1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Кибр, манманлик, ғурур

20:03 / 08.11.2018 8357 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

«Мен ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган, агар барча оят- мўъжизаларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмайдиган, Тўғри йўлни кўрсалар уни (ўзлари учун) йўл қилиб олмайдиган, агар залолат – нотўғри йўлни кўрсалар, уни йўл қилиб оладиган кимсаларни Ўз оят-мўъжизаларимдан буриб юборурман (яъни, англаб етмайдиган қилиб қўюрман)» (Аъроф сураси, 146-оят).

Яъни, такаббур кимсаларни оятларимни фаҳмлаш, у ҳақда фикр юритиб, тадаббур қилишдан маҳрум қиламан ва кибру ҳаво қилганларига жазо сифатида қалбларини муҳрлаб қўяман.

«Мусо айтди: «Албатта мен, Парвардигорим ва Парвардигорингиз (бўлмиш Аллоҳ)дан ҳисоб-китоб Кунига иймон келтирмайдиган барча мутакаббир (кимсаларнинг ёмонлиги)дан паноҳ сўраганман» (Фофир сураси, 27-оят).

«Албатта, У Зот мутакаббир кимсаларни севмас» (Наҳл сураси, 23-оят). Яъни, ҳаққа қулоқ солиб, унга бўйсунишдан кибр қилган кимсаларни севмайди.

«Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирма ва ерда кибру ҳаво биланюрма. Чунки Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон сураси, 18-оят).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳивасаллам айтдилар: «Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер (қаъри)га кириб кетаверди» Бухорий, Насоий ва бошқалар ривоят қилишган.

Амр ибн Шуъайбнинг бобосидан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар киши суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тириладилар. Уларни ҳар томондан хорлик эгаллаб олади. Улар жаҳаннамдаги «Булис» деб номланадиган зиндонга ҳайдаладилар» Насоий, Термизий ривоят қилишган.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қалбида зарра мисқолича кибр бўлган киши жаннатга кирмайди», дедилар.

 Шунда бир киши: «Бир одам кийими ва пойабзали бежирим бўлишини яхши кўради, шу нарса кибрми?» деб сўради. «Албатта, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни хуш кўради, у кибр эмас. Кибр ҳаққа унамаслик – рад этиш ва одамларни масхара қилиш – таҳқирлашдир», дедилар Набий».

Муслим, Термизий ривоят қилишган.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Жаннат билан дўзах талашиб қолишди. Дўзах: «Зўравон ва мутакаббир кимсалар менда», деган эди, жаннат: «Заиф ва мискин мусулмонлар менда», деди. Аллоҳ улар орасида ажрим қилиб деди: «Жаннат, сен Менинг раҳматимсан, сен орқали хоҳлаган бандаларимга раҳм қиламан. Дўзах, сен Менинг азобимсан, сен орқали хоҳлаган бандаларимни азоблайман. Иккингиз ҳам тўлиб тошасиз»

Муслим ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Кимки ўзини бошқалардан афзал, деб билса, ёки кибр-ҳаво билан юрса, Аллоҳ таборак ва таолони ғазабланган ҳолда учратади», деганларини эшитдим». 

Табароний ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Менга дўзахга биринчи бўлиб кирадиган уч тоифа кўрсатилди. Золим амир, молидаги Аллоҳ ҳақини адо қилмайдиган бой ва мутакаббир камбағал» 

Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: 

«Кимда-ким такаббурлик қилиб кийимини судраб юрса, қиёмат кунида Аллоҳ унга қарамайди». 

Бухорий ривоят қилган.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан: 

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида чап қўли билан таом еди. «Ўнг қўлингда е», дегандилар, «Еёлмайман», деди. Шунда Набий: «Еёлмай қол», дедилар. Уни ўнг қўлда ейишдан фақат кибр тўсиб турган эди. Шундан кейин у ўнг қўлини оғзига олиб боролмайдиган бўлиб қолди». 

Муслим ривоят қилган.

Айрим салафи солиҳлар айтганларки, Аллоҳга осийлик қилиб содир этилган биринчи гуноҳ кибрдир. Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб, кофирлардан бўлди» (Бақара сураси, 34-оят).

Кимки Иблисга ўхшаб ҳақдан кибр қилса, унинг иймони бефойдадир.

Бандалардан илми туфайли такаббурлик қиладиган ва ўзини бошқалардан афзал деб биладиган кимса энг ёмон мутакаббирдир. Унинг илми ҳам бефойдадир. Зеро, кимки охират учун илм талаб қилса, илми уни босиқ – тавозеъли қилиб қўяди, қалби хушуъга тўлади ва нафси хотиржам бўлади. Илм унинг нафсига қўриқчи-посбон бўлиб олади ва ялқовлик қилмасдан ҳар вақт уни назорат қилиб, ҳисоб-китоб қилиб туради. Борди-ю, ғафлатда қолса, нафс ҳақ йўлдан бўйин товлайди ва ҳалок этади.

Кимда-ким фахрланиш, бошлиқ бўлиш, мусулмонларни аҳмоқ қилиш, масхаралаш ва ўзини устун қўйиш учун илм талаб қилса, юқоридаги оят ва ҳадисларда айтилганидек жаннатга кирмайди».

Куч ва қувват буюк ва олий Аллоҳникидир.


“Гуноҳи кабиралар” китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади.Молдунёларингизни ораларингизда ноҳақ ndash ҳаром йўллар билан емангизЯъни, бирбирингизнинг ҳаққингизни еманг Ва гуноҳ қилаётганингизни билиб давоми...

3258 18:00 / 28.06.2019
Баъзи бир тушунмаган ёки тушунишни хоҳламаган инсонлар, хамрни дорилик учун озгина ичса бўлар экан, деган гапни кўтариб юришади. Аслида хамрнинг барча тури mdash давоми...

63219 15:00 / 28.11.2020
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар .Дарҳақиқат, кўзлар зино қилади, уларнинг давоми...

1074 16:24 / 21.12.2023
Аллоҳ таоло айтади.Эй мўминлар, хамр маст қиладиган ичимлик ичиш,қимор ўйнаш, бутлар яъни, уларга сиғиниш ва чўплар яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш шайтон давоми...

3902 15:02 / 13.07.2019
Аудиолар

120086 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41752 14:35 / 11.08.2021