1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Боланинг танглайини кўтаришда гўзал рамз бор

14:02 / 06.11.2018 3997 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш ҳам ота-онанинг бурчи ва болаларнинг ҳаққидир.

Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борар эдилар. Ул зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, жуда хурсанд бўлар эдилар. Уларга исм қўйиш билан бирга, танглайларини кўтариб ҳам қўяр эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гўдаклар келтирилар эди. Бас, у зот уларнинг танглайларини кўтарар ва уларга барака тилаб, дуо қилар эдилар».

Аҳмад ривоят қилган. 

Ёш боланинг танглайини кўтариш – катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб, боланинг оғзига қўли билан солиб, танглайига теккизиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деярли доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломати бўлиб, бу ишни аҳли солиҳ, фазилатли кишилар қилишлари марғубдир.

Баъзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари болаларни олдириб келиб, танглайини кўтариб қўйган ҳолатлари ҳам бўлган. Бунга Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилинган қуйидаги ривоят мисолдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Анас, онангнинг олдига бориб: «Ўғлингнинг киндигини кесганингдан кейин унга ҳеч нарса татитмай туриб, менга юбор», дедилар», дегин», дедилар.

У (онам) болани икки қўлимга қўйди. Мен уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтириб қўйдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга учта Ажва хурмоси келтир», дедилар. 

Мен келтирдим. У зот уларнинг данагини олиб ташлаб, оғизларига солиб, чайнадилар ва боланинг оғзини очиб, солдилар, бола тамшана бошлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ансорий-да, хурмони яхши кўради!» дедилар. Сўнгра: 

«Онангга бориб, «Аллоҳ сенга бундан барака берсин ва уни яхши ҳамда тақводор қилсин», деб айт», дедилар». 

Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болаларнинг танглайини кўтаришлари ва улар учун дуо қилишлари, айниқса, барака тилаб, дуои хайрлар қилишлари жуда ҳам яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор бермоқлари керак.

Боланинг танглайини кўтаришда ҳам гўзал рамз ва маъно бор: Бола янги туғилди. Ҳали унинг томоғидан турли озуқалар ўтгани йўқ. Унинг оғзига кирадиган ва танглайига тегадиган биринчи нарса, тақводор, ибодатли ва дуогўй одам томонидан тақдим қилинадиган ширин ва ҳалол-пок озуқа бўлсин. Токи бу бола умри бўйи ширин ва ҳалол-пок озуқаларни тановул қилиб юрсин, тақводор, ибодатли, соғлом бўлсин.

“Соғлом бола китобидан”

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ашуро қандай кунНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу давоми...

3115 15:00 / 27.08.2020
СаволБиз тарафда бирон киши ўлса, майитни кўмишдан олдин жанозага келган кишиларга 500 сўм, 1000 сўм, 3000 сўмдан пул беришади. Кейин 34 кундан сўнг .етти, деб қишлоққа ош давоми...

5607 11:01 / 27.05.2020
Ҳозирги кунда компьютер ўйинлари ичида DotArdquo ва мобил ўйинлар орасида Clash of Clansrdquo деб номланувчи виртуал ўйинлар, оммалашиб қолган. Ушбу ўйинлар билан алоқаси бор давоми...

5122 10:00 / 24.07.2019
Савол Картада .сувара,, .дуррак,, .пирра,, .қора хотин, каби ўйинларни ўйнаш қимор бўладими Мумкинми, ё мумкин эмасмиЖавоб Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймОрага пул тикиб давоми...

12298 23:05 / 10.11.2018
Аудиолар

211046 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130306 14:35 / 11.08.2021