсам», дедим.

Ўшанда улардан хабарнинг ҳақиқатини билмоқчи эдим. У зот менга изн бердилар. Ота-онамнинг олдиларига бордим. Онамга:

«Эй онажон, одамлар нималар дейишмоқда?» дедим.

«Эй қизгинам, ўзингни ортиқча қийнама, Аллоҳга қасамки, ҳар бир кўзга яқин аёлни эри яхши кўрса-ю, кундошлари кўп бўлса, шунақа гапларни кўпайтириб юборишади», деди у киши.

«Субҳаналлоҳ! Одамлар шу гапларни гапиришдими-я?!» дедим.

(давоми бор)

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қизлардан бири хоҳишистакларини бундай баён қилади .Душанба дам, сешанба ўқиш, чоршанба дам, пайшанба ўқиш, жума яна дам олиш куни бўлса эди... Шанба ва якшанба эса давоми...

2187 16:30 / 07.02.2020
Ойнанг бўлсин, лекин у ойнага сиғинма. Фоний эканингни унутма. Чиройли бўл, лекин гўзаллик сени еб битирмасин. Бошингдан тортиб оёғинггача бутун тананг сенга давоми...

1988 14:00 / 07.08.2022
Баҳор келиб, табиат келинчак мисол сепини ёйган, атроф муаттар бўй ва қушларнинг шодиёна куйларига тўлган гўзал кунларнинг бири. Болалар боғчасидан хиёбон оралаб давоми...

2648 17:30 / 18.05.2019
Хайбар урушиХайбар Мадинаи Мунавварадан етмиш милча узоқликдаги жой бўлиб, у жойни яҳудийлар босиб олишган эди. Ислом зоҳир бўлганидан кейин мусулмонларга давоми...

2256 09:30 / 23.10.2019
Аудиолар

121383 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42888 14:35 / 11.08.2021