1445 йил 6 зулқаъда | 2024 йил 14 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Индонезия Исломни қандай қабул қилган?

12:01 / 30.10.2018 5454 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

250 миллионга яқин мусулмон яшайдиган бугунги Индонезия исломни қандай қабул қилган? 

Албатта бу мавзуда Индонезиянинг узоқ ўтмиш тарихида кўп ва асосли далиллар мавжуд. Бироқ шу мавжуд тарихий ҳужжатлар орасида қуйидаги ривоят ҳаммасидан ажиб ва таъсирлидир. Мазкур тарихий ривоят бир мусулмон тожирнинг ҳаёти билан боғлиқ бўлиб, у шундай бўлгани китобларда ёзиб қолдирилган.

Бир савдогар Индонезияга боради ва у ерда ўрнашиб, тижоратида давом этади.  Унинг сотаётган ипак матолар халққа манзур бўлади. Савдогар қаноатли мўмин бўлгани учун “Кам топсам-да, ҳалол ва покиза ризқ бўлсин” деган ниятда собит эди.  Шунинг учун молининг устига ортиқча нарх қўймас, инсофли тужжор эди. Қисқа пайтда бойиб кетиш орзу-ҳавасига берилмасди.

Бир куни ишга кечроқ келса, сотувчиси сотган матоларидан яхшигина фойда қилганини сезиб қолади ва сотувчини сўроққа тутади:

– Қайси матодан сотдинг?

– Шу матодан, хўжайин.

– Қанчадан сотдинг?

– Ўн ақча!

– Нега? Беш ақчалик матони ўн ақчага ҳам сотасанми? Ўша кишининг ҳақи бизга ўтиб кетибди. Уни кўрсанг танийсанми?

–  Ҳа, танийман!

– Унда бор, ўша мижозни бу ерга олиб кел, вақт ўтмай ундан рози-ризолик олишимиз керак.

Сотувчи бориб мижозни олиб келади. Савдогар мижозни кўриб, ундан рози-ризолик сўрайди ва пулнинг ортиғини қайтаради. Мижоз бундай муомаладан ҳайратга тушади.  Ўз-ўзича “Рози бўл!” жумласининг маъносини мулоҳаза қилишга уринади.

Бу гап тилларда айланади. Кўп ўтмай қиролнинг қулоғига ҳам етиб боради. Қирол ипак матолар савдогарини саройга чақиртиради ва ундан сўрайди:

– Сиз қилган муносабатни биз аввал ҳеч қачон кўрмаганмиз ҳам, эшитмаганмиз ҳам. Бу ишингиз ҳақида бизга бир оз тушунча берсангиз?

Савдогар унга шундай дейди:

– Мен мусулмонман. Исломда мулк Аллоҳдандир. Банда омонатдор, холос. Қолаверса, исломда ҳаром фойда, фоиз, зулм, одамларни алдаб асл нархдан қиммат сотиш ва инсонларга зарар берадиган савдолар ман этилган. Ўша савдода эса мижознинг ҳақи менга ўтган эди.

Қирол яна савол беради:

– Ислом қандай дин? Мусулмон бўлса нима бўлади?

Тужжор ҳам саволларга дона-дона, чиройли ва ёқимли услубда жавоб қайтаради. Шундай диннинг борлигини савдогардан эшитган қирол, кўп ўтмай исломни қабул қилади. Қисқа вақт ичида аҳоли ҳам ислом динига кириб, мусулмон бўлади.

250 миллионга яқин мусулмонлар яшайдиган Индонезиянинг исломни қабул қилишида беш ақчалик матонинг савдоси қанчалик катта рол ўйнаганини билмадим-у, лекин исломнинг табиатидаги юксак инсоний одоб-ахлоқ, олий даражадаги маданият намуналари ҳар қандай холис ниятда бўлган инсонни ўзига жалб этиши ва унга буткул янги, шарафли ҳаётни инъом этишига ҳеч ҳам шубҳа йўқ.

 

Адам Эргул

Таржимон
Умида Адизова
Мавзуга оид мақолалар
Абдулхолиқ Абу Ҳумом Заҳроний айтади .Бир куни Бишр ибн Мансур узоқ намоз ўқиди. Бир киши унга қараб турган эди, Бишр ибн Мансур раҳматуллоҳи алайҳ буни сезиб давоми...

1753 08:01 / 03.03.2020
Котиб Ибн Азҳар айтади .Ҳижрий 383 йили Бағдодда анчагача ёмғир ёғмай қўйди. Қози Исмоил ибн Ҳаммод намозгоҳга чиқиб, икки ракъат намоз ўқиди. Биринчи ракъатда Аъло давоми...

953 08:00 / 08.08.2020
Абдуллоҳ ибн Фалон айтади .Иброҳим ибн Адҳам анжир кўтариб кетаётган бир боланинг олдидан ўтиб қолиб, .Бир тангага анжир берасанми, деди. Бола анжирни бир тангага давоми...

2112 08:00 / 28.04.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда биз бандаларга шундай хитоб қилган .Ва осмондан баракали сувни тушириб, у билан боғроғларни ва дон ҳосилини ўстирдик. Ва зич давоми...

1280 11:07 / 26.08.2020