1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рибо ҳаромдир

14:07 / 13.11.2018 3107 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Савдода ҳаром қилинган нарсалардан яна бири рибонинг барча турлари ва кўринишларидир.

«Рибо» луғатда «зиёда» маъносини англатади. Шариатда эса молни молга алмаштиришда эвазсиз ортиқча мол олишга айтилади.

Рибо, яъни судхўрлик бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришдан иборатдир. Бир инсон ночор бўлиб, иш юритишга, оила тебратиб, бола-чақа боқишга сармояси қолмай, пулдор кишининг олдига ҳожатини айтиб борса, унга садақа ёки яхши қарз беришнинг ўрнига судхўрлик юзасидан муомала қилади. Яъни «Мен сенга маълум муддатга, маълум миқдор пул бераман. Сен бу пулни бунча фоизга кўпайтириб берасан», дейди. Агар тайинланган муддатдан кеч қолса, яна устига фоиз қўшилади ва ҳоказо.

Ислом жоҳилиятдаги номаъқул ишлардан ҳеч бирига қарши ри-бога қарши ўт очгандек ўт очмаган. Қуръони каримда бу ҳақда бир қанча оятлар келган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ

«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг» (278-оят).

Ушбу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло рибодек нохуш, ҳаром нарсани йўқ қилишда, бошқа ҳолатларга ўхшаб, аввало, мусулмонларнинг руҳий-маънавий тарбиясига алоҳида эътибор берган.

Яна мусулмонлар учун маҳбуб бўлган

«Эй иймон келтирганлар!» деган хитоб ишлатилмоқда. Кетидан:

«Агар мўмин бўлсангиз», – деб яна иймонни орага солмоқда ва ниҳоят

«Аллоҳга тақво қилинг», – деб тақводор бўлишга чақирмоқда. Охири келиб, рибонинг сарқитини ҳам тарк қилишга амр этмоқда.

Исломда ҳукм юритишнинг энг таъсирчан йўли ташқи кучларни ишга солиш эмас, балки ҳар бир одамнинг қалбини ўзига кузатувчи қилиб қўйишдир. Исломда кишиларнинг қалбларидаги тақводорлик ҳис-туйғусини кучайтиришга ҳаракат қилинади. Ҳар бир кишининг виждони ўзига қоровул бўлади.

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни рибонинг ўзи у ёқда турсин, сарқитидан, қолдиғидан ҳам қайтармоқда. Бу маънони алоҳида таъкидлаш учун кейинги оятда гапнинг пўскалласини очиқ-ойдин айтиб қўймоқда.

ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ

«Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг. Агар тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизга. Зулм қилмассиз ва сизга ҳам зулм қилинмас» (279-оят).

Яъни «Агар иқтисодий муомалаларингизда ўртадан рибони кўтариб, унинг сарқитларини тарк этмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари сизга қарши қаттиқ уруш очади. Агар тавба қилиб, рибохўрликдан қайтсангиз, сармоянгизни оласиз. Шунда сиз судхўрлик билан бировга зулм қилмаган бўласиз ва сизга ҳам зулм қилинмаган бўлади.

Ибн Ҳиббон ва бошқа ҳадис олимлари Зайд ибн Асламдан ривоят қилишларича, жоҳилият даврида Бану Сақиф ва Бану Муғийра қабилалари ўртасида рибо асосида муомала бўлган экан. Исломга кирганларидан сўнг Бану Сақиф қабиласи Бану Муғийрадан рибо олмасликларини илтимос қилибди. Бану Муғийра ўзаро маслаҳатлашиб, «Исломда бўлганимиздаги муомалалардан рибо олмаймиз, ундан аввалгисидан оламиз», – дейишибди. Ўша пайтда Маккаи Мукаррамада бошлиқ бўлиб турган Итбан ибн Усайд розияллоҳу анҳу бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломга хат ёзганларида:

«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг. Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг...» оятлари нозил бўлди.

Пайғамбар алайҳиссолату вассалом бу ҳақда Итбан ибн Усайд розияллоҳу анҳуга хабар бердилар ва у кишини агар Бану Муғийра рибохўрликни тарк қилмасалар, уларга қарши уруш қилишга буюрдилар. Хабар етганда, Бану Муғийра: «Тавба қиламиз, рибонинг сарқитини ҳам ташлаймиз», дедилар.

Демак, Исломда рибо асосида молиявий алоқа олиб бориш мутлақо ҳаром қилинган. Ночор ҳолга тушиб, турмуш ўтказиш ёки иш юритиш учун сармояга муҳтож бўлиб қолган шахс билан хайри-эҳсон ёки яхши қарз бериш ила молиявий алоқа олиб бориш лозим.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ҳамда икки шоҳидини лаънатладилар ва: «Улар (гуноҳда) баробардирлар», дедилар». 

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.


“Бозор ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Телевизорни ёқсангиз .Касаллар сони ортиб кетяпти, ҳаммаёққа тарқалиб кетяпти...,Интернетни очасиз .Ҳамма ўзининг ташвиши, аҳволи, шароитидан барчани олдида давоми...

2237 15:30 / 22.02.2021
ndash Ваъдага вафо қилмаслик одати ҳам ёлғончиликнинг бир туридир.Бу ишни қилган киши иродасиз, ундан яхшилик чиқмайдиган ва ишониб бўлмайдиган одам бўлади. Ваъдага давоми...

2066 19:06 / 12.06.2019
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғизларини бир нечта ҳўл хурмо билан очар эдилар. Ҳўл хурмо бўлмаса, давоми...

2073 19:09 / 06.05.2020
Келинг, бу илмнинг аҳамияти қанчалик катта эканини ҳис қилиш учун маълум бир муддатга уни бутунлай унутайлик ва фақиҳлардан содир бўлган маълумотларнинг давоми...

3514 15:06 / 03.07.2019