1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фатво кимдан сўралади ва сўраш одоблари

09:09 / 14.11.2018 4033 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, диний ҳукмларни сўрамоқчи бўлган одам ҳар қандай кишидан сўрайвермайди. Диний масалаларни кимдан сўрашнинг ҳам тартиб ва қоидалари бор.

Аввало, фатво илмли, тақволи ва адолатли кишидан сўралади. Бу ҳақда машҳур ҳанафий фақиҳ Ибн Обидин ўзининг донғи кетган «Раддул Муҳтор» номли китобида:

«Иттифоқ қилинганки, фатво аҳли илмнинг ичида ижтиҳод ва адолат билан танилган ва одамлар уни улуғлаб, фатво сўраб турган кишидан сўралади. Агар ижтиҳод ва адолатдан бирортаси бўлмаса ҳам, фатво сўралмайди», деган.

Кези келганда, фатво берувчи учун Ислом умматининг мужтаҳид уламолари томонидан қўйилган шартларни қисқача ўрганиб чиқишимиз фойдадан холи бўлмас.

Фатво берувчида қуйидаги сифатлар бўлиши шарт:

1. Мухлис, тақводор мусулмон бўлиши.

2. Ақлли бўлиши.

3. Балоғатга етган бўлиши.

4. Адолатли бўлиши.

Яъни шариат кўрсатмаларидан чиқмайдиган бўлиши. Чунки фатво Аллоҳ таолонинг ҳукми ҳақида хабар беришдан иборат. Фосиқнинг хабари дин соҳасида қабул эмас.

5. Ижтиҳод.

Имом Шофеъий бу ҳақда қуйидагиларни айтганлар:

«Фақатгина қуйидагиларни ўзида жамлаган кишигина Аллоҳнинг динида фатво бериши мумкин: Аллоҳнинг Китобини, унинг носихи ва мансухини, муҳками ва муташобиҳини, таъвийли ва танзийлини, маккийсини ва маданийсини яхши билган бўлиши ва ундан нима ирода қилинганини ҳам билиши керак. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини чуқур ўзлаштирган бўлиши керак. Ҳадисдан ҳам Қуръондан билган нарсаларни билмоғи лозим. Араб тилини ва шеъриятини яхши билмоғи керак. У нарсаларни инсоф ила ишлатиши шарт. Турли диёр уламоларининг ихтилофларини ҳам англаб етган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ўткир зеҳнли бўлмоғи ҳам керак. Ана шундагина гапириши ва ҳалол ҳамда ҳаромдан фатво бериши мумкин. Бўлмаса, жим турсин».

ФАТВО СЎРАШ ОДОБЛАРИ

Фатво берувчи олим ундан савол сўраган кишига нисбатан муршид ва устоз мақомида бўлади. Шунинг учун фатво сўровчи у билан бўладиган муомаласида одобли бўлмоғи, уни илми учун улуғламоғи ва эҳтиром қилмоғи лозим.

Fам-ғуссада бўлган, аччиқланиб ёки қалби машғул бўлиб турган олимдан фатво сўраш одобдан эмас.

Олимдан савол сўраган пайтда унинг далили сўралмайди. Жуда сўраш лозим бўлса, бошқа мажлисда ёки фатвони қабул қилиб олгандан бир оз ўтиб сўраса, жоиз.

Фатво сўровчи учун қуйидагилар макруҳдир:

1. Кўп савол сўраш.

2. Динда фойдаси йўқ нарсаларни сўраш.

3. Воқеликда йўқ нарсани сўраш.

4. Қийин масалаларни сўраш.

5. Таъаббудий масалаларнинг ҳикматини сўраш («Бомдод намози нима учун икки ракъат?», «Нимага икки марта сажда қилинади?» кабилар).

6. Саволда ҳаддан ташқари чуқур кетиш.

7. Бошқалардан устун келиш учун қайсарлик ила сўраш.

8. Бир олимдан сўрагандан кейин бошқасидан яна ўша саволни сўраш.

9. Енгил фатво берадиган одамни излаб топиб сўраш.

Агар илмда ва адолатда бир хил олимлар бир нечта бўлсалар, сўровчи ўзи хоҳлаганига мурожаат қилиши мумкин. Аммо баъзи уламолар: «Уларнинг энг афзалидан сўраган маъқул», деганлар.


«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Барча фуқаҳолар қабрларни эҳтиром қилиш суннат эканига иттифоқ қилганлар. Қабрларнинг эҳтироми қуйидагилардан иборат 1. Қабрнинг устига ўтириб, устидан юриб ёки давоми...

1641 19:00 / 22.03.2024
Силаи раҳмrdquo калимасини она тилимизга сўзмасўз ўгирадиган бўлсак, раҳмни боғлашrdquo деган маъно келиб чиқади. Раҳм эса қариндош дегани, она бачадонини ҳам давоми...

16678 05:00 / 17.02.2017
биринчи мақолаБу илмнинг аҳамиятини билиш учун маълум бир муддатга уни бутунлай унутайлик ва фақиҳлардан содир бўлган ҳар бир маълумотдан фойдаланмасликка аҳд давоми...

4872 15:32 / 06.02.2020
1. Зоҳирур ривоя.Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг кучли қавллари.2. Имом.Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи.3. Шайхони ndash Икки шайх.Имом давоми...

5517 13:30 / 14.05.2020