1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Саййида Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо (III-IV)

19:03 / 12.10.2018 2714 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Давоми)

III

Ана шу тижорий сафардан келган Хадийжанинг хизматкори Майсара бор кўрган-билганларини хожасига хабар қилди. Шундан кейин ўткир ақл эгаси Хадийжа бинти Хувайлид Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий одам эмаслигини сезиб қолди. У зотдаги тўғрилик, садоқат, ҳалоллик, хайр-барака ва бошқа хислатлар Хадийжани ўзига ром этган эди.

Бунинг устига, хизматкори Майсара сафар давомида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўрган ақл бовар қилмайдиган ҳолатларни Хадийжага айтиб берди.

Хадийжа бинти Хувайлид ўз ғуломи Майсарадан эшитганларини Варақа ибн Навфалга айтиб берди. Шунда Варақа:

«Агар шу гаплар ҳақ бўлса, албатта, Муҳаммад ушбу умматнинг пайғамбаридир. Мен шундай бўлишини билар эдим», деди.

Макканинг кўплаб аъёнларининг совчиларини қайтарган Хадийжа шундан сўнг Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқишни ният қилди.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи «Табақот» номли китобида Нафиса бинти Мунайядан ривоят қиладилар:

«Хадийжа бинти Хувайлид азму қарорли, куч-қувватли, шарафли аёл эди. Аллоҳ таоло унга карам ва хайр-баракани ҳам ато қилган эди. У ўша пайтда Қурайшнинг энг насаби яхши ва шарафи улуғ аёли эди. Унинг қавмининг барчаси агар уддасидан чиқса, уни ўз никоҳига олиш пайида эдилар. Улар унга совчилар қўйиб, молу мулклар сарфлаган эдилар.

Бир куни Муҳаммад карвони билан Шомдан қайтиб келганидан сўнг Хадийжа бинти Хувайлид ҳеч кимга билдирмай мени унинг олдига юборди. Мен бориб:

«Эй Муҳаммад, сенинг уйланишингга нима монелик қилади?» дедим.

«Уйланиш учун қўлимда ҳеч нарса йўқ», деди.

«Ўша нарсадан кифоялансанг ва жамол, мол, шараф ва ўз тенгингга даъват қилинсанг, хўп дейсанми?» дедим.

«Ким ўзи у?» деди.

«Хадийжа», дедим.

«Бу ишни қандай қила оламан?» деди.

«Бу ёғини менга қўйиб бер», дедим.

Бас, бориб, хабарни етказдим. Хадийжа бинти Хувайлид у кишига одам юбориб, «Фалон соатда кел», деди. Шунингдек, амакиси Амр ибн Асадга ҳам одам юборди. У ўз жиянининг никоҳига ҳозир бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз амакилари билан кирдилар. Улардан бири у кишини никоҳлаб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга уйланганларида йигирма беш ёшда эдилар. Ўша кунлари Хадийжа қирқ ёшда бўлиб, у Фил воқеасидан ўн беш йил олдин таваллуд топган эди».

IV

Ўша куни Хадийжа бинти Хувайлиднинг уйида Бани Ҳошимнинг катталаридан анчагина одам ҳозир бўлган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у кишининг амакилари Абу Толиб, Ҳамза, Аббос, у кишининг оғайниларидан Абу Бакр, Аммор ибн Ясир ва бошқалар келган эдилар.

Хадийжа бинти Хувайлид томонидан амакисининг ўғли Варақа ибн Навфал, акасининг ўғли Ҳакийм ибн Ҳизом ва бошқалар бор эди.

Эркаклар билан бирга бир неча аёллар, жумладан, София бинти Абдулмуттолиб, Отика бинти Абдулмуттолиблар ҳам бор эди.

Абулаббос ал-Мубаррид раҳматуллоҳи алайҳи ва бошқа тарихчиларимизнинг ривоят қилишларича, ўша пайтнинг одати бўйича, муносиб вақти бўлганда Абу Толиб хутба қилиб, қуйидагиларни айтди:

«Бизни Иброҳимнинг зурриётидан, Исмоилнинг зироатидан, Маъднинг аслидан, Музарнинг унсуридан қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

У зот бизни Ўз байтининг хазинадори, ҳарамининг сиёсатдори қилди.

У зот бизга ҳижобли байтни, омонли ҳарамни берди ва бизларни одамлар устидан ҳоким қилди.

Аммо баъд, укамнинг ўғли Муҳаммад ибн Абдуллоҳ қайси одам билан ўлчовга қўйилса, албатта, у ўзгалардан яхшиликда ҳам, фазлда ҳам, шарафда ҳам, ақлда ҳам ва улуғликда ҳам устун келади.

Агар моли оз бўлса, албатта, мол соя каби ўткинчи нарсадир, тўсгувчи нарсадир, қайтариб олинадиган қарздир.

Муҳаммаднинг қаробатини ўзингиз яхши биласиз. У Хадийжа бинти Хувайлидга совчилик қилди. Унга маҳрига менинг молимдан эртасию кечи бўлиб, ўн икки ярим увқия тилла берди. Аллоҳга қасамки, бундан сўнг унинг иши улуғ бўлур ва шаъни буюк бўлур», деди».

Абу Толиб хутбасини тамом қилганидан сўнг Варақа ибн Навфал сўзлади:

«Бизни сен айтиб ўтгандек қилиб қўйган, сен санаб ўтганлардан афзалроқ Аллоҳга ҳамд бўлсин. Биз арабларнинг улуғлари ва раҳбарларимиз. Сизлар у нарсаларга аҳлсизлар. Сизларнинг фазлингизни бирор уруғ инкор қилмайди. Одамлардан бирортаси сизларнинг фахрингиз ва шарафингизни рад этмайди. Биз сизларнинг арқонингиз ва шарафингизга боғланишга рағбат қилдик.

Эй Қурайш жамоаси, менга гувоҳ бўлинглар, мен Хадийжа бинти Хувайлидни Муҳаммад ибн Абдуллоҳга тўрт юз динор маҳр ила никоҳладим», деди ва сукут сақлади.

Шунда Абу Толиб:

«Мен келиннинг амакиси ҳам сенга шерик бўлишини истардим», деди.

Сўнг Хадийжа бинти Хувайлиднинг амакиси туриб:

«Менга гувоҳ бўлинглар, эй Қурайш жамоаси, мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳга Хадийжа бинти Хувайлидни никоҳлаб бердим», деди.

Қурайш улуғлари бунга гувоҳ бўлдилар».

Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам тўй куни туя сўйиб, одамларга таом тарқатдилар.

«Ас-Сийра ал-Ҳалабийя» китоби соҳибининг ёзишларича:

«Ўша куни Хадийжа бинти Хувайлиднинг жориялари ҳам дуфф (доира) чалиб, ўйин қилишган. У киши ўз умр йўлдошларига «Амакингга айт, туя сўйсин, одамларга таом беринглар. Кейин аҳлингнинг олдига кел», деган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтилган ишларни қилиб, аҳлларининг олдига кирганлар.

Абу Толиб бу никоҳдан беҳад шод бўлди ва:

«Биздан ғамни кетказган, қайғуни даф қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди.

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи тўй қилишлари эди».

«Ҳадис ва Ҳаёт» 25-жуз

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўрталаридаги ўзаро муҳаббат ажойиб бир ҳолатда эди. Ўша пайтни васф қилган давоми...

3061 21:09 / 15.12.2018
Ушбу мавзуда сўз юритишдан олдин .аёл киши билан эркак кишининг орасидаги тенг ҳуқуқлилик, деганда нимани тушуниш керак, унинг нисбийлиги борми ёки мутлақ бир давоми...

3515 19:10 / 06.10.2018
Қадим замонда Мисрда Юсуф исмли зот акалари билан яшардилар. Ул зот ўзларидан насл қолдирдилар. Баъзилари солиҳ, баъзилари фосиқ, баъзилари муфсид бўлиб давоми...

2244 11:00 / 23.12.2020
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Эй Умму Ҳоний Сен ҳимоя этганингни биз ҳам ҳимоя этамиз, сен омонлик берганингга биз ҳам омонлик берамиз,, деб марҳамат давоми...

1764 19:58 / 15.07.2020